Хуршид ДАВРОН
* * *
Онам қариб қолган. Тушида
Сўзлашади у отам билан.
Кўзларидан оққан ёшида
Мен отамнинг аксин кўраман.
Онам қариб қолган. Қўрқаман,
Баъзан азоб бўғзимни қисар.
Кўзим юмсам уни кўраман,
Шундан ёшга тўлади кўзлар.
Хат ёзмайман. Баъзан сим қоқиб
Ҳол-аҳволин сўрайман... Аммо
Ярим тунлар уйҚониб гоҳо
Ўй сураман шифтга жим боқиб.
Далаларда қўнаркан шудринг,
Тонгни қарши оламан титраб,
«Она, — дейман, — мани кечиргин»,
«Она», — дейман лабим пирпираб.
ШОИРНИНГ ОНАСИ
Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.
Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.
Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида,
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.
Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.
Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди.
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.
Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўҚлига
Шивирлади: «Кетайми, болам?»
Анвар ОБИДЖОН
* * *
Нодонларга арзим йўқ менинг,
Сўздан маъно термайди улар.
Номардлардан қарзим йўқ менинг,
Сўрасанг ҳам бермайди улар.
Она юртим, сенга арзим бор,
Ҳақ сўз айтсам, бўлгил мен томон.
Онажоним, сендан қарзим бор,
У — вужудим, танамдаги жон.
ЎҒИЛ
Тоб ташлаган йиғлоқ эшикни
Астагина очинг, аяжон.
Кусагандай мунгли қўшиқни,
Дуоингизни соғиндим чунон.
Фотиҳага қўлни очган дам,
Тилардингиз менга бахт-файз.
Дер эдингиз: “Улғайиб, болам,
Бўлақолгин колхозга раис”.
Афсус, телба кўнгилнинг майли
Таслим этди жуссамни жангсиз.
Шоирликка даъвом туфайли
Барбод бўлди “буюк режа”нгиз.
* * *
Йўқлар бўлсам
Тушиб йўл,
Бошимдан зар сочилгай.
Баргдек титраб икки қўл,
Фотиҳага очилгай.
Уфурган чоқ танамга
Эзгу сўзлар сабоси,
Бергим келар боламга
Онамнинг
Бор дуосин.
Do'stlaringiz bilan baham: |