Адиба ҲАМРО
ОНАЖОН
Онажон, бугун яна сизни ўйладим,
Сизга етар манзил кўнглимдек олис.
Кўзим нурларини йўлга бойладим,
Хаёллар учдилар сиз томон маъюс.
Чеҳрангиз чизади қаламкаш — хаёл,
Кўз ўнгимда музтар куласиз, Она!
Мен энди гўдакмас, сиз каби аёл —
Боламга парвона — бахтиёр Она!
Дилбоғим, ҳар лаҳза қўмсайман сизни,
Ўтли нигоҳингиз умримга йўлдош!
Одамлардан фақат изладим меҳр —
Сиздек меҳрибон йўқ — беминнат Қуёш!
Муҳиддин ОМОН
ОНАМГА
Онажон, меҳринг-ла дунёни билдим,
Ҳаётни англадим, ўргандим тугал.
Сенинг Қучоғингда ўйнадим, кулдим,
Сен билан мунаввар олам мукаммал.
Онажон, фарзандман, Сенинг қошингда
Минг бора таъзимга эгилар бошим.
Сенинг тоғдек улуғ, зўр бардошинг-ла
Умрим чароғондир, порлар қуёшим!
Онажон, мунисим, мушфиқ, меҳрибон,
Сен борсан, бахтлиман, толеим порлоқ.
Қайғу-ю ҳасратни кўрма ҳеч қачон,
Шодлик бўлсин Сенга доимий ҳамроҳ!
Эркин ТУРСУНОВ
ОНАМ БЎЛГАНДА ЭДИ
Бағрим тўлиб турарди,
Қалбим ёниб турарди
Кўзим кулиб турарди,
Онам бўлганда эди.
Кўзимда бўлмасди ёш,
Барча ишда бошу қош,
Уйимда порлар қуёш,
Онам бўлганда эди.
Эзилмас асло юрагим,
Армон бўлмас тилагим.
Кўпроқ бордир керагим
Онам бўлганда эди.
Муҳаббат ҲАМИДОВА
ОНАЖОНИМ
Йўлларимга зор интизор термулган,
Нон ёнига кулча ёпиб илинган.
Оллоҳимга умрим сўраб сиғинган,
Интиққинам, мушфиққинам онажон.
Дардларимга дармон бўлиб тинглаган,
Озор берсам дуо билан сийлаган.
Тунлар бедор сочларимни силаган
Бедоргинам, дилдошгинам онажон.
Қалдирғочдек чарх урдингиз бошимда,
Гўдаклигим, ҳатто етук ёшимда.
Парвонасиз она доим қошимда
Жондошгинам, тандошгинам онажон.
Баъзан сизни ғанимат, деб билмадим,
Ёнингизда тўйиб суҳбат қурмадим.
Фарзанд бўлиб нима қилдим, қилмадим,
Меҳрибоним, бардошгинам онажон.
Do'stlaringiz bilan baham: |