Тут шинисининг дармондорилик хусусиятлари


Download 43 Kb.
Sana08.03.2023
Hajmi43 Kb.
#1250905
Bog'liq
Ҳудойбердиева

ТУТ ШИНИСИНИНГ ДАРМОНДОРИЛИК ХУСУСИЯТЛАРИ


Д.С.Ҳудойбердиева
Қарши давлат университети, Қарши ш., Ўзбекистон.
Аннотация: мақолада тут ҳамда тут шиннисининг шифобахш хусусиятлари, баъзи бир касаликларни даволашда ишлатилиши ва уни тайёрлаш технологияси тўғрисида маълумот берилган.
Калит сўзлар: тут, тут шиниси, офтоб шинниси марварид тут, шотут, шифобахш хусусияти.
Аннотация: в статье приведены сведения о лечебных свойствах шелковицы и тутовой патоки, ее применении при лечении некоторых заболеваний, технологии ее приготовления.
Ключевые слова: тутовник, тутовая патока, шелковица, шелковица жемчужная, шелковица, лечебные свойства.
Annotation: the article provides information on the medicinal properties of mulberry and mulberry molasses, its use in the treatment of some diseases, and the technology of its preparation.
Key word: mulberry, mulberry holly, sun holly, pearl mulberry, mulberry, medicinal properties.
Ҳозирги кунда турли кимёвий қўшимчаларсиз озиқ-овқатларни топиш анча мушкул. Бу борада саломатликка фойдалилиги жиҳатидан халқимиз азалдан тайёрлайдиган егуликларга етадигани йўқ. Шулардан бири – шинни. Айниқса, сўнгги йилларда шакарнинг зарарлари маълум бўлгач, унинг аҳамияти янада ортди. Эрталаб истеъмол қилинадиган икки қошиқ шинни вужуднинг кундалик кальций, темир, магний ва витаминларга эҳтиёжини қондиради. Тут шинниси астма ва бронхитга даво бўлади, совуққа чидамлиликни оширади, спортчиларга катта қувват беради, ёш организмнтнг ривожланишига ёрдам беради, ақлий қувватни кучайтиради.
IX-X асрларда яшаб ўтган Абу Мансур тут шиннисини юқори нафас йўллари хасталикларида йўтал қолдирувчи ва шамоллашга қарши даво ўрнида ишлатишни тавсия этган. Машҳур табиб Ҳусайн Шерозий эса ўз асарларидан бирида «Тут шинниси одам танасида тоза қон пайдо қилади, мияга қувват беради, аъзолардаги тиқинларни очади, жигар ва талоқнинг иш фаолиятини яхшилайди, пешоб ҳайдовчи ҳамдир», дея таъкидлаб ўтган.
Абу Али ибн Синонинг «Тиббий ўгитлар»ида тут ҳақида шундай ёзилади: «Нордон тут оғиз ва томоқ шишларини қайтаради, унинг барги томоқнинг икки томонидан чиққан шишларга фойдалидир. Нордон тут баргининг суви билан оғиз чайилса, тиш оғриғига даво бўлади. Тутнинг ҳамма хилини овқатдан олдин ейиш керак, шунда улардан меъдага зарар етмайди».
Юртимизда тутнинг турли навлари ўсади. Балхи, хасак, оқ, шотут шулар жумласидан. Тут пишиғида катта мато тутилиб, қоқилади ва қўни-қўшниларга тарқатилади. Тут шинниси таркибида қандлар, органик кислоталар, ошловчи моддалар, баргида эса каротин, эфир мойи, микроэлементлар, углеводлар, холин, аминокислоталар бор. Абу Али ибн Сино оқтут баргини ангина, қуритилмаган барг ширасини эса тиш оғриғида тавсия қилган. Мева шираси билан оғиз ва томоқдаги шишларни, дизентерия касаллигини даволаган ҳамда сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатган. Халқ табобатида оқтут шинниси иситма чиққанда, ичак касалликларида, қонни тозалашда ишлатилади. Тут пўстлоғи (қайнатмаси ва кунжут ёғида тайёрланган суртма дори) яраларни даволашда ҳамда балғам кўчирувчи, сийдик ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади. Барг қайнатмаси киши шамоллаб, иситмалаб қолганда ҳароратни пасайтирувчи дори ҳисобланади. Оқтут ҳақида халқимиз жуда чиройли ўхшатиш қилиб, «марварид тут» деб таърифлайди. Дарҳақиқат, оқтут худди марварид доналарини эслатади.
Бронхитда қўлланиши: 800 г шакар 1 л сувга солинади ва қайнатилади, шакар эриши кутилади, сўнгра тут ва 1 та лимон шарбати қўшиб, қайнатилади. Беш дақиқадан кейин оловдан олинади ҳамда 1 ош қошиқдан 5-6 маҳал ичилади.
Климаксда қўлланиши: 1 кг янги тут ёки ярим кг майизи 0,5 л сувда паст оловда 30 дақиқа қайнатилади. Қайнатмадан тутни олиб, яна сувга аралаштирилади ва 30 дақиқа қайнатилади. Сувни тўкиб ташлаб, тут биринчи қайнатмадаги сув билан яхшилаб аралаштириб, 300 г асал қўшилади. Оловга қўйиб, аралаштириб қайнатилади ва хона ҳароратида совитилади. Овқатланишдан 1 соат кейин 1 чой қошиқдан ичилади. 
Камқонлик, подагра, қандли диабетда: янги тутни яхшилаб эзиб, қориштирилади, сўнгра 2 ош қошиғи 1 стакан қайнаган сувга солинади. Термосда 4 соат тиндирилиб, кунига тўрт маҳал, овқатланишдан олдин 1/4 стакандан ичилади.
Юрак порогида: ҳар куни 4-5 маҳал, овқатлангандан сўнг 250-300 г тут ейилади. 3-4 ҳафтадан сўнг шифоси сезила бошлайди. 
Ич кетиши, дизентерия, энтероколитда: 2 ош қошиқ майдаланган тут 1 стакан қайнаган сувда 4 соат тиндирилади, сузиб олинади. Кунига 3-4 маҳал, овқатланишдан олдин 1/4 стакандан ичилади (ич кетганда хом тут қайнатмаси ҳам яхши).
Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак ярасида: тут шарбати тайёрланади ва кунига 3 маҳал ярим стакандан ичилади. Парадонтоз, стоматитда оғиз тут шинниси билан чайилади. Абу Али ибн Сино шотут билан оғиз, томоқдаги шишлар, дизентерияни даволаган, уни сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатган. Халқ табобатида шотутни чилонжийда билан қўшиб, дифтерия ва скарлатина даволанади. Оғиз бўшлиғида яралар пайдо бўлса, шотут қайнатмаси билан чайиш керак. Тожик халқ табобатида шотут майизини ва янги териб олинганини асосан қандли диабетни даволашда ишлатадилар. Шотутнинг озиқлиги кам, аммо у иштаҳани очади, иситмани туширади. 
 «Марварид» шинниси. Оқ тут қоқиб олиниб, хасчўпларидан тозаланади. Сўнгра эзиб шарбати олинади. Ўртача оловда қуюлгунча қайнатилади. Тайёр тут шинниси қорамтир ёки тўқ қизил тусда бўлади.
«Офтоб» шинниси. Тутни эзиб шарбати олингач, саёзроқ сирли (ёки чинни) идишга солиб, офтоб тиғига қўйилади. Бир неча кундан сўнг суви буғланиб, шарбати қуюқлашади. Чанг тушмаслик учун устини дока билан ёпиб қўйинг. Тут шиннисини салқин жойда узоқ вақтгача сақлаш мумкин.
Адабиётлар:

  1. Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлар” (Уч жилдлик сайланма). (Тузувчилар: У. Каримов, Ҳ. Ҳикматуллаев). Тошкент.; А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1993.- 304 б.

  2. Қурбонов Ш.Қ. Овқатланиш маданияти (монография). – Тошкент: Маънавият, 2005. – 208 б.

Download 43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling