Тил ва нутқ
Тил ва нутқнинг меъёрлашув ҳодисасига муносабати
Download 28.92 Kb.
|
3 га
Тил ва нутқнинг меъёрлашув ҳодисасига муносабати. Тилнинг инсон учун фикрлаш воситаси бўлишини, моддий асос сифатида хизмат қилишини ҳали биринчи босқич дейишимиз мумкин. Иккинчи босқичда эса фикрлаш натижасида, тафаккур маҳсули реаллашмоғи, яъни фикрлаш маркази бўлган миядан ташқарига чиқиши лозим. Бунда эса тилга бўлган эҳтиёжнинг иккинчи босқичи бошланади - у коммуникатив вазифани бажаришга киришади.
Табиат ва жамиятдаги нарса ва ҳодисаларнинг турли тилларда турлича номланишидан қатъий назар, мана шу жараёнда у инсонлар фаолиятида фикрлаш ва ўзаро ижтимоий муносабат - муомала воситаси, материали бўлиб қолаверади. Аммо тил муомала воситасига айландими, унинг табиий равишда имконият доираси ҳам кенгайиб боради. Энди у нутқ, нутқий жараён қуролига айланади. Бу ҳолни учинчи босқич деб аташ мумкин. Босқичлар сони ортиб боравергани сари тилнинг ижтимоийлик имконияти ҳам тобора кенгайиши маълум бўлиб қолади. Яъни, инсон нутқий фаолиятида коммуникатив вазифани бажараётган тил кўмагида суҳбатдош ёки тингловчига маълум ахборот ҳам етказилади. Демак, тилга бўлган муносабатда тўртинчи босқич юзага келади. Шу ўринда акад.В.В.Виноградовнинг муҳим бир фикрини эсламаслик асло мумкин эмас. У тилнинг учта энг муҳим вазифаси мавжудлигини таъкидлаган эди: алоқа, хабар, таъсир этиш [Виноградов В.В. Стилистика. Теория поэтической речи. Поэтика. – М.,1963, с.6.]. Тил инсонлар ўртасида алоқа воситаси бўлиши, табиат ва жамиятдаги нарса ва ҳодисалар тўғрисида хабар беришдан ташқари суҳбатдош ёки тингловчига маълум таъсир ўтказиш, ҳиссиётини қўзғатиш кучига ҳам эга. Агар бу ҳолатни шартли равишда бешинчи босқич деб атайдиган бўлсак, таъкидлаганимиздек, тилнинг босқичма-босқич такомиллашиб, мукаммалашиб ва имкониятлари ҳам аста-секинлик билан кенгайиб боришини кузатамиз. Тилнинг такомиллашиб бориши ва нутқ жараёнидаги босқичларини таниқли тилшунос олимлар Ҳ.Неъматов ва Р.Расуловлар систем тилшунослик «тил-меъёр-нутқ» тарзида ажратишини таъкидлашиб, қайд қиладиларки, «Тил бевосита кузатишда берилмаган. У жамият аъзоларининг онгида мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси учун тайёр, умумий, мажбурий бўлган, фикрни шакллантириш ва уни ифодалашга хизмат қиладиган бирликлар ва уларнинг ўзаро муносабатлари ҳақидаги тасаввурлар йиғиндиси сифатида қаралади. Меъёр тушунчасига тил нуқтаи назаридан муносабат билдиришдан аввал талабаларга 1- курсда танишилган баъзи бир тил атамаларини эслатиб ўтиш мақсадига мувофиқ бўлади. Бу, энг аввало, тил ва нутқ тушунчалари, улар ўртасидаги диалектик, чамбарчас алоқа масаласидир. Айтилганлардан англашилаяптики, тил ва нутқ тизимида меъёр ҳам ўз ўрнига эга. Бинобарин, тил материал сифатида нутқ жараёнида хизмат қила бошлаган лаҳзаларданоқ уни меъёрлаштириш жамоа, жамият эҳтиёжига айланган, меъёрий муаммолар кун тартибига қўйилган. Мана шу ўринда юқорида номлари тилга олинган олимларимизнинг қуйидаги фикрларини келтириш муҳим: «Меъёр таърифида «жамият (ижтимоий) томонидан белгиланган, аниқланган қонуниятлар ва имкониятлар» тушунчаси мавжуд. Бу тушунча қуйидаги изоҳларни талаб этади. Биринчидан, тилнинг моддий томони ҳақидаги бизнинг тасаввуримиз нутқда юзага чиқар экан, у қандай шакл ва кўринишда воқеланиши жамият томонидан муайян меъёрлар билан белгиланган бўлади. Масалан, «бу ёққа кел» тушунчасини имо-ишора билан ифодаламоқчи бўлсак, кўрсаткич бармоқни ёки қўлни ишора қилинаётган кишидан ўзимиз томон ҳаракатлантиришимиз лозим. Оғзаки нутқда эса жамиятимиз томонидан қабул қилинган махсус товушлар тизмаси мавжуд бўлиб, биз уларни талаффуз этишимиз - айтишимиз шарт. Айтилганларнинг барчаси меъёрнинг таркибий қисмларидир. Шунга кўра тил имкониятлари меъёр дарчасидан ўтиб, нутқда юзага чиқади» [Неъматов Ҳ., Расулов Р. Юқоридаги асар, 27-бет]. Жамият тараққиёти билан баб-баравар аҳоли сони, бинобарин, уларнинг тилга бўлган эҳтиёжи ҳам ўсиб бораверади. Бу эҳтиёжларни қондириш зарурати эса ўз навбатида тилнинг ижтимоий ҳодиса сифатидаги табиатини, моҳиятини, вазифасини ўрганишни тақозо қилади, нутқ жараёнидаги истеъмолда бўлиш хусусиятларини кузатишни келтириб чиқаради. Агар мана шу айтилганларни бошқачароқ тарзда изоҳлаш мумкин бўлса, тил ва нутқ меъёрини ўрганиш, таҳлил қилиш кузатувчиларнинг асосий муддаосига айланиб қолади. Тил элементларининг маълум бир меъёрга келтирилиши, бир томондан, тил мутахассислари томонидан бошқариб борилса, иккинчи томондан, табиий равишда ҳам юз беради. Аммо, фикримизча, бир нарса маълум - тилнинг амалда бўлиш ҳолатларига тазйиқ ўтказиб бўлмайди. Лекин тегишли йўл-йўриқлар, кўрсатмалар, тавсиялар берилиб борилиши зарур. Бу меъёрий тавсияларнинг қанчалик ҳаётий эканлигини эса амалдаги нутқий жараённинг ўзи белгилайди. Иккинчидан, ана шу меъёрий ҳужжатларсиз, йўл-йўриқларсиз ҳам тил ва нутқ ривожини тасаввур этиб бўлмайди. Қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги Қонун буни яққол исботлади. Кейинги йилларда тилимиз ривожи, тараққиёти ва нутқ маданиятида юз берган ўзгаришларни нафақат ўзбек тили мутахассислари, балки шу тилда сўзлашувчи барча инсонлар, ҳатто республикамиз ҳудудида яшовчи она тилиси бошқа бўлган кишилар ҳам кузатиб, билиб, эришилган ютуқларни эътироф этиб туришибди. Шу билан бир қаторда, ўзбек тили ва нутқи маданияти учун олиб бораётган ишларимиз талаблар даражасида эмаслигидан, бизни қаноатлантирмаётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Хулоса шу бўладики, бу борадаги ишларимизни изчил ва доимий ҳолатга келтиришимиз керак. Биз Президентимиз И.А.Каримовнинг «Маънавият ва маърифат» жамоатчилик маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги Фармонидан ҳам жиддий имконият сифатида фойдаланиб, бу шарафли вазифани йўлга қўйиш ишига ҳисса қўшишимиз лозим. Аммо бу ўринда биз нимага эътиборимизни қаратишимиз лозим? Назаримизда, тил ва нутқнинг ушбу кўринишларининг фарқли ва умумий, афзал ва мушкул жиҳатларига, пайдо бўлиш даври ва имкониятларига. Шунда ҳам бу жиҳатларга адабий меъёр нуқтаи назаридан муносабат билдирилиши тўғри бўлади. Шу маънода тил ва нутқнинг оғзаки шакли вақт нуқтаи назаридан ёзма нутққа қараганда анча илгари пайдо бўлганлиги, ундаги меъёрлашиш жараёнининг стихияли тарзда кечганлигини таъкидлаш жоиз. Бунинг устига ўзбек тилидаги диалект ва шеваларнинг кўплиги, уларнинг бир-биридан баъзан жиддий фарқ қилиши тилнинг оғзаки меъёри ҳақида мулоҳаза билдиришни ниҳоятда чигаллаштиради. Шунинг учун ҳам проф. Ф.Абдуллаев адабий тилнинг қонун-қоидаларини, меъёрларини белгилашда бу хусусиятни ҳисобга олмаслик кутилган натижани бермаслигини таъкидлаган эди [Абдуллаев Ф. Ўзбек миллий адабий тили ва уни ўрганишга оид масалалар // «Нутқ маданиятига оид масалалар» тўплами. – Тошкент, 1973, 43-бет]. Ҳарқалай, ҳозирги даврда бизга тилимизнинг меъёрини белгилаб берувчи, уларни ўзлаштириб олишимизга, кўникма ҳосил қилишга ёрдам берувчи оммавий ахборот, бадиий адабиёт сингари кучли воситалар ҳам борки, уларни, айниқса, бадиий адабиёт намуналарини, ана шу маънода ўзига хос кўзгу дейиш мумкин. Чунки уларнинг тилни қамраш имкониятлари бошқа манбаларга нисбатан кенгдир. Шунинг учун ҳам тил ва нутқ маданиятидаги ҳақиқий аҳволга, вазиятга баҳо берувчи, мавжуд камчиликларни танқид қилувчи, уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатувчи чиқишлар оммавий ахборот воситалари орқали олиб борилиши ва бу масъулиятли вазифани амалга оширувчи шу соҳа ходимларига, журналистларга, адибларга таяниб иш кўрилиши лозим. Ўзбек давлатчилигининг шаклланиши ҳамда халқимизнинг дунё фани ва маданиятида, бинобарин, тил ва нутқ маданиятида тутган ўрни, эгаллаган мавқеи ҳақида сўз юритганда бу халқнинг неча минг йиллар давомида фойдаланиб келган оромий, юнон, карошта, суғд, хоразм, кушон, эфталит, паҳлавий, сурия, ҳинд, урхун (руник), уйғур, араб, лотин, рус (кириллица) ёзувларини ва яна лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтаётганлигимизни эслаш кифоя. Шундай экан, ўзбек адабий тилининг шаклланиши, шубҳасиз, ўзбек халқи асрлар давомида фойдаланиб келган ёзув маданиятининг такомили ҳамдир [Каримов С.А. Тил таълими ва меъёр. Ўқув қўлланма. – Тошкент: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2002. - 267 б.]. Download 28.92 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling