Эритмалар классификацияси.
Демак, сувдан эритмалар тайёрлашда фойдаланилади. Бунда моддаларнинг сув билан аралашмалари назарда тутилса, хато бўлади. Сувда эрийдиган моддалар “эриш” ҳодисаси сабабли сувда эриб, эритмалар ҳосил қилади.
Эриш – модданинг эритувчи таъсирида молекулаларга ажралиши.
Ҳамма вақт эриш билан бирга кристалланиш ҳам содир бўлади. Эриш билан кристалланиш бир-бирига тескари жараёнлар бўлиб, бир-бирисиз мавжуд эмас.
Кристалланиш – эриган модда молекулаларининг бирлашиб, эритмадан ажралиши (чўкиши).
Моддаларнинг эрувчанлиги – маълум температурада 100г эритувчида эриб, тўйинган эритма ҳосил қилган эриган модданинг грамм миқдори; одатда эрувчанлик коэффициенти дейилади. Эрувчанлигига қараб моддаларни қуйидагича синфлаш мумкин:
100 г сувда: 10 г ва ундан кўп эриса – яхши эрийдиган
0,001 г дан – 10 граммгача эриса – кам (ёмон) эрийдиган
0,001 г дан кам эриса – амалда эримайдиган турларга бўлинади.
Эритмалар эриган модда миқдорига қараб:
1) Тўйинмаган эритма – айни ҳароратда эритувчининг маълум миқдорида эрувчанлик коэффициентидан кам эриган модда эришидан ҳосил бўлган эритма. Тўйинмаган эритмада эриш тезлиги кристалланиш тезлигидан катта бўлади.
2) Тўйинган эритма - айни ҳароратда эритувчининг маълум миқдорида эрувчанлик коэффициентига тенг эриган модда эришидан ҳосил бўлган эритма. Тўйинган эритмада эриш тезлиги кристалланиш тезлиги билан тенг бўлади.
3) Ўта тўйинган эритма – тўйинган эритмага яна эриган модда қўшиб, ҳарорат секин кўтарилиб тайёрланган эритма. Ўта тўйинган эритмада эриш тезлиги кристалланиш тезлигидан кичик бўлади. Ўта тўйинган эритма беқарор бўлади, озгина механик таъсир натижасида ортиқча эриган модда кристалланиб чўкади ва бу қайта кристалланиш дейилади.
Молекуляр массаси 5000 г/мольдан кичик моддалар эритмаси - кичик молекулали моддалар эритмаси; молекуляр массаси 5000 г/мольдан юқори бўлган моддалар эритмаси – юқори молекулали моддалар(ЮМБ) эритмаси дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |