27-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг таълим соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
таълим соҳасидаги ваколати давлат бошқаруви органлари билан келишилган ҳолда давлат таълим муассасаларини ташкил этади, қайта ташкил этади ва тугатади, бундан республика тасарруфидаги таълим муассасалари мустасно;
ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудудда давлат таълим муассасалари учун молиялаштириш ҳажмини белгилайди;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан таълим ташкилотларини ривожлантириш масалалари юзасидан ҳамкорлик қилади;
давлат умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган ҳудудларни (микроучасткаларни) белгилайди;
таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширишда таълим ташкилотларига кўмаклашади;
таълим олувчилар учун сифатли таълимни, тарбияни таъминлаш, уларнинг истеъдодини шакллантириш ва намоён этиш мақсадида жойларда уларга зарур шароитлар яратиш бўйича дастурларни ишлаб чиқади;
ўз ваколатлари доирасида таълим соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантиради ва нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтиришга кўмаклашади;
умумий ўрта таълим ташкилотлари битирувчилари бандлигини таъминлашга кўмаклашади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
28-модда. Таълим ташкилотини бошқариш
Таълим ташкилотини бошқаришни тегишинча қуйидагилар амалга оширади:
педагогик кенгаш;
кузатув (васийлик) кенгаши;
олий таълим ташкилотининг кенгаши;
таълим ташкилотининг раҳбари.
Таълим ташкилотларида жамоатчилик бошқаруви органлари ташкил этилиши мумкин.
Таълим ташкилотларини бошқаришда ва кадрлар тайёрлашда кадрлар талабгорлари иштирок этади.
4-БОБ. ТАЪЛИМ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ
Do'stlaringiz bilan baham: |