Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Uzcard ва Humo банкоматларини интеграциялаш бўйича техник ишлар якунланяпти. Ҳозирча биттадан Uzcard ва Humo банкоматлари ҳар иккала карта турини ҳам қабул қиладиган бўлди. 1 июндан бундай имкониятни ҳамма банкоматларга жорий қилиш бошланади. 2023 йил охиригича терминаллар ҳам интеграция қилиниб, бир тўлов тизимининг картаси билан иккинчи тўлов тизимининг терминали орқали тўлов қилиш мумкин бўлади.
Шавкат Мирзиёев энергетика соҳаси бўйича мажлис ўтказди. Мажлисда президент масъулларга ёзда электр тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш вазифасини юклади. Бундан ташқари, электр тармоқлари ва трансформаторларни таъмирлаш бўйича 2023 йилга режа қилинган ишлар 1 августгача тугатилиши керак. Қуёш панелларини ўрнатиш бўйича вазифаларни бажармагани учун 7 та туман ва 2 та шаҳар ҳокими ҳайфсан олди. Йил охиригача электромобиллар учун 900 та зарядлаш станцияси ўрнатишга топшириқ берилди.
Ўзбекистон ва Россия президентлари 8 май куни Кремлда учрашув ўтказди. Учрашувда қатор масалалар муҳокама қилинди, Владимир Путин Ўзбекистонда референдум муваффақиятли ўтгани билан Шавкат Мирзиёевни табриклади. Эртаси куни II Жаҳон урушидаги ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказилган парадда постсовет давлатларидан 7 тасининг раҳбари иштирок этди. Бу эса Украинанинг эътирозига сабаб бўлди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги буни “Украинага нисбатан дўстона бўлмаган қадам” деб баҳолади.
Самарқанднинг Пахтачи туманида даҳшатли портлаш рўй берди. Интернетда видеолари тарқалган техноген офат 9 май куни кечқурун аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида содир бўлган. Оқибатда ҳудуддаги контейнерлар, маъмурий бинолар ва бир нечта техникалар зарарланган. Бир киши куйиш жароҳатини олган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳодисага суюлтирилган газ ташувчи автомашинадан газни захира сиғимига бўшатиш жарёнида хавфсизлик қоидалари бузилгани сабаб бўлиши мумкин.
“Менинг йўлим” лойиҳасининг илк мавсуми ғолиблари эълон қилинди. Лойиҳадаги ташаббусларга жами 8 миллиондан кўп овоз йиғилди. Овоз тўплаш учун кураш айниқса қишлоқларда қизғин бўлди. Лекин тўла адолатли бўлмагани ҳам бор гап. Масалан, Самарқандда Паст Дарғом тумани камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғи маҳалла раисларига овоз йиғишни буюриши ортидан, ишдан олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |