Ўсимликларнинг озиқланиши унинг ҳаётидаги муҳим омилдир
Download 31.76 Kb.
|
ЎСИМЛИКЛАРНИНГ ОЗИҚЛАНИШИ УНИНГ ҲАЁТИДАГИ МУҲИМ ОМИЛДИР
ЎСИМЛИКЛАРНИНГ ОЗИҚЛАНИШИ УНИНГ ҲАЁТИДАГИ МУҲИМ ОМИЛДИР Ўсимликларнинг озиқланиши унинг ҳаётидаги муҳим омилдир Режа: 1. Ўсимликларнинг озиқланиши унинг ҳаётидаги муҳим омилдир. 2. Озиқланиш назариясининг асосий босқичлари. 3. Озиқланиш турлари. а) ўсимликларнинг ҳаводан озиқланиши б) ўсимликларнинг илдиз орқали озиқланиши в) ўсимликларнинг илдиздан ташқари озиқланиши 4. Ўсимликларга зарур ва нозарур бўлган кимёвий элементлар. 5. Ўсимликлар кимёвий элементларнинг тўпловчисидир. Ўсимликларнинг озиқланиши унинг ҳаётидаги муҳим омилдир Қишлоқ хўжалик экинлари бир вақтнинг ўзида икки муҳитдан озиқланади: 1) тупроқдан 2) атмосферанинг пастки қатламидан. Ўсимликлар барглари орқали ҳаводан карбонат ангидридни ютади, илдизи орқали эса сув, минерал моддалар ва органик моддаларни ҳам тупроқдан олади. Ўсимликларнинг ҳаводан ва илдиздан озиқланиши ўтган асрнинг ўрталарига келиб ёритилди. Яъни физиологлар ўсимлик баргининг яшил рангини ва қуёш ёруғлигининг ролини бир-бири билан боғлаганларидан сўнг ва ўсимликлар томонидан карбонат ангидриднинг ўзлаштирилиши маълум бўлганда, шунингдек агрокимёгарлар эса ўсимликларни таркиби олдиндан маълум бўлган озиқали тузлар эритмаларида ҳам ўстириш мумкин эканлигини аниқлаганларидан сўнг маълум бўлди. Ўсимликларнинг ҳаводан озиқланиши тўғрисида К.А.Тимирязев жуда катта оламшумул илмий-тадқиқотларни амалга оширди ва ўзининг асарларида ёритиб берди. Унинг шогирди Д.Н.Прянишников эса ўсимликларнинг илдиздан озиқланиши ҳақидаги мукаммал илмий-тадқиқот ишларини амалга оширди. Д.Н.Прянишников деҳқончиликда азот алмашинуви ва ўсимликларни азотли ўғитлар билан озиқлантириш мумкин эканлигини кўрсатиб берди. Д.Н.Прянишников 1892 йилда Ғарбдаги Ю.Либехнинг кимё мактабига тенг келадиган ва унга қарши тура олиш қобилиятига эга бўлган илмий агрокимё мактабини яратди ва агрокимёда физиология йўналишини яратди. Ўсимликларнинг минерал озиқланиши тўғрисидаги назариялар ва уларнинг тарафдорлари Ўсимликларнинг минерал озиқланиши тўғрисида бир неча назариялар мавжуд бўлиб, бу назариялар 1858 йилда ўз тасдиьини олди. Яъни шу йилда сунъий озиқавий муҳитда биринчи марта ўсимликларни тўлиқ ривожлантириб, пишгунга қадар олиб борилди. Кейинчалик ўсимликларни қумли мухитда ўстириш учун тўлақонли сунъий озуқа аралашмаси таклиф этилди. 1837 йилда Дютрож томонидан тирик ҳужайралар томонидан моддаларнинг ютилиши тўғрисида маълум бир фикрлар айтилган эди, яни ҳужайрага кираётган сув ва унда эриган моддалар цитоплазматик мембрананинг тешиклари орқали диффузия йўли билан киради деган эди. Сакснинг фикрига кўра, ҳужайрада рўй берадиган кимёвий жараёнлар ҳужайра ишлаб чиқаришидаги моддалар ва уни ўраб турган эритма ўртасидаги концентрация мувозанатини бузади. Диффузион осмотик назариясининг тарафдорларига профессор Дефриз, Майер ва бошқа олимлар кирадилар. Бу назарияга кўра илдиз системаси орқали сув билан бирга озиқа моддалари сўрилади, сув эса доимо парланиб туради. Шундай қилиб, озиқа моддаларни ўсимликка қабул қилиниши унинг транспирациясига бевосита боғлиқдир. Лекин бу фикрлар ўсимликларга озиқа моддаларни қабул қилиниши тўғрисидаги қонуният доирасига тўғри келмайди. Ўсимликка қабул қилинаётган сув ва озуқа моддалари ўртасида малум алоқадорлик йўқлиги тўғрисида Тимирязев ҳам айтиб ўтган эди. Яъни ўсимликларнинг озиқланиши учун парланишга сарфланган миқдорда кўп сув керак эмас. Бу фикрлар Д.А.Сабилиннинг ишларида ҳам ўз ифодасини топган. XIX-асрнинг охирида Вертон томонидан липоид назарияси илгари сурилади. Бу назарияга кўра моддаларнинг ҳужайрага кириши, уларни цитоплазматик мембранасининг липид суюқлигида эриши натижасида содир бўлади. Улар бу ҳодисани анилин бўёғини ўсимлик ҳужайрасига кириши ва уни липид суюқлигида эришини кузатганлар. Траубе ва Руландлар эса ультрафильтрацион назария тарафдорлари эдилар. Уларнинг фикрларига кўра ҳужайрага озуқа моддалар цитоплазма қолдиғининг тешиклари орқали киради. Озиқа моддаларнинг кириши цитоплазма қобиғининг тешиклари ва озиқа моддалар молекулаларини ўлчамларига боғлиқ. Лекин шундай фактлар ҳам маълумки, ўсимликлар молекулаларининг ўлчами анчагина катта бўлган аминокислоталарни ҳам ютади. ХХ асрнинг бошларида Дево ўсимликлар ҳужайрасининг кучли суюлтирилган эритмасидан катионларни тезлик билан боғлаш мумкинлигини аниқлади. Бу ҳолат эса адсорбция назариясининг келиб чиқишига сабаб бўлди. Бу назарияга асосан боғланган катион ўз миқдорига тенг бўлган бошқа катионни ўсимлик тўқимасидан сиқиб чиқаради. Шундай қилиб ўсимликлар ҳужайрасига бир ионнинг ютилиши бошқа ҳудди шундай миқдордаги ионни сиқиб чиқаради. Чунончи бу жараён ўсимлик ҳужайраси эритмасининг концентрациясига ва вақтга боғлиқдир. Д.А.Сабинин ва бошқа олимларнинг кўпгина текширишлари натижасида ўсимлик хужайрасига моддаларнинг ютилиши билан ҳужайра ҳаёт фаолияти даражаси ўртасида боғлиқлик борлиги кўзга ташланади. Ўсимлик илдиз системасининг ҳужайрага моддалар ютилишида актив роль ўйнаши кўрсатиб ўтилган. Ўсимлик ширасидаги модданинг миқдори ўсимликнинг озиқа элементлари билан қандай таминланганлигига, тур хусусиятларига ёки ўсимликнинг ёшига боғлиқдир. Ҳужайра ва тўқималар физиологик активлигининг ҳар хил бўлиши уларнинг кимёвий таркиби ва электр хусусиятларини ҳар хил бўлишини белгилайди. Ўсимликларнинг тўқимасидаги модда алмашинуви даражаси улар моддаларининг ютилиш даражасини белгилайди. Стюард, Лундегрд, Бюрстрем ва бошқа олимлар томонидан ўсимликлар тўқмасининг нафас олиш билан минерал тузлар ионларининг ютилиши ўртасида боғлиқлик борлиги аниқланди. Хогланд ва Рюерларнинг ишларида озиқа эритмаси таркибига ҳаво, глюкоза кўп қўшилганда, ҳарорат кўтарилганда ва бошқа нафас олиш жараёнларини тезлаштирувчи омилларни юзага келтирганда ўсимлик ҳужайраси ҳамда тўқималарига озиқа моддаларнинг ютилиши кўпайганлигини исботлаганлар. Д.А.Сабинин томонидан ўсимликларни озиқланиши билан маълум бир органларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ўртасида алоқадорлик борлиги исботланган. Озиқланиш турлари А) Ўсимликларнинг ҳаводан озиқланиши. Маълумки ўсимликларнинг қуруқ моддасида ўртача 45 % углерод ва 42 % кислород мавжуд. Ўсимликларнинг углерод ва кислороддан органик моддалар синтез қилишини манбаи эса ўсимликларнинг ҳаводан озиқланишидир. Карбонат ангидрид гази ўсимликларга барг оғизчалари орқали киради. Барг оғизчаларидан бир вақтнинг ўзида сув ҳам парланиб туради. Ўсимлик барглари сатҳининг умумий йиғиндиси ўзи ўсиб турган тупроқ сатҳидан 20-70 марта каттадир. Бу эса яшил барларни карбонат ангидрид гази ва қуёш нури энергиясидан кўпроқ ва тўлароқ таминланиши учун яхши шароит яратади. Хлорофиллсиз ўсимликлар қуёш нури энергиясидан фойдалана олмас эдилар. Ўсимликларнинг ҳар бир килограмм янги баргидаги хлорофиллнинг миқдори 1-3 граммни ташкил этади ёки 25 см/кв барг пластинкасида эса 1 мг. ни ташкил этади. Ёзнинг ёруғ бир кунида ўсимлик барги 25 % гача янгидан органик моддани тўлайди, шундай эса 5-10% ни нафас олиш учун сарфлайди. Ўсимликлар нафас олиш жараёнида ҳосил бўлаётган углеводларнинг 15-20 % дан 30-50 гачасини оксидлайди. Ўсимликларда кечадиган фотосинтез жараёни натижасида улеводлар билан органик кислоталар аминокислоталар ва оқсиллар пайдо бўлади. Фотосинтез жараёнида иштирок этаётган минерал элементлардан азот ва олтингугуртдан ташқари фосфор ҳам истеъмол қилинади ва натижада фосолицерин кислота ва сахарофосфатлар ҳосил бўлади. Бундан ташқари хлорофилл таркибида 2,7 % гача магний ҳам бўлади. Ўсимликлардаги калий ҳам мухим вазифани бажаради, яъни углеводларни барг пластинкаларидан ўсимликнинг бошқа органларига харакатлантиради. Агар ўсимликларда темир етишмаса хлорофилнинг ҳосил бўлишига салбий таъсир кўрсатади. Фотосинтез жараёнида қуёш нури энергияси кимёвий энергияга айланади ва фотокимёвий реакциялар энергияси ҳисобига янги органик бирикмалар синтез қилинади. Фотокимёвий реакциялар натижасида АТФ ҳосил бўлади. Узоқ вақтлар фотосинтез жараёни учун сарфланган қуёш энергияси карбонат ангидрид газини парчалайди. Атмосферага кислороднинг ажралиб чиқишига ва углероднинг сув билан бирикишига сарфланади, деб айтилади. Фотосинтез жараёнининг дастлабки маҳсулоти формалдегид деб ҳисобланади. Аммо формалдегид ўсимликларда ҳеч қачон учратилмаган. А.П.Виноградов 1941 йилда бу масалани ойдинлаштирди. У изотоп усули ёрдамида фотосинтез жараёнида ўсимликлар томонидан ажралиб чиқарилаётган кислород сувнинг парчаланиши натижасида ҳосил бўлади,карбонат ангидриднинг парчаланиши натижасида эмаслигини исботлади. Кейинчалик фотосинтез жараёнини 2 стадияда содир этилиши аниқланди. Шулардан биринчиси фотосинтез ёруғликда содир бўлади, сув парчаланади ва кислород ажралиб чиқади ҳамда водород иштирокида қайтадан ҳосил бўлган бирикмалар вужудга келади. Иккинчи стадияси қороньуда содир бўлади ва бунда карбонат ангидрид ассимиляция қилиниб ҳар хил органик бирикмалар ҳосил бўлади. Ўсимликларнинг қуёш нури энергиясидан фойдаланиш коэффициентини ошириш учун юқори ҳосилли экинларни экиш ва қайта экишни жорий этиш лозим. Ҳашаки илдизмевали экинларнинг қуёш нуридан фойдаланиш коэффициенти 1,98 %, картошканики 2,38 %, ғалла экиларида 2,42 - 2,74 %, люпинда 4,79 % ни ташкил этади. Ҳар йили бутун ер юзасида ўсимликлар 400 млрд тонна органик моддани синтез қилади. Агар атмосферани карбонат ангидрид гази билан тўлдириб турилмаса, таминан 4-5 йил мобайнида тўлиғича у яшил ўсимликлар билан бирикади. Ўсимликлар учун карбонат ангидрид гази ўсув даврида керак бўлади, шунинг учун ҳавони карбонат ангидрид гази билан бойитиш лозим. Атмосферада карбонат ангидрид гази умумий ҳажмига нисбатан 0,03 % ни ташкил этади. Бу 1 л сувда 0,5565 мг. га тўғри келади. Ер юзасига яқин бўлган 1 м қалинликдаги ҳаво қатламида 1 гектар майдон устидаги карбонат ангидрид миқдори 5-6 кг. ни ташкил этади. Бу ўсимликларни талабига нисбатан жуда оздир. Масалан, қанд лавлагидан ҳар гектар майдондан 400 ҳосил олиш учун 1 кунда тез ривожланаётган пайтда 1 га учун 300 килограмм карбонат ангидрид гази керак. Карбонат ангидрид гизининг миқдонини кўпайтириш учун кўп миқдордаги органик ўғитлардан фойдаланиш лозим. Органик ўғитларнинг парчаланиши натижасида жуда кўп миқдорда карбонат ангидрид гази ажралиб чиқади. Ҳар 1 га учун 20-30 т ўғит солинганда унинг парчаланиши натижасида атмосферага 5-7 т карбонат ангидрид гази чиқади. Агар атмосферадаги карбонат ангидрид газининг миқдори 0,01 % дан камайса, ўсимликларда фотосинтез жараёни тўхтайди. Ўсимликларнинг илдиз орқали озиқланиши Тупроқдан азот ва бошқа кул элементлари ўсимликларни илдиз системасининг фаол юзаси орқали ионлар ҳолида ютилади. Масалан, азот, натрий аниони ва олтингугурт фосфат сульфат кислоталарининг анионлари ҳолида калий, кальций, магний, натрий, темирлар, катионлар ҳолида, микроэлементлар эса тегишли катион ва анионлар ҳолида ютилиши мумкин. Ўсимликлар ионларни фақат тупроқ эритмасидангина эмас, балки коллоидларга ютилган ионларни ҳам ўзлаштиради. Бундан ташқари ўсимликлар тупроқнинг қаттиқ фазасига актив таъсир этиб, зарурий озиқ-моддаларни ўзлаштирадиган шаклга айлантиради. Илдиз системасининг бақувватлиги, унинг тузилиши ва тупроқда тарқалиш характери ўсимликларнинг ҳар хил турларида кескин фарқ қилади. Илдиз морфологияси илдиз системасининг шаклланиши динамикаси унинг ривожланиш даражаси ва тупроқда қанчалик чуқур кириб бориши аввало ўсимликларнинг биологик хусусиятлари билан белгиланади, лекин илдиз системасининг морфологиясидан ва ривожланиш хусусиятларидан қатий назар барча ўсимликларда илдизларнинг массаси чуқур кириб борган сари камаяди. Уларнинг умумий юзаси эса ортади. Илдиз системасининг актив қисми ўсаётган ёш илдизчалардан иборат бўлади. Тупроқдан минерал озиқ элементлари ана шулар орқали ютилади. Ҳар бир илдизча ўса бориши билан унинг юқориги қисми йўғонлашиб, ташқи томонидан пўкакланган тўқима билан қопланади ва озиқ-моддаларни ютиш хусусиятини йўқотади. Илдиз системасининг ўсиш тезлиги ва ривожланиш характерига тупроқнинг физик хоссалари, унда намликнинг ва озиқ-моддаларнинг тақсимланиши катта таъсир кўрсатади. Ўсимликларнинг кучли тармоқланган илдиз системаси тупроқда ниҳоятда катта ютиш сатҳини ҳосил қилади. Унинг катталиги ўсимликларнинг вегетация даврида ўзгариб туради ва кўпинча гуллаш даврида максимумга етади. Ўсимликларни озиқ-моддаларни ютиш жараёнини тушуниб олиш учун илдизнинг бирламчи тузилишини кўриб чиқиш лозим. Ўсимлик илдизи илдиз қини билан ҳимояланган учидан бошлаб ўсади. Илдизчаларнинг учига бевосита яқин жойда бўлинувчи меристематик ҳужайралар зонаси жойлашади. Унинг юқорисида чўзилиш зонаси бўлади. Бу ерда ҳужайралар системасининг катталашиши ва уларда марказий вакуола ҳосил бўлиши билан бирга ўтказувчи тўқималарнинг дифференциацияси бошланади. Чўзилиш зонасида ўсимликлар найчали ўтказувчи системасини шаклланган пастлаб борувчи қисми флоэма бўлади, органик моддалар ер устки органларидан илдизга ана шу флоэма орқали ўтади, сўнгра ўсаётган илдиз учидан 1-3 мм масофада илдиз толалари ҳосил бўлиш зонаси жойлашади. Бу зонада ўтказувчи системаларнинг юқорилаб борувчи қисмининг ксилеманинг шаклланиши тугайди. Ана шу қисм орқали сув шунингдек ютилган ионларнинг ва илдиз синтезланган органик бирикмаларнинг бир қисми илдиздан ўсимликнинг ер устки қисмига ўтади. Илдиз толалари ҳосил бўлиши туфайли илдиз системасининг тупроқ билан контактда бўлган озиқ-моддаларни юта оладиган фаол юзаси кескин ўнлаб марта катталашиб кетади. Илдиз учидан бошлаб илдиз толалари ҳосил бўлиш зонаси тугайдиган жойга қадар ҳужайранинг ташқи целлюлоза қобиғида кутикулалар бўлмайди ва осон сингдирувчан бўлади. Илдиз кутикуласиз ҳудди ана шу қисми тупроқдан озиқ моддаларни ютишда иштирок этади. Ионларнинг энг интенсив ютилиши илдиз толаларининг ҳосил бўлиш зонасида содир бўлади ва илдизга ўтган ионлар бу ердан ўсимликнинг ер устки органлари томон ҳаракатланади. Шуни такидлаш керакки, илдиз фақат ютиш органи бўлибгина қолмай, балки айрим органик бирикмаларни, шу жумладан оқсиллар ва аминокислоталарни синтез қилиш органи ҳамдир. Илдиз ўса бориши билан тупроқдаги актив ютилиш зонасининг узлуксиз равишда силжиши содир бўлади. Бунда хемотропизм ҳодисаси рўй беради. Унинг моҳияти шундан иборатки, ўсимликнинг илдиз системаси ўзлаштириладиган озиқ-моддалар жойлашган йўналишда тез ўсади. Бу мусбат хемотропизмдир. Ўсимликлар илдиз системасининг ўсиши улар учун ноқулай бўлган кўп туз тўпланган зонада тўхтаб қолади. Бу манфий хемотропизмдир. Ўсаётган ёш илдизчалар тупроқ эритмасидан ионларни ўз атрофидаги радиуси 20 мм га яқин тупроқ ҳажмидан алмашиниб ютиладиган ионларни эса 2-8 радиусли тупроқ ҳажмидан тортиб олади. Ўсимликларнинг илдизлари орқали озиқ-моддалар ютилиши пассив ва актив йўл билан содир бўлади. Бунда актив ютилиш етакчи роль ўйнайди. Пассив ютилиш. Сувнинг буғланиши натижасида барг ҳужайраларида сўрувчи куч вужудга келади. Бу куч илдизларнинг тупроқдан сувнинг ютилишига сабаб бўлади. Сўрувчи куч осмотик босим билан тургор босим орасидаги фарқдан пайдо бўлади. Ўсимлик сувни қанчалик кўп йўқотса, барглардаги ҳамда илдиз системасидаги осмотик босим шунча юқори, ўсимликнинг сўриш кучи шунча катта бўлади. Гидростатик система ксилеманинг эркин бўшлиғи билан туташган ҳужайраларнинг эркин бўшлиғидан иборат. Эркин бўшлиқ деганда ҳужайраларнинг минерал элементлар диффузия йўли билан ионлар ҳолида кира оладиган бўшлиғи тушунилади. Сув ва минерал бирикмаларнинг юқорилаб борувчи оқим билан ютилиши ва харакатида транспирация билан бир қаторда илдиз босими катталиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Илдиз пўстлоғининг паренхима ҳужайралари сув билан унда эриган моддаларни ўтказувчи найчали системага актив ҳайдайди ва анчагина гидравлик босим ҳосил қилади. Актив ёки метаболик ютилиш. Ўсимликларга айрим озиқ элементлари тупроқ эритмасидаги миқдорига нисбатда ўтади. Элементларнинг теварак атроф-муҳитдаги концентрацияси ҳатто бир хил бўлганда ҳам баъзи элементларни илдизлар кўп миқдорда бошқаларини эса камроқ миқдорда ютади. Ўсимликларнинг озиқланиши танлаб ютиш ҳарактерига эга. Ўсимликларнинг озиқ моддаларни ютиши илдизларнинг тупроқ эритмасини ундаги тузлар билан биргаликда пассив равишда сўришдангина иборат бўлмай, балки актив физиологик жараёндир. Бу жараён ўсимликларнинг илдизлари ва ер устки органларининг ҳаёт фаолияти билан фотосинтез, нафас олиш ҳамда моддалар алмашинуви жараёнлари узвий равишда боғлиқ. Ўсимликларнинг тупроқ эритмасидан озиқ моддаларнинг ютилишини дастлабки босқичи илдизнинг ютувчи юзасида ионларнинг адсорбцияланиши доимо тикланиб туради. Чунки адробцияланган ионлар илдиз ҳужайраси ишлаб чиқаришига тўхтовсиз равишда кириб туради. Ҳужайраларга кирган ионлар ўзгармас ҳолатда ёки илдизда синтезланган органик бирикмалар шаклида ер устки органларига поя ва баргларга улар энг интенсив ассимиляцияланадиган жойларга силжийди. Озиқ моддаларни илдизларга ютилиши ва кейинги ҳаракати ўсимликлар организмида моддалар ва энергия алмашинуви жараёнлари билан ер устки органларининг ҳам илдизларнинг ҳам ҳаёт фаолият ва ўсиши билан боғлиқ. Нафас олиш жараёни минерал озиқ элементларининг актив ютилиши учун зарурий энергия манбаи ҳисобланади. Илдизларнинг ўсиши ёмонлашганда ва нафас олиш жараёни секинлашганда озиқ моддаларнинг ютилиши кескин камаяди. Илдизларнинг нормал ўсиши ва ривожланиши ҳамда нафас олиш жараёни учун уларга ер устки органларидан энергетик материал фотосинтез жараёни маҳсулотлари доимо келиб туриши зарур. Фотосинтез жараёни сусайганда илдизда ассимиляцияларнинг ҳосил бўлиши ва ҳаракатланиши камаяди, натижада уларнинг ҳаёт фаолияти ёмонлашади ва тупроқдан озиқ моддаларнинг ютилиши камаяди. Ўсимликларнинг илдиздан ташқари озиқланиши Ўсимликларинг озиқланишида бир қисм кул элементлари ва азот уларнинг барглари орқали ютилади, масалан, амиак ва олтингугурт оксиди ҳаводан, тузлар эса ёмғир сувларидан, шунингдек микроэлементлар ҳам. Лекин одатда бундай йўл билан ўсимликларнинг озуқа моддаларга бўлган талабини қондириб бўлмайди. Аммиак, олтингугурт оксидлари ва бошқа озиқ элементлари ҳамда микроэлементлар ҳавода жуда кам бўлади. Илдиздан ташқари ўсимликларнинг озиқланишида тузларнинг кучсиз эритмаларидан пуркаш йўли билан фойдаланишга умид боғланган. Лекин ўсимликларни бундай усул билан озиқлантирилганда яъни уларга кучсиз эритмалар пуркаганда фотосинтез жараёни ва бошқа органик бирималарнинг ҳосил бўлиш жараёнларига салбий таъсир қилар экан. Маълум бўлишича, кўпчилик минерал моддалар, ҳатто, улар кучсиз эритма холида бўлса ҳам ўсимликларнинг баргини куйдирар экан. Шунинг учун азотли ўғитлар орасида илдиздан ташқари озиқлантиришда фақат мочевинанинг эритмасидан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари фақат илдиздан ташқари озиқлантиришдан ўсимликларнинг нормал ўсиб ривожланишига эришиб бўлмайди. Бу усул илдиз орқали озиқлантириш усулига ёрдам тўлдирувчи омил ҳисобланади. Ўсимликларга зарур бўладиган кимёвий элементлар Ҳозирги вақтда илмий билимларнинг ривожланиши шуни кўрсатадики, 20 элемент ўсимликларнинг озиқланиши учун энг зарур элементлар, 12 та элемент шартли зарур элементлар ҳисобланади. 1. H, (Li), Na, K, Cu, (Ag) 2. Mg, Ca, Zn, (Sc, Cd) 3. B, (Al) 4. C, (Si, Ti, Pb) 5. N, P, V 6. O, S, Mo (Cr, Se) 7. Cl, J,Mn (F) 8. Fe, Co, (Ni) Ўсимликларнинг озиқланиши учун энг зарур бўлган элементларсиз ўсимликлар ўзларининг ривожланиш циклларини тўла тугата олмайдилар ва уларни бошқа элементлар билан алмаштириб бўлмайди. Ўсимликларнинг озиқланиши учун зарур бўладиган элементларни микро, макро ва улpтромикроэлементларга бўлиш ҳам мумкин. Ўсимликларнинг турли органларидаги микроэлементларнинг миқдори маълум бир қонуниятга мос ҳолда тарқалган. Маслан, марганец ва молибден ўсимликларнинг баргида, руҳ, бор, кобальт ва мис вегетатив ва генератив органларда, донли экинларнинг донида ва кўпчилик дуккакли экинларнинг вегетатив органларида B кўп миқдорда бўлади. Турли биологик гуруҳларга хос бўлган ўсимликлар микро элементларнинг маълум бир концентрацияларига бўлган талабига қараб фарқ қилади. Ўсимликлар - кимёвий элементларнинг тўпловчисидир Маълумки, кўпчилик қишлоқ хўжалик экинлари ўзларида минерал озиқланиш элементларни тўплаш хусусиятига эгадир. Бундай хусусиятни қишлоқ хўжалик экинларини етиштириш ва маҳсулот олишда ҳисобга олиш лозим, чунки, уларнинг озуқавий қимматини баҳолашда керак бўлади. Ўсимликларда тўпланган элементлар бир қатор физиологик ва биокимёвий жараёнларда иштирок этади. Масалан, молибден дуккакли экинларда тўпланади ва биз биламизки, бу элементлар атмосфера молекуляр азотини боғлашда муҳим роль ўйнайди. Шундай қилиб, минерал озиқланиш элементларни тўпловчи ўсимликлардаги модда алмашинуви ва ушбу ўсимликларнинг минерал элементларни тўплаш қобилияти орасида маълум бир алоқадорлик мавжудлиги кузатилади. Download 31.76 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling