Тиббиёт институтлари талабалари учун ўҚув адабиёти


Download 1.43 Mb.
bet76/149
Sana26.06.2023
Hajmi1.43 Mb.
#1655967
1   ...   72   73   74   75   76   77   78   79   ...   149
Bog'liq
ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРДА ҲАМШИРАЛИК ИШИ

Клиника. Кўпчилик касаллик белгиларида умумийлик бўлиш билан бирга қанча таъсир қилувчи омиллар (беморнинг ёши, унинг касалликка берилувчанлиги, касалликлардан олдинги ҳолати, вируснинг серотипи, унинг вирулентлиги туфайли гриппнинг кечими турлича бўлиши мумкин. Илгарилари у ёки бу синдромларнинг ортиқлигига қараб гриппнинг неврологик, бронх - ўпка, тифсимон, геморрагик, ичак ва бошқа турлари фарқланган. Касалликни бундай турланиши бизнинг ҳозирги даврда грипп хақидаги тушунчамизга мутлоқо мос келмайди. Амалий жиҳатдан гриппни асоратсиз ва асоратли (асоратларини кўрсатиб) ҳамда енгил, ўрта - оғир, гипертоксик турларга ажратиш мақсадга мувофиқдир. Ташхисни ифодалашда албатта, ҳамроҳ касалликларни ҳам кўрсатиш зарур.
Касалликнинг яширин дари бир неча соатдан 1-2 кунгача, баъзан 3 кунгача чўзилиши мумкин. Касаллик тўсатдан бошланади. Бошқа ЎРК лардан фарқи - грипп тумов белгилари кам бўлган ҳолда заҳарланишнинг кучлилиги билан ифодаланади.
Одатда касаллик совуққотиб, титраш, бош оғриғи билан бошланиб, тана ҳарорати тезда (бир неча соат давомида) 38-40 С гача кўтарилади. Қувватсизлик, эт қақшаши, мушакларда, суякларда, йирик бўғимларда оғриқ кузатилади. Бош оғриғи зўрайиб боради.
Кўпроқ пешона, чакка, қош усти равоғи, кўз олмаси оғрийди. Баъзан бемор нурга қарай олмайди. Кучли заҳарланиш одатда, бош айланиши, баъзан ҳатто ҳушини йўқотиш, қусиш ва геморрагик аломатлар (кўпроқ бурундан қон кетиши) билан кузатилади.
Беморлар аввало бурун битиши, томоқнинг қуриши ва қирилишидан шикоят қиладилар. Касалликнинг 2-3 кунларида кўпчиликка қуруқ йўтал, йўталганда тўш ортида оғриқ ҳамда тумов пайдо бўлади. 3-4 кундан кейин йўталганда балғам келади, тана ҳароратининг энг юқори кўтарилиши ва кучли заҳарланиш белгилари намоён бўлади.

Касалликларнинг 1-2 кунида иситма кузатилади. Касалликнинг асоратланмаган турида иситма А гриппда 1-6 кун, В гриппда эса узоқроқ давом этади. Ҳароратнинг тушиши кескин ёки тезлашган лизис йўли билан содир бўлиб, терлаш билан кузатилади. Иситманинг такрорланиши кам бўлсада у асоратланиш билан боғлиқ бўлади. Юзнинг қизариб бўртиши, юз қон-томирларнинг кенгайиши, кўзнинг ялтираб туриши, конъюнктивит (18-расм), кўздан ёш оқиши кабилар касалликнинг бошланғич белгилари ҳисобланади. Касалликнинг оғир кечимида тери оқаради ва ҳатто бироз кўкаради. Лаблар ва бурун қанотларида герпетик тошмалар, оғиз, томоқ шиллиқ қаватининг қизариши, бодом безларининг бироз катталашуви, қаттиқ ва юмшоқ танглай шиллиқ қаватида майда қон қуйилишлар кўрилади. Аксарият беморларда юмшоқ танглай, айрим ҳолларда тилча шиллиқ қаватида майда донадор энантемалар бўлади (Морозкин белгиси) (19-расм). Томоқнинг орқа деворида шиллиқ қават қуриган ундаги лимфатик фолликулалар катталашганлиги кузатилади.
Касалликнинг 3-4 кунларида томоғдаги қизариш ҳамда шиш сезиларли камайсада бошқа белгилари ҳали сақланади. Бурун шиллиқ қавати кўкимтир, қизарган, шишган бўлади. Касалликнинг 2-3 кунида бурундан бироз сели, кейинчалик шилимшиқ ажралма ажралади. Бактериал флора қўшилганидан кейин эса ажралма йирингли-шилимшиқ тус олади. Пульс тана ҳароратига мос, айрим ҳолларда нисбий брадикардия ёки тахикардия кузатилади, кўпчилик беморларда айниқса, касалликнинг оғир кечимида юрак тонлар сустлашган бўлади. Қон босими аксарият пасайган, жуда оғир кечимида (айниқса болаларда) ҳатто коллапс бўлиши мумкин.
Гриппда овқат ҳазм аъзоларнинг зарарланиши кам бўлади.Иштаҳанинг пасайиши (баъзан мутлақо йўқолиши), тил карашланиши баъзан тилда оғриқ, қабзиятга мойиллик каби аломатлари фақат касалликнинг оғир турларида кузатилади.
Иситма даврида сийдик камаяди, ҳарорат пасайганда эса кўпаяди. Касаллик оғир кечганда сийдикда қон, ҳамда цилиндрлар бўлади.
Грипп вируси токсиннинг вегетатив асаб тизимига таъсири бемор юзининг қизариши, терлаш, пульсининг лабиллиги, бош айланиши, ҳид билишнинг йўқолиши каби аломатлар билан эркин намоён бўлади.
Марказий асаб тизими зарарланиши субъектив заҳарланиш белгилари билан оғир кечимида эса менингиал белгилар билан тиришиш, қон айланиш бузилиши туфайли содир бўлади энцефалопатия, ўчоқли белгилар билан намоён бўлади.
Периферик асаб тизими зарарланганда эса терида гиперстезия, парестезия, плекситлар қовурға оралиғи нерви ва бошқа нервларнинг невралгия белгилари кузатилади. Қонда лейкопения, эозинопения, нисбий лимфоцитоз бўлиб, ЭЧТ ўзгармайди.
Реконвалесцентлик даври бир икки ҳафта давом этиб, бунда астено-вегетатив белгилар (тез чарчаш, жаҳлдорлик, уйқуннг бузилиши, терлаш, пульснинг лабиллиги), асоратларга мойиллик ва сурункали касалликларнинг зўрайиши кузатилади.
Гриппнинг енгил кечиши бироз умумий заҳарланиш белгилари, ҳамда субфебрил ҳарорат (2-3 кун давомида), айрим беморларни юқори нафас йўлининг зарарланиши билан намоён бўлади.
Ўрта оғир турида заҳарланиш ҳамда юқори нафас йўлининг зарарланиш белгилари аниқ намоён бўлади. Иситма даври ўртача 4-5 кун давом этади.
Оғир тури кескин бошланади. Иситма кучли ва узоқроқ давом этиб, заҳарланиш кучли бўлади. Беморда кескин ҳолсизланиш, бош айланиш, уйқусизлик ёки уйқучанлик, иштаҳанинг бутунлай йўқолиши, қусиш, тиришиш, қисқа карахтлик, ҳушнинг йўқолиши, менингиал ва энцефалитик синдромлар, юрак-қон томир фаолиятининг бузилиши каби аломатлар кузатилади. Нафас аъзоларида муқаррар асоратлар содир бўлади (вирусли-, бактериал зотилжам). Аксарият геморрагик аломатлар (бурун қонаши) кузатилади.
Гипертоксик -(чақмоқсимон) турида жуда оғир нейротоксикоз белгилари (мия шиши ва кўпчиши), юрак томир ҳамда нафас етишмовчилиги (ўпканинг ўткир геморрагик шиши) бронхиолит, ҳиқилдоқнинг қисилиши, каби аломатлар биринчи ўринда намоён бўлади. Аксарият, бу синдромларнинг биргаликда содир бўлиши туфайли касаллик оғир кечиб, ўлим билан якунланиши мумкин.
Гриппнинг кам учайдиган атипик турида касалликниг асосий белгиларидан бири (яъни иситма, заҳарланиш белгилари ёки нафас аъзоларининг зарланиши) кузатилмайди.
Вирусларнинг ҳар хил бўлишига қарамай, гриппнинг клиник кечимида деярли фарқ бўлмайди. Бироқ А гриппнинг пандемияси даврида касалликнинг оғир заҳарланиши кечими кузатилади.
Эпидемия даврида касалликнинг ҳамма турлари, эпидемия оралиғида эса кўпроқ енгил ва ўрта оғирликдаги турлари учрайди.
Гриппнинг асоратлари касалликнинг турли даврида ривожланиши мумкин. Улар вируслар ва кўпинча турли хил бактериялар томонидан чақирилади. Гриппнинг энг кўп ва оғир асоратларидан бири зотилжамдир. У турли бактериялар, аксарият стафилококкларнинг қўшилишидан ривожланади. Гриппда бирламчи зотилжамнинг бўлиши охирги йилларда тан олинмаяпти. Кўпчилик шифокорларнинг фикрича, зотилжам барча ЎРК шу жумладан гриппда ҳам кузатилиши мумкин бўлган вирус ва бактериялар биргаликда таъсир қилганда содир бўладиган касалликдир. Зотилжам майда, йирик ўчоғли ва бўлмачали бўлиб, кўпроқ ўнг ўпкада кузатилади. Стафилококкли зотилжамда кўпроқ ўпкада йирингли абсцесс ҳосил бўлади. Зотилжам кўпроқ болаларда, қарияларда ва нафас йўлида сурункали касалликлари бўлган шахсларда ривожланади.
Гриппнинг зотилжам билан асоратланган турида иситма давомли ёки икки тўлқинли бўлади ва кучли ҳолсизлик, терлаш, нафас тезлашиб ҳансираш, балғамли йўтал каби аломатлар билан кузатилади. Уриб кўрилганда ўпканинг яллиғланган қисми устида товуш бўғиқлигини, атрофида эса қутича товушини эшитамиз. Эшитиб кўрилганда қуруқ ва турли катталикдаги нам хириллашлар эшитилади. Кўпчилик беморлар қонида лейкоцитлар кўрсаткичи нормал ҳолларда лейкоцитоз ёки лейкопения бўлган ҳолда лейкоформула чапга сурилган, нейтрофилёз ва ЭЧТ нинг ортиши кузатилади.
Гриппда зотилжамдан ташқари отит, бурун қўшимча бўшлиқлари ва пешона синусларининг яллиғланиши (гайморит, этмоидит, фронтитлар) ва кўпроқ ринит, фарингит, ларингит, трахеобронхит, ангина ва бошқа асоратлар бўлиши мумкин.
Асаб тизими томонидан содир бўладиган асоратлар (менингоэнцефалит, арахноидит, полиневрит, радикулит) баъзан узоқ вақт асаб системаси фаолиятининг бузилиши ва иш қобилиятининг пасайишига олиб келади.
Гриппнинг оқибати кўпинча яхши, бироқ оғир асоратли кечимида ёмон бўлиши мумкин.

Download 1.43 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   72   73   74   75   76   77   78   79   ...   149




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling