Тарихий манбашунослик
Download 1.41 Mb. Pdf ko'rish
|
Manbashunoslik
8.3.5. “Сиёсатнома”
Бу машҳур асар муаллифи Низомулмулк лақабини олган Салжуқийлар давлатида вазир сифатида хизмат қилган йирик давлат арбоби ва тарихчи олимдир. Унинг асли исми Абу Али ал-Ҳасан ибн Али ибн Исҳоқ ат-Тусий (1018-1092 йй.) бўлиб, Салжуқий ҳукмдорлар Султон Алп Арслон (1063- 1073) ҳамда Султон Маликшоҳ I ларнинг бош вазири бўлган ва бу давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида катта рол ўйнаган. У салтанатдаги тарқоқликка барҳам бериш, марказий давлат тузумини мустаҳкамлаш, давлатнинг молиявий ишларини тартибга солиш учун ҳаракат қилган. Шунинг учун унга мамлакатни тартибга солувчи, яъни Низомулмулк номи берилган. Низомулмулк Бағдодда “Низомия” аталмиш мусулмон ҳуқуқ-ақоид мактабига асос солган. “Сиёсатнома” асарининг бошқа номи ”Cияр ал-мулук” (“Подшоҳларнинг турмуши”)дир. Китоб 1092 йили ёзиб тугалланган. У 51 бобдан иборат бўлиб, унда давлат тизими, молиявий ҳисоб-китоб ишлари, қўшин тузулиши, мансаблар ва уларга амалдорларни тайинлаш тартиби, амалдорлар фаолияти муаммолари хусусида фикр юритилади. Асарда Ўзбекистон тарихига оид муҳим ва қимматли маълумотлар бор. Сомонийлар замонида турк ғуломларининг давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, Туркистон хонлари Қорахонийлар саройида хизмат қилувчи ходимларнинг маиший аҳволи, Сомонийлар хизматида бўлган амирлар унвонлари, Хоразмшоҳ Олтинтош (1017-1032) билан Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг вазири Аҳмад ибн Ҳасан ўртасидаги ёзишмалар ана шулар жумласидандир. Асарда, бундан ташқари, карматлар, ботинийлар ҳаракати, Муқанна қўзғолони ҳақида ҳам айрим диққатга сазовор маълумотлар мавжуд. “Сиёсатнома”нинг форсчаси 1931, 1956 йиллари, французчаси 1893 йили, инглизчаси 1960 йили ҳамда русчаси 1949 йили Б. Д. Заходер томонидан чоп қилинган. Китоб ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Download 1.41 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling