4978-модда. Апелляция шикояти ёки протестини қайтариб олиш
Ҳукм устидан шикоят берган ёки протест билдирган шахс ўз шикояти ёки протестини қайтариб олишга ҳақлидир. Протестни қайтариб олиш ҳуқуқига юқори турувчи прокурор ҳам эга. Маҳкум ўз ҳимоячисининг шикоятини қайтариб олишга ҳақлидир.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги 25-сонли «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 10-банди.
4979-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан шикоят бериш ва протест билдириш
Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 4972-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги 25-сонли «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарори 4-бандининг иккинчи хатбошиси.
Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят бериш ёки протест билдириш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.
Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, процесс иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлаш, уни ўзгартириш ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга оид ажримлар устидан мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоятлар бериш ва протестлар билдириш мумкин эмас. Буларга қарши эътирозлар апелляция шикояти ёхуд апелляция протестига киритилиши мумкин.
Ушбу иш бўйича тараф ҳисобланмаган шахслар ҳам суд ажрими устидан, башарти ажрим уларнинг манфаатларига дахлдор бўлса, шикоят беришга ҳақлидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |