O`quv-uslubiy majmua (I kurs talabalari uchun mo`ljallangan) Navoiy -2021
Маънавиятшунослик фанининг тузилмаси
Download 0.64 Mb.
|
manaviyatshunoslik
Маънавиятшунослик фанининг тузилмаси. Жамият тараққиётини инсон эркинлигининг, инсонпарварликнинг муттасил ўсиб бориш тарихи, деб қараш мумкин ва жоиз, ёки маънавий шахс вужудга келиши ва камол топиши тарихи дейиш ўринли бўлади. Маънавият шакллана бошлаши жараёнида инсонда асл инсоний табиат пайдо бўла бошлади, у аста-секин эркин ва маънавий шахсга айлана борди. Яримёввойи одам ўзлигини деярли англамагани ва яратувчилик имкониятлари ўта чеклангани туфайли эркин эмас. У табиатга, унинг тасодифларига, инжиқликларига тўлиқ қарам. Омади чопиб қолса, табиат унга ато этса, тўйиб овқат еган, йўқса бир неча муддат оч қолган. Омади чопмаса, ўзи бирор йиртқичга ем бўлиши эҳтимолдан холи бўлмаган. Ибтидоий одамда онг, тафаккур, уқув бир-мунча ривожланган. У табиатдаги барча нарсаларни – тошу кесак, дарахту бутоқ, дарё-ю тоғ, қуёшу ой, ўсимликлару паранда-дарандаларни – ҳамма нарсаларни жонли, ўз руҳига эга, деб ҳисоблаган. Уларнинг одамларга фойда ёки зарар келтиришига ишонган. Шу сабабдан уларни ранжитмасликка уринган, аксинча, уларнинг ёрдамини олиш йўлини ахтарган. Ибтидоий одам ўзини атроф предметлар билан боғлиқликда идрок этган, ўзини уларга қарама-қарши қўймаган. Унинг индивидуал онги яхши ривожланмаган (бу индивидуал онги бўлмаган дегани эмас) ва тўла умумий жамоавий онгга, уруғ-жамоа қарашларига бўйсунган.
Ёввойи одам “эркинлиги” инстинктлар (майллар)га асосланган. Ундан фарқли, ибтидоий одамда маънавий шахс унсурлари мавжуд. Лекин у ҳам маънавий шахс эмас, чунки унга индивидуаллик ва масъуллик етишмайди. Ибтидоий одамдаги маънавият унсурлари жамоа онгининг, иродасининг бир бўлагидир, мустақил индивидуал онгнинг ва ироданинг юзага чиқиши эмас. Маънавият ривожланишининг асосий мақсади маънавий шахсни тарбиялашдир. Маънавий шахс эркин тафаккурга, унинг асосида эркин танлай олиш имконига эга инсондир. Онгли танлаш, ижтимоий заруратни ва ўз масъуллигини, бурчини англаш, инсонпарварликка ва тараққиётга хизмат қилувчи ҳуқуқий, ахлоқий, эстетик ва иқтисодий меъёрларни яратиб, уларга онгли равишда, ихтиёрий итоат этишгина инсонга эркинлик ва маънавийлик бағишлайди. Эркин инсон, маънавий шахс жамият ва ўз шахси олдида маъсуллигини ва бурчини чуқур идрок этади. Бинобарин, шахснинг маънавийлик даражаси бевосита унинг ўз маъсуллигини қанчалик тўғри тушунишига ва унга амал қилишига боғлиқ. Шу сабабдан маънавиятшунослик фани эркин, маънавий шахсни тарбиялашнинг илмий-назарий ва методологик масалаларини ҳам қамраб олади. Юқоридаги фикрларини умумлаштириб, маънавиятшунослик фанини шартли равишда уч қисмга бўлиш мумкин: 1) маънавият тушунчаси моҳияти (онтологияси); 2) маънавиятнинг мавжудлик шакллари, ривожланиш босқичлари ва хусусиятлари (феноменологияси); 3) маънавий тарбия методологияси. Табиийки, маънавиятшунослик фани аввало маънавият тушунчасининг моҳият-мазмунини (онтологиясини), воқелигини, намоён бўлиш шаклларини ҳамда ривожланиш қонунлари, тенденциялари ва хусусиятлари (феноменологиясини) каби назарий масалаларни ўрганади. Шунингдек, маънавий ривожланишнинг янги йўналишлари, шакллари вужудга келишини, улар ўртасида умумийлик ва хусусийликни, маънавиятдаги ворисийлик ва янгиланишни, тарихийлик ва мантиқийликни, тараққиёт босқичларини таҳлил қилади ва ёритади. Маънавиятшунослик, бошқа фанлар сингари, инсонга янги билим беради, дунёқарашини кенгайтиради ва ўрганаётган соҳасига муайян муносабатни тарбиялайди. У маънавий тарбиянинг мақсад ва вазифаларини ойдинлаштиради, уларни ҳар бир жамиятнинг ўзига хос талаблари билан боғлайди. Инсон тарбияси оилада болага кундалик, оддий билимлар беришдан бошлаб, боғча,мактаб, коллеж, олий ўқув юрти, меҳнат жамоаси сабоқларигача ҳамда унинг онгига ОАВ ва жамият институтлари таъсири кўринишида бутун умр бўйи давом этади. Ҳар қайси тузилма ва институт, ҳар бир фан ва предмет ўзининг тарбиявий усуллари ва воситаларига эга. Маънавиятшунослик фани улардан бирортасининг ўрнини эгаллаб алмаштирмайди, балки уларга умумий йўналиш, йўл кўрсатади. Маънавий юксалишга жамият ривожланишининг умумий қонунлари таъсир кўрсатади, маънавиятда улар ўзига хос тарзда воқе бўлади. Биз маънавий юксалишнинг хусусиятларини ҳисобга олиб унинг қуйидаги қонунларини алоҳида ажратиб кўрсатишимиз мумкин: 1.Жамият тараққиёти жараёнида маънавий эҳтиёжларнинг муттасил ўсиб бориш қонуни; 2.Маънавият ривожланишининг умумтамаддуний (цивилизацион) тараққиёт даражасига боғлиқлик қонуни; 3.Маънавият ривожланишининг ижтимоий онг шакллари ривожланиш даражасига боғлиқлик қонуни. Инсоннинг бирламчи моддий эҳтиёжларининг қондирилиши унда руҳоний, маънавий эҳтиёжларни ўйғотади. Қорни тўқ, хавф-хатардан холи инсон қўшиқ айтгиси, рақсга тушгиси, хурсандчилик қилгиси, бирор нарса ўйлаб топгиси, яратгиси келади. Ўз навбатида мазкур эҳтиёжларнинг қондирилиши, уларнинг янада сифатлироқ, янада мукаммалроқ, янада мазмунлироқ бўлишига нисбатан янги эҳтиёж туғдиради. Инсон эҳтиёжлари, жумладан маънавий эҳтиёжлари узлуксиз юксаладиган мавжудотдир. Бу ижтимоий тараққиёт, жумладан маънавият ривожланиши қонунидир. Маънавий ҳаётнинг ўзига хослигини кўпинча жамият умумий тараққиётининг эришилган даражаси белгилаган. Аграр жамиятда яшаган кишининг дунёқараши, қадриятлар тизими, ҳаётга муносабати, маънавияти саноат, техника, транспорт ва алоқа тизими тараққий этган, радио, телевидение, компьютер, интернет замонида яшайдиган кишиларникидан кескин фарқ қилган. Технология ютуқлари ишлаб чиқариш усули ва муносабатлари пировардида қандай бўлишини, етиштирилган маҳсулот қандай тамойиллар асосида тақсимланишини, савдо-сотиқ ва алмашув қандай воситалар ва қоидалар ёрдамида амалга оширилишини белгилайди. Тақсимот ва алмашувдан истеъмол мазмуни келиб чиқади. Умумтамаддуний (цивилизацион) тараққиёт даражаси одамларнинг дунёқарашини, тафаккурини, мавжуд жамиятга берадиган баҳосини, амалий муносабатини шакллантиради. Улар асосида қадриятлар, ижтимоий меъёрлар қарор топади. Кимдир амалдаги меъёр ва қоидаларни адолатсиз, уларни ўзгартириш керак деб ҳисоблайди. Кимдир аксинча, уларни ҳимоя қилади. Кескин радикал ва консерватив фикрлар ўртасидаги баҳс, курашлар оқилона йўл топишга, мавжуд қоида ва меъёрларни, урф-одатлар ва диний маросимларни такомиллаштириб боришга хизмат қилади. Ушбу ўзаро боғлиқлик барча замонлар, барча жамиятлар учун хос, доимий ва такрорланувчи бўлиб, маънавият ривожланиш қонунларидан яна бирини ташкил этади. Учинчи қонун тўғрисида шуни айтиш мумкинки, одамларнинг онгига, дунёқарашига эътиқод (мифология, дин фалсафа), ахлоқ, адабиёт ва санъат, илм-фан, ҳуқуқ, сиёсат, таълим-тарбия тизими ривожланиши таъсир кўрсатади. Қайд этилган ҳодисалар, бир томондан, жамият тараққиёти маҳсули, натижаси бўлса, иккинчи томондан, жамиятни тараққий эттирувчи омиллардир. Илм-фан, биринчи галда табиатшунослик ва техника фанлари бевосита ишлаб чиқариш технологиялари юксалишига, одамларнинг дунёқараши турли ирим-сиримлар, хурофотдан, ноилмий, ғайриилмий қарашлардан халос бўлишига хизмат қилади. Адабиёт ва санъат инсон онги-тафаккури эврилишлари, руҳий кечинмалари улуғворлиги-ю тубанлиги, ҳар хил қирралари, яширин имкониятлари тўғрисида билим беради. Одамларнинг маънавий дунёсини инсонпарварлик, эзгулик, гўзаллик, адолат, ишқ, муҳаббат, ватанпарварлик ва шу каби ғоялар билан бойитади, юксак идеаларга илҳомлантиради. Ахлоқ, ҳуқуқ, сиёсат ижтимоий муносабатларни тартибга солади ва ривожланишига ҳисса қўшади. Қўлга киритилган барча ютуқларни инсон боласи таълим-тарбия орқали ўзлаштиради. Хулоса қилиш мумкинки, маънавий юксалиш инсоннинг позитив билимлари ўсиши, жамиятда ҳурфикрлик, тафаккур эркинлиги ривожланиши ва таълим-тарбия тизими такомиллашиши билан боғлиқ. Халқнинг иқтисодий ва маънавий ҳаёти бошқа халқлар билан алоқалар ўрнатишга, иқтисодий-маданий, илмий-техникавий, сиёсий соҳаларда ҳамкорлик қилишга, ўзаро ёрдам кўрсатишга, бир биридан ўрганишга ҳам боғлиқ. Турли тарихий даврларда уларнинг алоқалари интенсивлиги, бир биридан ўрганиш имкониятлари ҳар хил бўлган. Жамиятни моддий-иқтисодий, технологик ва илмий-интеллектуал тараққиёти даражасидан келиб чиқиб, ибтидоий жамиятга, қулдорлик ва феодализмга (аграр, ёки саноатлашишга қадар бўлган жамиятга), индустриал, постиндустриал ва замонавий постмодерн жамиятларига бўлиш ва уларнинг маънавиятини бир биридан фарқлаш мумкин. Жамиятнинг моддий-иқтисодий ва ижтимоий – маънавий ҳаёти ўзаро чамбарчасдир. Ушбу бирлик жамият ҳаётининг негизини ташкил қилади. Меҳнатсиз, ишлаб чиқаришсиз жамият бўлмаганидек, эътиқодсиз, дунёқарашсиз, ҳеч қандай билимларсиз, қоида – тартибларсиз, меъёрларсиз, муайян мақсад ва орзу - ҳавасларсиз инсон, бинобарин, жамият йўқ. Иқтисодиёт ва маънавият уйғун ривожланадиган жамият барқарор ва инсонпарвар бўлади. Иқтисодиёт олға кетиб, маънавият ортда қолса, жамиятда истеъмолчилик психологияси устунлик қилиб,тарбия издан чиқади, инсон қадр-қимматига путур етади. Ва, аксинча, иқтисодиёт унутилиб, фақат тарбияга зўр берилса, жамиятда турғунлик, сафсатабозлик, мафкуравий мутаассиблик, догматизм кучаяди. Маънавиятшунослик фани маънавий юксалишнинг мезонлари (критерийлари)ни аниқлайди. Маънавий юксалишнинг асосий мезони инсон эркинлик даражасининг ўсиши, дейиш мумкин. Ҳақиқатан, ибтидоий жамиятга нисбатан аграр жамият инсонга кўпроқ эркинлик берган, унга нисбатан эса индустриал жамият кўпроқ эркинлик берган. Индустриал жамият барча аъзоларини қонун олдида тенглаштирди, табақавий имтиёзларини бекор қилди. Постиндустриал ва постмодерн жамиятларида инсон эркинлиги янада ўсди. Ҳатто, афсуски, баъзи ҳолларда у бирдан бир мақсадга айланиб, ахлоқий чегаралардан чиқиб кетмоқда. Маънавий юксалишнинг бошқа мезонлари: ижтимоий муносабатларнинг инсонпарварлашуви, тафаккур эркинлиги ва мафкуравий плюрализм, жамиятнинг демократиялашуви ва инсон ҳуқуқларининг давлат ҳуқуқидан устунлиги, шахс ва жамият манфаатлари уйғунлик даражаси охир оқибатда инсон эркинлигига бориб тақалади. Мазкур мезонлар ҳам жамиятнинг маънавий юксалишини кўрсата олади. Лекин улар асосий мезоннинг конкрет воқелигидир. Шундай қилиб, маънавиятшунослик фани бошқа фанлардан фарқ қиладиган хусусиятларига, тушунчаларига, ғояларига, тамойилларига, қонунларига ва мезонларига эга. Download 0.64 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling