Педагогика назарияси I боб. Педагогиканинг умумий асослари
ИИ. Маънавий-ахлоқий хулқ-атворни шаклантириш методлари. Машқ
Download 0.83 Mb.
|
Педагогика назарияси I боб. Педагогиканинг умумий асослари-fayllar.org
ИИ. Маънавий-ахлоқий хулқ-атворни шаклантириш методлари. Машқ – маънавий-ахлоқий хулқ ва одатларни тарбиялашнинг энг таъсирли методидир. Унга қоидаларни машқ қилдириш – фойдали одатларни қайтариш киради. Эслатиш, ўргатилган тажрибани янгилаш, назорат – ўргатилган одатнинг тўғри ва самарали эканлигини текшириш, ўз-ўзини назорат қилиш, тарбияланувчини фаоллаштирувчи шахсий гигиена қоидалари, овқатланиш маданияти, кўчада, шахсда хулқ-атвор маданиятини эгаллашни машқ қилдириш бунга мисол бўла олади. Машқ қилдириш натижасида ўқувчида малака ва одатлар таркиб топади.
Машқ методининг самарадорлиги қуйидаги шарт-шароитларни ҳисобга олишни талаб қилади: 1) машқлар тизими; 2) уларнинг мазмуни; 3) машқнинг тушунарли бўлиши; 4) ҳажми; 5) такрорлаш тезлиги; 6) назорат ва тузатиш; 7) ўқувчиларнинг индивидуал ўзига хосликлари; 8) машқни бажариш жойи ва вақти; 9) индивидуал, гуруҳли ва жамоавий машқ шаклларини уйғунлаштириш; 10) мотиватсия ҳосил қилиш ва рағбатлантириш. Мазкур омиллар орасида машқнинг ҳажми ва суръати ҳамда кутиладиган натижа ўртасида тўғридан-тўғри алоқадорлик мавжуд: машқ қанчалик кўп ва тез-тез бажарилса, унинг ёрдамида шакллантириладиган сифатлар шунчалик тез ривожланади. Талаб – тарбиялаш мақсадида ўқувчидан бирор нарсани қатъият билан сўраб туриш бўлиб, ўқувчиларнинг маълум бир фаолиятини рағбатлайди ёки бартараф этишга хизмат қилади. Тақдим этиш шаклига кўра бевосита ва билвосита талаб фарқланади. Бевосита талаб учун қатъийлик, аниқлик, моҳиятнинг тушунарли бўлиши хос бўлиб, кескин оҳанг, юз ҳаракатлари уйғунлиги акс этади. Билвосита талаб (маслаҳат бериш, ялиниш, таъкидлаш, қайтариш) бевосита талабдан фарқли равишда ўқувчида қайғуриш, қизиқиш, интилиш каби психологик омилларни чақиришга хизмат қилади. Маслаҳат бериш орқали ўқувчида маълум хатти-ҳаракатнинг фойдали эканлигига ишонч ҳосил қилинади. Ўқувчи қачонки билдирилаётган фикрни ўзи учун муҳим эканлигига ишонч ҳосил қила олгандагина маслаҳатни қабул қилади. Ялиниш – агарда бошқа талаб қилиш кўриниши кор қилмаслигига кўзи этса, ўқувчи қалбида меҳрни янгилаш, уйғотиш мақсадида уни бирор нарсага кўндириш учун илтимос қилиш, ўтиниб сўрашдир. Таъкидлаш – ўқувчилар билан ўтказилган ҳар бир вазиятда, уларга малол келмайдиган ахлоқий мазмунни уқтириб, тайинлашдир. Қайтариш – ўқувчи жаҳли чиқиб, қизишиб бирор кор-ҳол, ёмонлик қилишга қарор қилса ёки важоҳати шуни кўрсатса, уни бундай номақбул, ножўя ишдан, хатти-ҳаракатдан ўзини тутишга ундаш, тийиш. Ўргатиш – ўқувчига бирор иш-ҳаракат (масалан, турли жой ва вазиятларда ўзини тутишни, гапиришни ва бошқалар) бажариш усулини, йўл-йўруғини тушунтириш, билдириш ва шу ишни мустақил бажара оладиган қилиш. Мазкур методни тўғри қўллаш қоидаларига қуйидагилар киради: 1. Ўқитувчи ва ўқувчилар тарбия мақсадига доир аниқ тасаввурга эга бўлишлари лозим. Айниқса, ўқувчи ўргатилаётган иш-ҳаракатнинг нима учун хизмат қилишини тушуниб етмаса, ўқитувчининг ҳаракати зое кетади. 2. Иш-ҳаракатни бажаришга ўргатишда буйруққа эмас, тушунтиришга асосланиш лозим. Масалан: «Қўшнилар билан саломлашиб юрсанг, улар сени яхши кўришади», «Сени чиройли кулади дейишлари учун тишларингни ювиб юришинг керак» ва бошқалар. 3. Ўқувчиларга ўргатиладиган иш-ҳаракат учун мақбул вақт ва миқдор ҳисобга олиниши лозим. Одатлантириш учун маълум муддат зарур, шошилиш керак эмас. Дастлаб ўқувчини ҳаракатларни тўғри бажариши ҳақидаги қайғуриш, кейин уни тез амалга оширишига интилиш зарур. 4. Ўқувчига ҳаракатлар қандай бажарилишини, натижаси нима билан тугашини кўрсатиб бериш лозим. Масалан, тоза ва ифлос поябзал, силлиқ ва ғижимланган кийимни таққослаб кўрсатиш орқали ўқувчини бундай ҳолатларни бартараф этишга ўргатиб бориш мумкин. 5. Ўргатиш доимий назоратни талаб этади. Назорат чин кўнгилдан, қизиқиш билан амалга оширилиши, зарда-жаҳл тарзида бўлмаслиги ҳамда ўз-ўзини назорат қилиш билан уйғунликда олиб борилиши лозим. 6. Ўргатиш ўйин орқали амалга оширилса, яхши самара беради. Ўйинда ўқувчи белгиланган қоидаларни бошқаларнинг мажбурлашисиз ҳам ўз хоҳишига кўра бажаради. Download 0.83 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling