Органик деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришда тупроқдаги оғир металларнинг зарарлилик таъсирини камайтириш
Download 20.89 Kb.
|
1-макола. Бойлатова (7)
Тадқиқот натижалари муҳокамаси: Тупроқ ва ўсимлик таркибидаги оғир металлар миқдорини камайтиришда органик ўғитлардан фойдаланиш борасида ҳам кўпгина тадқиқотлар олиб борилган.
А.Бутник, Г.С.Ишченко, Т.Ф.Афанасьева (1992) тадқиқотларида, қўрғошин ва кадмий билан ифлосланган тупроқларда органик ўғит (гўнг) қўлланилганда минерал ва органик ўғитлар аралашмасига нисбатан буғдой ўсимлигига бу металларнинг кам миқдорда ўтиши аниқланган. Органик ўғитларнинг тупроқда оғир металлар харакатчанлиги ва уларнинг ўсимлик таркибига ўтишига тўсқинлик қилиши устида Ф.Салама (1993) тажрибалар ўтказиб, оғир металлар билан кучли ифлосланган тупроқда гўнг, торф ва яшил ўғитлар қўлланилса, оғир металларнинг органик моддалар таркибида мустаҳкамланиб қолиши ва ўсимлик таркибига ўтиши пасайишини аниқлаган. А.И.Обухов ва бошқалар (1993) тажрибаларида, қўрғошин билан кучли ифлосланган тупроқда йирик шохли қорамол гўнги ва торф аралашмасидан 80 т/га миқдори оҳак билан бирга қўлланилиши буғдой, картошка, маккажўхори ва кўп йиллик ўтлар экилган далалар тупроқларида ҳаракатчан қўрғошин миқдорини 14-18 фоизга камайтириши кузатилди. В.Г Минеев, Н.Ф Гомоновалар (1993) ёзишича, тупроқни оҳаклаш ва гўнг қўллаш ўсимликка оғир металлар ўтишини пасайтиради. Тупроқ оҳакланганда кадмий ва қўрғошиннинг ҳаракатчан шакли 2 марта, гўнг қўллаганда 1,5 марта камайган. Гўнг ва оҳакни биргаликда қўллаш эса оғир металлар миқдорини 4-5 мартагача камайишини таъминлади. Л.А.Кирейчева, И.В.Глазуновалар (1994) оғир металлар зарарлик таъсирини камайтириш учун турли хил органик моддалардан тайёрланган сорбент мелиорантини таклиф этдилар. Бу модда кучли катионларни алмаштириб сингдириш сиғимига эга. Тажрибада сорбентнинг икки хил алмашиниб сингдириш сиғимига эга бўлган варианти (251 ва 256 мг/ экв) қўлланилди. Зарарланган тупроқда сорбент қўллаш ҳаракатчан рух ва мисни 44 ва 100 % камайтирган. Сорбент қўлланилганда оғир металлар Cu, Zn, Ni, Fe, Pb концентрацияси рухсат этилган миқдордан ошмаган ва сорбент қўлланилмаганга нисбатан 1,5-2 баравар кам бўлди. Бу модда кўпинча кислотали тупроқларда фойда беради ва уни кузда тупроққа бериш тавсия этилади. С.Е.Головатий, П.Ф.Жигарев, Н.П.Решетскийлар (1995) ўтказган тадқиқотларда кадмий билан ифлосланган тупроқларни оҳаклаш ва органик ўғитлар қўллаш унинг ўсимликларга ўтишини камайтирган. Бобобеков И (2006), Холиқулов Ш (2018) ўтказган тадқиқотларда органик ва минерал ўғитлар тупроқдаги ҳаракатчан шаклдаги оғир металлар миқдорига таъсир кўрсатди. Тупроқ таркибидаги ҳаракатчан оғир металлар миқдорини камайтириш бўйича энг яхши кўрсаткичга органик ва минерал ўғитларни биргаликда қўлланилган вариантда (N250P175K125+30 т/га гўнг) эришилди. Яъни ушбу вариантда назоратга нисбатан Cu-65%, Zn-48%, Pb-30%, Co-51%, As- эса 45% гача камайиши аниқланди. Хулоса: Юқорида баён этилган адабиётлар мазмунидан қуйидагича хулосага келиш мумкин. Тупроқда оғир металларнинг зарарлилик таъсирини камайтиришнинг турли хил усуллари мавжуд. Мазкур усулларга тупроқларни оҳаклаш, гипслаш, турли хил органик ва минерал ўғитлардан фойдаланиш ва бошқалар киради. Шуларни эътиборга олгани ҳолда органик деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришда тупроқдаги оғир металларнинг зарарлилик таъсирини камайтиришда органик ўғитлардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз. Download 20.89 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling