Педагогик тестология фанини ўқитишнинг илмий-назарий асослари


Тест шаклидаги топшириқ –


Download 26.56 Kb.
bet2/4
Sana08.03.2023
Hajmi26.56 Kb.
#1252747
1   2   3   4
Bog'liq
2-Mavzu

Тест шаклидаги топшириқ – педагогик ўлчовлар назариясининг асосий тушунчаларидан бири бўлиб, қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • мақсад;

  • қисқалик;

  • технология мавжудлиги;

  • мантиқий ифодаланганлик;

  • жавоблар ўрнининг мавжудлиги;

  • жавобларни баҳолашда бир хиллилик;

  • топшириқ элементларининг тўғри жойлашганлиги;

  • барча синалаётганлар учун йўриқноманинг бир хиллиги;

  • йўриқноманинг топшириқ шакли ва мазмунига мослиги.

Мазкур талаблар тест топшириқларини бошқа хилдаги топшириқлардан фарқлаш имкониятини беради.
Тестларнинг тарихий жараёнда пайдо бўлиш вақтини аниқлашга қаратилган ҳар қандай уриниш географларнинг кўплаб ирмоқларга тарқалиб кетадиган катта дарёнинг бошланадиган жойини аниқлашга ўхшаб кетади. Тестлар билан ҳам тахминан шундай ҳолат содир бўлади. Тестларнинг тарихини ўрганиш учун аввалига уларнинг илк ибтидосини излаш керак.
Эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда Қадимги Вавилонда ҳаттотларни тайёрлайдиган мактабларнинг битирувчилари учун синовлар ўтказиш анъана бўлган. Ўша даврларда билимлари чуқур ва кенг қамровли деб тан олинган малакали ҳаттот Месопотамия цивилизациясининг марказий фигураларидан ҳисобланар эди; у далаларнинг юзасини ўлчаш, мол-мулкни тақсимлаш, қўшиқ ижро этиш, мусиқий асбобларда куй чалишни билиши зарур бўлган. Синовлар жараёнида унинг матоларни, металларни, ўсимликларни яхши ажрата олиш қобилияти, тўртта арифметик амал, ва албатта, ёзишни билиш малакаларига аҳамият бериларди.
Қадимги Мисрда коҳинлик санъатига фақатгина белгиланган синовлар тизимидан ўтган шахсларни ўргатишарди. Аввалига номзод ҳозирги вақтда суҳбат деб талқин қилинадиган расмий маросимга ўхшаш синовни бошидан кечириши керак бўлган. Бунда унинг таржимаи ҳолини, маълумоти қай даражада эканлигини аниқлашар, ташқи кўриниши, суҳбатни олиб бориш лаёқатига баҳо беришарди. Кейин эса меҳнат қилиш, тинглаш, сукут сақлай олиш қобилиятларини текширишар, олов, сув ва ўлим хавфи билан синаб кўришар эди. Узоқ вақт таълим олиш машаққатларига чидашига шубҳаси борларга ўйлаб кўриб, эҳромнинг эшигини қайси - ички ёки ташқи томондан ёпиш маъқуллигини ҳал қилишни маслаҳат берардилар.
Маълумотларга қараганда, бундай қаттиқ синовлар ва танлов тизимидан ёш Пифагор муваффақиятли ўтган. Ўқишни битириб, Грецияга қайтгач, у ўзининг мактабига асос солиб, унга фақат ўзи ўтган синовларга ўхшаш турли кириш имтиҳонларини жорий қилган.
Эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда Хитойда ҳукумат амалдори лавозими бўлган. Табиийки, бу лавозимга танлов ўтказишнинг дастлабки элементлари ҳам қўлланган. Танлов даврида тантанали вазият ҳукм сурган ва бу лавозимга талабгор бўлиб, давлат имтиҳонларини топширишга жазм қилган ёшларга алоҳида эътибор берилган. Хитой жамиятида бу имтиҳонлар деярли байрамдек нишонланган. Имтиҳон мавзусини кўпинча императорнинг ўзи белгилаган.
Ўша даврларда инсон характери ва қобилиятларини унинг ташқи кўринишига қараб аниқлаш санъати – физиогномика кенг тарқалган эди. Бу номни илк бор Гиппократ қўллаган ва физиогномикани алоҳида фан даражасига кўтарган. Унинг тадқиқотлари натижасида физиогномикадан биринчи дарсликлар ва амалий қўлланмалар, шунингдек илк мутахассислар пайдо бўлган.
1884 йилда АҚШда ўз ичига қатор топшириқлар ва беш балли тизимда баҳоланадиган жавобларни олган тест материалларидан иборат биринчи китоб нашр қилинган. Унга математика, тарих, грамматика, навигацияга оид топшириқлар киритилган бўлиб, иншоларнинг тахминий матнлари ва уларни баҳолаш усули илова қилинарди. Бу тарихда илк бор педагогик жараёнда оддий статистик ҳисоб-китобнинг қўлланиши бўлган.
Тестларни қўллаш методикасининг асосчиси бўлиб АҚШда фаолият кўрсатган машҳур америкалик руҳшунос Джеймс Маккин Кэттел ҳисобланади. Унинг "Интеллектуал тестлар ва улардан фойдаланиш" номли мақоласи (1896) да диагностиканинг аниқ усуллари ишлаб чиқилган. Кеттел фанга "тест" сўзини киритди ва бу билан ҳозирги америка таълимида анъанага айланган ўқув юртларига кираётганларни тест ёрдамида танлаш усулини бошлаб берди.
Европада тестларнинг асосчиси сифатида таниқли инглиз олими Френсис Гальтон (1822-1911) тан олинган. Ўзининг "Инсон қобилиятлари ва уларнинг ривожланишини ўрганиш" асарида у инсоннинг ақлий қобилиятлари асосан наслдан-наслга ўтади, деган фикрни илгари суради. У фанга "умумий қобилиятлар" (general ability) ва "махсус мойиллик" (special aptitudes) деган атамаларни киритиб, уларнинг биринчиси табиат томонидан ато этилади, иккинчиси инсоннинг ҳаёти давомида шаклланади, деб таъкидлайди. Гальтон ўз фаолияти давомида инсоннинг жисмоний ва руҳий хусусиятларини аниқлаш усулларини ишлаб чиқди. Бу тадқиқотлар тестларни яратишнинг бошланиши бўлди. 1884-85 йилларда у ўзининг лабораториясига келувчилар орасида синовлар ўтказарди. У ерга 5 ёшдан 80 ёшгача бўлган катталар ва болалар келишар, озгина ҳақ эвазига реакция тезлиги, вазн, ўпка ҳажми, кафт кучи (динамометр ёрдамида – бу ҳам Ф.Гальтоннинг ихтироси эди), муштум кучи, бўй узунлиги, кўзнинг ўткирлик даражаси ўлчанарди. Ундан ташқари, ҳарфларни эслаб қолиш ва ранг ажратиш қобилияти, организмнинг қатор физиологик имкониятлари ва психик хусусиятлари баҳоланарди. Бутун дастур бўйича 9337 нафар одам текширилган.
XIX аср охирига келиб Европада билимларни назорат қилишнинг икки тури анъанавий бўлиб қолди. Биринчисини шартли равишда немисча анъана деб аташган бўлиб, унда имтиҳоннинг оғзаки шаклларига эътибор қаратилган. Камида икки кишидан иборат комиссия иштирокида ўтказиладиган бундай имтиҳонда битта катта ҳажмли саволга бериладиган жавоб бутун курс бўйича билимлар даражасини кўрсатиши керак бўлган. Бошқа анъана инглизча дейилиб, назоратнинг ёзма шаклидан иборат эди ва синалаётганларга турли мавзулардаги 10-12 та қисқа вазифа бериларди.
Болаларнинг ақлий лаёқатини илк бор ўлчашга уриниш ХХ аср бошида Францияда юз берган. Бундай мақсадда тузилган тестнинг муаллифлари Альфред Бине ва Теодор Симон тестга киритиладиган топшириқларнинг эмпирик текширувини ўтказишган. Топшириқларнинг мақсадга мувофиқлигини текшириш учун муаллифлар икки асосий мезондан фойдаланганлар: 1) ҳар бир топшириқнинг турли ёшдаги болалар гуруҳларида мураккаблигини аниқлайдиган эмпирик ўлчови; 2) тест натижаларининг ота-оналар фикри билан қанчалик мослиги ҳақидаги маълумот.
Ўзлари олган натижаларни бошқа тадқиқотчилар олган натижалар билан таққослаш ва ўлчовдаги хатоларни имкон қадар камайтиришга эришиш учун А.Бине ва Т.Симон тестга уни ўтказиш бўйича стандар йўриқнома илова қилганлар.
Альфред Бине 1899 йилда дунёда биринчи бўлиб мактаб қошидаги психологик-педагогик лабораторияга асос солган. Ушбу кашфиёт жамиятнинг зарурий эҳтиёжларидан келиб чиққан. ХХ асрда мактаб таълими биринчи бор оммавий ҳодисага айланди. Шу муносабат билан таълимнинг асосий муаммоларидан бири, яъни кўпчилик болаларнинг нима учун ёмон ўқишлари, уларга қандай қилиб ёрдам бериш мумкин, деган муаммо пайдо бўлди.
Маълумки, фанларни ўзлаштира олмасликнинг сабаблари ҳар хил. Баъзи болаларнинг ақлий лаёқатлари юқори бўлса-да, улар ялқовлик ёки бошқа хусусиятларга кўра ёмон ўқийдилар, бошқалари ақлий танқислик сабабли оддий мактабда ўқий олмайдилар. Лекин қандай қилиб бу сабабларни аниқлаш мумкин? Ўқитувчиларнинг ҳар бир ўқувчи тўғрисидаги фикрлари ҳар доим қарама-қарши ва субъектив бўлади. Шунинг учун ақлий лаёқатларни холисона аниқлайдиган усул кераклиги аён бўлди. Бине тестларининг пайдо бўлиши ана шу заруриятдан келиб чиққан.
1904 йилда Парижнинг мактаблар бошқармаси унга ақли заиф болаларни соғлом болалардан ажратишга ёрдам берадиган усулларни ишлаб чиқиш вазифасини топширган. Бу ақли заиф болаларни махсус мактабларга жойлаштириш қарори билан боғлиқ эди. Шундай қилиб, 1905 йилда Биненинг машҳур тестлари пайдо бўлган. Унинг тадқиқотлари натижаси - "ақлий қобилиятлар ривожланишининг ўнлик кўрсаткичи" (шкаласи)дир. У 1911 йилда эълон қилиниб, нафақат Францияда, балки бошқа мамлакатларда ҳам тез тарқалган.
Бине ўзининг тадқиқотлари билан боланинг келажагини муайян тест кўрсаткичлари асосида олдиндан айтиб бериш учун эмас, балки таълим жараёнидаги нуқсонларни аниқлаш учун хизмат қилган. У боланинг ақлий ривожланишида ижтимоий-маданий шароитнинг аҳамияти катта эканлигини, тестлардан фойдаланишда рақамларга берилиб кетмаслик кераклигини таъкидлаган. Унинг қуйидаги фикрига эътибор беринг: “Шахс тафаккури ўсиши мумкин эмас, деган нохуш фикрга замонамизнинг баъзи файласуфлари руҳан кўникиб қолмоқдалар. Биз ... бу каби фикрлар асоссиз эканлигини исботлашимиз зарур. Боланинг миясини ҳайдалмаган далага қиёсласак, тажрибали фермер бундай далада ерни парвариш қилиш орқали ўйлаган ниятларини амалга ошириши ва натижада унумсиз ер ўрнига унумдор ерга эга бўлиши мумкин...”
Билим, малака ва кўникмаларни назорат қиладиган биринчи тестлар ХХ аср бошида пайдо бўлган. Улар тезда Англия ва АҚШнинг олий ўқув юртлари ва мактаблари ўқитувчилари орасида оммалашиб кетган. Тахминан ўша пайтдан уларни АҚШда педагогик тестлар деб атай бошлаганлар. Айнан шу тестлар анъанавий, “соф”, тестларсиз педагогик фан ва амалиёт тарафдорларининг қаршилигига учраган.
ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигидан бошлаб тест ҳақидаги одатий тасаввурлар ва унинг илмий асосланиши бир-биридан кескин фарқ қила бошлади. Гарчи ҳар қандай тест синов элементлари бўлган топшириқлардан иборат бўлса-да, унинг вазифаси фақат бундангина иборат эмас, чунки ҳозир бу илмий тадқиқот усули ҳам бўлиб, қатор ўлчов талабларини ўз ичига олади.
Ҳозирги кунда “Ай-кью” деб аталадиган назариянинг муаллифи австриялик психолог Уильям Штерн бўлиб, у 1911 йилда боланинг хронологик (ҳақиқий) ёшидан ташқари ақлий ёши борлигини эътироф этган. “Интеллект” сўзи Intelligence (“ақл-заковат, тафаккур, инсоннинг фикрлаш қобилияти” ва Quotient (“кўрсаткич, ўлчов даражаси”) сўзлари бирикмаси, яъни ақлнинг кўрсаткичи деган маънони билдиради.
Ўзбекистонда ХХ асрнинг 20-30 йилларида тестлар таълим жараёнида кенг қўлланган. Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институтида “Педология” бўлими фаолият кўрсатган. Педологлар иқтидор туғма бўлади, деган фикрни илгари сурганлар ва болалар ҳамда ўсмирларнинг ақлий лаёқатларини текшириш учун кўплаб тестлар яратганлар ва қўллаганлар. 30-йилларнинг ўрталарида педологияга қарши қаттиқ кураш бошланган. Педологиянинг ғояси – болалар тақдирининг биологик ва ижтимоий омилларга, ирсиятга ва ўзгармас муҳит таъсирига боғлиқлиги танқидга учраб, марксизмга зид деб топилган. Ҳукумат қарори билан тестларнинг таҳлим жараёнида қўлланиши тамоман тақиқланган. Педология эса “буржуа иллати” деб эълон қилинган. Шу тариқа, Совет Иттифоқида педология йўқ қилинади, Европа ва АҚШда эса бу соҳа жадал ривожланади.
Фан ривожининг ҳар бир босқичида тестларга бўлган талаб ва тестларнинг ўзи ҳам ўзгариб борган. Бу диалектик хусусиятнинг ҳисобга олинмаслиги кўп ҳолларда тестларни баҳолашда соддалаштиришга олиб келган. Соддалаштириш асосан тестни билимларни баҳолашнинг бошқа, кенг тарқалган турлари (синов, имтиҳон) билан адаштиришда яққол кўринган. Лекин бу тўғри фикр эмас. Тест педагогик ўлчов воситаси бўлиб, бу хусусият уни педагогик назоратнинг барча бошқа шаклларидан ажратиб туради.

Download 26.56 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling