Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Диссертация республика фан ва технологиялар тараққиётининг “Ахборотлашган жамият ва демократик давлатнинг ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ривожлантиришда инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва амалга ошириш йўллари” устувор йўналиши доирасида амалга оширилди.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбек тилшунослигида ўз ва ўзлашган қатлам масаласи, арабизмларнинг ўзлашиши, семантик хусусиятлари А.К.Боровков, А.М.Шчербак, Х.Дониёров, А.Рустамов, Э.Фозилов, Б.Бафоев, С.Аширбоев, А.Каримов, Ҳ.Дадабоев, З.Ҳамидов, И.Носиров ва бошқалар тадқиқотларида таҳлил этилган26. Арабизмларнинг ўзбек тили сўз ясалиш жараёнидаги иштироки ўрганилган27. Ўзбек тилшунослигида арабизмлар таҳлили кўпроқ Алишер Навоий асарларини лингвистик тадқиқ этиш жараёнида умумий планда амалга оширилган28. Навоий асарларидаги арабизмлар монографик аспектда ўрганилган29. Ҳозирги ўзбек тилининг луғавий қатламлари, лексик-грамматик хусусиятларига доир изланишларда арабизмларнинг ўзлашиш тараққиёти ва семантикаси ёритилган. Таълим жараёнидаги арабизмларнинг лексик-семанатик хусусиятлари монографик планда тадқиқ этилмаган.
Диссертация тадқиқотининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари билан боғлиқлиги. Диссертация Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий-тадқиқот ишлари режасига мувофиқ “Тилнинг ижтимоий, тарихий ва замонавий тараққиёти” мавзуси доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилидаги таълим тизимига хос арабизмларнинг лексик-семантик хусусиятларини ёритиш, соҳа терминлари сифатидаги қўлланиш даражасини аниқлаш, араб тили ва ўзбек тили луғат фонди таркибидаги семантик тараққиёт хусусиятларини очиб беришдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
ўзбек тилидаги таълимга оид арабизмларнинг ўзлашиш омилларини ёритиш;
ўзбек тилидаги таълимга оид арабизмларнинг лингвостатистик таҳлилини амалга ошириш;
таълимга оид арабизмларни лексик-семантик жиҳатдан тасниф қилиш;
таълим соҳасидаги арабизмларнинг бу соҳа терминлари сифатидаги коммуникатив функциясини белгилаш;
мулоқот жараёнидаги коннотатив маънолари ва прагматик функцияларини таҳлил қилиш;
таълимга оид арабизмларнинг семантик тараққиётидаги ўзгаришларни асослаш ва арабизмлар семантикасидаги ёндош маъноларнинг шаклланиши, семалар тараққиётини изоҳлаш;
таълимга оид арабизмларни ўзакдошлик қаторлари кесимида таҳлил қилиш, ўзакдошлик қаторлари узвлари семантикасини ёритиш ва сўз ясалиш тизимидаги ўрнини кўрсатиш;
таълимга оид матнлар тезауруси учун лингвистик таъминот яратиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |