Тошкент молия институти эгамов Э.,Аллаберганов З. Г.,Джуманов Д
Қадимги Шарқдаги иқтисодий фикрлар
Download 0.78 Mb.
|
ИҚТИСОДИЙ ТАЪЛИМОТЛАР ТАРИХИ
- Bu sahifa navigatsiya:
- «Месопотамия»
- Эшнунн подшоҳи қонунлари (м.о. ХХ аср.) ва Хаммурапи қонунлари (м.о. XVIII аср.)
- «Авесто»
2. Қадимги Шарқдаги иқтисодий фикрлар
Кишилик жамиятининг дастлабки даврларидан бошлаб хўжа-лик юритиш тўғрисида у ёки бу кўринишдаги иқтисодий фикрлар амал қилиб келган. Лекин ўша пайтдаги иқтисодий фикрлар тўғрисидаги маълумотлар бизнинг давримизга етиб келмаган. Чунки уларни авлодлардан-авлодларга, асрлардан-асрларга олиб ўтувчи восита – ёзув бўлмаган. Демак, иқтисодий фикрларнинг пайдо бўлиши ва шаклланиши ёзув билан бевосита боғлиқ. Ёзув қачон пайдо бўлган? Ёзув бундан олти минг йил аввал, милоддан тўрт минг йил олдин ўша даврнинг маданият ўчоғи ҳисобланган Месопотамияда ижод қилинди. Қадимги грек тарихчилари ҳозирги Ироқдаги Дажла ва Фурот дарёларнинг оралиғидаги жойларни «Месопотамия» деб атаган. Бу грекча сўз бўлиб, «икки дарё оралиғи» маъносини билдиради. Дажла ва Фурот дарёлари ҳозир-ги Туркия чегарасидан бошланиб, шарқ томон оқиб Форс кўрфазига қуйилади. Бу икки дарё атрофидаги жойларнинг тупроғи унумдор, суви кўп бўлиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жуда қўл келарди. Айни замонда икки дарё водийсининг жанубий қисмидаги асосий маҳаллий халқ шумерлар бўлиб, энг дастлабки ёзувни ўшалар яратган. Дастлабки ёзув ижод қилингандан кейин, Миср ва Қадимги Шарқдаги халқлар тарих тилига кира бошлади. Демак, ўша даврдан, яъни Қадимги Дунё – қулдорлик давридан бошлаб дастлабки иқтисодий фикрлар шакллана бошлади. Кўхна Бобил иқтисодий фикрлари. Қадимги Шарқда анча ривожланган давлатлардан бири Бобил бўлган. Унда хусусий мулкчилик ва товар-пул муносабатлари нисбатан тез ривожлана бошлади. Жамиятдаги кишилар борган сари кўпроқ товар айир-бошлашга жалб қилинарди. Уларнинг баъзилари судхўрлар тўрига илиниб, хонавайрон бўлди ва қулларга айланди. Тўла ҳуқуқли бўлмаган (қарам) кишилар қатламининг анча кўпайиб бориши вужудга кела бошлади. Ҳарбийлар ва солиқ тўловчилардан ажралиб қолишга олиб келувчи бундай жараён давлатни заифлаштирган. Жамиятдаги эркин кишиларни судхўрлардан ҳимоя қилиш мақса-дида (уларнинг мулкини ҳимоя қилиш, савдо, ижара ва бошқа шартларини қонуний равишда расмийлаштириш) хусусий, ҳуқуқий муносабатларни давлат томонидан тартибга солиниши зарурияти кучайди. Давлат бу вазифаларни қонунчилик йўли билан ҳал қи-лишга уринган. Бу борада иқтисодий фикрлар нуқтаи назардан Эшнунн подшоҳи қонунлари (м.о. ХХ аср.) ва Хаммурапи қонунлари (м.о. XVIII аср.) анча диққатга сазовор. Эшнунн қонунлари матни асосий маҳсулотларга қатъий баҳо ўрнатишдан бошланади: “1 гур (ўлчов бирлиги, баъзи маълумот-ларда 300, баъзиларда эса – 252,6 л. тенг) арпа (сотилиши керак) 1 сикль (8,4г) кумушга … 3 ка (1 ка 0,84 л. тенг) биринчи сортли ёғ (сотилиши керак) 1 сикль кумушга, 1 сут (5 л., баъзи маълумот-ларда – 8,4 л.) ва 2 ка кунжут ёғи (сотилиши керак) 1 сикль кумушга …” ва бошқалар кўрсатилган. Биринчи параграфда арпа, ёғ, тери, туз, мис ва бошқаларнинг кумушдаги нархи ўрнатилган (маҳсулотлар шундай миқдорда олиниши керакки, уларнинг қий-мати 1 сиклга тенг бўлсин); иккинчи параграфда ҳар хил турдаги ёғнинг арпадаги нархи кўрсатилган. Демак, асосий умумэквивалент сифатида арпа бўлган. Бунинг устига, ушбу эквивалентлар ўртасида қатъий мувофиқлик ўрнатилган. Биринчи навбатда арпанинг кумушда ифодаланган нархининг кўрсатилиши тасодифий эмас. Қатъий нархнинг ўрнатилиши қонун тузувчиларга ёлланма ва ижара ҳақи даражасини, жарима миқдорини, фоиз меъёрини тарбия учун тўлов ва бошқаларни аниқлаш имконини беради. Йиллик фоиз меъёри кумушда 20 % ва донда 33 1/3 % ташкил этган. Шу нарсани қайд қилиб ўтиш керакки, Қадимги Мисрда ҳатто кейинги даврларда (X–VIII аср м.о.) судхўрлик фоиз меъёри тез-тез 100 %гача кўтарилиб турган. Эски Бобилдаги унча кўп бўлмаган фоиз меъёри давлатнинг нафақат мамлакат хўжалиги ҳаётига арала-шувидан далолат беради, балки товар-пул муносабатларининг анча ривожланганлигини ҳам акс эттиради. Қадимги Миср иқтисодиёти Яқин Шарқдагига нисбатан анча натурал бўлган. Демак, подшо қонунлари товар-пул муносабатларининг ривожланишида ижобий роль ўйнаган. Қадимги Бобилда Хаммурапи (м.о. 1792–1750 й.) подшолик қилган даврда тайёрланган қонунлар тўплами анча обрў қозонган.У нафақат бир қатор қадимги ҳуқуқ меъёрларини қайта ишлаб чиққан, балки милоддан аввалги XVIII асрга қадар Қадимги Месопотамияда таркиб топган ижтимоий-иқтисодий муносабат-ларни ҳам тартибга солишга ҳаракат қилган. Қонун матни кириш қисмдан, ҳозирги таснифлаш бўйича 282 моддани ўз ичига олган асосий қисмдан ва хулосадан иборат. Унда хўжалик ҳаётига оид иқтисодий фикрлар ҳам акс эттирилган. Шу нарса диққатга сазоворки, бир гуруҳ моддаларда Бобил фуқаро-ларининг мулкини ҳимоя қилиш, ижара, судхўрлик ва ишга ёллаш масалалари кўриб чиқилган. Қонундаги асосий нарса Бобил фуқароларининг мулкини ҳимоя қилиш ёки шундай шароит яратишдан иборатки, унда “кучлилар кучсизларни суриб чиқармасинлар”. Бунда асосий эъти-бор сарой, ибодатхона мулкини ҳамда бобиллик фуқаролар ва давлат хизматчиларининг, биринчи навбатда, ҳарбийларнинг мулкини ҳимоя қилишга қаратилган. Хаммурапи қонунларида уларнинг улуши (ерлари) сотилиши ман этилади. “Сипоҳ ёки солиқ тўловчига тегишли бўлган дала, уй, боғ, – дейилади қонунда, – кумушга сотилиши мумкин эмас”. Бундан ташқари, қонунда ўз мамлакати ташқарисида қул сифатида сотиб олинган бобиллик фуқаролар ўз ватанига қайтгач, эркинликка эришиши зикр этилган. Қонунда судхўрлар зўравонлигига қарши қаратилган модда-лар ҳам мавжуд. Ҳосил кам бўлган пайтларда қарзларни тўлаш муддатини бир йилга чўзишга рухсат берилган (қўшимча фоиз тўловисиз). Хаммурапи қонунларида судхўрлар ўз ҳолича, қарздор-ларнинг рухсатисиз қарз эвазига уларнинг ҳосилини тортиб олиши ман этилган. Улар қатъий равишда пулдаги (20%) ва натурал шаклдаги (33% 1/3) фоиз меъёрини аниқ белгилаб берган. Хаммурапи кодексида тутқунларга нисбатан ёмон муносабат-да бўлгани учун судхўрларни ҳатто жазолаш (шу жумладан, қонуний йўл билан ҳам) кўзда тутилган. Судхўрликнинг кенг ривожланишига тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан бири қарздорлик учун қуллик муҳлатининг уч йил билан чекланишидир (тўртинчи йили унга эркинлик берилиши лозим бўлган). Бироқ судхўрликка қарши қонунчиликда изчиллик бўлмаган. Хусусан, қарздорни озод этишда уни ишлаб чиқариш ёки яшаш воситалари билан таъминлаш назарда тутилмаган. Ҳеч қандай воситаси бўлма-гач, озод этилган қарздор яна қайтиб судхўрга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Хаммурапи қонунларида ёлланма муносабатларни тартибга солишга катта эътибор берилган. Унинг жуда кўп турдаги шакл-лари кўриб чиқилган бўлиб, ҳатто ёлланма меҳнат учун тўлов миқдори ҳам аниқ қилиб кўрсатиб берилган. Асосий мақсад ишлаб чиқаришни, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, меҳнатсиз даро-мад топишга қарши курашиш бўлган. Умуман, хусусий мулкчилик, шу жумладан, ерга бўлган хусусий мулкчилик тан олинган. Бировнинг хусусий мулкига кўз олайтирган, унга зарар етказган-лар иқтисодий жиҳатдан жазоланган. Шундай қилиб, эски Бобил подшолиги қонунларида давлат тартиблашининг ва аҳоли иқтисодий фаолиятини назорат қилиш-нинг турли шакллари кўзда тутилган. Улар реал иқтисодий жараён-ларга, товар-пул муносабатларини ривожланишига, фуқаролар мулкини ҳимоя қилишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Шу билан бирга бу қонунлар Осиёдаги бошқа мамлакатларда иқтисо-дий фикрларнинг ривожланишида катта роль ўйнади. «Авесто»даги иқтисодий фикрлар. Қадимги Марказий Осиё халқлари (аждодларимиз) милоддан анча илгари ривож топган. Буни дунёдаги энг қадимий динлардан бири – Зардуштийлик дини-нинг муқаддас китоби ҳисобланган «Авесто» ҳам исботлайди. Олинган маълумотларда «Авесто» китобининг муаллифи Зардушт (м. ав. 589–512 й.) бўлганлиги қайд этилади. У Марказий Осиё ҳудудида фаолият кўрсатган илоҳиётчи, файласуф, шоир ва табиат-шунос олим бўлган. «Авесто» бошидан охиригача ер юзида адолат қарор топиши учун кишиларнинг рангидан, тилидаги ва урф-одатларидаги фарқларидан қатъи назар уларнинг рўшноли ҳаёти учун курашув-чи жасур, ҳалол, пок инсонларни шакллантириш ва тарбиялаш ғояси билан суғорилган. Унда халқларнинг қадимги даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, диний қарашлари, олам тўғрисидаги тасаввурлари, урф-одатлари, маънавий маданиятлари ўз аксини топган. «Авесто»да Ер думалоқ шаклда яратилганлиги, унинг атрофи океанлар билан ўралганлиги ҳақида ёзилган. Унда 16 мамлакатнинг номи кўрсатилган бўлиб, улардан тўққизтаси (масалан, Суғдиёна, Марғиёна, Нисоя, Гургон, Варана ва бошқалар) Марказий Осиё ҳудудида жойлашган. «Авесто» шаклланиши даврида кишилик жамияти янада ривожлана борди. Кўчманчиликка асосланган Марказий Осиёда эски турмуш тарзи ўрнини ўтроқ яшаш эгаллай бошлади, суғори-ладиган деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик борган сари тараққий этди. Янги-янги шаҳарлар, обод қишлоқларнинг пайдо бўлиши ўтроқ яшаш турмуш тарзининг афзалликларини кўрсата борди. Ана шу ўтроқлик турмуш тарзининг одамларга бениҳоя кулфатлар кел-тираётган кўчманчиликка асосланган турмуш тарзига нисбатан аф-залликларини кўрсатиб беришда «Авесто»нинг аҳамияти каттадир. «Авесто»да: «… ерга яхши, соғлом уруғлар сепишдан ортиқ савоб иш йўқ…» дейилиб, халқ хўжалиги соҳасида деҳқончиликнинг муҳим аҳамият касб этиши кўрсатиб берилади. «Олам гўзаллиги деҳқондан, деҳқончиликдан, кимки ерга уруғ қадабдики, у одамийликка иймон келтиради, ягона шу йўлгина ҳақиқат бўлиб, қолгани саробдир», –дейилади унда. Қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш, уни жамоа ўртасида адолатли тақсимлаш энг савобли ишлардан ҳисобланган. Асарда озиқ-овқат тайёрлаш, уй ҳайвонларини ва чорва молларини кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор берилган. «Авесто»да ер, сув, ҳавони булғаш, ифлослантириш оғир гу-ноҳ ҳисобланади. Бундай ибратли тасдиқлаш бугунги авлодларни ҳам табиатга, атроф-муҳитга асло вахшиёна муносабатда бўлмас-ликка чорлайди. Китобда ижтимоий-иқтисодий муаммолар акс эттирилган ҳолда шундай дейилади: «Ёмон овқатланган халқ на яхши, кучли ишловчиларга ва на соғлом бақувват болаларга эга бўлади… Ёмон овқатланишдан одоб-аxлоқ ҳам айниб кетади. Агар нон мўл-кўл бўлса, муқаддас сўзлар ҳам яхши қабул қилинади». Бу ерда биз соғлом авлод тўғрисида, иқтисодий ва маданий, маънавий юксалиш ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжудлиги тўғрисида фикр юритил-ганлигини кўрамиз. Ўша даврда айтилган бундай фикрлар, аждод-ларимиз Қадимги Дунё маданиятида юқори ютуқларга эришган-лигидан далолат беради. Бу ноёб китобда патриархал уруғ жамоаси ҳақида, унинг тугатилиши даврида иқтисодий тенгсизлик, синфий табақаланиш ҳақида қимматли маълумотлар берилади. Демак, «Авесто» милод-дан аввалги IX–VII асрлар ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий, маънавий ҳаёт ҳақида ғоят муҳим маълумотлар берувчи бебаҳо обида, халқимизнинг меросий бойлигидир. Download 0.78 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling