429-модда. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга давомийлиги камида ўттиз календарь кундан иборат йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган вақтида фойдаланиши мумкин.
Агар йиллик меҳнат таътили берилаётган иш йили ходимга ногиронлик белгилангунига қадар ва белгиланганидан кейинги даврларни ёхуд мазкур ходимнинг ногиронлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси томонидан олиб ташлангунига қадар бўлган даврни ва олиб ташланганидан кейинги даврни қамраб олса, йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ногиронлик белгиланган даврдаги ва ногиронлик юзага келгунига қадар ёки ногиронлик олиб ташланганидан кейинги иш даврига мутаносиб равишда ҳисобланади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимни йиллик меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
430-модда. I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимнинг иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш ҳуқуқи
Иш берувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда ҳар йили давомийлиги ўн тўрт календарь кунгача бўлган таътил бериши шарт.
431-модда. Иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш тегишли касб ва лавозимлардаги ходимларга тўлиқ иш вақти давомийлигидаги миқдорда амалга оширилади.
26-боб. Ходимнинг иш берувчи билан меҳнатга оид алоқаси хусусиятига ва ўз меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойига боғлиқ ҳолда меҳнатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
1-§. Ўриндошлик асосида ишловчи шахсларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари
432-модда. Ўриндошлик асосида ишлаш тушунчаси
Ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг ўзининг асосий ишидан ташқари алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир.
Ўриндошлик асосидаги иш ходим томонидан ўзининг асосий иш жойида (ички ўриндошлик) ёки бошқа иш берувчида (ташқи ўриндошлик) бажарилиши мумкин.
Ўриндошнинг асосий иш жойи, ушбу иш тўлиқ ёки тўлиқсиз иш вақти шартлари асосида бажарилишидан қатъи назар, ходимнинг меҳнат дафтарчаси юритилаётган иш берувчидаги ишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |