O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021


Маънавиятшунослик фани предмети, бошқа фанлар билан алоқаси


Download 0.64 Mb.
bet10/103
Sana25.03.2023
Hajmi0.64 Mb.
#1294293
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   103
Bog'liq
manaviyatshunoslik

Маънавиятшунослик фани предмети, бошқа фанлар билан алоқаси.
Инсон фаолиятининг шундай йўналишлари борки, улар маънавиятнинг турли жиҳатлари ва воқелик шаклларини ўрганибгина қолмай, ўзлари ҳам маънавий амалиётни, маънавий яратувчиликни ташкил этади. Масалан, дин, ахлоқ, санъат (адабиёт, мусиқа, мусаввирлик, ҳайкалтарошлик, меъморлик, қўшиқ, рақс, театр ва ш. к.), философия ва илм-фан шулар жумласидан. Жамиятдаги барча муносабатлар — сиёсий, ҳуқуқий, маиший, ҳатто иқтисодий ва бошқа муносабатлар ахлоқийлик, инсонийлик, кенгроқ олсак – маънавийлик нуқтаи назаридан баҳоланиши мумкин ва лозим. Бинобарин, инсоннинг ҳар қандай фаолияти ўзининг маънавий томонига эга. Шу сабабдан маънавиятга оид ҳодисаларни кўплаб фанлар ўрганиб келган. Айни маънавият яхлит, бус – бутун тизим сифатида ҳам ўрганилиши лозим. Бу вазифани маънавиятшунослик фани бажаради.
Маънавиятшунослик фани бошқа ижтимоий – гуманитар фанлар билан яқиндан алоқа қилади. Уларнинг хулосаларини, тадқиқотларини таҳлил қилади, умумлаштиради. Улардан фойдаланиш асосида ўз предметини, дидактик мазмунини, тушунчалар тизимини, илмий аппаратини, илмий хулосаларини шакллантиради ва мудом бойитиб боради. Айни пайтда маънавиятшунослик фани улардан ясалган қуроқ илм эмас. У фалсафий фанлар жумласига кирса-да, ўзининг аниқ предметига, алоҳида тадқиқот объектига эга. У фалсафанинг илмий усулларидан, онтологик (онтология — борлиқ моҳияти ҳақидаги таълимот), эпестимеологик (билиш назарияси, бошқача атамаси — гносеология), аксиологик (аксиология — қадриятлар ҳақида таълимот, қадриятшунослик) категорияларидан, тушунчаларидан, ижтимоий философия материалларидан, хулосаларидан ўз предметини ўрганиш заруриятига мос равишда фойдаланади. Бошқа фанлар материалларидан фойдаланиш хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.
Ҳар бир фаннинг предмети унинг асосий ижтимоий вазифасидан келиб чиқади. Уларнинг тадқиқот объектлари бир хил бўлиши мумкин, аммо предмети фарқ қилади. Масалан, биология инсонни тирик, жонли мавжудод, алоҳида биологик тур сифатида ўрганса, тиббиёт илми инсонни соғломлик, унинг танаси аъзолари нормал ишлаши, агар касалланиб қолса, нормал фаолиятини тиклаш заруратидан келиб чиқиб ўрганади. Педагогика эса инсонни (болани) унга таълим-тарбия бериш, қизиқишларини муайян мақсадга йўналтириш зарурати билан боғлаб ўрганади. Маънавиятшунослик фанининг предмети — бунёдкор, изланувчан, ўзини ва ўз ижтимоий борлиғини эзгулик, адолат, гўзаллик асосида қайта қуришга, такомиллаштиришга интилувчан эркин, мустақил фикрловчи ва кўнгил дунёси бой инсон, унинг табиатга, жамиятга, ўз-ўзига нисбатан руҳоний ва амалий муносабатидир. Бундай кишиларни ота-боболаримиз фозил киши, комил инсон, уларни вояга етказадиган жамиятни фозил жамият (шаҳар) деб атаганлар. Қисқача айтганда, маънавиятшунослик фанининг предмети комил инсон ва уни вояга етказувчи инсонпарвар ижтимоий қадриятлар ва муносабатлардир.
Фаннинг объекти эса инсоннинг ички ақлий ва ҳиссий дунёсига, эркинлигига, иродасига, жамиятда тутган ўрнига, ижтимоий муносабатларига, яратувчилик фаолиятига, ҳақиқат ва эзгулик, гўзаллик ва ижодга интилиши, бу интилишларнинг натижалари ва баҳоларига оид барча ҳодисалар, мавзулар, инсон руҳининг туғёнлари, инсон онгига таъсир кўрсатувчи ижтимоий муносабатлар, муҳит, жамият ҳаётининг турли соҳалари бўлиши мумкин. Масалан, маънавиятшунослик фанининг тадқиқот объекти оила маънавияти, ёки экологик муаммоларга шахснинг, бутун жамиятнинг муносабати бўлиши мумкин. Лекин бу муаммоларни маънавиятшунослик ўз предмети нуқтаи назаридан ўрганади. Ҳуқуқшунослик фани оила муносабатларини Оила кодекси моддаларидан, талаб ва меъёрларидан, табиат муаммоларини тегишли қонунлар меъёрларидан келиб чиқиб таҳлил этса, маънавиятшунослик фани уларни ва бошқа барча масалаларни инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг, инсон фаолиятининг қанчалик оқилоналикка, эзгуликка ва гўзалликка мослиги, инсонда чин инсоний, яъни маънавий фазилатларни тарбиялаш ва мустаҳкамлаш лозимлигидан келиб чиқиб ўрганади. Ижтимоий муҳитни ва инсон эътиқодини, иродасини бир-бирига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши нуқтаи назаридан тадқиқ қилади.
Бошқа бирорта гуманитар фан қайд этилган предмет нуқтаи назаридан маънавият масалаларини умумий тарзда тўлиқ қамраб олмайди ёки уларнинг муайян томонларинигина ўрганади. Фақат фалсафа умумлашган илмлар тизими сифатида ушбу масалаларга умумий муносабатни билдириб ўтади. Лекин фалсафанинг этика,эстетика, ижтимоий философия каби нисбатан мустақил қисмлари маънавият масалаларининг ўзига тегишли йўналишларини ўрганади, бошқаларини тўла қамраб олмайди. Бир қарашда юқоридаги масалаларни ўрганиш этикага (ахлоқ ҳақидаги фан) ҳам айнан хосдек туюлади. Бундан этика фани предметидан маънавиятшунослик предмети нимаси билан фарқ қилади, улар бир хил эмасми, деган савол туғилади?
Этика фанининг предмети маънавиятшунослик предметига нисбатан сезиларли даражада тор. У ўрганадиган мавзуларини, объектини, инсон онгини, маданиятини, хатти-ҳаракати ва фаолиятини фақат ахлоқий баҳолар, меъёрлар, ахлоқий омиллар – эзгулик ва ёвузлик нуқтаи назаридан таҳлил қилади. У ижтимоий тараққиёт масалаларининг кўпчилиги билан, масалан, илм-фан, адабиёт ва санъат ривожланиши, жамият демократиялашуви каби масалалар билан қизиқмаслиги ёки уларнинг фақат ахлоқий жиҳатлари билангина қизиқиши мумкин. Маънавиятшунослик фани ушбу масалаларни батафсил таҳлил этмаса-да, аммо четлаб ҳам ўтмайди, уларни инсон эътиқоди, иродаси, камолоти ва жамият юксалиши, ижтимоий муҳит билан боғлайди. Чунки жамиятда содир бўлаётган жараёнлар, санъат ва маданият ривожланиши, ижтимоий тараққиётнинг барча йўналишлари, демократлашиш, фуқаролик институтлари ривожланиши ва ҳ.к. жамият аъзоларининг маънавий-маданий савиясига, маънавий тарбиясига, жамиятдаги маънавий муҳитга боғлиқ. Улар ўртасидаги боғлиқлик ва муносабатлар маънавиятшунослик фани объектга айланади.
Маънавиятшунослик алоҳида фан сифатида мустақиллик давригача қайд этилмас эди. Аммо у ўрганадиган масалалар ва мавзулар илм-фан эътиборидан мутлақо четда бўлмаган. Улар турли фанлар доирасида, жумладан ижтимоий философия, этика, эстетика, адабиётшунослик, санъатшунослик, маданият назарияси, педагогика, психология ва бошқа фанлар доирасида у ёки бу даражада ўрганилган. Аммо ҳар бир фан мазкур масалаларни ўз предмети нуқтаи назаридан — ё жуда торайтириб (хусусий фанлар), ё жуда кенгайтириб (философия) ўрганган.
Маънавиятшунослик ўз предметига тааллуқли бошқа фанлар тадқиқотларини, ахборотларини умумлаштирувчи ва уйғунлаштирувчи вазифани бажаради. Шу боис унинг предмети юқорида зикр этилган фанлар предметига нисбатан ўзига хослиги, уларнинг аксариятига нисбатан кенглиги ва кўпқирралиги билан ажралиб туради.
Қадимги юнон илмий-фалсафий қарашларида инсон маънавий ҳаёти уч гуруҳга бўлинган — ақл (тафаккур), ирода ва туйғу. Ақлни (тафаккурни) мантиқ фани, иродани этика фани тадқиқ этган. XVIII асрга келиб эстетика фани вужудга келган. У инсон туйғулари ва кечинмаларини гўзалликка муносабат нуқтаи назаридан ўргана бошлаган. Илгари ушбу масалалар умумий философия фани доирасида билиш назарияси, этика, поэтика, риторика ва ш.к. фанлар томонидан ўрганилган. Психология ушбу масалаларни бошданоқ муштарак тарзда, аммо мавзу доирасини торайтириб ва хусусийлаштириб, уни инсон онгининг ташқи таъсирга жавоби (реакцияси) тарзида ўрганган.
Маълумки, Европа фалсафаси «ахлоқ», «руҳ», «ирода», «гўзаллик» каби тушунчаларни тадқиқ этишда улкан натижаларга эришган, теран тадқиқотларни амалга оширган бўлса-да, у маънавий ҳаётни яхлит ҳолда эмас, бўлиб ўрганиш анъанасига содиқ қолган. Чунончи, Гегель таълимотида “ғоя” Шопенҳауэр таълимотида «ирода» субстанционал (борлиқнинг ўзаги ўлароқ) аҳамият касб этади ва бутун тарихий жараённинг фаол субъекти сифатида намоён бўлади. Бундай ҳол уларнинг таълимотига яққол (Шопенҳауэр) ёки нояққол (Гегель) мистик сифат бахш этади. Гегель барча моддий ва идеал ҳодисаларни — табиат, инсон, жамият, давлат, ахлоқ, ҳуқуқ, санъат, онг, тафаккур, тушунча кабиларни абсолют (мутлақ) ғоянинг ўзгача борлиғи, моддийлашган муқобил шакли деб ҳисоблайди. Гегель уларнинг барчасини мутлақ ғоянинг ўз-ўзидан тараққий этиши, ўзининг қарама-қарши, инкор шаклига айланиши каби ўзи таклиф этган диалектиканинг қонунларига боғлаб ўрганади.
Шарқ илмида эса маънавий ҳаётга кўпроқ муштарак ҳодиса сифатида қаралган. Ғарбдагидан фарқли ўлароқ, «руҳ», «ирода», «ахлоқ» (одоб) ва бошқа кўплаб тушунчаларни алоҳида ҳар томонлама тадқиқ этиш унчалик урф бўлмаган. Кўпроқ қисқача таъриф бериш, энг муҳим белгиларни эътироф этиш билан чекланилган. Лекин бундан Абу Ҳамид Ғаззолий, Азизиддин Насафий каби (ХI-XIII аср) айрим олимлар истисно. Ислом мамлакатларида йиллар ўтиши билан маънавиятни ўрганишда мистик унсурлар кучая борган. Бундай ёндашув охир-оқибат маънавиятнинг моҳиятини илоҳий иродага, ғайритабиий қобилиятга ва шуурга боғлашга олиб келган. Маънавиятни ўрганадиган, таҳлил қиладиган, умумлаштирадиган илмий тушунчалар, атамалар тизимини ривожлантиришга, ҳар бир атамани илмий таҳлил қилишга етарли эътибор берилмаган. Ҳаттоки тасаввуф доирасидаги ҳар хил тариқатлар бир ҳодисани ёки жараённи ифодалашда турли атамалардан фойдаланганлар. Бу ўрта шарқда XIV-XV асрларда узил-кесил шаклланган анъана эди.
Мустақил Ўзбекистонда маънавиятга иқтисодиёт қаторида устуворлик берилиши уни ҳар томонлама ва махсус ўрганишни кун тартибига қўйди. Маънавият тўғрисида аниқ ва нисбатан мукаммал тасаввурларгина миллий манфаатларимизни, ютуқ ва камчиликларимизни теранроқ тушуниб олиб, Ўзбекистонни тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишда маънавий омиллардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Маънавиятшунослик ижтимоий-гуманитар фанларнинг деярли ҳаммаси билан алоқа қилади. У фалсафий фанлардан яна диншунослик фани билан яқиндан боғланган. Дин узоқ тарихий даврлар давомида одамлар эътиқодини, дунёқарашини белгилаган. Жамият мафкурасига, ахлоқига, санъатига, иқтисодий, ҳуқуқий, маиший онгига, одамларнинг ўзаро муносабатларига, урф-одатларига то капитализм қарор топиб индустриал жамият вужудга келган давргача ҳал қилувчи таъсир кўрсатган. Ривожланаётган мамлакатларда ҳозиргача диннинг таъсири кучли. Шу боис маънавиятнинг келиб чиқиши, тараққиёт босқичлари ва қонуниятларини ўрганишда диншунослик фани материалларига мурожаат этмаслик, уларни ҳисобга олмаслик мумкин эмас.
Лекин таъкидлаш жоизки, маънавият ҳатто қадимги ибтидоий жамиятда ҳам фақатгина диний тасаввурлар ва қарашлар билан боғлиқ ҳолда ривожланмаган. У ибтидоий рақслар, асотирлар (мифология), эртаклар, ривоятлар, қоя суръатлари, оилавий муносабатлар, урф-одатлар шаклида ҳам ривожланган, инсоннинг илк нодиний ижодкорлик фаолиятидан озиқланиб келган. Бу тенденция муттасил кучайиб борган. Маънавиятшунослик фольклор ва адабиётшунослик, тилшунослик, санъатшунослик ва кенг маънодаги маданиятшунослик, тарих, ижтимоий психология фанлари ҳисобидан аниқ далиллар ва маълумотлар билан бойийди, ўз предмети йўналишида уларни тўлдиради ва бойитади.
Маънавият қотиб қолган ҳодиса эмас. У жамият ва инсон билан, ижтимоий амалиёт билан бирга такомиллашади, ривожланади, ўзгаради. Унга давлат сиёсати, ижтимоий табақалар, синфлар миллатлар, халқлар, мамлакатлар, маданиятлар ўртасидаги муносабатлар, алоқалар муайян тарзда таъсир кўрсатади. Маънавий қадриятлар турли ижтимоий табақалар, қатламлар, гуруҳлар томонидан бир хил ўзлаштирилмайди, бир хил баҳоланиб, бир хил тушунилмайди. Ушбу масалаларни ўрганиш учун турли ижтимоий гуруҳлар қизиқишларини яхши билиш, социологик тадқиқотлар ўтказиш зарур. Демак, маънавиятшунослик назарий ва амалий социология билан алоқа ўрнатади, унинг усулларидан, хулосаларидан фойдаланади. Давлат сиёсатининг, партиялар ўртасидаги мафкуравий кураш ёки шерикликнинг, халқаро иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқаларнинг маънавий жараёнларга таъсирини сиёсатшунослик фани ёрдамисиз теран тушуниш қийин. Ушбу фан ҳам маънавиятшуносликни кўплаб аниқ далиллар, теран хулосалар билан бойитади.
Маънавиятнинг предметлашган шакли маданият – адабиёт ва санъат асарлари, бадиий образ, инсон тили, хулқ-атвори идеал шакли – ахлоқий эстетик, илмий, ҳуқуқий, сиёсий ғоялар, тушунчалар,– ҳаммасини ўзига хос рамз, белги, деб ҳисоблаш мумкин. Ҳар қандай сўзнинг ўзи – рамз: ё бирор тушунчани, фикрни, ё ҳаётда объектив мавжуд предметни, ҳодисани ифодалайди. Сўз билан ифодаланадиган тушунча ва реал предмет ўртасида ҳеч қандай бевосита ўхшашлик, боғлиқлик йўқ. Сўз ифодаланувчи нарсанинг фақат нутқ ёки имло (ёзув) ёрдамидан фойдаланилган белгисидир, холос. Шу сабабдан турли шароитда яшаган, бир-бирига қардош бўлмаган этнослар уларни турли сўзлар орқали белгилаган. Агар сўз предметга бевосита боғлиқ бўлганида, муайян предметни барча халқлар бир хил атар эдилар. Шундай қилиб, тилни ўзига хос белгилар ва рамзлар тизими, дейиш мумкин. Ҳар қандай ғоя, меъёр, ижтимоий мўлжал ва идеал – рамз. Уларни ҳар ким, ҳар бир тарихий давр ўзича тушунади, талқин қилади. Тилнинг, ғоя ва образнинг, бадиий асарнинг белгилик (рамзийлик) характерини ва бу билан боғлиқ барча мураккаб масалаларни семиотика фани ўрганади. Маънавиятшунослик семиотика, семасеология фанлари маълумотларидан, талқинидан, баъзан илмий услубларидан фойдаланади.
Ва, ниҳоят, маънавиятшунослик фани бизнинг ижтимоий ҳодисаларни шунчаки англаб олишимизгагина, тор маънодаги маърифий вазифаларгагина хизмат қилиб қолмай, мустақил Ўзбекистоннинг баркамол авлодини тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадини олдига қўяди. Бу мазкур фаннинг педагогика ва педагогик психология фанлари билан алоқа қилишини тақозо этади. Юқоридаги мулоҳазалардан маънавиятшуносликка гуманитар фанлар тизимида ўз предметига эга мустақил фан сифатида қараш лозимлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётидаги аҳамияти аён бўлади.

Download 0.64 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   103




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling