Банк тизимининг бош бухгалтерлари тўғрисида
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси банклари (филиаллари)нинг бош бухгалтерларига тааллуқли бўлиб, бош бухгалтерларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва масъулиятини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, банкларда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш учун банк раҳбари жавобгар ҳисобланади ҳамда у бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиши лозим.
Бош бухгалтернинг хўжалик операцияларини ҳужжатлар асосида расмийлаштириш ва уларни бухгалтерия ҳисоби хизматига тақдим этиш бўйича талаблари банкнинг барча ходимлари учун мажбурийдир. Банк раҳбари банкнинг барча бўлинмалари, хизматлари ва ҳисобни юритишга алоқадор ходимлари томонидан мазкур талабларга риоя этилишини таъминлаши шарт.
3. Бош бухгалтер банкда бухгалтерия ҳисобини тўғри ташкил этилишини ҳамда Банк Кенгаши томонидан тасдиқланган Ҳисоб сиёсатини амалга оширилишини таъминлайди. Зарур ҳолларда Ҳисоб сиёсатига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар киритади.
4. Банкнинг бош бухгалтери банк раҳбарининг буйруғи билан тайинланади ва озод қилинади. Филиаллари мавжуд банкларда филиал бош бухгалтери лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш банк бошқаруви раиси ёки унинг ўринбосари томонидан, Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори (бошқарма бошлиғи) билан келишилган ҳолда тайинланади.
Шунингдек, у бевосита банк раҳбарига, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, ҳисоботлар тузиш, назорат қилиш тартиби ва методикаси билан боғлиқ масалалар бўйича эса, бевосита Бош банк Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори (бошқарма бошлиғи)га бўйсунади.
5. Банк бош бухгалтери бошчилик қиладиган бухгалтерия ҳисоби бўлими мустақил таркибий бўлинма бўлиб ҳисобланади ва бошқа бирон-бир бўлинма таркибига кирмаслиги лозим.
Бухгалтериянинг барча ходимлари, шу жумладан бош бухгалтер ўринбосари ва банкдан ташқарида жойлашган кассир ва назоратчилар бош бухгалтерга бўйсунадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |