Самиси ўқув услубий кенгашида муҳокама этилган
Режалаштирилаётган бизнесни суғурталаш
Download 383.36 Kb.
|
Biznes Rejalashtirish
5.3. Режалаштирилаётган бизнесни суғурталаш
Суғурталаш – бозор инфратузилмасининг муҳим элементи бўлиб, фуқароларнинг ва хўжалик субъектларининг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиши кўзда тутилади. Суғурталаш суғурталовчининг манфаатларини учинчи шахслар эътирозларидан ҳамда бу шахсларнинг ўз манфаатларини ҳам ҳимоя қилади, чунки суғурталовчининг моддий имкониятларидан қатъий назар етказилган зарарни қоплаш кафолатланади. Суғурталашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳар бир мамлакатда давлат томонидан белгилаб қўйилувчи қонун ва қоидаларга асосан амалга оширилади. Масалан, Францияда уч қисмдан иборат бўлган Суғурта кодекси мавжуд. Унинг биринчи қисмида қонун нормалари, иккинчи қисмида ҳукумат қарорлари мавжуд бўлса, учинчи қисми бошқа маъмурий идораларнинг кўрсатмаларидан иборат. Буюк Британияда суд жараёнлари суғурта ҳуқуқининг манбаи ҳисобланади. АҚШда ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Швейцарияда эса суғурта ҳуқуқининг асосий манбаи 1908 йилда қабул қилинган ва кейинчалик маълум бир ўзгартиришлар киритилган «Суғурта шартномаси тўғрисида»ги қонун ҳисобланади. Россияда суғурта муносабатлари аввало Фуқаролик кодекси ҳамда 1997 йил 31 декабрда қабул қилинган «Россия Федерациясида суғурта ишини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Суғурталаш Ўзбекистонда ҳам ривожланмоқда. Мустақиллик қўлга киритилгандан сўнг, 1993 йилнинг майида «Суғурталаш тўғрсида»ги қонун, 2002 йилнинг апрелида эса ўз таркиби ва бажарувчи вазифалари бўйича жаҳон стандарти талабларига яқинлашган «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги янги қонун қабул қилинди. Республикамиз суғурта тизимини бугунги кунда «Ўзбекинвест» Миллий суғурта компанияси, «Кафолат» давлат-акциядорлик суғурта компанияси, «Мадад» суғурта компанияси ва бошқалар намоён қилади. Суғурталаш махсус фан соҳаси ва хўжалик амалиёти бўлганлиги сабабли бу ерда суғурталашнинг тизим сифатидаги моҳиятига чуқур кириб бормаймиз. Суғурталашни фақат бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда уни табиий офатлар, иқтисодий нобарқарорлик, учинчи шахсларнинг айби каби сабаблар билан юзага келиши мумкин бўлган йўқотиш ва зарарларнинг олдини олиш имконияти сифатида кўриб чиқамиз, холос. Бизнес, ишлаб чиқариш ёки фаолиятнинг бошқа бир тури, айниқса катта миқдорда моддий ва молиявий ресурсларни жалб қилиш билан боғлиқ бўлиши доим ҳам муваффақият ёки ютуқнинг гарови бўла олмайди. Бу маълум даражада таваккалчилик ҳам бўлиб, бизнес тили билан айтганда, олдиндан суғурта қилиниши лозим. Бизнес ва тадбиркорлик одатда суғурта объекти бўлмайди. Суғурта тизими бутун дунёда асосан уч йўналишни назарда тутади: шахсий суғурта, мулк суғуртаси ва жавобгарликни суғурталаш. Бизнес соҳасида моддий қадриятлар, мулк ва юк, депозитлар, тижорат таваккалчиликлари ва бошқалар суғурта объекти вазифасини бажаради. Таваккалчиликлар, уларни баҳолаш ва башорат қилиш билан боғлиқ масалалар бизнес-режани тайёрлашда ҳам, келгусида уни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Гап шундаки, инвесторлар, банкирлар ва бошқа кредиторлар одатда корхона ёки тадбиркор олдида ишлаб чиқаришни ташкил этишда қандай муаммолар вужудга келиши ва улар бундай вазиятлардан қай тариқа чиқиб кетишини билишни истайдилар. Буни баҳолаш одатда муайян фаолият турига ёки бугунги тил билан айтганда мўлжалланаётган бизнес-лойиҳанинг миқёсига боғлиқ бўлади. Суғурталаш мажбурий тарзда икки томоннинг – суғуртачи ва суғурталанувчининг иштирок этиши, шунингдек, белгиланган суғурта бадалини назарда тутиши сабабли суғурталанувчи, бизнинг ҳолатда корхона ёки тадбиркор томонидан, бу ишнинг барча жиҳатларини чуқур ўйлаб кўриш лозим бўлиб, бу бадаллар асосида келгусида умумий суғурта жамғармаси шаклланади. Хусусан, қуйидагиларни амалга ошириш зарур: вужудга келиши мумкин бўлган барча таваккалчиликларни аниқлаш; ҳар бир таваккалчиликнинг вужудга келиш эҳтимолини аниқлаш; улар натижасида етказилиши мумкин бўлган зарар миқдорини ҳисоблаш; уларни вужудга келиш эҳтимоли бўйича ажратиш; йўл қўйиш мумкин бўлган таваккалчилик даражасини белгилаш ва вужудга келиш эҳтимоли ушбу чегарадан паст бўлган барча таваккалчиликларни бир четга суриб қўйиш. Download 383.36 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling