Таълим вазирлиги самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти
Суд-бухгалтерия экспертизасини амалга оширишда қуйидагиларни аниқлашга доир масалалар ҳал этилади
Download 1.91 Mb.
|
Аудит УУМ 2022-2023 молия
- Bu sahifa navigatsiya:
- 4-савол. Аудиторлик ташкилотларининг профессионал хизматлари
Суд-бухгалтерия экспертизасини амалга оширишда қуйидагиларни аниқлашга доир масалалар ҳал этилади:
товар-моддий заҳиралар, пул маблағларининг камомади ёки ошиқча чиқиши ва моддий зарар суммалари билан боғлиқ маълумотларнинг ҳаққонийлиги; товар-моддий заҳираларни қабул қилиш, сақлаш, сотиш ва пул маблағларининг ҳаракатига доир муомалаларни расмийлаштиришнинг тўғрилигини; молия-хўжалик фаолиятига доир муомалаларни ҳужжатларда акс эттиришнинг бухгалтерия ҳисоби халқаро ва миллий стандартлари ҳамда бошқа тегишли меъёрий ҳужжатларга мувофиқлиги; тергов олиб борилаётган ишга алоқадор шахслар кўрсатмаларининг бухгалтерия ҳисоби маълумотларига мувофиқлиги; материаллар, тайёр маҳсулотлар, товарлар ва пул маблағ-ларини кирими, чиқими ҳамда ҳисобдан ўчирилишининг ҳужжатлар билин асосланганлиги; ҳисобга олинмай қолган маҳсулотлар ҳажми ва қийматини технологлар, товаршунослар ва бошқа мутахассислар хулосаларини ҳисобга олган ҳолда аниқлаш; фуқаролик судлов ишлари тартибида ҳал этиладиган даъволарга доир суммалар миқдорининг ҳужжатлар билан асосланганлиги; товар-моддий заҳиралар ва пул маблағлари камомади ёки ошиқча чиқиши вужудга келган даврда моддий жавобгар ҳисобланган шахслар, ҳамда экспертиза жараёнида бухгалтерия ҳисоби ва назорат талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланганда, бунинг учун масъул шахслар; моддий зарар этказилишига олиб келган ёки унинг ўз вақтида аниқланишига тўсқинлик қилган, бухгалтерия ҳисоби ва назорат тизимининг камчиликлари. 4-савол. Аудиторлик ташкилотларининг профессионал хизматлари Аудиторлик ташкилотлари мажбурий ва ташаббус тарзидаги (ихтиёрий) аудиторлик текширувларидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонуни ва Н 90-«Аудиторлик ташкилотларининг профессионал хизматлари» номли аудиторлик фаолияти миллий стандарти(АФМС)да кўрсатилган, исталган профессионал хизматларни кўрсатишлари мумкин. Бундай хизматларга қуйидагилар киради: а) бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш ва юритиш б) молиявий ҳисоботни тузиш; в) миллий молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳисоби халқаро стандартларига ўтказиш; г) хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш; д) бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш, режалаштириш, менеджмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан консалтинг хизмати; е) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар ва декларацияларни тузиш; ж) аудиторлик ташкилотлари аудиторлик фаолиятининг миллий стандартларида назарда тутилган бошқа профессионал хизматларни ҳам кўрсатишлари мумкин. Ушбу келтирилган профессионал хизматлар рўйхати кенгайтирилиши ва тўлдирилиши мумкин, аммо ҳозирги кўринишда ҳам аудиторлик ташкилотлари томонидан таклиф қилинадиган хизматларнинг қанчалик хилма-хил эканлигини кўрсатмоқда. Аудиторлик ташкилоти юқори сифатли профессионал хизмат кўрсатишга эришиши учун ўз фаолиятини шундай ташкил этиши керак-ки, унинг иш бажариш ёки хизмат кўрсатишда қатнашаётган ходимлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: ҳалоллик ва ҳаққонийлик; профессионал компетентлилик ва зарур тажриба ҳамда малакага эгалик; профессионал ахлоқ нормаларига риоя қилиш ва белгиланган стандартлар (шу жумладан корхонадаги ҳам) талабларини бажариш; ўз профессионал мажбуриятларини бажариш чоғида ходимларга маълум бўлган ахборотларни махфий (сир) тутиш принципига риоя қилиш ва ҳоказо. Мижоз-корхона раҳбарияти шартнома асосида профессионал хизматлар кўрсатаётган аудиторлар фаолияти устидан жорий назорат ўрнатиши ва кўрсатиладиган хизматлар сифатига таъсир этувчи муаммолар юзага келганда уларга маълум қилиши мумкин. Таъкидлаш, жоизки одатда буюртмачи аудиторлик ташкилотига мурожат қилганида битта эмас, балки бир неча хизматни олишни ҳоҳлайди. Шунинг учун айрим хизмат турларини алоҳида кўриб чиқамиз. а) бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш, қайта тиклаш ва юритиш. Бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш хизмати кўплаб тадбирларни ва аввало узоқ муддатли ҳисоб сиёсатини аниқлаш, бухгалтерлик ҳисобининг шаклини танлаш, техник воситалар мажмуини танлаш, бухгалтерлик хизматининг тузулмасини шакллантириш, ҳужжатлар айланиш графигини ва бухгалтер ходимларнинг хизмат вазифаларини ишлаб чиқиш ва бошқаларни ўз ичига олади. Ушбу тадбирларни ўтказиш натижасида буюртмачи корхонада бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Мазкур хизмат турининг ўзи бир марталик хусусиятга эга бўлиб, янгидан ташкил этилаётган корхоналарда алоҳида аудиторлик ташкилотлари томонидан бухгалтерия (молиявий, бошқарув) ҳисобини ташкил этиш технологиясига талаб жуда катта. Бухгалтерия ҳисобини йўлга қўйиш бўйича кўрсатиладиган профессионал хизматнинг давоми сифатида аудиторлик ташкилоти мижоз-корхона бухгалтерияси учун бўлим бухгалтерларидан тортиб то бош бухгалтер ва молия ишлари бўйича ходимларни танлаши ва ўқитиб бериши ҳам мумкин. Бухгалтерия ҳисобини қайта тиклаш хизмати ҳам маълум давр ичида бажарилади ва бир марталик хусусиятга эга. Ҳисобни қайта тиклаш – анча мураккаб иш бўлиб, у аудиторлик ташкилотининг энг малакали мутахассислари томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси «Бухгалтерия ҳисоби тўғриси-да» ги қонуннинг 7- моддасига мувофиқ ўзининг бухгалтерия хизматига эга бўлмаган ташкилотда бухгалтерия ҳисоби шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия маркази ёки таркибига бухгалтерия субъекти ҳам кирадиган хўжалик бирлашмасининг ҳисобга олиш бўлими томонидан амалга оширилади. Шу муносабат билан аудиторлик ташкилотлари бундай ихтисослаштирилган ташкилот ролини муваффақият билан бажаришлари мумкин. Аудиторлик ташкилоти ўз мижозига ҳисоб юритиши учун ҳисоб сиёсатини ишлаб беради, бухгалтерлик ҳисобининг ишчи счётлар режасини тузади, аналитик счётлар ва ҳисоб регистрларининг таркибини лойиҳалаштиради, ҳисоб юритиш шаклини тавсия этади. Агар мижоз-корхона профессионал хизматлар учун шартнома тузилаётган пайтда зарур ташкилий техникалар – компютерлар, принтерлар, алоқа воситаларига эга бўлмаса, у ҳолда аудиторлик ташкилоти ходимлари ўз мижози учун қулай техник воситаларни танлаш бўйича тавсия бериши ёки танлаб, ўрнатиб ва дастур таъминотини тузиб бериши, ҳамда маълумотлар базасини тўлдиришга доир ишларни бажариши мумкин. Аудиторлик ташкилотининг ходими (ходимлари) мижоз ҳоҳишига кўра бевосита буюртмачининг иш жойида ишлаб, у (буюртмачи) аудиторларни зарур ускуналар билан таъминлаш, иш жойини ташкил этиш ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Агар мижоз-корхона ташкилий техникаларни сотиб олиш учун этарли маблағга эга бўлмаса ёки уни сотиб олишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисобласа, ҳамда аудиторлик ташкилоти ходимлари мижознинг иш жойида ишлашлари учун шарт-шароитлар бўлмаса, у ҳолда буюртмачи дастлабки ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиш бўйича мажбуриятларни тўлиқ зиммасига олади. Дастлабки ҳужжатларни аудиторлик ташкилотига этказиб бериш, ҳужжатларнинг сақлани-шини таъминлаш, компютер ёрдамида ҳужжатларга ишлов бериш, аналитик ва синтетик ҳисоб регистрларини юритиш, дастлабки ҳужжатлар ва тузулган бухгалтерия ҳисоби регистрларини мижозга этказиб бериш ва бошқаларга доир ишларни аудиторлик ташкилоти ўз зиммасига олади. Ҳисоб юритиш ҳисобнинг барча турлари ва участкалари (тўлиқ ҳисоб юритиш) каби, ҳисобнинг алоҳида участкалари ва бўлимлари бўйича ҳам (моддий бойликлар ҳаракатини ҳисобга олиш – агар буюртмачининг омбори унинг марказий офисидан узоқда жойлашган бўлса; меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар ва бошқалар бўйича) амалга оширилиши мумкин. Ушбу профессионал хизмат баёнидан кўриниб турибдики, буюртмачи-корхонада, бухгалтерия хизмати йўқ, натижада ҳисобот тузиш, солиқ декларацияларини тўлғазиш, бухгалтерия ҳисоботлари ва солиқ декларацияларини давлат солиқ инспекцияси (ДСИ) ва бошқа муассасаларда ҳимоя қилишни топшириш мумкин бўлган малакали ҳодими ҳам йўқ. Шунинг учун қоидага кўра, мижоз-корхона бухгалтерлик (молиявий) ҳисоботни тузиш, бухгалтерлик (молиявий) ҳисоботлар ва солиқ декларацияларини давлат солиқ инспекцияси (ДСИ) да ҳимоя қилиш каби хизмат турларини ҳам шартномага киритиши мумкин. б) молиявий ҳисоботни тузиш. Профессионал хизматнинг ушбу тури асосан икки хил бўлиши мумкин. Биринчидан, аудиторлик ташкилоти томонидан бухгалтерлик ҳисобини юритишга доир бажарилган ишлар мажмуининг якунида ҳисобот ҳам тузиб берилиши мумкин. Иккинчи ҳолатда аудиторлик ташкилотининг мустақил иши сифатида яъни буюртмачи томонидан тақдим этилган бухгалтерлик регистрларининг маълумотлари асосида фақатгина ҳисоботнинг ўзи тузиб берилиши ҳам мумкин. Аудиторлик ташкилотлар мижоз-корхонага бухгалтерлик (молиявий) ҳисоботни тузиб бериш билан бирга бюджетдан ташқари фондлар ва статистика органларига топшириладиган ҳисоботларни тузиш бўйича ҳам хизмат кўрсатиши мумкин. в) Миллий молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳисоби халқаро стандартларига ўтказиш. Миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш иқтисодиётни эркинлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Бу ишни муваффақиятли амалга ошириш учун миллий корхоналаримиз молиявий ҳисоботларини хорижий инвесторлар «ўқий оладиган тил»га – молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) га ёки инвестор фаолият кўрсатаётган мамлакатдаги умум қабул қилинган ҳисоб принциплари (масалан, ГААП тизими)га ўтказиш зарур. Бунинг учун аудитор МҲХС ёки инвестор мамлакатидаги ГААП тизимини, уларнинг хусусиятларини ва бизнинг миллий молиявий ҳисоботлар билан қиёсий таҳлилини чуқур билиши зарур. Миллий иқтисодиётимизга инвестицияларни жалб қи-лишдан мақсад фақат ўзаро манфаатларни қондириш эмас, балки инвесторнинг инвестиция объекти ҳисобланган корхона фаолиятига таъсир кўрсатадиган, ўзаро муносабатларни ўрнатишдан иборат. г) Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш масалаларига сўнги йилларда талаб кучаймоқда. Бу шу билан боғлиқки, бир неча йиллар бозор иқтисодиёти шароитида фаолият кўрсатаётган корхоналар, ўзларининг молиявий аҳволига баҳо бериш, иқтисодий барқарорликка эришиш ва маҳсулот (иш, хизмат) ларнинг қайси тури энг кўп даромад (ёки зарар) келтириши ва шу кабиларни билишни истайдилар. Кўпчилик корхоналар (хусусан, кўпчилиги акциядорлик жамиятларига, қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкат хўжаликлари) га айлантирилган собиқ давлат (ёки жамоа корхоналари) иқтисодий ночор ва банкротлик ҳолатида. Аксарият корхоналарнинг иқтисодий хизмат ходимлари бозор иқтисодиёти шароитида молиявий аҳволни, корхона балансининг ликвидлиги ва тўлов лаёқатини таҳлил қилиш, ҳамда молия-хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш билан боғлиқ усулларни билмайдилар, бизнес-режалар тузиш тажрибасига эга эмас. д) бухгалтерия ҳисоби, солиққа тортиш, режалаштириш, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан консалтинг хизмати. Ушбу масалаларга доир профессионал хизматлар: солиққа тортиш бўйича тушунтиришлар (ёзма ва оғзаки шаклда) тайёрлаш, солиқ қонунчилигини бузганлик учун жарима ҳисоб-китоби ҳамда жарима ундиришнинг тўғрилигини (ёки нотўғрилигини) асослаш, дастлабки ҳисобни ташкил этиш, мижознинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан тузиладиган хўжалик шартномалари (битимлари)ни такомиллаштириш каби ишларни ўз ичига олади. Ҳозирги бозор конъюнктурасидан фойдаланиб тезроқ бойлик орттиришни ўйламасдан, корхонани узоқ йиллар давомида жиддий ва барқарор ривожлантиришни мақсад қилиб қўйган тадбиркорлар янгидан тузаётган шартномалари ва битимларини олдиндан экспертиза қилдиришдан манфаатдордирлар. Амалда мажбурий аудиторлик текшируви, кўпинча, йиллик бухгалтерлик (молиявий) ҳисоботлар тузилиб, тасдиқланиб ва ҳатто тегишли органларга топширилганидан сўнг ўтказилади. Қоидага кўра уларга, ҳамда текширув ўтказилаётган даврга тегишли ҳисоб регистрларига ҳам тузатиш киритиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳозирги пайтда профессионал хизматларнинг юқорида қайд қилинган турлари бўйича консалтинг хизматига талаб ошмоқда. Агар мижоз-корхоналар бухгалтерлик (молиявий) ҳисоботларини топширмасдан бурун кансалтинг хизмати бўйича аудиторлик ташкилотига мурожаат қилса, йўл қўйилиб келаётган хато-камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиб, қабул қилинган ҳисоб сиёсатидан четга чиқмасликлари мумкин. е) Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар, ҳисоботлар ва декларацияларни тузиш, уларни солиқ инспекциясига ҳамда бошқа тегишли органларга топшириш кўп ҳолларда бухгалтер учун ноҳуш жараён сифатида кечади. Бунга сабаб бир томондан, мазкур ишнинг мураккаблиги бўлса, иккинчидан, ҳисобот ва декларация топширувчи бухгалтернинг вақтини оладиган-навбат кутиш ҳамда айрим солиқ ходимларининг хушмуомиласизлиги ва шунга ўхшашлар. Бундан ташқари, маълумки, агар давлат статистика органлари ва бюджетдан ташқари фондларга (бандлик хизмати ва ҳ. к) тегишли ҳисобот шакллари топширилганлиги тўғри-сида бухгалтерлик (молиявий) ҳисобот муқовасига белги қўйилмаган бўлса, уни солиқ инспекцияси қабул қилмайди. Бундай барча ишларни яъни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар, ҳисоботлар ва декларацияларни тузиш, ҳамда тегишли органларга топширишни аудиторлик ташкилоти тўлиқ ўз зиммасига олади. Шунингдек, аудиторлик ташкилоти солиқ инспекциясининг текширув далолатномаларини ҳам ўрганиб, агар ноҳақ камчиликлар кўрсатилган бўлса, улар бўйича эътироз хати тайёрлаши мумкин. Ҳисоботларни муваффақиятли топшириш ва ҳимоя қилиш, аудиторлик ташкилоти ҳисоботларни тузишга доир ишларни малакали ва сифатли бажарганлигидан далолат беради, ҳамда профессионал хизмат бозорида унинг обрўсини оширади. ж) Аудиторлик ташкилоти аудиторлик фаолияти билан боғлиқ бўлган тадқиқотлар, маърузалар, семинарлар, амалий машғулотлар ва бошқа шаклдаги тадбирлар ҳам ўтказиши мумкин. Бу мақсадда аудиторлик ташкилоти Молия Вазирлиги давлат солиқ инспекцияси, ва бошқа мутасадди идоралардан тажрибали услубиётчи ва амалиётчи ходимларни, ҳамда олий ўқув юртларидан этакчи профессор-ўқитувчиларни таклиф этиши мумкин. Бу тоифа хизматларнинг бухгалтерларни ўқитиш билан боғлиқ бошқа хизматлардан фарқи, у семинар иштирокчиларидан маълум малака талаб қилади. Аудиторлик ташкилоти ходимлари маъруза ва семинар иштирокчиларига фуқаролик, солиқ ва бошқа қонунчиликларда рўй берган ўзгаришларни, бухгалтерлик ҳисобини юритишга доир меъёрий ҳужжатлар(бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг халқаро ҳамда миллий стандартлари, низомлар, қарорлар, йўриқномалар ва бошқалар)ни шарҳлаб берадилар. Шунингдек, бундай тадбирларда ҳисоб юритиш ва ҳисобот тузишда кўп содир бўладиган хатолар муҳокама қилинади ва семинар иштирокчиларининг саволларига жавоб берадилар. Юқорида келтирилган профессионал хизматлардан ташқари аудиторлик ташкилоти белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби, аудит, молия-хўжалик фаолияти таҳлили, солиққа тортиш бўйича ўқув қўлланмалар ва ўқув-услубий материаллар тайёрлаши ҳамда чоп эттириши мумкин. Бу тарздаги хизматлар, одатда, мазкур масалалар бўйича босмахона, услубий тавсиялар ва бошқа оммабоп адабиётларни ишлаб чиқа оладиган муаллифлар ҳамда таҳририят жамоасига эга йирик аудиторлик ташкилотлари томонидан бажарилади. Шунингдек, аудиторлик ташкилоти мижоз-корхоналарига даврий нашр адабиётлари: «Солиқ тўловчининг журнали», «Солиқ ва божхона хабарлари», «Хўжалик ҳуқуқи», «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» ва бошқаларга обуна бўлишдан тортиб, то компютер учун «ҳуқуқ тизими» ва ҳ. к маълумотларгача бўлган қўлланмаларнинг мақбул тўпламини танлаш бўйича маслаҳатлар ҳам бериши мумкин.
Download 1.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling