Экспорт салоҳиятини қўллаб қувватлаш борасида фойда солиғи имтиёзлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5587-сонли Фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб товарлар (ишлар, хизматлар) экспорт улуши умумий тушумнинг 15 фоиздан юқори бўлган корхоналарнинг товар (иш, хизмат)лар экспортидан олинган фойдаси солиқ солишдан озод қилинади.
Масалан, “Шарқ” МЧЖнинг маҳсулот сотишдан умумий тушуми 2 500,0 млн.сўм, шундан экспортга сотилган маҳсулотлар ҳажми 1 300,0 млн.сўм, солиқ солинадиган фойдаси 500,0 млн.сўмни ташкил қилган.
Бунда, экспорт улуши 52 % (1 300,0/2 500,0х100%) ни ташкил қилганлиги сабабли корхона юқоридаги имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади ва солиқ солинадиган фойда 500,0 млн.сўмнинг экспортга тўғри келадиган қисми, яъни 260,0 (52 %) млн.сўм фойдаси солиқ солишдан озод этилади. Натижада, 240,0 млн.сўмдан (500-260) 12 % ставкада 28,8 млн.сўм фойда солиғи тўлайди ёки имтиёз натижасида корхона ихтиёрида 31,2 млн.сўм маблағ қолади.
Тўғридан тўғри чет эл хусусий инвестицияси билан боғлиқ бўлган тўловчиларга солиқ солиш Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи ва қонун ҳужжатларида тасдиқланадиган рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ киритилган инвестиция ҳажмидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги солиқлардан озод қилинади: - Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
- Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ
- Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи
- Ягона солиқ тўловини
- Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар
Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар ҳажми қуйидагича бўлганда мазкур солиқ имтиёзлари берилади: - 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача — 3 йил муддатга;
- 3 миллиондан ортиқ АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача — 5 йил муддатга;
- 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда — 7 йил муддатга.
Do'stlaringiz bilan baham: |