222-модда. Жиноят иши қўзғатилгунга қадар гумон қилинувчини ушлаб туриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ички ишлар органининг, терговга қадар текширувни, суриштирувни ёки дастлабки терговни амалга оширувчи бошқа органнинг ходими, шунингдек муомалага лаёқатли ҳар қандай шахс ушбу Кодекснинг 221-моддасида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, жиноят содир этишда гумон қилинган шахсни ушлаш ва яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келишга ҳақлидир.
(222-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 сентябрдаги ЎРҚ-442-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 36-сон, 943-модда)
223-модда. Ушлаш чоғида иммунитет ҳуқуқидан фойдаланувчи шахслар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Депутатлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, судьялар ва прокурорлар ушлаб турилиши ҳамда ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниши мумкин эмас. Мазкур тақиқ ушбу Кодекс 221-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ушлаб туриш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.
(223-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 6 майдаги 66-I-сонли «Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 2 декабрдаги 704-II-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августдаги 669-II-сонли «Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 августдаги ЎРҚ-440-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 162-II-сонли «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 70-моддаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |