Муҳаббат ТЎХТАШЕВА
КЎЗИМ УСТИДАСИЗ
Онамга
Югурик кунларга йўлдай босилиб,
ўанимат дунёга гулдай осилиб,
Онам ҳузурига етмай о, синиб,
Увол бўлаётган дийдор йиҚлайди.
Қуш учирган бағр — энг мунглиғ савол,
Ғуссалари ширин, ғамлари ҳалол,
Қишлоқ ва кент аро улғайган малол,
Увол бўлаётган дийдор йиғлайди.
Тонг отиб кетади, отиб кетар тош,
Уйқум каби хаста, сарғаяр бардош,
Қишлоқи лаҳжамга алла айтар Шош,
Увол бўлаётган дийдор йиғлайди.
Она, юринг дала-тузга ярашиб,
Шеъримга ярашиб, сўзга ярашиб,
Кўзим устидасиз, кўзга ярашиб —
Увол бўлаётган дийдор йиғлайди.
Наргиза АСАД
ОНАМ ОРЗУСИ
Йўлга тушиб ўзи кўргани келган,
Сезиб-сезиб ҳолим сўргани келган.
Қўлида тугунин, елкада юкин
Кўтариб, борини бергани келган.
Оввора онам-а, сарсон-а, онам.
Қалбининг бешдан бир парчаси ўзим,
Хавотир уйининг дарчаси ўзим.
Дийдорни етаклаб келган чоғида
Таскин ёшларининг барчаси ўзим.
Садпора онам-а, тийрон-а онам.
Вақт етмасларга-ку сайландим, она,
Минг бир баҳонага шайландим, она.
Бу ерни қишлоққа ўхшаш деб ўйлаб,
Тош шаҳарда тошга айландим, она.
Дилпора онам-а, ҳайрон-а, онам.
Мен нима ҳам қилдим сизга арзирлик,
Бир сўз тополдимми тилга олгулик.
Билмадим, ёзганим фақат шеър бўлди,
«Бир қиз» бўлолдимми сизга орзулик,
Гулёра онам-а, бийрон-а, онам.
Дилфуза КАМОЛЖОНОВА
ТАЛАБА
Кўксимга босаман шойи рўмолинг,
Соғинсам бошимга ўраб оламан.
Онажон Жиззахга кетаяпман мен,
Меҳрингдан олисда нима қиламан?
Баъзида қийналар виждон қурмагур,
Биринчи октябрь — йилда бир байрам.
Қўнғироқ қиламан, «Онажон, кечир!»
Бугун дарсларим кўп индин бораман.
Автобус. Шабада. Шабада сочимни силар,
Оналарнинг меҳри англаб бўлмас сир.
Денгизда адашган «Елкан» мисоли,
Уйига ошиқар битта мусофир.
Do'stlaringiz bilan baham: |