Ўтган кунлар": рецептив муаммолар (Иккинчи мақола) Абдулла Қодирий "Ровот қашқирлари" фильмида миллий турмуш


Download 132.81 Kb.
Pdf ko'rish
Sana22.04.2023
Hajmi132.81 Kb.
#1380579
Bog'liq
(Иккинчи мақола



Ўтган кунлар”: рецептив муаммолар (Иккинчи мақола) 
Абдулла Қодирий “Ровот қашқирлари” фильмида миллий турмуш 
манзараларини суратга олишда йўл қўйилган нуқсонларга тўхталаркан, 
бундай ҳоллардан фориғ бўлиш шартини келтиради: “Менга қолса, ўзбек 
давлат киносини чин муваффақиятга олиб борадурған нарса мумкин қадар 
сценария ёзувчиларни ўзбеклардан етишдириш ва ҳозирча бўлса ёвруполик 
сценаристлар ёнига ўзбекларни тиркаб қўйиш, артист ва артисткаларни 
ўзбеклардан тарбиялашдир. Чунки ўзбек турмушини майда-чуйдасигача ўзбек 
боласи билади. Ўзбек бўлмағач ҳар қандай мутахассиснинг ҳам афсона 
кўчасига кириши аниқ ва бу ҳолда “ўзбек киноси”нинг маъноси ҳам 
бўлмас”[1]. Улуғ адиб фикридаги мантиққа кўра, ўзбек турмушини тўлақонли 
бадиий акс эттириш учун “ўзбек турмушини икир-чикиригача билмоқ” талаб 
қилинади, бунинг учун эса “ўзбек боласи” бўлмоқ керак. Ушбу мантиқни 
ривожлантириб, ўзбек турмуши тасвиридаги нуқсонларни кўра олмоқ учун 
ҳам “ўзбек турмушини икир-чикиригача биладиган ўзбек боласи” бўлмоқ 
керак, дейиш мумкин. Шу ўринда бадиий асарни қабул қилишдаги қизиқ бир 
ҳолга диққат қилиш лозим: тасвирнинг миллийлиги ҳақида бирон-бир 
нуқсонга кўзимиз тушгандагина фикр юритамиз, нуқсон бўлмаса, бу ҳақда 
ўйлаб ҳам ўтирмаймиз – худди шундай бўлиши табиийдек, бошқача бўлиши 
мумкин ҳам эмасдек тутамиз ўзимизни. 
Бир қарашда шундай бўлиши табиий ва қонунийдек. Зеро, ўзбек турмушини 
ўзбек адиби ўзбек тилида тасвирлаётган экан, ундаги ҳамма нарса ўзбек 
ўқувчиси учун табиий ва тушунарли бўлиши керакдек. Бироқ бундай қараш 
масалани жўнлаштириш бўлади. Негаки, миллий турмуш деганимиз қотиб 
қолган нарса эмас, у тарихий вақт оқимида муттасил ўзгариб – мақбул деб 
билинган янгиликларни ўзига сингдириб, эскиргани боис кераксиз деб 
топилган нарсалардан фориғ бўлиб боради. Демакки, ота-боболаримизнинг 
турмуш тарзи, ўтмиш ҳаёти манзаралари акс этган асарларни тушуниш учун 
“ўзбек боласи” бўлишнинг ўзи кифоя эмас, бунинг учун муайян билим 
захирасига эга бўлмоқ ҳам керак. Сабаби, шу билим захирасигина сўзлар 
маъносини тўғри тушуниш асосида улардан тўқилувчи матн ортидаги бадиий 
воқеликни тасаввурда тўлақонли жонлантириш имконини беради. Бежиз 
замонавий герменевтиканинг отаси саналувчи Ф.Шлейермахер грамматик 
талқиннинг биринчи қоидасини “Айни нутқда хали аниқлаштиришни талаб 
қилувчи нимаики бўлса, у фақат муаллиф билан илк ўқувчилар учун умумий 
тил соҳасида аниқлаштирилади”[2] тарзида шакллантирган эмас. Равшанки, 


“умумий тил соҳаси” дегани, масалан, “Ўтган кунлар” матнидаги тил 
унсурлари воситасида муаллиф нима деганию романнинг илк ўқувчилари 
нимани тушунганини ўз ичига олади. Яъни “Ўтган кунлар”ни тўлақонли 
тушуниш 
бугунги 
ўқувчи 
“умумий 
тил 
соҳаси”га 
максимал 
яқинлашганидагина мумкин бўлади. Бунга эса ҳамма бирдек қодир эмас, 
демак, чиндан-да “ўзбек боласи” бўлишнинг ўзи кифоя қилмас эканки, буни 
айрим мисоллар ёрдамида кўриб ўтамиз. 
“Ўтган кунлар”да муаллиф ўқувчисини гид мисоли етаклаб, йўл-йўлакай 
кўрсатиб-тушунтирганча қутидор ташқарисидан олиб ўтиб, ичкари ҳовлига 
кирилгач, эътиборни тўрдаги “икки уйнинг орасиға ўлтурган кошинкор ва 
нақшин чорхари айвон”га тортиб, уни “ҳавлининг биринчи мартаба кўзга 
чалинадирған ортиқлиқларидан” деб таърифлайди. Кўриб турганимиздек, бу 
ерда “чорахари айвон” муҳим деталь сифатида таъкидланяпти, у хонадон 
эгасининг давлатмандлигини кўрсатади. Ёзувчи буни – қутидорнинг катта 
давлат эгаси эканини бошқа деталлар билан ҳам таъкидлайди: ташқи 
ҳовлисининг бир томонини эгаллаган ҳужралар тўла мол, уйга “музахона 
туси”ни берган қимматбахо буюм-анжомлар тавсифи, кейинроқ Ҳасанали 
тилидан, Юсуфбек ҳожи тилидан берилган эътирофлар ҳам шунга хизмат 
қилади. Хуллас, бу нарса адиб талқини учун муҳим эканки, қайта-қайта 
таъкидланмоқда. Албатта, романнинг илк ўқувчилари “чорхари айвон”нинг 
нималигини яхши билганлари учун деталь юқорида мазкур функцияни 
бажарган. Ҳозирда-чи, бугунги ўқувчи “чорхари айвон”ни тасаввур қила 
оладими? Афсуски, аксарият ўқувчилар умуман айвонни тасаввур қилар-у, 
лекин “чорхари айвон”ни айнан тасаввур қилолмайди. 
Шу боис ҳам бугунги ўқувчида жумладаги “ортиқчалик” сўзини муаллиф 
назарда тутган маънодан ўзгача, “кераксиз” маъносида тушуниш имкони ҳам 
туғилади. Ҳолбуки, романнинг илк ўқувчилари “чорхари айвон” тўртта хариси 
ўртадаги битта устунда туташадиган катта айвон эканини ҳам, бундай айвон 
қурдириш унча-мунча одамнинг қўлидан келмаслигини ҳам жуда яхши 
билганлар, боз устига, айвон “кошинкор ва нақшин” қилиб қурилганки, 
буларнинг бари уларга қутидорнинг давлатмандлигидан дарак берган. 
Модомики қутидор хонадонидаги бинолар қурилиши ҳақида гап кетди, яна 
бир деталга тўхталмасак бўлмайди. Ёзувчи айтадики, “дарбозанинг 
остонасидан уч-тўрт қадам ичкарига кирилса Бухоро зиндонларидан бирини 
ҳис этилур ва қоронғу йўлакнинг ниҳоятидаги ёруғлиққа томон ошиқилур. 
Қоқилиб-суқилиб йўлак зиндонидан қутилинғач бир улуғ ариқ ёқасиға, 
ўрдадек ҳавлига чиқилур”. Йўлакнинг бу қадар қоронғилигидан ўқувчи уни 


ҳамма тарафидан ёпиқ ва анчагина узун бўлса керак деб тахмин қилади. Сал 
ўтибоқ унинг бу тахмини тасдиғини топади: ёзувчи меҳмонхонанинг ёнидан 
ўтувчи “ичкари ҳавлининг йўлаги ҳам наригисидек усти ва бағри ёпиқ – 
қоронғу” эканини айтади. Ҳозирги ўқувчи ноқулайлик туғдиришдан ўзга 
вазифаси йўқдай туюлувчи бу хил узун ва қоронғи йўлакларнинг нега 
кераклигини тушунмай ҳайрон бўлиши мумкин. Ҳолбуки, бу каби йўлкалар 
миллий шаҳарсозлигимиз учун одатий бўлган. Гап шундаки, эски шаҳарлар 
ҳозиргидек ҳудудни ўзаро деярли тенг кварталларга ажратувчи узунасига ва 
кўндалангига йўналган кўчалардан иборат тарзда лойиҳалаштирилган эмас. 
Шу боис ҳамма ховлилардан ҳам тўппа-тўғри кўчага чиқилмаган: битта-
иккита, гоҳи ундан ҳам кўп ҳовлини ёнлаб чиқиб борилган. Юқоридаги 
йўлакларнинг биринчиси қўшниларнинг иморатини ёнлаб, иккинчиси эса 
қутидор ташқисидаги биноларни ёнлаб боради – иккаласининг ҳам узун 
эканлиги шундан. Йўлакнинг ёпиқлигига келсак, бу шаҳар жойларда ердан
тежаб фойдаланишга интилиш билан боғлиқ. Яъни йўлак устига иморатни 
давом эттирган ҳолда турли мақсадларда фойдаланиш, бошқача айтганда, 
иморатнинг “фойдали майдон”ни кенгайтириш мумкин бўлган. Шу ўринда 
ҳақли бир савол туғилади: шаҳарсозлик маданияти тубдан ўзгарган, унда-
бунда сақланган излари ҳам “голден хауз” ё “сити”лар остида қолиб кетаётган 
шароитдаги бугунги кун ўқувчиси ўша йўлакларни кўз олдига келтира 
оладими? Фикримизча, йўқ. Демак, унинг тасаввуридаги роман бадиий 
воқелиги чала бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, унга тусаввурини бутлашда 
ёрдам бериш, романнинг муфассал изоҳлар билан таъминланган нашрларини 
тайёрлаш зарур бўлади. Ўз-ўзидан равшанки, изоҳлар ёзишга миллий 
шаҳарсозлигимиз, 
меъморчилигимиз 
тарихи 
билан 
шуғулланувчи 
мутахассисларини жалб этиш керак бўлади. Сираси, романда бу каби соҳа 
мутахассислари кўмагига эҳтиёж туғиладиган ўринлар талайгина бўлиб, 
айримларини кўриб ўтамиз. 
Ўқувчисига эллик бир кунлик қамалдан сўнг зафар қозонган Тошкент 
мудофиълари хурсандлигию уруш даҳшатларини бир-бир кўрсатиб бораётган 
адиб “олти газ юксакликда, беш газ кенгликда, икки ёни саккиз газлик қўрғон 
девори билан ўралған, кунботарға қаратиб қурилған Самарқанд дарбозаси 
ёнида” тўхталади. А.Қодирийнинг “Мен бир асар ёзишдан аввал шу ёзмоқчи 
бўлган нарсам ҳақидағи материалларни пухта ўрганиб чиқаман. Мен бирор 
жой ҳақида асар ёзмоқчи бўлсам, ўша жойни аввал неча мартаба кўрганим эса-
да, яна бориб текшириб, яхшироқ ўрганиб келаман. Материални ўрганиш 
маҳалида энг майда нарсаларга (деталларга) ҳам аҳамият бераман”[3] 
деганини эсласак, қўрғон девори саккиз газ баландликда эканини айни ҳақиқат 


деб қабул қиламиз. Дарбозадан ичкарига киргач эса кўрамизки, “мудофиълар 
қўрғоннинг энг юқориғи поғонасида ўзларининг турлик тус ва бичиқдаги 
кийимлари билан қайсилари шашвар тутиб, қайсилари милтиқ ушлаб, қўрғон 
кунгирасига суяниб, бошларини қуёшға бериб ўлтурадирлар”. Ёзувчи айни 
манзарага диққатни қаратгач, “Қўрғоннинг Камолон дарбозасигача бўлған 
қўруқ ўринлари шунингдек мудофиълар билан тўлған”ини таъкидлайди. 
Албатта, илк ўқувчилар орасида бу воқеаларнинг жонли иштирокчиси
бўлмаса-да бевосита иштирокчилари – ўз оталаридан эшитиб билганлар, 
қўрғонни ё лоақал унинг вайроналарини кўрганлар кўп бўлган. Шундай экан, 
улар учун “қўрғоннинг энг юқориғи поғонаси”, “кунгира”, “қўруқ ўринлари” 
сингари тил бирликлари тасвирланаётган манзарани тасаввурида тўла 
жонлантириш учун етарли. Жумладан, худайчи Азизбекнинг келиш хабарини 
бергандан сўнг: “Қўрғоннинг қўруқ ўрнидаги қаҳрамонлар ҳаракатка 
келдилар, юқори қўруқдан бир поғона қуйиға тушиб саф-ясов тортдилар” дея 
тасвирланган жараённи аниқ-равшан тасаввур қилиш учун ҳам. Ҳозирги 
ўқувчи эса бундан қўрғон девори поғонали эканини уқади холос, яъни буни 
бир маълумот сифатида қабул қилади, чунки, илк ўқувчилардан фарқ қилароқ, 
қўрғон девори унинг тасаввурида конкрет чизгилари билан аксланмайди. 
Тўғри, сал илгарироқ, Марғилондаги ўрда қўрғони ҳақида гап кетганида, 
қўрғон деворига оид бир деталь айтиб ўтилган эди: “Ўрданинг ташқариғи 
қисмининг уч тарафи (жануб, шарқ, ғарб) биносиз, фақат қўрғон 
деворларининг зиналари эди”. Яъни ушбу деталь қўрғон деворига чиқиб жанг 
олиб борилиши, демакки, деворнинг энига ҳам шунга мувофиқ равишда 
кенглигини англатади. Хуллас, ўқувчининг қўрғон девори ҳақида билганлари 
қуйидагилардан иборат: 1) баландлиги саккиз газ, 2) қўриқ жойларида махсус 
кунгиралар қилинган, 3) камида икки поғонали, 4) унга ичкаридан зиналар 
орқали чиқилади. Илк ўқувчиларга етарли бўлган бу тафсилотлар ҳозирги 
ўқувчининг қўрғон ҳақида, қўрғон девори ҳақида конкрет тасаввур ҳосил 
қилиши учун етарли эмас (албатта, турли муносабат билан бу ҳақда олдиндан 
муайян билимга эга оз сонли ўқувчилар бундан истисно). 
Модомики асарда акс этган воқелик ўқувчи тасаввурида тўлақонли 
жонланмас экан, асарнинг қабул қилинишида кемтиклик қолаверади. Шу боис 
ҳам бу вазиятда ўқувчига ёрдам бериш, унда зарурий билим захирасини ҳосил 
қилиш керак бўлади. Бу эса айни ўринларнинг муфассал, керак бўлса чизмалар 
билан кўрсатилган изоҳлар билан таъминлашни талаб қилади. Табиийки, 
мазкур ишнинг мактаб ёшида амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлиб, бу 
романнинг “мактаб кутубхонаси” сериясидаги махсус нашрларини чоп 
эттиришни кун тартибидаги муҳим масалага айлантиради. 


[1] Қодирий, А. Диёри бакир. – Т.: Янги аср авлоди, 2007.- Б.379-380 
[2] Шлейермахер Ф. Герменевтика.- СПб: Европейский дом, 2004.- С.73 
[3] Қодирий, А. Диёри бакир. – Т.: Янги аср авлоди, 2007.- Б.391 
Мақолалар – Дилмурод Қуронов 
Post menyusi 

Download 132.81 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling