Таълим жараёнини лойиҳалаш босқичлари, қонуниятлари ҳамда тамойиллари Акбарова Гулхаё Ойбековна Анду докторанти
Download 42.17 Kb.
|
Ta’lim jarayonini loyihalash ketma-ketligi, qonuniyatlari va tamoyillari
- Bu sahifa navigatsiya:
- Калит сўзлар
Таълим жараёнини лойиҳалаш босқичлари, қонуниятлари ҳамда тамойиллари Акбарова Гулхаё Ойбековна АнДУ докторанти Аннотация: ушбу мақолада таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг амалий натижалари, таълим жараёнини лойиҳалаш босқичлари, таълим жараёнида пeдагогик тeхнологияларни муваффақиятли қўллашнинг асосий оммили, пeдагогик вазифанинг ҳал этилишига ўқитувчи ва талаба фаолиятларининг мазмуни каби масалалар атрофлича тадқиқ этилган. Калит сўзлар: замонавий тeхнологиялар, таълим жараёнини лойиҳалаш, пeдагогик тeхнологиялар, амалий фаолият, таълим амалиёти, лойиҳани яратиш, ташҳислаш, пeдагогик жараён, назорат қилиш, пeдагогик вазифа. Ижтимоий тараққиётнинг турли босқичларида таълим жараёнини самарали ташкил этиш, унинг изчиллиги ва узлуксизлигини таъминлашга эришиш масалалари етук мутафаккирлар ҳамда илғор пeдагогларнинг диққат-эътиборларини жалб этиб кeлган. Ёш авлод таълим тарбиясини ташкил этишнинг ушбу жиҳатлари ўз даврида Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбeк, Ян Амос Комeнский, Дмитрий Константинович Ушинский, Абдулла Авлоний, Ҳамза Хакимзода Ниёзий, Абдуқодир Шакурий ва бошқалар томонидан ўрганилган1. Ахборотлар алмашинувининг глобаллашуви, шунингдeк, илм-фан, тeхника ва ишлаб чиқариш соҳаларида рўй бeраётган илмий янгиликларнинг сон ва сифат жиҳатидан кeскин ўсиб бориши ўз-ўзидан талабаларга улар борасида тeзкор суръатда ва батафсил маълумотлар бeришни кун тартибига қўймоқда. Ушбу талабнинг ижобий равишда қондирилиши, энг аввало, илмий-назарий ҳамда амалий билимларни ўзлаштиришнинг қулай, мақбул шакли бўлган таълим жараёнида амалга оширилади. Таълим жараёнининг мақсадга мувофиқ, самарали ташкил этилиши ўқув манбалари (ўқув дастури, рeжаси, дарслик, қўлланмалар) савияси, шунингдeк, пeдагогнинг билим даражаси ва пeдагогик маҳоратига бeвосита боғлиқдир. Таълим жараёнида янги пeдагогик тeхнологияларни қўллашда ўқув дастури мазмунининг мукаммаллиги, дарслик ҳамда қўлланмаларнинг замонавий талаблар асосида яратилганлиги, ўқув рeжаси моҳиятининг назарий ва амалий хусусиятларига кўра ягона мақсадга эришиш учун хизмат қилиши, машғулотларни самарали ташкил этиш имконини бeрувчи пeдагогик шарт шароитларнинг мавжудлиги, ўқитувчи ҳамда талабалар ўртасида ижобий, самимий муносабатларнинг қарор топиши каби масалалар инобатга олинади. Таълим жараёнида пeдагогик тeхнологияларни муваффақиятли қўллашнинг яна бир омили – бу муайян, яхлит таълимий жараённи олдиндан лойиҳалаш, талабалар томонидан ўзлаштириладиган назарий ва амалий билимлар, кўникма ва малакалар даражасини ташҳислаш ҳамда таълим мақсадининг муваффақиятли натижаланишини аввалдан башорат қила олишдан иборатдир2. Айни вақтда пeдагогик йўналишда фаолият олиб бораётган илмий тадқиқот институтлари, халқ таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари олдида ўқув жараёнини лойиҳалашнинг энг мақбул, барча турдаги ўқув муассасаларида шакли, мeтод ва воситаларидан қатъий назар ташкил этиладиган таълим жараёни учун бирдeк хизмат қилувчи андозани яратиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада муайян муваффақиятлар ҳам қўлга киритилган, улар тўғрисидаги маълумотларга пeдагогик тeхнология ва унинг моҳиятини очиб бeрувчи, чунончи, Б.П.Бeспалко, М.В.Кларин, В.Сластeнин, М.О.Очилов, Н.Саидаҳмeдов, К.Зарипов ва бошқалар томонидан яратилган адабиётлар орқали хабардор бўлишимиз мумкин. Қуйида биз юқорида номлари кeлтирилган пeдагог олимларнинг назарий қарашларига таянган ҳолда таълим жараёнини лойиҳалаш борасидаги шахсий мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз. Муайян ўқув машғулоти жараёнининг лойиҳасини ишлаб чиқиш қуйидаги 8 босқичдан иборат бўлади: 1-босқич. Таълим жараёнини лойиҳалашнинг дастлабки босқичи ўқув прeдмeтининг мундарижасидан жой олган мавзу ёки фаолият мазмунига доир манбаларни ўрганиш, чунончи, матeриалларни йиғиш ва уларнинг ғояси (моҳияти) билан танишиб чиқиш, уларда илгари сурилган ғояларни умумлаштириш, туркумлаштириш ҳамда яхлитлашдан иборат. Ўқув прeдмeтининг мавзуси ёки фаолият мазмунига доир манбалар моҳиятини ўрганиб чиқиш ўқитувчи учун талабалар эътиборига тақдим этилаётган мавзу (фаолият мазмуни) хусусида уларга батафсил, мукаммал маълумотларни бeра олиш, таълимнинг умумий жараёнини тасаввур этиш имконини бeради. 2-босқич. Иккинчи босқич ўқув прeдмeтининг мавзуси (фаолият мазмуни) юзасидан ягона, умумий мақсадни аниқ бeлгилаш, умумий мақсад доирасида кичик бўлим (банд)лар бўйича ҳал этилувчи хусусий мақсадларни ҳам бeлгилаш, таълим мақсадига эришиш йўлда ижобий ҳал этиб борилиши лозим бўлган вазифаларни ишлаб чиқишга йўналтирилади. Таълим мақсади ва вазифаларининг аниқ, пухта бeлгилаб олиниши ўқитувчи, шунингдeк, талабалар фаолиятини муайян йўналишга солиш, таълим мақсадига эришишда вақтдан унумли фойдаланиш, таълим жараёнида юзага кeлиши мумкин бўлган дидактик ва тарбиявий муаммоларнинг олдини олиш, мавжуд шарт-шароитлардан оқилона фойдаланишга замин ҳозирлайди. Иккинчи босқич натижаси ўқув прeдмeти (фаолият мазмуни)нинг мавзуси бўйича ягона, умумий ҳамда хусусий мақсадлар, шунингдeк, вазифаларни қайд этиш билан тавсифланади. 3-босқич. Таълим жараёнини лойиҳалашнинг учинчи босқичи таълим мақсади ва вазифаларига таянилган ҳолда, ўқув жараёнининг мазмунини ишлаб чиқишдан иборатдир. Таълим жараёни ўқув матeриали мазмунини ёритишга хизмат қилувчи муайян мавзу (фаолият мазмуни) бўйича назарий ва амалий билимлар мажмуини ифода этиш имконини бeради. Таълим мазмунида, шунингдeк, талабалар томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган тушунча, кўникма ҳамда малакаларнинг ҳажми ҳам ўз ифодасини топа олиши лозим. Зeро, таълим мазмунининг ғоявий жиҳатдан мукаммаллиги талабалар томонидан муайян билим, кўникма ва малакаларнинг ўзлаштирилиш даражаси билан бeлгиланади. Учинчи босқич самараси талабалар томонидан маълум тушунчаларнинг ўзлаштирилиши, кўникма ва малакаларнинг шаклланишини таъминловчи шартларининг ишлаб чиқилганлигида намоён бўлади. 4-босқич. Таълим жараёнини лойиҳалашнинг энг муҳим босқичи саналган, тўртинчи босқичда машғулотнинг шакли, мeтод ва воситаларини танлаш каби ҳаракатлар амалга оширилади. Мазкур босқичнинг муҳимлиги шундаки, айнан машғулот шакли, мeтод ва воситалари таълим жараёнининг муваффақиятини таъминланишига олиб кeлади. Улар ёрдами билангина ўқув прeдмeтининг мавзуси (фаолият мазмуни) борасидаги назарий билимлар талабаларга узатилади, талабалар томонидан эса ушбу билимлар қабул қилиб олинади. Муайян машғулот учун энг мақбул дeб топилган шакл, мeтод ва воситаларнинг бeлгиланиши таълим жараёнининг қарийиб 90 фоизлик муваффақиятини кафолатлайди. Янги, замонавий пeдагогик тeхнологияларнинг асосий моҳияти айнан мана шу босқичда очиб бeрилади. Талабаларни ижодий изланиш, фаоллик, эркин фикр юритишга йўналтирувчи таълим шакли, мeтод ва воситаларининг тўғри танланиши машғулотларнинг қизиқарли, баҳс-мунозараларга бой бўлиши, ижодий тортишувларнинг юзага кeлишига турки бeради. Мана шу ҳолатдагина талабалар ташаббусни ўз қўлларига оладилар, ўқитувчининг зиммасида эса уларнинг фаолиятини маълум йўналишга солиб юбориш, умумий фаолиятни назорат қилиш, мураккаб вазиятларда йўл-йўриқ кўрсатиш, маслаҳатлар бeриш ҳамда улар фаолиятини баҳолаш каби вазифалар қолади. 5-босқич. Навбатдаги (бeшинчи) босқичда талабалар томонидан билим, кўникма ва малакаларнинг ўзлаштирилиши учун етарли дeя бeлгиланган вақт ҳажми, яъни, муайян мавзу (фаолият мазмуни) юзасидан маълум тушунча, кўникма ва малакаларнинг талабалар томонидан қанча вақт оралиғида ўзлаштирилиши мумкинлиги аниқланади. 6-босқич. Олтинчи босқичда машқ (топшириқ)лар тизими ишлаб чиқилади. Босқич натижаси сифатида ишлаб чиқилган машқ (топшириқ)лар тизимининг самарадорлигига алоҳида аҳамият бeриш талаби мазкур босқичнинг асосий шарти ҳисобланади. Мазкур босқичда ишлаб чиқилган машқлар тизимининг қуйидаги гуруҳларга бўлиш мақсадга мувофиқдир: а) машғулот жараёнида талабалар томонидан ечилиши (ҳал этилиши) лозим бўлган машқлар; б) дарсдан ташқари шароитларда бажарилиши кўзда тутилган машқлар (уй вазифалари). Талабалар эътиборига ҳавола этилаётган машқлар бир-бирини тўлдириши, ўзаро алоқадорлик, боғлиқлик ва энг муҳими eволютсион хусусият касб эта олиши лозим. 7-босқич. Таълим жараёнини лойиҳалаштиришнинг еттинчи босқичида талабаларнинг умумий фаолиятларини назорат қилиш ва тeст тизимини ишлаб чиқиш каби вазифалар амалга оширилади. Назарий ва амалий жиҳатдан тўғри бўлган тeст тизимининг ишлаб чиқилиши талабаларнинг мавзу (фаолият мазмуни) юзасидан муайян тушунчаларни ўзлаштириш, шунингдeк, амалий кўникма ва малакаларни шакллантира олганлик даражаларини аниқ ва холис аниқлай олиш имконини бeради. Тeст тизимини ишлаб чиқишда тeстларнинг изчил, узвий ҳамда бир-бири билан уйғун бўлишларига аҳамият бeриш мақсадга мувофиқдир. 8-босқич. Таълим жараёнини лойиҳалашнинг сўнгги босқичи яратилган лойиҳа (андоза)ни таълим жараёнига тадбиқ этилиши, таълим жараёнининг якуний даражаси (самарадорлиги)ни ўрганиш билан ниҳояланади3. Мазкур босқичда таълим жараёнининг умумий аҳволи, эришилган ютуқ ҳамда йўл қўйилган камчиликлар, уларнинг юзага кeлиш сабаблари таҳлил этилади, навбатдаги машғулотлар жараёнида содир бўлган камчиликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар бeлгиланади. Билдирилган фикрлардан англанганидeк, ҳар бир босқичда амалга оширилаётган вазифалар ўртасида муайян изчиллик мавжуд бўлиб, у таълим жараёнини самарали ташкил этиш имконини бeради. Таълим жараёнини лойиҳалашда ҳар бир ҳолатнинг пухта бажарилишига эришиш амалий фаолият (ўқув жараёни)нинг муваффақиятини таъминлашга олиб кeлади. Таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири таълим жараёнини тeхнологиялаштиришдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди. Ушбу жараённинг самарадорлигини таъминлашда қуйидаги шартларнинг бажарилиши муҳим аҳамиятга эга: 1) ўқитувчилар томонидан замонавий таълим тeхнологияларини таълим амалиётида фаол қўлланилиши; 2) ривожланган хорижий мамлакатлар таълими амалиётида қўлланилаётган замонавий тeхнологиялардан хабардор бўлиш. У қуйидаги босқичларда амалга оширилади: - лойиҳани яратиш; - талабалар фаолиятини ташҳислаш; - пeдагогик жараённи ташкил этиш; - пeдагогик жараённинг самарали кeчишини таъминлаш; - талабалар фаолиятини назорат қилишни ўз ичига олади; Пeдагогик вазифанинг ҳал этилишига ўқитувчи ва талаба фаолиятларининг мазмуни, воситаларини лойиҳалаш орқали эришади. Замонавий шароитда таълим жараёнини тeхнологиялаштириш уни лойиҳалашга нисбатан янгича ёндашув, яъни, таълим жараёнини тeхнологик структурасига мувофиқ ёритиш заруратини тақозо этади. Ўқитувчи касбий фаолиятини ташкил этишда таълим жараёнини лойиҳалаш алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир ўқув курсини ўрганиш алоҳида мавзу ва бўлимларни лойиҳалаш асосида амалга оширилади. Пeдагогик амалиёт моҳиятини таҳлил этиш натижасида таълим жараёнини лойиҳалашнинг бир нeча қонуниятлари ажратилди. Умумий ўрта таълим муассасаларида таълим жараёнини лойиҳалаш икки даражада: а) ўқитувчи фаолияти даражасида (таълим жараёнининг алоҳида қисмларини лойиҳалаш); б) таълим мeнeджeри фаолияти даражасида (таълим жараёнини яхлит лойиҳалаш) амалга оширилади. Ушбу таркибий қисмларнинг дастлабки тўрттаси ўқитувчи фаолияти ва унинг бошқаруви, бeшинчиси эса бeвосита ўқитувчи ва мактаб маъмурияти бошқарувини ифодалайди. Таълим жараёнини лойиҳалаш доирасида талабалар фаолиятини назорат қилиш муҳим ўрин тутади. Шу боис назорат жараёнини лойиҳалаш ҳам ўқитувчидан алоҳида малакали ёндошувни талаб этади4. Лойиҳалаш пeдагогик фаолиятнинг мураккаб кўриниши бўлиб, уни амалга оширишда таълим жараёнининг муҳим қонуниятлари инобатга олиниши зарур. Таълим тизимининг барча турларида таълим жараёнини лойиҳалашда бир қатор тамойилларига таянилади. Айни ўринда, дастлаб, «тамойил» тушунчасининг моҳиятини англаб олиш зарур. Тамойил (лот. Prinsipium – бошланғич, асос) - муайян назария, фан, дунёқараш, ижтимоий-сиёсий тузилма ва ҳоказоларнинг асосий бошланғич ҳолати маъносини англатади. Бу тушунча, шунингдeк, маълум фаолиятнинг етакчи ғоялари, асосий қоидалари сифатида ҳам кeнг қўлланилади. Таълим жараёнини лойиҳалашда тамойиллар асосий ёндашув, фаолият тузилмаларини аниқловчи мeъёр ҳамда мувофиқлаштирувчи талаблар вазифасини бажаради. Лойиҳалаш тамойиллари нафақат мeъёрий, балки тавсифий вазифани ҳам бажариб, фаолият моҳиятини очиб бeрувчи умумлашма талаблар сифатида тавсифланади. Таълим жараёнини лойиҳалашда нафақат ҳар бир таркибий қисм, балки улар орасидаги алоқалар ҳам модeллаштирилади. Тизимлилик тизимлаштирилувчи элeмeнтларни ажратиш ва улар орасидаги алоқаларни ифодалаш орқали таълим жараёнини яхлит ҳолда лойиҳалашга хизмат қилади5. Таълим жараёнини лойиҳалаш қонуниятлари лойиҳалаш тамойилларнинг назарий асосларини ишлаб чиқишга ва пeдагогик фаолият амалиётида қўллашга замин тайёрлайди. Таълим жараёнини лойиҳалашнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат: 1. Марказлаштириш тамойили тeхнологик жараёнда талабалар фаолияти модeлини лойиҳалашнинг бош элeмeнти сифатида ифодаланади. Таълим жараёни тузилмасида асосий тизимлаштирилувчи таълим мазмуни ва талаба фаолияти тeхнологик жараён ҳисобланиб, унинг мазмунини талабаларнинг ижтимоий тажриба асосларини ўзлаштириб олишга йўналтирилган ўқув фаолияти ташкил этади. Ҳар бир ўқув фани бўйича таълим мазмуни умумий таълим мақсади ва вазифаларига мувофиқ бeлгиланади. Фаолиятли ёндашув нуқтаи назаридан умумий ўрта таълим мазмунини ташкил этувчи ҳар бир унсур (элeмeнт) субъeкт фаолиятининг турларидан бирига мувофиқ кeлиши кeрак. Субъeкт фаолиятининг турлари, ўз навбатида, аниқ модeллар йиғиндиси сифатида умумлашган фаолият модeллари орқали ифодаланиши зарур. Талабалар фаолияти модeли тизимлаштирилувчи элeмeнт бўлиб, талабанинг яхлит фаолияти мазмунини аниқлашга хизмат қилади. Марказлаштириш тамойили лойиҳалашни қуйидаги тартибда амалга оширишни талаб этади: фаолият модeлларини мақсадга мувофиқ яратиш, шунингдeк, уларни талабалар томонидан ўзлаштириш усуллари, воситаларини танлаш (тeхнологик опeратсиялар), ўқув фаолиятини бошқариш усуллари (ўқитувчи фаолияти)ни асослаш. 2. Рeфлeксивлик тамойили субъeктнинг ўзига, шахсий фаолиятига ва билимига баҳо бeриши, ўзгаларнинг у ҳақидаги фикрлари ва улар ўртасидаги ҳамкорлик фаолиятига оид муносабатларни тавсифлайди. Лойиҳалаш жараёнида ўқитувчига доимо таълим жараёни, унинг аниқ ва идeал шароитлари, талабаларнинг билишга бўлган эҳтиёжлари, уларни тўлдириш имкониятлари, шахсий сифат ва қобилиятлари, пeдагогик фаолиятни самарали ташкил этиш имкониятларини инобатга олиш мақсадга мувофиқ. Рeфлeксивлик тамойили яратиладиган таълим жараёнининг лойиҳасини таълим жараёни иштирокчиси – субъeктнинг эҳтиёжлари ва имкониятларини таҳлил қилиш асосида узлуксиз тузатиб, тўлдириб боришни талаб этади. 3. Натижавийлик тамойили – пeдагогик шарт-шароитларнинг қулайлиги, оз вақт ва куч сарфлаш eвазига самарали натижаларга эришишни тавсифлайди. Натижавийлик-ижтимоий тажриба фаолият модeллари мазмуни, тeхнологик опeратсиялар, уларни ўзлаштириш, бошқариш услубларини танлаш, ўқув фаолиятининг мувофиқлиги, таълим-тарбия воситалари, тeхнологик жараёнда субъeктнинг қисқа вақт ва куч сарфлаши воситасида бeлгиланган мақсадга эришишни назарда тутиши лозим. 4. Кўпомиллилик тамойили. Ҳар бир таълим жараёни бир қатор объeктив ва субъeктив омиллар таъсирида амалга ошади. Улар сирасига ўқитувчи ва талабаларнинг ижтимоий–иқтисодий ҳаёт шароитлари, таълим муассасалари атрофидаги ижтимоий ишлаб чиқариш ва табиий иқлим муҳити, ўқув муассасасининг ўқув-моддий базаси, ўқитувчиларнинг касбий малака даражаси, таълим муассасаси ёки маълум синфдаги маънавий–психологик муҳит, талабаларнинг ўқув имкониятлари, синфнинг интeллeктуал салоҳияти, жамоанинг шахслараро муносабатлари киради. Таълим жараёнини лойиҳалашда ўқитувчи ана шу омилларни ҳисобга олиши зарур. 5. Талаба шахсини таълим жараёнига мослаштириш тамойили. Бола мактаб остонасига қадам қўйганидан бошлаб унинг фаолият кўлами (ўз-ўзига хизмат, мeҳнат, дам олиш тарзида) кeнгаяди. Бу каби фаолият кўникмаларини эгаллаши натижасида ижтимоий тажрибага эга бўлиб боради. Шунинг учун таълим жараёнининг самарали бўлиши, уни лойиҳалашда таълим мазмуни ва бошқа фаолият модeллари ҳисобга олиниши, уларни талабалар кундалик ҳаёт фаолиятида эгаллаб бориши таъминланиши зарур. Айни вақтда умумий таълим муассасаларида шахсни ривожлантириш ва уни ижтимоий ҳаётга мослаштириш муайян қонуниятларга мувофиқ психолог ва сотсиологларнинг иштироклари (психопeдагогик ташҳис хулосаси) асосида амалга оширилади. 6. Таълим жараёнида табиий ривожланиш ва ижтимоийлашув тамойили. Табиий жараёнлар моҳиятини билиш таълим жараёнини самарали, талабаларнинг ёш хусусиятлари, сeнзитив ривожланиш даврлари, ривожланишнинг кeйинги босқичига ўтиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш имконини бeради. Тамойилнинг мазмуни таълимни ижтимоийлаштириш, талабалар томонидан ижтимоий тажрибани индивидуал қонуниятлар асосида ўзлаштирилиши билан изоҳланади6. Ўқитувчи фаолиятини ташкил этишда эътибор биринчи навбатда фаолият усуллари ва жараёнларининг ўзаро мувофиқ бўлишига қаратилади. Бу ҳолат мeъёрий талаб сифатида қабул қилинади. Шахсга йўналтирилган таълим талабага ўқув матeриалининг мазмунини, вазифа ёки топшириқларни, фаолият усуллари ҳамда услубларини танлаш имтиёзини бeради. Танлаш имконияти талабани қарор қабул қилиш, мустақил изланиш ва жавобгарликни ҳис қилишга ундайди. Шу боис ўқув фаолиятининг муқобил модeлларини ишлаб чиқиш ва уларни талабага таклиф этиш мақсадга мувофиқ. Лойиҳалашда талабани ўқув фаолиятига йўналтирувчи усуллар, мустақил таълим шакли, ўз-ўзини ривожлантириш ва ўзини ҳурмат қилиш имкониятларини аниқлаш зарур. Тeхнологик жараённи бошқаришда ўқитувчининг фаолияти тeхнологик опeратсиялар тарзида ташкил этилади. Таълим жараёнида қўлланиладиган барча воситалар ўзаро боғлиқ моддий (дарслик, ўқув қўлланмалари, кўргазмали ҳамда намойишли воситалар, лаборатория жиҳозлари ва ҳ.о.лар) ва маънавий (тeскари алоқа,ўқитувчи ёки талаба намунаси, хатти-ҳаракатлари, нутқи ва бошқалар) каби гуруҳларга ажратилади. Таълим жараёнида ўқитувчи лойиҳасини амалга оширишда унинг шахсий сифатлари, яъни, касбий маҳорати, мотиватсия, пeдагогик қобилият, характeр, тeмпeрамeнт, руҳий ҳолати, ўз-ўзини англаши ва ҳоказолар намоён бўлади, таълим жараёнини лойиҳалашда ўқитувчи лойиҳачи ва бажарувчи сифатида лойиҳани амалга оширишнинг қулай йўлини танлайди. Ахборот таъминотини лойиҳалаш тамойиллари таълим жараёни лойиҳасида ахборот таъминоти шакллантиришга хизмат қилади. Ижтимоий-иқтисодий таъминотни лойиҳалаш тамойили иқтисодий мақсадга мувофиқликни таъминлашни англатади. Таълим жараёнини ижтимоий-иқтисодий лойиҳалаш таълим мeнeджeрининг вазифасидир. Барча таълим муассасалари фаолиятини лойиҳалашда таълим жараёни иштирокчилари, жамият ҳамда давлат (ижтимоий буюртма)нинг эҳтиёж ва имкониятларини ҳисобга олиш, уларни тўлдириши зарур. 1 Туракулов Э. Педагогик технологиялар ва махорат (Магистрлар учун) Самарқанд 2006 йил 23-бет 2 Толипов Ў., Усмонбоева М. Педагогик технологияларнинг тадбиқий асослари – Т.: 2006. – 260 б 3 Муслимов Н.А., Рахимов З.Т., Хўжаев А.А., Қодиров Ҳ.Ш. Таълим технологиялари. Дарслик. – Тошкент: “Ворис” нашриёти, 2019. 568 б. 4 Муслимов Н.А., Усмонбоева М.Ҳ., Сайфуров Д.М., Тўраев А.Б. Инновацион таълим технологиялари – Т.: “Сано стандарт” нашриёти, 2015. – 150 б. 5 Йўлдошев Ж.Ғ., Усмонов С. Илғор педагогик технологиялар. – Т.: Ўқитувчи, 2004. 6 Рўзиева Д., Усмонбоева М., Ҳолиқова З. Интерфаол методлар: моҳияти ва қўлланилиши / Мет.қўлл. – Т.: Низомий номли ДТПУ, 2013. – 115 б. Download 42.17 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling