O’rta maxsus ta’lim vazirligi muqimiy nomidagi qo'qon davlat pedagogika instituti boshlang’ich ta’lim kafedrasi tilshunoslikning dozarb muammolari fanidan


Download 1.19 Mb.
bet24/33
Sana21.04.2023
Hajmi1.19 Mb.
#1370174
1   ...   20   21   22   23   24   25   26   27   ...   33
Bog'liq
Tilshunoslik

Бир пул, уч пул, бир пуллик, уч пуллик, бир пул қилмоқ, уч пул бўлмоқ иборалари семантикасида ҳам этномаданий ишоралар мавжуд. Маълумки, ўтмишда пул бугунги кундагидек “олди-сотди ёки тўлов муносабатида нарх, қиймат ўлчови бўлган металл ёки қоғоз белги” эмас, “баъзи ерларда ярим тийинга, баъзи ерларда бир тийинга тенг ўлчов бирлиги”129 бўлган. Вақт ўтиши билан бир пул ёки уч пулнинг қиймат даражаси ўта пастлаб кетган: бир ёки уч пулга арзигулик маҳсулот сотиб олишнинг имкони камайган. Бу ҳолатни кўриб-кузатиб юрган кишилар “ҳеч нарсага арзимайдиган, аҳамиятсиз, қадр-қимматсиз” деган тушунчани ифодалаш учун зикр этилган бирликларни қўллай бошлаган.
Ўзбекистон Қаҳрамони О.Шарафиддинов мақолаларидан бирида ўзбек тилидаги бир ибора тарихи ҳақида шундай ёзган эди: “Раҳматли бувим оддийгина қишлоқи аёл бўлган бўлсалар-да, жуда чечан, ҳар гапга бирон матал ёки мақол қўшиб гапиргувчи эдилар. Баъзан мени койиб қолганларида: “Бувижон, нега ҳадеб койийверасиз, ахир неварангизман-ку?” десам, “Неварам бўсанг нима? Гўримга ўт қалармидинг?” дер эдилар. Мен бу гапга тушунмасдим, саволимга гўрнинг, унга ўт қалашнинг нима дахли борлигини билолмасдим. Шу зайлда йиллар ўтди. Олтмишинчи йилларда ҳиндларнинг буюк доҳийси Жавоҳарлаъл Неру оламдан ўтди. Унинг дафн маросими матбуотда батафсил ёритилди. Маълум бўлдики, ҳиндийлар ҳозир ҳам ўлган одамнинг жасадини гулханда ёндириб, кулини Ганга дарёсига сепиб юборишар экан. Нерунинг васиятига кўра, унинг жасади ёнадиган гулханга энг севимли невараси ўт қўйибди. Бирдан бувимнинг ўша нақлини эсладим: демак, бир замонлар бизда жасад ёқилган экан-да, демак, гулханга ўт қўйиш невара учун энг фахрли иш бўлган экан-да? Бундан чиқадики, ўша ибора камида 2,5 – 3 минг йиллик тарихга эга”.130 Шу маънода иборанинг шаклий-маъновий тузилишини ўрганиш орқали унинг қачон қўллана бошлагани, халқнинг турмуш тарзи қандай бўлгани ҳақида хулоса қилиш мумкин бўлади. Ўзбек тилшунослигининг деярли барча соҳалари бўйича тадқиқотлар олиб борган устоз тилшунос А.Нурмонов қозонни осмоқ ибораси ҳақида фикр юритар экан, шундай дейди: “Масалан, қозонни осмоқ ибораси бор. Ҳозирги кунда қозоннинг осилмаслиги, балки ўчоқ ёки газ плитаси устига қўйилиши маълум. Бу иборанинг маъносини тушунтириш жамиятнинг қадимги кўчманчилик ҳаёт тарзи ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиради. Қадимда ўтроқлашмаган жамият аъзолари турли жойларда овқат пишириш учун тагидан ўт ёқиладиган мосламага масаллиқ солинган идишни илганлар”.131 Демак, айни иборага асос бўлган ҳаётий жараён аждодларимизнинг бир жойда муқим яшамаган, қозонни ўрнатиб эмас, осиб қўйиб овқат пиширган пайтлари бўлганидан дарак беради.
Ўзбек тилида “тарафдорлигини, хайрихоҳлигини билдирмоқ” маъносини билдирадиган қўл кўтармоқ, овоз бермоқ; “якдиллик билан, ҳамжиҳатлик билан” маъносини англатадиган бир овоздан, бир оғиздан иборалари эса тилимизнинг қадим даврларида эмас, нисбатан яқин тарихида юзага келган. Яъни бирор масала юзасидан холис хулосага келишни овозга қўйиб аниқлаш амалиёти ўзбек турмуш тарзида ХХ аср бошларида пайдо бўлган. Ш.Раҳматуллаев келтирган иллюстратив мисоллар ҳам ушбу ибораларнинг қўлланиш даврига аниқлик киритади. Кузатинг: “Йўқ! Муносибмас” – дейишди улар бир овоздан (Ҳаким Назир. Кўкорол чироқлари). Ҳамма бир овоздан таклифни маъқуллади. (Саид Аҳмад. Узун тил) Умумий йиғилиш янги ер очиш тўғрисида бир оғиздан қарор чиқарди-ку. (Ш.Рашидов. Бўрондан кучли)
Ф.Мусаеванинг кетмони учмоқ ибораси ҳақидаги фикри ҳам қизиқ. Унинг қайд қилишича, кетмони учмоқ бирикмаси “Абдуллажон” фильми намойиш этилганидан кейин иборага айланган.132 Эсингизда бўлса, мазкур юмористик фильмда қишлоқдаги кетмонлар учиш хусусиятига эга бўлиб қолади. Кишилар кетмонга миниб, бозорга, далага ҳам борадилар. Демак, кетмони учмоқ бирлиги фильмда эркин бирикма сифатида қўлланган. Фильм намойишидан маълум вақт ўтиб, “омади чопмоқ”, “иши юришмоқ” кўчма маъносини касб этган.
Иборанинг лисоний табиати ҳақидаги тавсифларда унинг бирор тушунчани сўзга нисбатан очиқроқ, ёрқинроқ намоён этиши айтилади ва бу жуда тўғри. Лекин бир тушунчанинг номи бўлган сўз ва ибораларни қиёслашдан шу маълум бўлдики, баъзан сўз иборага қараганда тушунчани очиқроқ ифодалаши мумкин экан. Масалан, “севиб қолган” маъноси севган сўзидан ҳам, кўнгли бор, кўнгил қўйган ибораларидан ҳам англашилади. Диққат қилинса, севган сўзи ошиқлик тушунчасини иборага нисбатан очиқроқ акс эттирмоқда. Хўш, сўзда шундай имконият бўла туриб, нега унга муқобил ибора ижод қилинган? Бизнингча, бунга ўзбек менталитетида кимнидир севиб қолганликни очиқ-ошкор айтиш жўяли саналмаслиги, бу туйғуни баралла айтиш эмас, сир тутиш ёки бир қадар “пардалаб” билдириш тарбияланганлик белгиси ҳисобланиши сабаб бўлган. Айни ибораларнинг зиди кўнгли йўқ, кўнгли бўлмади ҳам “кимдандир совиган”ликдек субъектив муносабатнинг “пардаланган”, “юмшатилган” ифодаларидир.
Этнос тафаккурининг кенглиги қиёслаш, ўхшатиш асосида ҳосил қилинган ибораларда янада очиқ намоён бўлади. Масалан, хамирдан қил суғургандай, пашшадан фил ясамоқ ибораларида икки предметнинг қиёси орқали, ораларидан қил ўтмайди, зиғир ёғдай кўнглига урмоқ, оғзига қатиқ ивитмоқ, ёғ тушса ялагудек (варианти: мой тушса ялагудек)133 ибораларида ҳаракатни нарса воситасида ўхшатиш билан муайян ҳолат ифода топган.
В.И.Даль “Мақоллар улардан англашиладиган тушунчаларга қараб жойлаштирилса, халқ руҳиятининг чинакам очерки вужудга келади” деганида мутлақо ҳақ эди. Зотан, мақоллар мазмунан ўз яратувчисининг ақлий-руҳий дунёси, менталитети, жуғрофий жойлашуви, касб-кори, бир сўз билан айтганда, олам ва одамга муносабатидан ташқарида шаклланмайди. Этноснинг олис ва яқин тарихи айрим мақолларда “бор бўйи” билан намоён бўлса, айрим мақолларда бир қадар “пардаланиб” нишона беради.
Ўзбек тилида “Андишанинг оти – қўрқоқ” деган мақол бор. М.Содиқова ушбу иборани рус тилига “Деликатность именуют трусостью” тарзида ўгирган,134 демак, бу тилда мақолнинг мазмунан мос муқобили йўқ. Бошқа халқларда шундай мазмундаги мақол борлигини билмадик-ку, аммо унинг яратилишига ўзбекона сермулоҳазалик сабаб бўлган. Мақолдаги ўзак нуқта андиша сўзида бўлиб, у рус тилида “хушмуомалалик”, “назокатлилик” маъносидаги “деликатность” билан ифодаланган. Аммо андиша фақат хушмуомалалик, назокатлилик эмас135. “Ҳикматнома”да ушбу мақолнинг “нафсониятга тегиб айтилган гапга яраша аччиқ жавоб қайтаришнинг, қаттиқ-қурум гапиришнинг, койиб ташлашнинг ўрни келган бўлса ҳам, узоқ-яқинни, орқа-ўнгини ўйлаб индамаслик, ўзини тийиш, андиша қилиш” мазмунини англатиши қайд этилган.136 Рус тилидаги “деликатность” сўзида ана шу этномаданий сема – “юз-хотир қилиш”, “кейинини ўйлаб индамай қўя қолиш” йўқки, бу менталитетнинг фарқлилигидандир. Агар ўзбекнинг феъл-атвори шундай бўлмаганда, андишилиликнинг ўзбек менталитетида фазилат саналиши болаликдаёқ қулоққа қуйилмаганда, мазкур мақол ҳам ижод қилинмас эди. “Балчиққа тош отсанг, бетингга сачрайди”, “Тупроқни чангитсанг, кўзингга уради” мақолларида ҳам ўзбекнинг олам ва одамга бўлган миллий-ментал муносабати намоён бўлади.
Бирор тил бирлигининг эвфемик вазифада қўлланишини нутқий шароит ва коммуникатив мақсад белгилаши аниқ. Ана шу мақсаднинг юзага чиқишини эса маълум маънода менталитет белгилайди. Масалан, қуйидаги парчада деганим сўзи айни нутқий вазият учун эвфемик вазифада келган, яъни севганим сўзи ўрнида қўлланган. Ёзувчи қишлоқ қизи, умуман, ўзбек қизи учун севганим дейиш уят саналишини кўрсатиш мақсадида деганим сўзини эвфемик вазиятга олиб кирган. Кузатинг: Бодом унга ўткир тикилди: – Расулбой, тушингизни манави сувга айтинг, тузукми? Мени... бошқа деганим бор... – Шундай деб қиз йўлига кетди (Шукур Холмирзаев. Арпали қишлоғида).
Тилни тирик ва доим ҳаракатдаги “организм” сифатида тушунган ва тилга берилган таърифларга “жон киритган” атоқли тилшунос Н.Маҳмудов тилни алоқа воситаси сифатидагина тушуниш бу бениҳоя мураккаб ва муҳташам ҳодисани, энг ками, жўнлаштиришдан, аниқ бир миллий қиёфа ёки миллий-руҳий заминдан мосуво бўлган сунъий тилга (масалан, эсперанто каби) тенглаштиришдан, йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида яратилган шартли “тил”га бараварлаштиришдан бошқа нарса эмаслигини таъкидларкан, тилнинг дунёни билиш, билим – тажрибаларни тўплаш, сақлаш ва кейинги авлодларга етказиш, миллий-руҳий муносабатларни акс эттириш, гўзаллик категорияларини воқелантириш каби бир қанча вазифаларни бажаришини асослаб беради.137 Тилнинг дунёни билишдаги гносеологик вазифаси, билим – тажрибаларни тўплаш ва сақлашдан иборат кумулятив вазифаси, миллий-руҳий муносабатларни акс эттиришдек репрезентатив вазифаси, бизнингча, ҳеч бир тил бирлигида мақоллардагидек бир бутун ҳолда акс этмайди. “Аямажуз – олти кун, қаҳри келса, қаттиқ кун”, “Тўқсон – бир кунимча йўқсан” мақолларида уч ой давом этадиган қишнинг охирги кунлари жуда совуқ бўлиши, яъни қиш чилласининг бир совутиб кейин чекиниши ҳақидаги ёки “Бир одам омоч билан, еттовлон чўмич билан” мақолида бир отанинг етти жонни боқиши борасидаги ихчам хулосаларида тилнинг зикр этилган вазифалари “ишга тушган”.
Мақолдаги бирор сўз (ибора) ёки мақолнинг специфик мазмуни айни мақолнинг яратилиш вақти, ўрни, сабаби, яратувчининг касб-кори ва бошқалар ҳақида ахборот беради. Чунончи, “Бир кўнгил иморати – минг Макка зиёрати”, “Ҳаёсизга ҳар куни ҳайит” мақолларидаги Макка, ҳайит сўзлари айни мақолларнинг аждодларимиз Ислом динини қабул қилгандан кейин ҳосил бўлганини кўрсатади. “Чиққан қиз чийдан нари” мақолидаги чий (ўтовга ташқари томондан қопланадиган қамиш тўсиқ) сўзи мазкур мақолнинг ўзбеклар ўтов тикиб яшаган даврларда ижод этилган дейишга имкон беради. Ўтов, чодир сўзлари қатнашган бошқа халқ мақолларининг юзага келиш вақти ҳақида ҳам шундай хулоса бериш мумкин.
Мақол таркибидаги диалектизмлардан шу мақолнинг яратилиш ўрни ёки дастлаб қайси ҳудуд кишилари нутқида қўлланганини билиш мумкин. Чунончи, “Тор ерга тана боши сиғмас” мақолидаги тана (икки ёшли қорамол) диалектизм бўлиб, кўпинча Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари аҳолиси нутқида кузатилади. Шунга кўра ушбу паремиологик бирлик асосан чорвачилик билан шуғулланадиган жанубий ҳудудларда ижод қилинган дейиш мумкин. “Яхши келса хут – кади-кади сут” мақолидаги кади сўзи ҳам диалектизм бўлиб, “Ўзбек халқ шевалари луғати”да унинг Жиззах аҳолиси нутқига хослиги қайд этилган. Аммо Бухоро ва Самарқандда ҳам бу диалектизм “қовоқ” маъносида ишлатилади. Демак, ушбу мақол айни ҳудудларнинг бирида ижод қилинган. Қолаверса, манглайи қора иборасидаги манглай сўзининг Хоразм шевасига оидлиги иборанинг ўғуз лаҳжаси вакиллари томонидан яратилганлигини кўрсатади.
Ўзбек мақолларининг каттагина қисми соҳавий характерга эга. Масалан, “Темирнинг бир боши иссиқ бўлса, бир боши – совуқ” мақолининг темирчилар нутқида юзага келганини унинг специфик мазмунидан билиш мумкин, яъни темирга ишлов берилаётганда, чиндан, бир учи совуқ, бир учи иссиқ бўлишидан темирчиларгина яхши хабардор. “Сигирнинг сути – тилида”, “Қўйни ўт ичидан ўтказма, ўтни қўй ичидан ўтказ”, “Гулсиз хашак – ёвғон хўрак” мақоллари эса чорвадорлар тилида пайдо бўлган, чунки “сигир чимхўрлик қилмай, ем-хашакни есагина серсут бўлиши, бунинг учун унинг тили касалланганми-йўқлигидан хабар олиб туриш зарур; “Қўйларингни наридан бери ўтлатиб, ҳайдаб ўтиб кетма, яхши ўтли ерда обдан тўйдириб, ундан кейин нари ҳайда”; “Ўт-хашак гулсиз бўлса, қўйнинг танасига юқмайди. Гулли бўлса, дони бўлиб, қўйга ем ҳисобида юқиб, семиртириши”138дек тажрибадан чорвадорлар яхши хабардор.
Тил ва этнос муносабатини ёритишда маданий ёки этномаданий коннатацияга диққат қаратиш орқали ҳам муҳим хулосаларга келиш мумкин. У ёки бу тушунча турли лингвомаданиятларда турлича идрок этилади. Ҳатто паралингвистик воситалар ҳам турли лингвомаданиятларда ижобий ёки салбий муносабатнинг ифодаси сифатида қабул қилинган бўлади. Мафкуравий таъсирлар ҳам тил бирликлари семантикасида ўзининг изини қолдиради. Бу ўринда яқин тарихимизда миллатчи сўзи тамоман зид маънони ташишга мажбурланганини эсга олишнинг ўзи кифоя. Атоқли адабиётшунос, проф. Н.Каримов бу борада қуйидагиларни ёзади: “...Шу нарсани алоҳида қайд этиш лозимки, ўтган асрнинг 20 – 30-йилларида матбуот тилида ҳам, шу даврда қамоққа олинган маҳбусларнинг кўрсатмаларида ҳам “миллатчилик” сўзи бутунлай ўзга маънода қўлланилган. “Миллатчилик” сўзи Қодирий ва унинг маслакдошлари учун «миллатпарварлик» маъносини англатган. Мустамлака кишанлари остида яшаган халқ манфаати йўлида курашган кишилар ўзларини “миллатчи”, яъни “миллатпарвар” деб аташган. Аммо совет давлатининг мафкурачилари бу сўзга салбий маъно бериб, уни рус тилида акс этган маънода қўлланилган “националист” сўзига мувофиқлаштиришган. Шунинг учун ҳам фидойи адиблар ўзларини “миллатчи” деб атаганларида миллат манфаати йўлида курашган кишилар эканликларини айтмоқчи бўлишган”139.
Демак, тил этнос шаклланишининг барча босқичларида этник ўз-ўзининг англашнинг бирламчи омили сифатида иштирок этади. Этномаданий хусусиятларнинг ворисийлигини таъминлаш, тўплаш ва сақлаш, уларни авлодлар онгига сингдиришнинг энг самарадор тарзи ҳам тилдир. Ўзбек тили ана шундай вазифаларни бекаму кўст бажариб келаётган тил сифатида ўзида этник тарихимизнинг барча жабҳаларини жамлаган. Ўзбек тилидаги аксар сўз ва иборалар, мақол ҳамда маталлар мазмуний мундарижасида олис ва яқин этномаданий анъаналар сақланган бўлиб, уларни ўрганиш миллий юксалиш йўлидаги энг зарур юмушлардандир.


Download 1.19 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   20   21   22   23   24   25   26   27   ...   33




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling