ОЙДИННИСО
* * *
Униқибди ҳаётнинг ранги,
Кўҳна ҳислар нурабди, она.
Бой берибсиз соч қорасини,
Кўзларингиз нурини яна.
Тоб ташлабди умидларингиз,
Армон бўлмай қолибди, армон.
Чўккандайин бироз қаддингиз
Менинг кўнглим каби, онажон.
Эскирибди эскилар бари,
Эскирибди эски бошпана.
Фақат меҳр ўша-ўшадир,
Эскирмабди меҳрингиз, она.
* * *
Сизни ёмон алдадим, она.
Рости,
нелар демоқчи эдим,
нималар демоқчийдим
Сизни кўрганда!..
Лек ҳеч нима демайин яна
Сизни алдаб қўйдим, она.
Она, қучоқламанг мени,
йиғламанг,
Пойламанг сўзютар оғзимни.
Кўзларимга
жимгина термулинг.
Жимгина эшитинг
ҳайқираётган кўзимни.
Кўзим —айтмай бўлмас сўзимдир, она.
Ойбек РАҲИМ
ОНАМГА
Қора кийинаман оғриқ сасидан,
Неча умрини кўксимда яшади ҳижрон.
Икки соҳил аро чайқалар юрак,
Қора кўзларимдан тошади ҳижрон.
Қонимга бўяйман уфқнинг юзини,
Армон қадамидан тупроқ қорадир.
Юлдузлар либосимдир, ой ҳам либосим,
Қувончим ғам танига битган ярадир.
Сени кутаман минг жонга дўниб,
Бир кун умримни ошкор этаман.
Япроқдек жудо бўлиб бандимдан,
Сени излаб тупроққа кетаман.
Бобомурод ЭРАЛИ
ОНАМ
Онам менга айтмас оғриқларини,
Шунчаки таскинлар малҳам бўлолмас.
Бошқалар сингари кўнглини очиб,
Бошқалар сингари яйраб кулолмас.
Ҳовлини супуриб-сидиргай шамол,
Ул онам ғамини супура олмас.
Ҳаёт унга берган мушкул бир савол,
Бир умр ўйланар, жавоб тополмас.
Сочлари оқарди, ўғил-қизлари
Бир тола оқини ўчира олмас.
Қанча айб қилсам, дилозорлигим
Ҳеч ким онам каби кечира олмас.
Юзига термулсам, шу онамчалик
Ҳеч ким меҳр билан тўйдира олмас.
Онам менга айтмас оғриқларини,
Шунчаки таскинлар малҳам бўлолмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |