Сергей павлович толстов
Download 2.37 Mb.
|
С.П.ТОЛСТОВнинг Хоразми
3-БОБ
ПИНҲОНИЙ ЎЛКАДА ( 1937-1945 йиллардаги экспедиция ҳисоботидан) Биз қадимги Хоразм харобаларини биринчи маротаба келиб ўрганган археологлардан эмасдик.1928-29 йилларда хоразмшоҳларнинг ўрта асрлардаги пойтахти—Урганч (ҳозирги Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги Кўҳна Урганч шаҳарчаси) атрофида А.Ю.Якубовский экспедицияси иш олиб борди.А.Ю.Якубовский Урганч архитектура ёдгорликларини биринчи марта илмий асосда "Развалины Ургенча" номли (1930 йилда Ленинградда нашр қилинган) асарида таърифлади. Шунингдек, ўша атрофдаги илк ўрта асрларга мансуб бўлган Маздаҳқон (ҳозирги Хўжайли яқинидаги Кофирқаъла харобалари) шаҳрининг харобаларини текшириб, бу тўғрида ҳам маълумотлар берди.("Городище Маздахкан" 3 КВ, 5 1930). 1934 йилда бўлса Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида, ўрта асрдаги Замахшар шаҳрининг харобаларида М.В.Воеводский томонидан илмий экспедиция фаолият кўрсатди. Аммо, ҳар икки экспедиция ҳам бу ёдгорликларнинг ўрта асрларга мансуб бўлган қатламларинигина тадқиқ этаолди.1936 йилда эса тошкентлик археологлар Яҳё Ғуломов ва Турди Мирғиёсовларнинг экспедицияси Манғит қишлоғи яқинидаги Қубатов тепалигидан янги эранинг 1 минг йиллиги ўрталарига мансуб бўлган зардуштий қабристонини топиб биринчи маротаба қадимий, исломга қадар Хоразм ёдгорлигига дуч келдилар.Бу ҳақда Яҳё Ғуломов 1937 йилда "Гулистон" журналининг 4-сонида " Ўтмиш излари" номли мақола ҳам чоп эттирганди. 1937 йили Яҳё Ғуломов Жанубий Қорақалпоғистоннинг " қадимда суғорилган ерлари" ва археологик қазишмаларини қайтадан бошлади ва ўрта асрларга мансуб Гулдурсун ва Норинжон шаҳар харобаларини ҳамда Шоббоз яқинидаги (Қорақалпоғистоннинг ҳозирги Беруний тумани-У.Б.) Пилқаъланинг янги эранинг дастлабки асрларига мансуб баҳайбат харобаларини текшириб чиқди. Ўша йили худди шу жойда бизнинг экспедициямиз ҳам иш бошлади. Археологик қазишмалар ўтказиш учун бу туманни танлашимиз тасодифий эмас.Вазифа кишилар истиқомат қилиб турган жойдан ташқарига чиқиб, саҳронинг ичига кириб бориш, ўша ердан энг қадимий замонлардан сақланиб қолган ёдгорликларни топишдан иборат эди.ХХ асрнинг бошларида Шарқий Туркистонга қилинган экспедициялар тажрибаси ҳам, Ўрта Осиё деҳқончилигининг ўзига хос хусусиятлари ҳам шуни тақозо қиларди.Суғорилган бир парча ердан ҳам фойдаланишга интилиш билан боғлиқ бўлган интенсив ва самарали деҳқончилик, суғориладиган жойларда аҳолининг зич жойлашганлиги ва ниҳоят, далаларни ўғитлаш учун қадим замонлардан бери иншоаатлар харобаларининг таркибида селитра бўлган хом ғиштлари ва гувалаларидан фойдаланиш ( бу иш археология бошига битган балолар) шунга олиб келганки, аҳоли яшайдиган жойлардаги қадимий қишлоқ ва шаҳарлар ё тамомила йўқ қилиб юборилган, ёки ўрта аср маданияти қатламлари орасида қолиб кетган.Шу сабабли археологлар бу юқори қатламлардан қимматга тушадиган катта қазишмалар ўтказиш орқалигина бундай ёдгорликларнинг озгина қолдиқларини топа олардилар, саҳрода эса уларни деярли қўл тегмаган ҳолда топиш умиди бор эди. Саҳронинг катта ҳудудини ишғол қилувчи, ўзида ирригация изларини сақлаб қолган, харобаларга бой " қадимий суғорма ерлар" Ўрта Осиёда, жумладан Қизилқум ва Қорақум саҳроларининг Хоразм воҳасини қуршаб олган қисмида илгаридан маълум эди.Бундай ерлар мавжудлигини жуда кўп саёҳатчилар қайд қилиб ўтган.Бу ерларнинг кўп қисми жуғрофий хариталарга ҳам туширилган.Бундай ерларнинг вужудга келиши, сўнгра қаровсиз қолиши масаласи қадимий Ўрта Осиёнинг тарихий-жуғрофик муаммоларидан бири сифатида, фақат тарихчиларнинггина эмас, геогроф ва геологларни ҳам ўйлантириб келмоқда эди.Адабиётларда бунинг сабаби сифатида қирғоқнинг ювилиб кетиши натижасида дарёлар оқимининг ўзгариши ҳам, қумларнинг босиб келиши ҳам, гўё ирригация оқимининг ўзгариши ҳам, қумларнинг босиб келиши ҳам, ниҳоят, Ўрта Осиёнинг умуман фожиали суратда " қуриб қолиши" ҳам тилга олинарди. Бироқ буларнинг ҳаммаси моҳият эътибори билан ҳеч қандай асосга эга бўлмаган гумондангина иборат эди.Чунки бу ерларнинг қаровсиз қолиш сабаблари у ёқда турсин, ҳатто бу ҳодиса рўй берган вақт ҳам номаълум эди.Катта ва мустақил тадқиқот ишини талаб этадиган бу жумбоқни ечишда тарихчилар ҳал қилувчи сўзни айтмоқлари лозим эди.Бизнинг саҳро томон йўл олишимизга бошқа вазифалар қатори шу ҳам сабаб бўлди. Жанубий Шарқий Қорақалпоғистоннинг айни " қадимий суғорма ерлари"ни танлашимизнинг боиси шу эдики, биз бу ҳудуд тўғрисида уларнинг нисбатан жуда эрта қаровсиз қолиш сабаблари хусусида тахминлар қилиш имконини берувчи баъзи тарихий маълумотларга эга эдик. Х асрга қадар Жанубий Хоразмнинг ўнг қирғоғи қадимги Хоразм подшоҳлигининг маркази эди.Мамлакатнинг ислом динидан аввалги пойтахти—Кат шаҳри ҳам шу ерда жойлашганди.Бироқ Х аср охирига келиб сиёсий ҳаёт маркази Урганчга кўчгач, бу ҳудуднинг роли пасаяди ва у тушкунликка юз тутади.997 йили қадимги хоразмшоҳларнинг қароргоҳи—Фил (ёки Фир) қасрини Амударё ювиб кетади.12 асрда яшаган араб геогрофи Самъоний ўнг қирғоқдаги баъзи шаҳарлар харобага айлангани ва улар жойлашган ер тўғрисида маълумот беради.14 асрда эса машҳур араб сайёҳи ибн Батутта яшаган даврда ҳаёт қайнар эди. Хоразмга оид жуғрофий асарларда Гулдурсун билан Султон Увайстоғ тоғлари ўртасида харобаларнинг кўплигига ва уларнинг яхши сақланиб қолганлигига айниқса алоҳида эътибор берилади.Шу сабабли, ислом динидан аввалги даврга мансуб бўлган, замонлар оша сақланиб қолган ёдгорликларни шу ердан топиш эҳтимоли кўпроқ бўлса керак, деб тахмин қилишга барча асослар бор эди. 1937 йили биз экспедициямизнинг ходими, аспирант А.И. Тереножкинни дастлабки текширишлар учун шу ҳудудга юбордик.У тўплаган нарсалар, айниқса, бой нумизматик материал бизнинг тахминимизни тасдиқлади.Бу маълумотларни ишлаб чиқиб, матбуотда (А.И.Тереножкин, «Археологические разведки в Хорезме, СА 6, 1940) чоп этдирдик.Дарҳақиқат, Гулдурсуннинг нариги томонида ислом динидан олдинги даврга оид харобалар жуда катта жойни эгаллаган бўлиб, улар бу борада тадқиқотлар олиб бориш учун катта имкониятлар очиб берарди. 1938 йили экспедиция ишлари ниҳоятда юришиб кетди. Дастлабки қазишмалар 8 асрга оид Тешикқаълада олиб борилди.Араб истилосининг гувоҳи бўлмиш, ташқи томондан жуда яхши сақланиб қолган бу қаъла харобаларида экспедиция уч ой ишлади.Тешикқаъладаги базадан туриб, саҳронинг анча ичкарисига кириб борувчи қаълалар занжири—Қўйқирилганқаъла, Ангоқаъла, Бозорқаъла, Қўрғошинқаъла, Катта ва Кичик Қирққиз, Аёзқаъла, Тупроққаъла ва Қизилқаъла разведка қилинди. Қазишмалар айни қизиган пайтдаёқ шарқий уфқдаги қумлар орасида кўмилиб кетган, атрофимиздаги 7-8 асрларга мансуб қаълаларга ўхшамайдиган ғалати бир қаъла эътиборимизни жалб қилди.Биз ана шу қаълани узоқ вақт дурбин орқали кузатар ва ҳар хил тахминлар қилардик.Қаъла деворларининг чеккасида трапеция шаклидаги буржлар барханлар пуштаси узра кўзга ташланиб, қадимий Шарқ ёдгорликларини эслатиб турарди.Қазишлар озгина тинчиган куни биз фотограф Е.А.Поляков ва туякаш Сансизбой Ўрумов билан бирга туяларда сеҳрли туйилаётган қадимий харобалар сари йўл олдик. Катта-катта ва баланд қумтепалар орқали ўтиб бориш ниҳоятда машаққатли бўлди.Барханларнинг туялар эҳтиётлик билан қадам босаётган чўққилари кутилмаганда " ўй" дея аталувчи шамол ҳосил қилган чуқурликка тик тушарди.Бундай чуқурликларнинг тубида шамол слюда сингари ялтироқ қора қумни учириб юрарди. Қум денгизи харобаларни кўмиб кетган, улар орқада ҳам, олдинда ҳам кўринмас эди.Бироқ йўл бошловчимиз гоҳ " ўй" ларни айланиб ўтиб, гоҳ қумтепа ён бағирларидан юқорига кўтарилиб, эгри-бугри йўллардан дадил бошлаб борарди.Барханлардан бирининг тепасига чиққанимизда тўсатдан кўз ўнгимизда тақирлардан иборат кенг майдон пайдо бўлди. Майдонда қип-қизил ранг сопол парчалари сочилиб ётарди.Тақирлар узра шу вақтга қадар биз кўрганларга ўхшамайдиган ғалати бир қаъла харобалари кўзга ташланиб турарди.Биз бораётган манзил олисда эди. Қаъла ( кейин билсак, бу Қўйқирилганқаъла экан) Тешикқаъла минорасидан кўринмаган эди.Ўн саккиз қирралик қасрнинг ярим хароба ҳолга келиб қолган деворлари атрофини қарийиб ер билан тенглашиб кетган гир айлана ташқи девор ва тўққизта буржнинг сақланиб қолган қисми ўраб турарди.Қаъла деворларининг баъзи жойларда 5-6 метрга етувчи квадрат шаклидаги катта-катта хом ғиштлардан ишланган қирраларида тор ва тепа томонига найзасимон ўткир бурчак ҳосил қилиб иккита ғишт қўйилган шинаклар ясалган эди.Қаъланинг ичида ва теварак-атрофда жуда яхши ишлов берилган ва қиздириб пишитилган сопол идиш-товоқларнинг сон-саноқсиз парчалари ётарди; баъзиларининг сирти қизил лак билан қопланган, баъзилари эса бурчак ва уч бурчак шаклидаги ўймакор нақшлар билан безатилган бўлиб, пушти-сариқ фон устидан қизил, жигар ранг ва қора ранг берилган эди.Сопол парчалар орасидан илк скифларга мансуб ёй ўқининг бронзадан ишланган қўш қанотли учини ва бир жуфт қизғиш-сариқ рангдаги ҳайкалча—бир тиззасини йиғиб, иккинчисига қўлини тираб ўтирган эркакнинг бошсиз кичик фигурасини ҳамда қандайдир афсонавий ҳайвон устида оёғини бир томонга осилтириб ўтирган аёл тасвирини топдик.Кўз ўнгимизда бутунлай бошқа бир давр-биз Тешикқаълада ўргана бошлаган даврга қараганда анча қадимийроқ давр гавдаланди; олдимизда илк антик давр Хоразмига оид дастлабки ёдгорлик турарди. Кунботар пайтда баланд қумтепалардан ўтиб, тақир жойга, ўзимиз интилган манзил—Ангоқаълага етиб келдик.Маълум бўлишича, бу қаъла ҳам антик даврга, бироқ анча кейинги замонга--- эрамизнинг биринчи асрларига мансуб экан: биз тақирдан топиб олган чақа пулда бургут шаклидаги ғалати тож кийган подшоҳ тасвирланган эди.Бу хил танга ўтган йили йиғилган нарсалардан маълум эди—биз уни эрамизнинг учинчи асрига мансуб деб қайд қилдик. Ангоқаъла биз ҳозиргина текширган харобаларга мутлақо ўхшамас, фақат ғиштлари ва найзасимон шинакларигина уларнинг бир даврга мансублигидан далолат берарди. Режага кўра тўғри квадратли, бурчакларида ва девор оралиқларида квадрат шаклидаги буржли, ичкари ҳовлига кириладиган дарвозаларининг икки томонидаги устунлари ҳам квадрат шаклига эга бўлганди. Ушбу хароба ташқи кўринишда анча яхши сақланиб қолган антик қаълалардан эди.Кунботар пайтда мен қаъланинг деворига чиқдим: орқа томонда, ғарбий осмоннинг қип-қизил фонида, чексиз қум пушталарининг нарёғида жон асари йўқ Бургутқаъланинг сонсиз буржлари соя ташлаб турарди. Шимолдан жанубга қараб 17 километрга чўзилган Бургутқаъла олисдан улкан бир шаҳарнинг силуэтига ўхшаб кўринади.Теварак-атрофга сув қуйгандек саҳройи жим-житлик чўккан, бу бир замонлар саҳрони забт қилувчиларнинг чексиз меҳнати билан бунёдга келган-у, аммо одамлар аллақачонлар унутиб юборган афсонавий шаҳар ҳамда қишлоқларнинг пинҳоний бўлиб туюлишини янада бўрттирарди.Тонг отиши билан биз жанубга, ғалати харобалар кўриниб турган томонга йўл олдик.Харобаларнинг бир бурчагида бизга гўё диққат билан қимирламай тикилиб турган одамнинг аниқ сояси тушиб турарди. Бу—янги эранинг 6-8 асрларига мансуб Одамлиқаъла эди.Бизга одам бўлиб кўрингани бузилган деворнинг кунгираси экан, яқинроқ келиб қараганда у одамга ҳеч ҳам ўхшамасди. Йўлда кучли қум бўронига дуч келдик: теварак-атрофда қизиган қум гирдоби увиллар, Одамлиқаъла қум ичида кўздан ғойиб бўлди. Ёнимизда келаётган туянинг сояси ғира-шира кўринарди.Одамлиқаъла деворлари тагига—пана жойга базўр етиб олдик.Ичадиган сувимиз тамом бўлган бўлсада, биз ишни тўхтатиб ўтирмасдан, бўрон бир оз тинчиган вақтдан фойдаланиб, қаълани ўлчадик ва фотосуратга олдик. Сураткашимиз Е.А.Поляковни шамол йиқитиб кетишидан қўрқиб, девор панасида, бурчакка бекиниб олиб, ёвуз ниятли одам каби, аппарат билан қаъланинг марказий буржини мўлжалга олиб турган пайтимизни унутиш қийин. Эҳтимол, биз ҳам Сансизбой Ўрумов билан шамол ва қум қаршилигини енгиб, рулетканинг шамол тортқилаётган лентасини маҳкам ушлаганча, Юрий Олеша эртагининг қаҳрамонларидан бири сингари," осмонга учиб кетай" деб буржга қоқилиб-суқилиб чиқаётганимизда антиқа кўринишга эга бўлгандирмиз. Сув йўқлиги (дарвоқе, бу ўринда тажрибасизлигимиз ҳам билиниб қолди, кейинчалик биз: " бир кунга кетсанг ҳам бир ҳафталик сув ғамлаб ол" деган саҳро қоидасига қаътий амал қилдик) бўрон тўхташини кутиб туришга имкон бермади.Қўйқирилганқаълага қайтиб келганимиздагина қуёш кўринди,Тешикқаълага борадиган йўлнинг ярмига етганимизда эса бизни икки сувдон тўла сув ортилган туяда " қутқарувчи экспедиция" кутиб олди.Биз тезгина гулхан ёқиб, чой қайнатиб ичдикда," уй" га жўнадик.Чиндан ҳам, " дунёда ҳамма нарса нисбийдир"; ахир, кузатув кунларида экспедициянинг саҳродаги ташландиқ бир " овули" ҳам ўз уйинг, ўлан тўшагингдек бўлиб қолар экан. Қазишмалар тамом бўлгандан кейин ўтказилган кузатувлар шуни кўрсатадики, биз босиб ўтган йўналиш бўйлаб жойлашган " қадимий суғорма ерлар" ни ярим халқа шаклида қуршаб олган бошқа қаълаларни ҳам аҳоли жуда қадим замонларда—антик даврда ёки ўрта асрчилик тонгида ташлаб кетган экан. 1938 йилда ўтказилган қазишмалар туфайли жуда кўп қадимги харобалар ва ислом динидан аввалги илк ўрта асрга мансуб ёдгорликлардан ташқари, бронза асрининг дастлабки обидалари ҳам топилди.Биз А.М.Тереножкин билан қилган пиёда кузатув вақтида Тешикқаъланинг жануби ғарб томонидаги қумлар орасидан, шамол ҳосил қилган ҳавзадан биринчи марта керамикаси Қозоғистон ва Сибирнинг Андронов маданияти керамикасига жуда яқин Волгабўйи кесма маданиятига ( янги эрадан аввалги 2 минг йилликка оид) камроқ яқин бўлган бир неча маконларнинг қолдиқларини топдик. Урушдан аввалги даврда иш энг авж олган йил 1939 йил бўлди.Июндан то октябрнинг охирларига қадар олти ой давом этган бу қазишма ишлари шимолда Султон Увайстоғ, жанубда Чоржўй ва жануби ғарбда марказий Қорақумни ўз ичига олувчи жуда катта ҳудудда ўтказилди. Июнь ойининг бошида экспедиция иккита кузатувчи гуруҳга бўлиниб,Чоржўйдан Амударёнинг ўрта оқими бўйлаб шимол томонга йўл олди.С.А.Ершов бошчилигидаги ғарбий гуруҳ қуруқликдан, автомобиль йўли ёқалаб, шарқий гуруҳ эса бизнинг бошчилигимизда сув бўйлаб ўнг қирғоқни ёқалаб борди. Қадимги ва ўрта асрларда Хоразм жанубий чегараларининг тарихан қандай ўзгариб турганини аниқлаш имконини берган йўналиш босиб ўтилгандан кейин, ҳар икки гуруҳ Жанубий Қорақалпоғистоннинг " қадимий суғорма ерлари"да яна бирлашди.Бу ерларда биз бирин кетин тўртта ёдгорликни қазидик.Булардан учтаси антик ёдгорлик: 1.Янги эранинг 1-2 асрларига мансуб Аёзқаъла-3 даги катта бино; 2.Аёзқаъла-3 яқинидаги янги эранинг 2 асрига оид деҳқон қўрғони; 3.Қадимги Хоразмнинг илк қўрғонларидан бири—" қадимий суғорма ерлар" нинг энг шарқий чеккасида жойлашган Жонбосганқаъла харобаларидир. Яна биттаси бўлса биз ўтган йили текширишлар олиб борган Тешикқаъла яқинидаги исломдан аввалги ўрта аср қасрларидан бири—Бургутқаъла-36 эди. Жонбосганқаълада олиб борилган қазишмалар пайтида жуда муҳим кашфиёт қилинди, экспедиция қатнашчилари, Москва Давлат университетининг талабалари А.Я. Абрамович ва Н.Н.Вактурская харобалар жойлашган тепаликни жануб томондан ўраб олган кенг қумли ҳавзани кузатув қилаётганида чақмоқтошдан қилинган қуроллар ҳамда штамплаш йўли билан турли-туман орнамент ишланган керамика буюмлари конини топди.Шу жойни текшириш ва қазиб кўриш бу ибтидоий хоразмликларнинг 1938 йилда топилган бронза даврига оид маконларга қараганда анча қадимийроқ макони эканлигини кўрсатди,Биз Жонбосганқаъла -4 макони деб атаган ( бундан олдин ҳам Жонбоснинг шимоли ғарб томонидаги қумлар орасида бронза ва илк темир даврларига тегишли учта макон топган эдик) бу макон шу атрофдан топилган маданиятларга унча ўхшамайдиган янги, неолит маданиятига мансуб эди. Археологлар одатига кўра, биз унга, яқин-орадаги аҳоли яшайдиган ҳудуднинг номига нисбат бериб, Калтаминор маданияти деб ном бердик.Калтаминор маданияти жуда бўлмаганда янги эрадан олдинги 3 минг йиллик бошига, балки 4 минг йилликка хос бўлиши керак. Қазишмалар тамом бўлгандан кейин биз экспедициямизнинг янги, энг оғир кузатув йўналишларидан бирига—шимолий Қорақум йўналишига чиқдик.14 та туядан иборат карвонимиз ҳаво очиқ эрта тонгда Тошҳовуз шаҳридан ғарбга қараб йўл олди.Икки ҳафта ичида жануби ғарбий Хоразм " қадимий суғорма ерлари" нинг бош магистрали—катта қадимий канал ёқалаб 150 километрча йўл босдик ва Девқаъла харобаларига қадар саҳро ичига кириб бордик.Шу вақт ичида қадимги замонга ва ўрта асрларга ( янги эрадан олдинги 1 минг йилликнинг ўрталаридан эрамизнинг 16 асрларига қадар) оид бўлган 12 та ёдгорликни текширдик. Бу йўналиш бўйлаб қилинган энг муҳим кашфиёт қадимги Хоразмнинг ўнг қирғоқдаги энг эски харобалар—Қўйқирилганқаъла ва Бозорқаълалардан ҳам қадимийроқ обидаларининг топилиши бўлди. Булар Чирмонёбнинг ўрта қисми яқинидаги қумшағал тепаликдан топилган Қаълалиқир 1 ва Кўзалиқир деган улкан қадимий шаҳарлар бўлиб, шу ердаги керамика материалларига қараганда, улар янги эрадан аввалги 1 минг йилликнинг ўрталарига мансуб эди. 1940 йил—урушдан аввалги қазишмалар олиб борилган охирги йил бўлди.Бу йилни биз 1939 йилда топилган неолит даври макони—Жонбосганқаъла -4 ни қазишга, катта Тупроққаъла қадимий шаҳрини дастлабки қазиб кўриш ва ўлчашга, янги эранинг 12-13 асрларига мансуб ўлик Қаватқаъла воҳасини текширишга ва шу воҳадаги деҳқон қўрғонларидан бирини қазишга бағишладик. 1940 йилни Султон Увайс тоғларининг жанубий чеккаси бўйлаб, шимол томонга—Нукус шаҳригача етган саёҳат билан тамомладик.Бу саёҳат вақтида биз қадимги замон ҳамда ўрта асрларга оид бир қанча янги қадимий шаҳарларни очиш билан бирга, Чилпиқ, Қоратепа номли тошлоқ тепаларда қоятошларга чизилган белгилар мажмуасини топдик.Бу белгиларнинг энг қадимийси бронза даврига оид бўлиб, улар орқали биз Хоразмнинг дастлабки пиктографик ёзувлари билан танишдик. Дастлабки тўрт йил давомида дала шароитида олиб борилган ишлар вақтида тўпланган материал жуда кўп ва турли -туман эди.1500 километрдан ортиқ масофа бўйлаб кузатув олиб борилди. 400 тача янги ёдгорликлар топилди, шулардан 14 таси ( Неолит даври макони Жонбос-4; тўртта қадимий ёдгорлик : Жонбосқаъла, Аёзқаъла-3, Аёзқаъла -1даги қўрғон, Тупроққаъла, ислом динидан аввалги илк ўрта асрга оид тўртта ёдгорлик-Тешикқаъла ва Бургутқаъла ўлик воҳасининг 4, 34 ва 36-қасрлари; илк ўрта асрларга оид битта ёдгорлик : Гулдурсун яқинидаги одам яшаган қишлоқ уйи,Норинжон бобо мозори яқинидаги “эски шаҳар” уйи, ўша ердаги илк ўрта асрларга мансуб қабристон.Қаватқаъла, унинг яқинидаги 1-қишлоқ қўрғони) озми-кўпми интенсив равишда қазиб кўрилди.Янги эрадан олдинги 4 ва 3 минг йилликлардан то эрамизнинг 14 асригача ўтган тахминан тўрт ярим минг йиллик давр қадимги Хоразм цивилизацияси тараққиётининг бош йўлларини текшириш имконини берувчи деярлик узлуксиз қаълалар занжири сифатида гавдаланади.Жанубий Хоразмнинг аҳоли яшайдиган ерлари чегараси ва сиёсий чегараларининг қадимги замонда ва ўрта асрларда ( ҳам ўнг, ҳам чап соҳилларида) тарихан ўзгариб туриш контурлари белгиланди.Қадимги суғориш тармоғининг умумий чизмаси," қадимий суғорма ерлар"нинг ташлаб кетилган вақти ва бунинг сабаблари аниқланди. Қишлоқ тоифалари ҳамда деҳқончилик ва ҳунармандчилик тарихининг обидалари устида олиб борилган ишлар олдимизда турган энг муҳим тарихий муаммони—қадимий Хоразмнинг ижтимоий тузуми тарихи мавзусини ҳал қилишга яқиндан киришиш имконини берди.Бой нумизматика материали Хоразм ёзувининг дастлабки мажмуаси бўлиши билан бирга, сиёсий тарихнинг кўпгина масалаларини ёритиб берди.Ана шу чақа тангалар, муҳрлар, терракотдан ( қизғиш-сариқ рангли куйдирилган соф лой –У.Б) ишланган кўпгина турли-туман ҳайкалчалар ва ниҳоят, жуда яхши сақланиб қолган юзлаб меъморий ёдгорликлар бизга Хоразм маънавий маданияти, санъати ва дини тарихини беркитиб турган пардани кўтариб кўриш имконини берди. Аммо биз тўплаган материалларимизни қанча чуқур текширганимиз сари, шунча янги-янги муамммолар келиб чиқа бошлади.1941 йил ёзи жамоамиз янги дала ишларига жадал суръатда тайёрланаётган вақтга тўғри келди: неолит макони Жонбос-4 даги қазишмаларни тугаллаш, антик Тупроққаъла қадимий шаҳрида ишларни авж олдириб юбориш лозим эди;Хоразмнинг шимоли шарқ ва шимоли ғарб мамлакатлари билан бўлган тарихий-маданий алоқаларини аниқлаш мақсадида, шимолий Қизилқумда ва Устюртда кенг кузатув ишларини олиб бориш режаси тузилмоқда эди. Бироқ гитлерчи галаларнинг 1941 йилдаги ҳужуми , бизнинг тадқиқотларимизни ҳам тўхтатиб қўйди.Экспедициянинг қарийиб ҳамма асосий қатнашчилари ўзларининг Ватан олдидаги бурчларини адо этиб, фронтга жўнадилар ва археологдан сапёрга, тўпчига, учувчига, снайперга, тиббиёт ходимига айландилар. Урушдан сўнг барчамиз бир жойга тўпланганимизда, ёш археолог, ов милтиғини снайпер милтиғига алмаштирган, ишқибоз овчи Н.А.Сугробов орамизда йўқ эди.У Москва шаҳрини ҳимоя қила туриб, қаҳрамонларча ҳалок бўлганди. Фақат 1945 йилдагина биз ишни қайтадан бошлаб юборишга муваффақ бўлдик. 1945 йили дала мавсумига тайёргарлик кўриш билан ўтди.Жонбос-4 маконидаги қазишма ишлари тамомланди,Жонбосқаъла атрофларида неолит ва бронза даврларига оид жуда кўп янги маконлар топилди.Тупроққаълада янги рекогносцировка ишлари олиб борилди ҳамда маълум йўналиш бўйлаб Қорақалпоғистоннинг шимоли шарқига кузатув ишлари уюштирилди. 1946 йилда ишлар шу қадар кенг миқёсда авж олдириб юборилдики. Натижада олдинги беш дала мавсуми мобайнида қилинган ишлар анча орқада қолиб кетди. Download 2.37 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling