Шайх хованд тоҳур ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга оид манба ва тадқИҚотлар таҳлили


Download 35.28 Kb.
bet1/2
Sana19.06.2023
Hajmi35.28 Kb.
#1611450
  1   2
Bog'liq
2. Усмонова Х.

ШАЙХ ХОВАНД ТОҲУР ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИШГА ОИД МАНБА ВА ТАДҚИҚОТЛАР ТАҲЛИЛИ




Х.Н.Усманова
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
мақсадли таянч докторанти
Usmanova-Xurshida@yandex.ru
тел: +998974302328
Аннотация: Ушбу мақолада Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга оид манбалар ва сўнгги йилларда амалга оиширилган тадқиқот ишлари хусусида фикр юритилади.
Аннотация: В данной статье основное внимание уделяется источникам по изучению жизни и научного наследия шейха Хаванда Тохура и исследовательской работе, проведенной в последние годы.
Annotation: In this article, the sources for the study of the life and scientific heritage of Sheikh Khovand Tohur and the research studies carried out in recent years are discussed.
Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқишлар ҳамма замонларда ҳам бирдек эътиборли бўлганлиги унинг ижоди ва ҳаёти ҳақида маълумот берувчи асарларнинг ўрта аср олимлари асарларида учратишимиз мумкин эканлиги билан белгиланади. Жумладан, асли нишопурлик бўлган Мир Абдул Аввал Нишопурий қаламига мансуб бўлган “Масмуъот” (Эшитилган нарсалар) асари ана шундай асарлар сарасига киради. Мир Абдул Аввал Нишопурий Хожа Аҳрор ҳузурига қўл бериш учун келади. Бироқ у Хожа Аҳрор ҳузурига етти йилгача кира олмайди. Етти йилдан сўнг Хожа Аҳрор уни муридликка қабул қилади ва унинг энг яқинларидан бирига айланади. Кейинчалик Хожа Аҳрорга куёв бўлади1.
Мир Абдул Аввал Хожа Аҳрор билан бирга бўлган вақтларида барча кўрган-эшитганларини жамлаб, “Масмуъот” (Эшитилган нарсалар) номли китоб ёзади. Бу асарнинг ҳозирча ягона нусхаси ЎзР ФА ШИ фондида № 3735/II рақами остида сақланмоқда. Мазкур асар Марказий Осиё маданияти тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб, унда мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётига доир маълумотларни топиш мумкин2. Шунинг билан бирга Шайх Хованд Тоҳурнинг ҳаётига доир айрим маълумотларни ҳам учратишимиз мумкин. Жумладан, унинг вафот этган санасини ҳам аниқлаштириш мумкин бўлган маълумот келтириб ўтилади.
“Силсилат ул-орифийн ва тазкират ул-сиддиқийн” (Орифлар силсиласи ва сиддиқлар ёдномаси) асарида Шайх Хованд Тоҳур ҳаётига доир айрим маълумотларни кўришимиз мумкин. Унинг муаллифи Муҳаммад ибн Бурҳониддин ибн Хожа Муҳаммад Ризо бўлиб, у зот Муҳаммад Қози номи билан ҳам машҳур бўлган. “Рашаҳоту айнил-ҳаёт”да ёзилишича, у 1488 йилда Хожа Аҳрор валийга учрашади ва ўн икки йил у билан бирга бўлади3. Муҳаммад ал-Қози Хожа Аҳрор билан ўтказган ўн икки йил давомида кўрган кечирганлари ҳақида китоб ёзиб, уни юқоридаги ном билан атаган. Асарнинг 5 дан ортиқ нусхаси ЎзР ФА ШИ фондида сақланмоқда. Унинг XV асрда кўчирилган қадимий нусхаси № 11413 рақами остида сақланиб келинмоқда4.
“Силсилат ул-орифийн ва тазкират ул-сиддиқийн” ҳақида “Рашаҳот”нинг муаллифи Али Сафий “ул Ҳазрат (Хожа Аҳрор)нинг маноқиблари, шамойилу хасойис ва фазойилларида китоб тасниф этибдурлар, “Силсилат ул-орифийн ва тазкират ул-сиддиқийн” билан мусаммодир” деб хабар беради5.
“Силсилат ул-орифийн” 1510 йилда ёзиб тугатилган бўлиб, унда Хожа Аҳрорнинг фаолияти тўлиқ ўз ифодасини топган. Мазкур асар ҳам Марказий Осиё тарихини ўрганиш учун муҳим манбадир6. Шу билан бир қаторда Муҳаммад ал-Қозининг Хожа Аҳрорнинг насабларига доир маълумотларини бериб ўтаётганда уларнинг боболари Шайх Хованд Тоҳурнинг ота-оналарининг насаблари ҳақида ҳам маълумот келтириб ўтади7.
Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва ижоди ҳақида бошқа манбаларга нисбатан батафсил маълумот берувчи яна бир асар “Рашаҳот айн ал-ҳаёт”дир. Асар Фахруддин Али Сафийнинг қаламига мансуб. Али Сафий хиротлик Ҳусайн ал-Воиз ал-Кошифийнинг ўғли бўлиб, Воиз Кошифий Абдураҳмон Жомий, Навоий, Ҳусайн Байқароларнинг яқин кишиси бўлган.
Али Сафий мадраса илмларини эгаллаб бўлгач тасаввуфга қизиқади. Отасидан рухсат олиб, Жомийнинг йўлланма хати билан Хожа Аҳрор Валий ҳузурига келади. У иккинчи маротаба келганида Хожа Аҳрор Валийдан у ҳақда китоб ёзишга рухсат олади. Бироқ у бу китобни 1503 йилдагина ёзиб тугаллашга муваффақ бўлади.
“Рашаҳот” муқаддима, уч мақсад (боб) ва хотимадан иборат. Унда Хожа Аҳрорнинг туғилишидан то вафотигача бўлган воқеалар ўз ифодасини топган. Бу воқеаларнинг аксариятига Али Сафий ўзи гувоҳи бўлган ва айримларини одамларнинг оғизларидан ёзиб олган. “Рашаҳот” эски ўзбек тилига (XIX аср), ҳамда араб тилига таржима қилинган. Унинг 60 дан ортиқ қўлёзма нусхалари ЎзР ФА ШИ фондида сақланиб келинмоқда. Ҳиндистонда бир неча марта нашр қилинган. 2004 йилда Тошкентда ҳам илк нашри амалга оширилди. Асарнинг ЎзР ФА ШИ қўлёзма фондида №1382 рақами остида сақланиб келинаётган нусхасида ШайхХованд Тоҳурнинг таржимаи ҳоли8, унинг вафот этган йили9 ва рисолалари10 ҳақидаги маълумотларни учратишимиз мумкин бўлади.
Шайх Хованд Тоҳурнинг дунёга келиши ҳақидаги ривоятлардан бирини XVII асрда яшаб ўтган олим Шайх Сиддиқийнинг “Ламаҳот мин нафаҳотил-қудс” (Табаррук шабадалардан лаҳзалар) китобида келтириб ўтади11.
Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва ижодига оид қатор мақолалар туркумини ҳам аллома ҳаёти ва ижоди тадқиқотлари қаторига киритишимиз мумкин бўлади. Бу ўринда юқоридаги асарлардан ташқари XIX асрда номаълум муаллифнинг икки бетдан иборат рисоласи, Муҳаммаджон Ўразаевнинг “Ҳазрат Шайх Хованд Тоҳур” номли бир бетли, ўзбек тилидаги маълумотлари ҳам борлиги хабар қилинади. 1915 йилда эса, А.А.Семенов “Тошкентлик Шайх Хованд Таҳур ва унга нисбат бериладиган кулоҳ” номли мақолани ҳам нашр эттирган.
XX асрнинг ўрталарида академик М.Е.Массон “Шайх Хованд Тоҳур” ёдгорлик мажмуасида тадқиқотлар олиб борган ва шу ном билан аталувчи ёдгорлик мажмуаси ҳақида маълумотлар берган. Архитектор А.Яҳёев мажмуадаги ёдгорлик биноларини ўрганиб мақолалар ёзган12.
1998 йилда академик М.Ҳасаний томонидан “Мулла бўлма, суфий бўлма, мусулмон бўл” сарлавҳаси остида Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва ижодига бағишланган мақола чоп этилди13.
Кейинги қаторда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институтида бугунги кунда сақланиб келинаётган шайх Хованд Тоҳурнинг илмий меросининг тадқиқотлари масаласидир. Бу борада республикамизнинг қатор академик, исломшунос олим, тадқиқотчиларининг кўплаб амалга оширган рисола ва тадқиқот ишларини келтириб ўтишимиз ўринли.
ЎзРФАШИ қўлёзмалар фондида сақланаётган Абдулла Носиров қайдлари14, шунингдек Шайх Хованд Тоҳурнинг қўлёзмалар фондида сақланаётган рисолалари ҳақида маълумот берувчи асосий манбалардан саналади. Қўлёзмада аввало Шайх Хованд Тоҳур ҳақидаги маълумотларни ЎзРФАШИ фондида сақланилаётган қайси манбаларда учратиш мумкин эканлиги ҳақидаги маълумотлар келтириб ўтилади. Бундай маълумотларни “Тарихи жадидайи Тошканд”15 ва “Рашаҳот”16да учратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Шайхонтоҳур ёдгорлик мажмуасига бағишланган бир қатор мақолалар келтириб ўтилади. “Ёдгорлик ёшариб бормоқда”17, “Тошкент тарихидан 100 лавҳа”18 ва “Шайхонтоҳур ансабли”19 мақолалари шулар жумласидандир. Кейинги ўринда Шайх Хованд Тоҳур рисолалари номлари келтириб ўтилади. А.Носиров қайдларида келтирилишича ЎзРФАШИ қўлёзмалари фондида “Рисолаи Тоҳурия”20 номи остида бир қатор Шайх Хованд Тоҳурга тегишли рисолалар жамламмаси келтириб ўтилади.
Шайх Хованд Тоҳур илмий мероси тадқиқотининг асарлари қаторида ўрганилиши тарихшунос олим Маҳмуд Ҳасаний тадқиқотлари билан чамбарчас боғлиқдир. 2004 йилда айнан Шайх Хованд Тоҳурнинг ЎзРФАШИ қўлёзмалар фондида №3303 рақами остида сақланаётган жамланмада келтириб ўтилаган рисолалари билан танишиб, таржима қилган ва “Шайх Хован Таҳур” номи остида рисола чоп этган. Бироқ рисолада Маҳмуд Ҳасаний асос қилиб олинган қўлёзма асарининг инвентар рақами келтириб ўтилмаган. Унда А.Носиров тилга олиб ўтган № 3303 рақами остидаги Шайх Хованд Тоҳурнинг “Рисолаи Тоҳурия” рисолалари 3303/II, 3303/III, 3303/IV М.Ҳасаний томонидан таржима қилингач, мазмун ва моҳиятидан келиб чиққан ҳолда рисолаларга ном бериб ўтилган. Ушбу рисолада Шайх Хованд Тоҳурнинг қуйидаги рисолалари киритилган.
Биринчи рисола “Рисола дар масойили шариат ва тариқат” (Шариат ва тариқат масалалари ҳақида рисола)21 деб номланиб, катта ҳажмга эга. Рисолага юқоридаги ном Муҳаммад (с.а.в)нинг шариатга оид ҳадисларини шарҳлашдан бошланганлиги сабабли шартли равишда берилган. ЎзРФА Шарқшунослик институтидаги тавсиф картотекаларида Шайх Хованд Тоҳурнинг барча асарлари бир хилда “Рисолаи Тоҳурия” номи билан номланаверган22. Рисолада шариат, ваҳий, рисолат нима эканлиги, шариат ва тариқатнинг бир эканлиги масаласи, шунингдек, ҳақиқат масалаларига ҳам тўхталиб ўтилади. Бир сўз билан айтганда инсоннинг покланиши ва камолга етиши учун зарур саналган барча унсурлар қаламга олинганини Маҳмуд Ҳасаний ўзининг таржималари орқали очиб беради.
М.Ҳасаний томонидан таржима қилиниб, тадқиқ қилинган Шайх Хованд Тоҳур қаламига мансуб кейинги рисола “Рисолаи даҳ шарт”23 (Ўнта шарт ҳақида рисола) деб номланиб, унда тариқат йўлидаги солик (шогирд)нинг амал қилиши зарур бўлган ўнта қоида баён қилинганилиги боис унга юқоридаги шартли ном берилган. Бу рисола гўё муридга қўлланма сифатида тузилган.
Кейинги тадқиқот ишлар қаторига исломшунос олим Зоҳиджон Исломовнинг кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган “Шайх Хованд Таҳур ёдгорлик мажмуаси”24 номли рисолани келтириб ўтишимиз зарур. Рисола тўла тўкис холича Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва ижоди ҳамда ёдгорлик мажмуаси тарихига бағишланган бўлиб, рисолада Шайх Хованд Тоҳурнинг таваллудлари, оталари Шайх Умар Боғистоний ҳаёти ва ижоди, Шайх Хованд Тоҳурнинг тарбиясида отасининг ўрни, Шайх Хованд Тоҳурнинг илм сафарлари, аллома асарлари ва ундаги панду насиҳатлари, Шайх Хованд Тоҳур ҳақидаги ёзма манбалар ҳамда Шайх Хованд Тоҳур ёдгорлик мажмуаси тарихи ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтилади.
Шайх Хованд Тоҳур илмий мероси тадқиқотининг узвий давоми сифатида исломшунос олим Неъматулло Муҳамедовнинг “Шош воҳаси олимларининг ислом илмларида тутган ўрни (X-XIIасрлар)”25, “Ўрта асрларда Шош воҳаси олимларининг ислом маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссаси”26 номли тадқиқот ишлари ва “Шош воҳаси олимларининг илмий-маънавий мероси”27 рисолалари олим ҳаёти ва ижодини ёритишда яна бир салмоқли ишлардан бўлди. Рисола ва тадқиқот ишларида шошлик буюк алломалар қаторида Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти, ижоди ва илмий фаолиятига доир янги маълумотлар келтириб ўтилади.
Истиқлол йилларида амалга оширилган Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва илмий меросини маълум даражада қамраб олувчи педагогика фанлари доктори Каромат Қиличеванинг амалга оширган тадқиқот ишлари28 ҳам муҳим аҳамиятга молик ишлардан саналади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юртимиз маданий ва ижтимоий ҳаётида алоҳида ўрин тутган алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганишга доир бир қатор тадқиқот ишлари амалга оширилиб келмоқда. Шайх Хованд Тоҳур ҳаёти ва ижодини ўрганиш мақсадида амалга оширилган тадқиқот ишлари шулар жумласидандир. Тадқиқот ишлари доирасида аллома ҳаёти, илмий ижоди, асарлари устида манфаатли маълумотлар тўпланган бўлсада, унинг очиб ўрганилмаган қираллари талайгинадир. Бу ўз навбатида ёш тадқиқотчилар зиммасига янги вазифаларни юклайди. Республикада амалга оширилаётган имкониятлар эса ана шу вазифаларни амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.



Download 35.28 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling