Сергей павлович толстов


Download 2.37 Mb.
bet3/14
Sana10.11.2023
Hajmi2.37 Mb.
#1763656
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14
Bog'liq
С.П.ТОЛСТОВнинг Хоразми

ҚАДИМИЙ ХОРАЗМ ДАРВОЗАСИ
Экспедициямиз Қорақалпоғистоннинг ўша вақтдаги пойтахти Тўрткўл шаҳридан 26 километр шимолий шарқда, саҳронинг бир чеккасида жойлашган Гулдурсун ҳудудига биринчи бор борган куни олган таассуротимни унутиш қийин.
Ҳали Гулдурсунга етмасдан шимолий шарқ томонда, кўм-кўк боғлар, қишлоқ аҳлининг кўркам қўрғончалари ортидан, Хоразмнинг ўрта асрга мансуб энг йирик қаълаларидан бири—Катта Гулдурсун виқор билан қад кўтариб турарди.Унга яқинлашган сари, қачонлардир ҳайбатли истеҳкомнинг манзараси тобора кенгайиб, улуғворроқ бўлиб борар эди.Қаъла ҳатто ҳозир ҳам саҳро билан ўнг қирғоқ Хоразмнинг сув чиқарилиб, боғлар барпо этилган ерлари чегарасида, сукутдаги посбон сингари турганди.Асрлар давомида инсон оёғи босмаган, илгарига қараб интилган девор олди тўсиқлари билан поғоналар орқали бирлашган қўш қатор буржларнинг чексиз сафи; яширин кучга тўла хотиржамлиги билан салобат солиб турувчи ўн беш метр кенгликдаги катта деворлар, кечки осмонда кўзга ташланиб турар, барханлар қирраси тўлқинсимон бирлашиб кетарди.
Гулдурсунга олиб борадиган йўл ҳам кишининг диққатини жалб этарди.Тез орада унинг оддий йўллардан эмаслиги аён бўлди: йўл ҳозирги Тозабоғёб ариғига параллел оққан, қуриб қолган қадимий каналнинг кенг ўзани бўйлаб борар, сўнгра тармоқланиб, икки томондан харобаларни қамраб оларди.Харобаларнинг бир томонида қишлоқнинг баҳайбат ўлик қаълага нисбатан жуда кичик бўлиб кўринувчи бир текис қурилишлари қулоч отганди. Иккинчи томонда эса кенг дала бўйлаб гоҳ у ер, гоҳ бу ерда замон ва одамлар томонидан вайрон қилинган ўрта аср қўрғонларидан қолган дўнглар—бир замонлар обод бўлган Гулдурсун "рустаги"( рустак—деҳқончилик қилинган жойлар—У.Б.)нинг қолдиқлари қўриниб турарди. Янада ғарброқда, қадимий канал ўзанининг нариги томонида ўрта аср қасри -- Кичик Гулдурсуннинг тўрт девори ва буржлари кўзга ташланиб турар,ундан нарида эса саҳрога ҳужум қилаётган (бу ерда С.П.Толстов ерларнинг ўзлаштиришини назарда тутаяпди—У.Б.) Хоразм қишлоқларининг дала ва боғлари олис-олисларга чўзилиб кетган эди.
Гулдурсуннинг ҳашаматли харобалари тўғрисида сон-саноқсиз афсона ва қиссалар тўқилган.Яқин-яқинларгача халқ ўртасида бу ерга қарғиш теккан, қаъланинг остида яширин лаҳм ( яширин ер ости йўли—У.Б.) бор, уни аждаҳо қўриқлаб туради, кимки Гулдурсуннинг битмас-туганмас хазиналарини топишга қасд қилса, ҳалок бўлади, деган хурофий тушунчалар бор эди.
Бизга шу ерлик ёш қорақалпоқ олими Ў.Кўжуров Гулдурсун тўғрисида болалигида эшитган қиссани сўзлаб берди.
Қарияларнинг айтишига кўра, Гулдурсун бир замонлар "Гулистон" дея аталар, бу жой ер-суви мўл, гуллаб-яшнаган бой шаҳар бўлиб, шаҳарда кекса бир подшоҳ ҳукм юритаркан. Унинг Гулдурсун исмли гўзал қизи бор экан.Кунларнинг бирида шаҳарнинг бошига кулфат тушибди: саҳродан келган босқинчи қалмиқ галалари ўз йўлида учраган ҳамма нарсани янчиб, ниҳоят, шаҳарга яқинлашибди.Қалмиқлар гуллаб яшнаган дала ва боғларни ер билан яксон этиб, сўнг шаҳарни қамал қилибди.Аҳоли шаҳарни мардонавор мудофаа қилибди.Бироқ душманнинг халқ қаршилигини енгишга кучи етмабди.Шу тариқа ойлар ўтибди.Бахтга қарши янада хавфлироқ душман—очлик босқинчиларга "ёрдамга келибди"--озиқ-овқат заҳиралари тугаб, одамлар кўчаларда ўлиб қола бошлабди.Натижада сафлари сийраклашиб қолган ҳимоячилар қуролларини қўлларида зўрға ушлаш даражасига тушишибди.Подшоҳ шунда ўзининг амалдор ва лашкарбошиларини маслаҳатга чорлабди. Шунда уларнинг ичида бир одам топилиб, у сўнгги нажот чорасини синаб кўришни таклиф қилибди.Бу—жуда айёорона режа экан.Қамалдаги гулистонликлар қолган бир неча ҳўкиз ичидан энг семизини махфий йўл билан саройга келтириб, уни подшоҳ омборидаги сўнгги буғдой билан боқишибди ва шаҳардан ташқарига чиқариб юборишибди.
Бу пайтда фақат қамал ҳолатда қолган ҳимоячилар эмас, балки қамал қилаётган душман ҳам очликдан азоб чекмоқда экан. Қалмиқлар бир неча ойлик қамал давомида ниманики ейиш мумкин бўлса, ҳаммасини еб битиришган экан. Уларнинг қароргоҳида қамалдан воз кечиш тўғрисида гап-сўзлар бошланибди.Оч қалмиқлар ҳўкизни тутиб олиб сўйишибди—шунда улар ҳўкизнинг ошқозони сара буғдой билан тўла эканлигини кўриб, саросимага тушишибди."Агар улар молни шунчалик боқса, ғамлаган озиқ-овқати беҳисоб эканда!"-дея бақиришибди жангчилар очликдан ғазабга тўлиб.—Қамал қилишдан фойда йўқ, шаҳарни олиб бўлмайди, очликдан қирилиб кетмасдан жўнаб қолайлик".
Қалмиқларнинг лашкарбошилари ҳам шундай фикрга келишиб, қайтишга ҳозирлик кўра бошлашибди.
Бироқ ана шундай вазиятда подшоҳнинг қизи Гулдурсуннинг хаёли бошқа нарсада экан.У узоқ ойлар давомида қалмиқларнинг мард, паҳлавон, ёш ва хушқомад лашкарбошиси—қалмиқ подшоҳининг ўғлини девордан кузатиб юраркан.Қизнинг қалбида халқининг душманлари йўлбошчисига нисбатан чексиз эҳтирос аланга олибди. Қиз қамалдагиларнинг ҳийласи иш берганини, юк ортилган туяларнинг бўкиришини, қалмиқларнинг ўтовлари бирин-кетин йўқолаётганини кўриб, бир неча соатдан кейин уларнинг бу ерда қолмаслигига, улар билан бирга гўзал шаҳзода ҳам абадий кетишига кўзи етгач, инсон номига номуносиб иш тутибди: ўзининг содиқ канизагидан қалмиқ баҳодирига хат бериб юборибди.Хатда қиз йигитга бўлган муҳаббатини изҳор қилиб, гулистонликларнинг сирини очиб берибди."Яна бир кун кут,--дея ёзибди у,--шаҳарнинг таслим бўлишини ўзинг кўрасан".
Натижада қалмиқлар туялардан юкларни туширишибди, тунда- қароргоҳда яна сон-саноқсиз гулханлар ёнибди.Тонг отиши билан гулистонликлар душман шаҳарга тағин ҳам яқинлашиб келганини ва ҳийла иш бермаганини кўргач, умидсизликка тушибди ва очликдан ўлар ҳолатга келиб қолган шаҳар таслим бўлибди.
Босқинчилар шаҳарни талаб, ёндиришибди, аҳолининг бир қисмини қириб ташлашибди, қолганларини эса қул қилиб олиб кетишибди.Сотқин Гулдурсунни шаҳзоданинг олдига келтиришибди.Шаҳзода унга қараб шундай дебди: "Ватаннинг душманига бўлган номуносиб эҳтирос туфайли халқига ва ўз отасига хиёнат қилган экан, яна бошқа биров унинг ҳирсини уйғотса, менга вафо қилармиди? Уни ёввойи айғирларнинг думига боғланг, токи бундан кейин ҳеч кимга хиёнат қилолмасин".
Шу тариқа хиёнаткор жазоланибди---от думига боғланган Гулдурсуннинг танаси парча-парча бўлиб, чўл-биёбонларда қолиб кетибди.Хоиннинг лаънати қони тўкилган бу ер харобага айланиб, энди Гулистон эмас, Гулдурсун деб атала бошланибди.
Ушбу фожиали афсонада тарихий ҳақиқат учқунлари яширинган. Ўрта Осиё халқларининг ривоятларида 17-18 асрларда Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг шимолини ўт ва қилич кучи билан даҳшатга солган истилочилар—қалмиқлар деганда, кўпинча,13 асрнинг бундан ҳам ваҳшийроқ истилочилари—Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар тушунилади.Гулдурсун шаҳрида ва далаларида худди ана шу мўғуллар босқинчилиги вақтида яксон қилинган ҳаёт, бизнинг кунларимизда гуллаб яшнамоқда.
Биз юкларимизни тушириш биланоқ, табиий, сабрсизлик билан хароба томон йўл олдик.Дарвоза ташқарисидаги одам юрса адашиб қоладиган қоронғи мудофаа иншоаатлари орқали ўтиб, баланд буталар ўсган ҳамда бузилган биноларнинг қум босган харобалари билан қопланган кенг ички саҳнига чиқдик ва бу ерни кесиб ўтиб, қум қияликдан шимол томондаги девор устига чиқдик.Баландлиги ўн беш метр келадиган бу девордан кўз ўнгимизда саҳро олдида тиз чўккан қадимги Хоразмнинг сира унутилмас улуғвор манзараси намоён бўлди.
Бундай манзара қаршисида ҳозиргина Гулдурсун харобаларидан олган ёрқин таассуротимиз ҳам ҳеч нима бўлмай қолди.Олдимизда бепоён қум денгизи ғарб, шарқ ва шимол томонларга ястаниб ётарди.Узоқларда, шимолий уфқ томонда фақат Султон Увайс тоғларининг кўкимтир шарпаси ғира-шира кўриниб турар эди. Ҳамма ерда: барханларнинг қотиб қолган тўлқинлари ўртасида қасрлар, қаълалар, истеҳкомли қўрғонлар, катта-катта шаҳарларнинг сон-саноқсиз харобалари гоҳ бир жойда зич ҳолда тўпланиб ётар, гоҳ алоҳида ажралиб турарди.Дурбин борган сари кўпроқ нарсаларни кўрсатар, кўз ўнгимизда янги-янги вайроналар очилмоқда эди.Бу вайроналарнинг баъзилари гўё жуда яқинда тургандек туюларди.Уларнинг деворлари, дарвозалари ва буржлари кўриниб турар, узоқдаги вайроналарнинг фақат ноаниқ силуэтларигина кўзга чалинарди.
Қаълаларнинг ўзига хос тузилиши қуйидагича: Думанқаъла (Туманқаъла) нинг жанубий чеккасидан тўғри бурчак шаклида баланд кўтариладиган деворларнинг қора чўзилган шакли; Желдикқаъла("Шамоллар қаъласи) буржининг мағрур тепаси; шимолий ғарбда Қаватқаъланинг сал кўриниб турадиган силуэти; шимолий шарқда улкан барханлар орқасида қолиб, кўринмай кетган Қумбосганқаъланинг сал кўзга илинадиган тепаси; ундан нарида Тешикқаъланинг шинам донжони ("одам яшайдиган қаср харобалари"), Бургутқаъланинг қудратли истеҳкомлари ва, ниҳоят, узоқ-узоқларда, шимол томонда Аёзқаъланинг қояли тепасида ялтираб турган саробга ўхшаш харобалар.Бундан ташқари, ҳамма жойда қумлар орасидан қад кўтариб турган беҳисоб номсиз харобалар бирга қўшилиб, инсон билан саҳро ўртасидаги фожиали курашнинг улуғвор ёдгорлигини вужудга келтиради.
Биз қадимги Хоразм дарвозаси остонасида, номаълум ўтмишга олиб борадиган йўлнинг бошида турар эдик.
Қадимги “ўлик” Хоразм ҳозирги замондаги навқирон Хоразмни ҳамма томондан қуршаб олганди.
Орадан бир йил ўтгач, биз баҳайбат харобаларининг кўлами жиҳатидан Гулдурсундан қолишмайдиган ўрта аср шаҳри—Замахшарда,Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги Тахта туманида, одамлар яшайдиган ер билан чўл ўртасидаги чегарада турардик.Олдимизда, худди Гулдурсундагидек, бир неча ўнлаб километрга чўзилиб кетган сирли бир ўлка ястаниб ётарди.Кимки бу ерлардан ўтса, ҳар қадамда қачонлардир яшаб ўтган аждодлар фаолиятининг изларига дуч келади.
Ана шу ерлар ҳам Хоразмнинг дарвозаси, бу гал—ғарбий дарвозаси эди.
Харобаларнинг озгинагина қисми эски номини сақлаб қолган бўлиб, бу номлар тарихий анъаналар тизмасини англаб олиш имконини беради.Кўҳна Урганч,Замахшар,(ҳозир Измихшўр),Жигарбант харобалари, ўрта асрдаги Дарғон ва Шўрахоннинг харобалари шулар жумласидандир.Харобаларнинг асосий кўпчилиги ҳозир расм бўлган номини, бу ерларда ҳаёт тугагандан сўнг кўп асрлар ўтгандан кейингина олган.
Бир қисм харобаларнинг номи, юқорида санаб ўтилган харобаларга нисбатан қилинганидек, уларнинг ташқи кўринишига қараб қўйилган.Баъзи вайроналарнинг номи қуёш нурлари остида ўтдек қизиган қум денгизида одам қандай даҳшатли хавф-хатарларга дуч келиши мумкинлигини саёҳатчиларнинг эсига тушириб туради. Қўйқирилганқаъла, Қўзиқирилганқаъла ва ниҳоят, энг қўрқинчлиси—Одамўлганқаъла шулар жумласидандир.Одамўлганқаъла 7-8 асрларга оид кичик бир қаср бўлиб, унинг деворлари соясида одамнинг қуриган, икки букилган, устини қум босаётган ва тулкилар ғажиган скелети қорамтир-жигар ранг қайиш билан боғланган йўл-йўл жулдур чопонга ўралган ҳолда ҳозир ҳам ётибди.Бундан кўп йиллар олдин бу ёлғиз йўловчи сув бор жойгача бўлган 10-15 километрлик масофани босиб ўтишга мажоли келмагач, ўлик қасрнинг соясида секингина жон берган.
Хароба номларининг бошқа бир катта қисми бизни халқ афсона ва ривоятлари дунёси томон етаклайди.Буни моддийлаштирилган ўзига хос халқ оғзаки ижоди деб аташ мумкин.
Ўнг қирғоқдаги харобаларнинг кўпчилиги қорақалпоқ ва қозоқ қиссаларининг образлари билан ҳамоҳанг.Чунончи, Бароқ деган подшоҳ тўғрисидаги афсона Қорақалпоғистон шимоли шарқ томонининг узоқ чеккасидаги (Қозоғистон чегараси яқинида) янги эранинг 3-4 асрларига оид Бароқтом харобалари мажмуи билан боғлиқ.Бу харобалар мажмуининг энг яхши сақланиб қолган қасрларидан бирида қачонлардир подшоҳнинг ўзи, бошқа бир қасрда эса унинг овчи қуши—баҳайбат бургут яшаган.Подшоҳ шафқатсиз ва қайсар одам бўлиб, бир куни подшоҳнинг бургути олдига унинг онаси ---Ангқо деган афсонавий қуш ҳол-аҳвол сўрагани келади.Шу вақтда Бароқ овга чиқиш учун тараддуд кўрмоқда эди.Подшоҳнинг яқин одамлари бургутнинг жаҳлини чиқармаслик учун овни бошқа кунга қолдиришни кўп қисташади, бироқ бунга подшоҳ кўнмайди.Шундан сўнг таҳқирланган бургут подшоҳни оти билан бирга чангалида кўтариб осмон баравар олиб чиқиб, ерга ташлаб юборган. Бароқнинг жасадини унинг қасри ичига кўмадилар.Натижада бу ердан ҳамма кўчиб кетади, теварак-атрофда одам боласи қолмайди.Ўша вақтдан бошлаб карвонлар ҳам бу лаънатланган жойга қўнмай ўтадилар.Жуда яхши сақланиб қолган қадимий Анқоқаъланинг номи ҳам Анқо деган ўша афсонавий қушнинг номи билан боғлиқ.
Ривоятларга кўра, харобалари ҳозирги вақтда Қўрғонча (Тахтакўпир шаҳридан 20 километр шарқ томонда) номи билан маълум бўлган шаҳарда (янги эранинг 3-4 асрлари) бир замонлар қорақалпоқ ва қозоқ достонларининг машҳур қаҳрамони Қўбланди ботир яшаган.
Хоразмшоҳнинг қизи ва унинг висолига етишишга интилган йигит тўғрисидаги романтик афсона Амударё ўрта оқимининг ўнг қирғоғидаги иккита тош қаъла мажмуи—Қизқаъла ва Йигитқаъла билан боғлиқ.
Ўрта Осиёда ( Марв,Термиз ва бошқа шаҳарларда) кўпгина қаълалар туркийча ёки форсча (Чилдухтарон) номи билан "Қирқ қиз" деб юритилади. Янги эранинг 1-6 асрларига мансуб бўлган "Қирқ қиз" харобалари халқ ўртасида кенг тарқалган малика ва унинг қирқта дугонаси тўғрисидаги афсоналар билан боғлиқ.Улар афсоналарда гоҳ жанговар қизлар сифатида,( қорақалпоқларнинг бир достонида), гоҳ тарки дунё қилган қувғинди қизлар сифатида( қирғизларнинг бир афсонасида), гоҳо қирғиз халқининг келиб чиқиши билан боғлиқ ҳолда, ("қирғиз—қирқ қиз") қирғиз халқининг энг биринчи (бош) онаси сифатида намоён бўлади.
Қирққизнинг ғарб томонида, Султон Увайтоғнинг шарқий томонларидан биридаги серқоя чўққининг ўнгқир-чўнгқир жойларида қадимий Хоразмнинг энг гўзал ёдгорлиги, эрамизнинг дастлабки асрларига мансуб Аёзқаъла қад кўтарган.Халқ афсонасида бу қаъла қаҳрамоннинг номи билан—Қирққиз қаъласида ўзининг қирқта дугонаси билан бирга истиқомат қилувчи маликанинг висолига етишмоқ учун курашган қул Аёз номи билан боғланади.Ботир ва доно баҳодир қул Аёзнинг образи Ўрта Осиёда яшовчи халқлар оғзаки ижодининг энг қадимий образларидан биридир.Қуйи Сирдарёда ёзиб олинган бир қозоқ қиссасида бу образ Орол денгизининг барпо бўлиши, Амударё Устюрт ўзанининг йўқолиб кетиши ва қадимий Хоразмнинг вужудга келишига сабаб бўлган афсонавий ҳодисалар билан боғланади.
Бу ривоятга кўра, илгари вақтларда Ород денгизи бўлмаган , Сирдарё ва Амударё эса бирга қўшилиб, Лавзан, Кўҳна Урганч ва Ойбўғир орқали Каспий денгизига қуйилган эмиш.
Орол денгизи ўрнида раҳмсиз ва мунофиқ Фосилхон ҳукмронлиги остида Адақ халқи,Узбой ёқасидаги ҳудудда эса ўзининг донолиги ва адолатпарварлиги туфайли давлат раҳбари даражасига кўтарилган собиқ қул Аёзхон бошчилигидаги Бойсун халқи яшаган эмиш.
Фосилхон даҳшатли жиноятлар қилганлиги, бир авлиё қизининг номусини булғагани учун шу авлиёнинг қарғиши билан унинг қўл остидаги давлатни сув босади.Бу жойда Ород денгизи ҳосил бўлиб, ҳар иккала улуғ дарё шу денгизга қуйила бошлайди.Дарёларнинг бирга қўшилишидан ҳосил бўлган қадимий ўзан қуриб қолади.Бойсун аҳолиси Аёзхон бошчилигида Хоразмга кўчиб келиб, бу ерда Урганч деб аталган подшоҳликни барпо қилади.Адақлар ва уларнинг ҳамма шаҳарлари эса сув остида қолиб ҳалок бўлади.Ҳозир ҳам ҳаво очиқ кунлари адақлар қурган иморатларнинг қолдиқларини Орол денгизининг тубида кўриш мумкин».( А.Нестеров, «Прошлое приаральских степей в преданнниях киргиз Казалинского уезда” ЗВО, 1900, т 12, в 4, стр, 95-100).
Хоразмнинг пайдо бўлиши тўғрисидаги илк ўрта аср ва қадимги афсоналар билан ҳамоҳанг бўлган бу қиссага қуйида тағин қайтамиз.Қул Аёз образи Абулғозининг "Шажараи тарокима" (17 аср) асарида ҳам учрайди.
Аёз образи 11 асрдаёқ русм бўлганлиги тўғрисида Маҳмуд Қошғарий ўзининг "Девону луғотит турк" асарида қуйидагича қисқагина маълумот беради."Аёз-қулнинг исми". Бу ўринда гап умуман қулларга нисбатан берилган махсус исм тўғрисида эмас, балки аллақандай бир қулнинг атоқли оти тўғрисида кетаётганлиги аён бўлиб турибди.Аёзни турклар яхши билганлар ва илк ўрта асрнинг бу йирик тилшуносига унинг тўғрисида хабар берганлар.
Тошҳовуз вилоятидаги бир қанча қадимий ва ўрта аср харобалари номларининг цикли ниҳоятда ўзига хос ва ғалатидир.Ана шу жойга бориш мўлжалланган 1939 йил экспедициясига ҳозирлик кўраётганимизда қаълаларнинг номлари—Халабқаъла, Ёрбекирқаъла, Ширвонқаъла, Шемахақаъла—бизни жуда ажаблантиради.Чунки, ушбу номлар Сурия ва Озарбайжондаги жойлар ( Алеппо, Диярбакир, Ширван, Шемаха) ни эслатарди. Биз маҳаллий аҳолидан бу номларнинг келиб чиқиш сабабини суриштирганимизда, улар "Шоҳсанам" деган ажойиб асарда тасвирланган воқеалар халқ тасаввури бўйича шу ерда рўй берган, дея жавоб бердилар. Қадимги замон ҳамда ўрта ўрта асрларга мансуб Шоҳсанам харобалари гуруҳи шу асар қаҳрамонининг номи билан юритилади.Ўрта асрларда янгиланган қадимий қаъла ҳамда бу қаъла ёнида 13-14 асрларда барпо этилган боғ-роғлар мажмуи бу харобалар марказида туради.
Маълумки, юқоридаги асарнинг Салжуқийлар даврига бориб тақаладиган воқеаси Сурия ва Озарбайжонда, Салжуқийлар империясининг ғарбий чегараларида рўй беради.
Бироқ Тошҳовузлик аҳоли бу воқеалар " қадимги суғорма ерлар" туманида, ўзларининг вилоятларида бўлганлигига қаттиқ ишонадилар.
Уларнинг талқин қилишича, малика Шоҳсанам ва унинг севгилиси Ғариб Ёрбекирқаълада туғилган.Қаҳрли ота ўз қизини Шоҳсанам харобаларининг хушманзара боғига қамаб қўяди.Қиз ўз севгилисини ҳам шу ерга яширади.
Шоҳсанамдан ноҳақ равишда аччиқланган Ғариб бу ердан қочиб, узоқ "Ширвон-Шемаха подшоҳлиги"га эмас, балки бир неча ўн километр нарида жойлашган Ширвонқаъла ва унга қўшни бўлган Шемахақаълага боради. Ошиқ-маъшуқлар ярашганларидан кейин ҳам узоқ Алеппога эмас, балки Халабқаълага қочиб боришга уринишади.
Девқаъланинг (12-13 асрлар) вужудга келиши тўғрисидаги қиссага ҳам, худди юқоридагидек, бироқ бирмунча ўзига хос ўзгаришлар билан, адабий анъана таъсир этган.Жуда катта тош тахталардан бунёд бўлган бу ўзига хос ва баҳайбат иншоаат юмалоқ шаклда бўлиб, Қорақум чўлининг марказида қад кўтарган.
1939 йилда бизнинг экспедициямизга йўл кўрсатиб борган, Тахта шаҳри яқинидаги қишлоқда истиқомат қилувчи ёвмутнинг ҳикоя қилишича,бу қаълани Фарҳод исмли дев қурган эмиш.Фарҳод Хоразмшоҳнинг Ширин исмли қизини севиб қолади ва унга совчи қўяди.Бу подшоҳни таҳликага солиб қўяди.Қизини девга беришни ҳоҳламаган, шу билан бирга, рад жавоби беришдан қўрққан шоҳ жодугар кампирдан ёрдам сўрайди.Жодугар Фарҳодга бажариб бўлмайдиган вазифани—тошдан асар ҳам бўлмаган Қорақум чўлининг ўртасида тош қаъла қуришни маслаҳат беради.Бироқ дев узоқ жанубдаги тоғлардан елкасида тош ташиб келиб, қаълани қура бошлайди.Қаъла битай деб қолганида, бундан хабардор бўлган шоҳ яна жодугарни маслаҳатга чақиради.Жодугар подшоҳга ўзи белгилаган куни 9000 та янги туғилган бўталоқни, шунча той, бузоқ ва қўзини сўйишни маслаҳат беради.Қолган ишни у ўз зиммасига олади. Белгиланган вақтда жодугар дев қуриб тамомлаётган қаълага келади.Шу пайт Хоразм томонидан даҳшатли ҳайқириқ эшитилади.Бу сўйилаётган минглаб она молларнинг овози эди.Фарҳоднинг: "Бу қандай йиғи?"-деган саволига кампир, ҳозиргина малика вафот этган,Ширинга бутун Хоразм аза тутмоқда, дея жавоб беради.Севгилисининг ўлими тўғрисидаги хабардан гангиб қолган дев, севгилисиз яшашни истамасдан, ҳали жойига қўйилмаган сўнгги тошни осмонга улоқтиради.Тош Фарҳоднинг устига қайтиб тушади.Девни севиб қолган Ширин ҳам фожиа рўй берган жойга етиб келади ва севгилисининг мурдаси тепасида ўзига пичоқ санчиб ҳалок бўлади.
Шарқнинг Ромео ва Жульетталари тўғрисидаги асарнинг бу содда вариантида қадимий ва афсонавий аспект намоён бўлади.Бу ўринда ер ости дунёсининг қадимий худоси, қурувчи ва тоштарошлар ҳомийси—дев Фарҳод ўзида тоштарош ва меъморга хос белгиларни сақлаб қолган адабий асар қаҳрамонининг прототипи сифатида гавдаланади.
Шундай қилиб, кўмилиб кетган харобалар, ярим вайрона буржларнинг сирли дунёси кўзимиз олдида эртак ва афсоналар қобиғига ўралган ҳолда тасаввурга эга бўлади.Бу хароба ва буржларнинг девор ҳамда ваҳимали шинаклари Хоразмга саҳро томондан келадиган йўлни тўсиб турарди. Вазифа шу сирли дунёнинг афсоналар пардаси остига яширинган ичкарисига кириб, тарихий ҳақиқатни кўришдан, ўлик шаҳарларнинг тупроқда сақланиб қолган солномасини ўқиб чиқишдан иборат эди.
Вазифамиз анча мушкул эди.Гарчи Хоразм цивилизациясининг,ҳали тўлиқ бўлмасада, ҳар ҳолда, умумий жиҳатлари бир-бирига монанд бўлган тарихий тараққиёти (Хоразм цивилизациясининг қадимий неолит давридан бошлаб то ўрта асрларда, 12 асрда ва 13 аср бошларида "улуғ хоразмшоҳлар" паноҳида гуллаб яшнашига қадар) ҳамда Гулдурсун афсонасидаги "қалмиқлар"нинг ҳаётдаги тимсоли—мўғул галаларининг харобаси остида бу цивилизациянинг инқирозга юз тутиши манзараси дастлабки тахминий хулосалар ва айрим фактларни тарихан англаш тажрибалари ўрнини олгунча кўп йиллар ўтди.

Download 2.37 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling