Ҳудуд табиати ва унинг таркибий қисмларини жой номларида акс этиши ҳАҚида хакимов Кошкар Махкамович
Download 98 Kb.
|
Хакимов К.М., Каримов И.Э., Балтабаев О.О
- Bu sahifa navigatsiya:
- Асосий қисм.
Ишнинг мақсад ва вазифалари. Тадқиқот ишининг асосий мақсади ҳудуд табиати ва унинг таркибий қисмларини жой номларида акс этиши ва уларнинг тадрижий ривожланиш даврида содир бўлган ўзгаришларнинг ҳудудий жиҳатларини тадқиқ қилишдан иборат. Тадқиқот давомида қуйидаги вазифаларни бажариш назарда тутилган: 1) табиат ва унинг таркибий қисмларини географик номларда акс этишининг топонимик таҳлили; 2) жой номларининг шаклланишида табиий географик омилларнинг ўрни ва уларнинг тадрижий ривожланишини ўрганиш; 3) табиий ва антропоген ландшафт турлари билан боғлиқ номлар таҳлили; 4) соҳага оид илғор илмий ғояларни тарғиб қилиш.
Асосий қисм. Маълумки, ҳар қандай жой номи муайян тарихий даврда, маълум табиий муҳитда пайдо бўлади ва ҳудуднинг табиий-географик хусусиятларини аниқ акс этади ва қимматли маълумотларни ўзида сақлайди. Ўзбекистон топонимиясининг ҳам асосий хусусиятларидан бири, табиий-географик омиллар асосида шаклланган, яъни ҳудуд табиий ланшафти ва унинг таркибий қисмлари бўлган, релеф шакллари, ўсимлик ва ҳайвонот олами билан боғлиқ номларнинг кўплигидир. Таъкидлаш жоизки, гарчи табиий шароит минтақа халқлари ҳаёти ва хўжалик фаолиятида муҳим аҳамият молик бўлса ҳам, улар билан боғлиқ номлар ҳозиргача жуда кам ўрганилган. Қозоқ терминшунос олими Г.К.Конкашпаевнинг ёзишича, кўчманчи чорвадор халқларнинг турмуш тарзи ва хўжалик фаолияти табиий ландшафтнинг компонентлари ҳисобланган релеф шакллари, сув манбалари, иқлими, ўсимлик қоплами, овлаш мумкин ёки чорваларига хавф соладиган йиртқич ҳайвонлар билан бевосита боғлиқ. Дарҳақиқат, турли манбаларни топонимик маълумотлар билан қиёслаб минтақа топонимияси ўша ҳудуд табиий ландшафтини ўзида акс этади дейиш мумкин. Табиий ландшафт ва унинг инсон фаолияти таъсирида ўзгарган қисми бўлган географик ландшафтдан мажмуали ва оқилона фойдаланиш муаммоларини тадқиқ қилиш ҳамда антропоген омиллар таъсирида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни олдиндан башорат қилиш муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Ана шундай амалий мақсадларни кўзлаб олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларида топонимика фани ва унинг ўрганиш объекти бўлган географик номлар ёрдамидан фойдаланиш яхши самара беради. Чунки кишилар табиий ландшафтлар ва уларда содир бўлаётган ҳар қандай жараёнларни доимо кузатиб боришади ва ижтимоий эҳтиёж туфайли атрофидаги географик объектларга ном беради. Шунинг учун, жой номларининг катта қисми табиий-географик омиллар асосида шаклланган бўлиб, уларда географик ландшафтнинг турли таркибий қисмлари ҳақида аниқ маълумотлар мужассам. Қадим замонлардан буён инсонлар яқин атрофдаги табиий шароит, табиий-географик жараёнлар ва ҳудуд ландшафтларининг ўзига хос хусусиятларини кузатиб бориб, географик объектларни бир-биридан фарқлаш мақсадида уларга ном берганлар. Хусусан, чорвадор халқлар томонидан табиий географик объектларга берилган номлар, ҳудуд ландшафтининг ривожланиши ва унинг динамикасини аниқ акс этган. Чунки кўчманчи чорвадор халқларнинг турмуш тарзи шуни тақоза қилган. Улар учун яйлов ва ундаги ўсимликлар тури, озуқабоплиги, сифати, кам-кўплиги, сув манбаларни яқинлиги каби омиллар муҳим аҳамият касб этган. Бинобарин, кўпинча географик объектлар номида табиий жараёнлар билан боғлиқ бўлган аниқ маълумотлар мужассам. Эътиборли томони шуки, кишилар географик объектларни номлашда ҳудуддаги фойдали ўсимлик ва ҳайвонот турларини аниқ белгилашга ҳаракат қилишган. Шунинг учун, маҳаллий халқ томонидан географик объектларга берилган номларнинг маъно-мазмунини аниқламасдан, ўсимлик ва ҳайвонот олами турларидан мақсадли фойдаланиш ва табиатнинг ҳудудий қонуниятларини тушиниш анча қийин бўлади. Таниқли географ олим Ю.Аҳмадалиевнинг ёзишича, “жойнинг ландшафт тузилиши ва хусусиятларини билдирувчи географик номлар таркибида дашт сўзи кенг тарқалганлиги билан ажралиб туради. Одатда дашт - “обод қилинмаган, сувсиз чўл” га нисбатан қўлланадиган географик терминдир. Табиий географияда дашт табиат зонаси деб чўлга нисбатан шимолда жойлашган, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига нисбатан бойроқ бўлган ҳудудга айтилади. “Дашт” сўзи билан Дашти Қипчоқ, Қарши Дашти, Даштобод, Дашт маҳалла, Дашт Пандигон, Дашт Тегирмон, Дашт Чўлпон, Дашт Ҳасан, Ўқчидашт, Ғанидашт каби жой номлари юритилади”. Олимнинг хулосасига кўра, “ҳудуднинг ўзига хос табиий географик хусусиятларидан рельеф, иқлим, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан боғлиқ бўлган топонимлар мазкур табиий объектларнинг ўтмиши ва ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот (информация) беради, географик номларнинг асосий вазифаси бўлган адреслик функциясини тўғри бажаради. Бундан ташқари бу номлар ўзлари каби узоқ вақт ўзгармасдан сақланиб туриши, жамиятда уларни ўзгартириш, қайта номлаш учун вақт ва маблағ сақлаш зарурати йўқлиги билан аҳамиятлидир”. Маълумки, ижтимоий эҳтиёж сабабли кишилар ҳудуд табиати ва ундаги ўзгаришларни доимо кузатиб бориб, уларга муносабат билдиришган. Айниқса, ҳаёт тарзи табиат ва уларни ўраб турган атроф-муҳит билан бевосита боғлиқ бўлган халқлар табиий-географик объектларни номлашга алоҳида эътибор беришган. Хусусан, чорвадор халқлар учун, асосий озуқа манбаи бўлган ўсимликларни ўсадиган жойини аниқлаб номлаш муҳим ҳисобланган. Бу турдаги географик объектлар кўпинча озуқабоп ўсимликлар номи билан аталган. Масалан, Янтоқли, Жусанди, Бетагали, Шувоқли каби топонимлар ушбу ҳудудларда чорва моллари учун озуқабоп ўсимликларни қайси бир турини кўплигидан дарак берса, улар орқали чорвачиликнинг қайси соҳасини ривожлантиришга қулай имкониятлар мавжудлигини аниқлаганлар. Чорва моллари учун асосий озуқа манбаи бўлган ўсимлик турлари ҳамда чўл ҳудудида муҳим гидронимик объект бўлган қудуқлар ном танлашда дарак берувчи вазифасини бажарган. Мутахассислар топонимлар ёрдамида ландшафтнинг табиий компонентлари бўлган рельеф шакли, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тарқалиш ареали ва ривожланиш босқичларини аниқлаш мумкинлигини аллақачон исботлаганлар. Маълумки, инсон қадим замонлардан бошлаб ўсимликларни ўрганиш, ареалини аниқлаш, фойдали хусусиятларини инобатга олиб, улардан меъёрида фойдаланишга ҳаракат қилган. Масалан, Андижон, Тошкент, Жиззах вилоятлари топонимияси таркибида Бетага, Бетагали, Бетагалисой каби жой номлари учрайди. Бетага - майда ўт, маҳаллий халқ унинг чорва учун озуқабоб ўсимлик эканлигини билган ҳолда ушбу жойларга шундай ном берган. С. Қораевнинг ёзишича, бетага дашт ва яйловларда ўсадиган майда ўт, уни руслар типчак дейишади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бетага ўсимлигига ажойиб таъриф берган. «Андижонда бу ўтни бутка дерлар, важҳи тасмияси маълум эмас эди, бу вилоятларда маълум бўлди. Бу ўт бута-бута чиқар учун уни бутака дерлар эмиш». Бу ўт ҳақиқатдан ҳам тўп-тўп бўлиб ўсади ва уни айниқса йилқи яхши кўради, бетагали яйловда юрган бия яхши семиради, қимизи ёғли ва ёқимли бўлади. Табиий ландшафт компонентларидан яна бири тупроқ ҳисобланади. Инсониятнинг ҳаёт кечириш муҳитини ташкил этувчи омиллардан бири бўлган тупроқ доимо кишилар диққат марказида бўлган. Шу билан бирга, тупроқнинг умумдорлиги, таркиби, тури, ранги каби хусусиятлари ҳам муҳим аҳамият касб этган. Шунинг учун, тупроқларнинг айрим диққатга сазовор хусусиятлари жой номларида ўз аксини топган. Ўзбекистон топонимияси таркибида Жўш, Жўша, Жўшали, Жўши каби жой номлари учрайди. Масалан, Фориш тумани ҳудудида жойлашган қишлоқлардан бирининг номи - Жўшали. Маҳаллий халқ кайназой эрасининг учламчи даврида пайдо бўлган қизил тупроқни жўш деб атайдилар. Айтишларича, қадимда бундай тупроқларни майдалаб чақалоқларга сепки (пудра) сифатида фойдаланишган. Жўша деган қизил бўёқ ҳам бўлган (русча, сурик). У кулолчиликда сопол идишларга қизил ранг ва нақш бериш учун ишлатилган. Маҳаллий халқ тилида жўш деб аталадиган қизил тупроқлар кўп бўлган ҳудудда пайдо бўлган қишлоққа Жўшали номи берилган. Иқлим ҳам табиий ландшафт компонентлардан бири ҳисобланади. Инсон ўзи яшайдиган жой иқлими ва об-ҳаво хусусиятларига бефарқ бўлмаган, ундан иқтисодий-ижтимоий фаолиятида самарали фойдаланишга ҳаракат қилган. Мутахассисларнинг ёзишича, иқлим ва метеорологик шароитлар билан боғлиқ номларнинг пайдо бўлиши учун, улар аниқ бир ҳудудни ифодалаши шарт эмас. Шуниси диққатга сазоворки, топонимияда бу гуруҳга тегишли номлар кенг тарқалган бўлса ҳам, аммо улар орасида метереологик терминлар анча кам. Бу ҳолатни табиий метеорологик жараёнларнинг давомийлиги (динамикаси) билан боғлаш мумкин. Бундай табиий ҳодиса ва жараёнларни жой номи сифатида шаклланиши учун, кишилар томонидан узоқ ва бардавом кузатилиши ёки уларнинг доимий ва барқарор ҳодиса эканлигини аниқ билиши керак. Дунё картасида Шамолли ва Шамолсиз ороллар (Марказий Америкада), Курил ороллари (Россияда) - айн қабиласи тилида «тутун», «булут» дейилган, Виндхук шаҳри номининг маъноси (Намибия пойтахти) - «шамолли довон», Нуакшот (Мавритания пойтахти) -«шамолли жой», Боро-Дала дашти (Муғулистон) - «шамолли водий» каби иқлим ва об-ҳаво хусусиятлари билан боғлиқ номлар учрайди. Жанубий Америкадаги Чили давлатининг номи маҳаллий араукано ҳиндулари тилида «совуқ», «қиш» деган маънони беради. Текисликда яшовчи араукано қабиласи қор билан қопланган баланд Анд тоғлари чўққиларини шундай аташган. Эквадор давлати гербида тасвирланган Чимборасо вулкани номи таркибидаги расо сўзи, маҳаллий ҳиндулар тилида «қор» маъносини ифодалайди. Гвиана ясси тоғларининг энг баланд жойи Неблина (Сера-Неблина) тоғи маъноси - «туманли», Келантан штатининг (Малайзия) номи, малая тилида «чақмоқ, яшин» - (ҳақиқатдан ҳам ёмғирлар фаслида кучли бўрон ва чақмоқлар кузатилади). Гавай оролларидаги вулканларнинг бирига Вайлелеале (тўла сув) номи берилган, бунга эса вулкан жойлашган тоғ этакларига ёғадиган катта миқдордаги ёғингарчилик сабаб бўлган. Бу жой дунёдаги энг кўп намлик тушадиган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ҳимолайнинг жанубий ёнбағридаги машҳур серёмғир ҳудуд Черрапунжа - «жилғалар қишлоғи» деган маънони англатади. Баланд тоғларга кўпинча, об-ҳаво ёки ёғин турлари билан боғлиқ бўлган номлар берилган. Масалан, Ҳимолай - дунёдаги энг баланд тоғ тизмаларидан бири. Санскритча хима - «мангу қор», алайя - «макон», яъни мангу қорлар макони, Кавказ - «қорли тоғ» ва ҳоказо. Туркий халқларда ҳам баланд тоғларни шу тарзда номлаш одати бўлган: Музтоғ, Музтоғота (Хитой), Муздара, Музбел, Совуқдара (Ўзбекистон) ва бошқалар. Африканинг энг баланд Килиманжаро (суахили тилида, климангаро - «муқаддас тоғ», «совуқлик худоси») тоғининг тепаси ҳамиша қор ва муз қоплаб турганлигидан маҳаллий халқ тоғни муқаддас билиб унга сиғинган. Иқлим ва метеорологик шароитлар билан боғлиқ топонимлар қаторига Ажал водийси - Шимолий Америкадаги энг иссиқ жой, маҳаллий шошон ҳиндулари тилида Томеша - «оёқ остида ёнаётган ер», иқлимини ҳаддан ташқари иссиқлигига ишора ёки Ҳиндистондаги Сринагар - «қуёшли шаҳар», каби метафорик - мажозий номларни ҳам киритиш мумкин. Исландия - давлат ва орол номи. Оролни кашф қилган норманларга қишда балиқ овлашга музлар халақит берган. Оролда йил давомида қорни кўп ёғиши ҳамда, ҳудудининг кўп қисми музлар билан қопланганлиги боис, унга Исландия (норвег тилида, айс - «муз», ланд - “ер”), яъни музлар ўлкаси номи берилган. Австралия аборигенлари ҳаётида иқлим шароитлари ва ҳодисалари кўпинча муҳим аҳамият касб этганлиги туфайли бу гуруҳга тегишли номлар анча кенг тарқалган. Иқлим ва обу-ҳаво хусусиятларидан огоҳлантирувчи номлар ҳам мавжуд. Улар кўпинча сайёҳлар ва денгизчилар томонидан янги жойларни кашф этиш вақтида берилган. Масалан, португалиялик денгизчи Бартоломей Диаш 1488 йили узоқ саёҳатдан кейин Африка қитъасининг энг жанубий нуқтасига етиб борган. Узоқ ва хатарли йўлни босиб келган Б.Диаш, жанубий Африкада кучли тўфонларга дучор бўлади ва йўлида учраган биринчи бурунга Sabo Tormentoso - «Тўфонлар бурни» деб ном беради. Португалия қироли Жуан II, бой ва афсонавий Ҳиндистонга йўл очиш илинжида, кейинча бурун номини Sabo da Boa Esperanza - «Яхши Умид бурни» деб ўзгартирган. Иқлим билан боғлиқ географик терминлар ҳам кўп ва улар жуда қадимий. Кишилар қадимдан табиатга, ундаги иқлимий ўзгаришларга зеҳн солиб, кузатиб келишган ва шу орқали деҳқончилик тақвимларини тузишган. Халқ географик терминлари тадқиқотчиси М.Миракмалов маълумотларига кўра, иқлим билан боғлиқ бўлган халқ географик терминлари қаторига ангқизоқ, аёз, бешқўноқ, булдуруқ, булут, гармсел, жала, жилтир, музчопқун, шабнам, ют каби кўплаб географик терминларни киритиш мумкин. Масалан, қиш кунлари ҳаво илиб қорлар эришни бошлаган пайтда, совуқ оқим келиши натижасида ҳўл қор муз бўлиб қотиб қолади. Халқ орасида бундай табиат ҳодисасини ют ёки шовуш деб аташади. Яйловда боқиладиган чорва моллари учун жуда хавфли ҳисобланади. Ёмғир аралаш қор ёғиб, шамол эсиб туриш ҳодисаси - чопқун ёғин деб аталган. Иссиқ шамол - гармсел, совуқ шамол - сардсел, ёғинсиз чанг бўронли қаттиқ шамол - қорадовул дейилган ва ҳоказо. Ҳар қандай ҳудуд табиатининг ажралмас таркибий қисмларидан бири сувдир. Ўрта Осиё жумладан, Ўзбекистон шароитида маҳаллий аҳоли сув танқислигини инобатга олиб, катта-кичик сув ва сув объектларни алоҳида-алоҳида номлашган. Шунинг учун гидронимлар сони кўп ва улар анча қадимий топонимлар ҳисобланади. Ўзбекистондаги сув объектларни ифодалайдиган гидрономик терминларга сой, кўл, ариқ, арна, булоқ, саға, ўзек, солма, жап (ёб), қудуқ кабилар мисол бўлади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида кўл термини-индикатори ёрдамида кўплаб номлар яратилган. Гап шундаки, Орол денгизи қуришидан олдин республика ҳудудида 150 ортиқ кўл бўлган. Гарчи кўлларнинг кўпчилиги қуриб қолган бўлса ҳам, аммо уларнинг номи одамларнинг хотирасида ва хариталарда сақланиб қолган. Ҳозирги кунда республиканинг қирқдан ортиқ аҳоли пунктлари номлари таркибида кўл термини учрайди. Адайкўл, Туркманкўл, Қоракўл, Қўнғироткўл ва бошқалар. Таҳлилларга кўра, фойдали қазилма бойликлари мавжуд бўлган минтақаларда уларнинг номи билан аталган ойконимлар кўп. Чунончи, туз конлари топилган ҳудудларда Галле (Германия, келт тилида ҳала - «туз»), Залцбург (Австрия, немис тилида - «туз шаҳри»), Шаҳритуз (Тожикистон - «туз шаҳри»), Солигорск, Соликамск (Россия, рус тилида - «туз шаҳри») каби ойконимлар мисол бўлади. Ҳозирда қазиб олинаётган ер ости бойликлари ҳам жой номларида ўз аксини топган: Углегорск, Углекаменск, Антрацит каби номлар, кўмир; Нефтеюганск, Нефтекамск, Небит-Даг (туркман тилида - «нефт тоғи») - нефт; Жезқазған (қозоқ тилида - «мис қазиб олинган жой»), Медногорск, Шаба (Конго, суахили тилида - «мис») - мис; Газли - газ қазиб олиш билан боғлиқ ва ҳоказо. Апатити, Магнитогорск, Марганец, Медний, Медногорск, Нефтегорск, Никел, Оловянная, Сланци, Торфяной, Шахтинск каби номлар ҳам қазилма бойликлар асосида пайдо бўлган. Селемджа (Россия, Узоқ Шарқ) дарёсининг номи эвенк тилида - «темир» маъносини англатишини билган геологлар, кўп ўтмасдан дарё ҳавзасидан темир рудасининг йирик конини топишган. Африканинг шимолий-шарқий қисмида жойлашган Нубия чўли номининг асосини нуба - «олтин» сўзи ташкил этади. Шу жойдаги йирик олтин конлардан қадимги миср фиръавнлари саройига олтин қазиб олинганлиги маълум. Ратнапура (Шри-Ланка) - «қимматбаҳо тошлар шаҳри» - шу жойдан қазиб олинадиган қимматбаҳо тошлар шаҳар номига асос бўлган. Шри-Ланка ороли ҳам қадимда Ратнадвипа - «қимматбаҳо тошлар ороли» деб аталган. Қирғизистондаги Тошкўмир, Туркманистондаги Небитдоғ, Гугуртдоғ, Россиядаги Магнитогорск, Соликамск, Апатит шаҳарлари номи фойдали қазилмалар билан боғлиқ. Жанубий Америкадаги Анд тоғлари (мис тоғлари), Аргентина (Аргентус - кумуш), Туркиядаги Мармара денгизи номига ҳам фойдали қазилмалар конлари борлиги асос бўлиб хизмат қилган. Дунёда энг узун ҳисобланган Анд тоғларининг номи мис конлари билан боғлиқ. Маълумки, милоддан аввал ҳам ушбу ҳудуддан мис қазиб олинган. Анд сўзи ҳам кечуа ҳиндулари тилида анта - “мис” деган маънони ифодалайди. Олтой тоғидаги Терлиқоя деган жойда тоғнинг ёнбағридан ялтироқ суюқлик томчилаб турган, геологлар текшириб кўрганда суюқликни симоб эканлиги аниқланган. Ўзбекистондаги Консой, Контепа, Олтинбел, Олтинтоғ, Кумушкон, Мискон, Кўҳисим, Тузкон, Сурматош, Қўрғошинкон каби географик объектларнинг номлари бу жойлардан илгари ер ости бойликлари қазиб олинганидан далолат беради. Масалан, Паркент туманида жойлашган Кумушкондан қадимда ҳам, яқин-яқинларда ҳам қўрғошин қазиб олинган. Нима учун Кумушкон қўрғошинкон деб аталган эмас? Бунинг сири яқиндагина аниқланди. Маълум бўлишича, Кумушконнинг қўрғошин рудалари бошқа кон рудаларидан ўзининг кумушга бойлиги билан ажралиб турар экан. Кўҳисим ўрта асрларда Илоқдаги машҳур конлардан бўлган. Мутахассислар Қурама тоғларининг шимолида жойлашган ҳозирги Лашкарак полиметалл рудалари конини, қадимги Кўҳисим (тожикча, «кумуш тоғ») нинг ўзгинаси эканлигини аниқладилар. Бу кондан қадимги даврларда кўплаб кумуш қазиб олинганлиги маълум бўлди. Антропоген ландшафт турлари ҳам жой номларида ўз аксини топган. Маълумки, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши энг қадимий тармоқлардан бири ҳисобланади. Шу сабабдан, географик номлар таркибида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши билан боғлиқ жой номлари (агроонимлар) кўп учрайди. Буни Ўзбекистон топонимияси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Денгиз, дарё, кўл, булоқ ва бошқа ер ости ва ер усти сув манбаларига туташ ва ёндош ҳудудлар азал-азалдан аҳолининг деҳқончилик қиладиган сарҳадлари бўлганлиги аниқ. Сунъий суғоришга мўлжалланган деҳқончилик учун, дарёлардан канал ва ариқлар чиқариб ҳамда даврий сувлардан оқилона фойдаланиш мақсадида банд ва тўғонлар қуриб қадимда деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган аҳолининг қишлоқ хўжаликка оид касб-кори жой номларида ўз аксини топган. Қишлоқ, маҳалла номларида қадимий деҳқончилик маданиятини исботловчи махсус сўз - атамалар мавжуд. Бу қаторга банд, дарғат, варғ каби сув тақсимловчи гидротехник иншоотларни белгиловчи терминларни киритиш мумкин. Сой ва дарёларда қуриладиган тўғон, тоғ дараларида қурилган қадимий гидротехник иншоот банд дейилган. Масалан, Фориш туманида жойлашган Хонбанди гидротехник иншооти Нурота тоғларидан оқиб чиқадиган Осмонсой ва Илончисойнинг сувларини тўплаш учун қурилган. Ўрта асрларда Хонбанди сув омбори туфайли Қизилқумнинг Мирзачўл билан туташган чегарасида 1500 гектар ер майдони ўзлаштирилган. Тарихий манбаларда ёзилишича, мазкур тўғон Ўрта Осиё - кўҳна Турон халқлари бунёд этган суғориш иншоотлари орасида энг қадимгиси ҳисобланади. Агротопонимларнинг пайдо бўлиши кўпинча ҳудуднинг табиий шароити билан ҳам боғлиқ, деҳқончиликнинг қайси турини ривожлантириш учун яхши имконият бўлса, у жой номига асос бўлган. Ўзбекистонда пахта асосий қишлоқ хўжалиги экини бўлганлиги пахта сўзи негизида шаклланган жой номлари сонини кўпайишига сабаб бўлган. Оқолтин, Пахтакор, Пахтачи, Пахтаобод каби аҳоли пунктлари номлари бевосита пахтачилик касбида эришган ютуқларнинг натижаси сифатида тарих саҳифаларидан жой олган. Бошоқли экинлар ҳам қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, лалми ерларда ғалла етиштирувчи деҳқонлар шарафига Ғаллакор, Ғаллаорол, Буғдойчи каби географик номлар пайдо бўлган. Масалан, Ғаллаорол сўзининг географик ном сифатида пайдо бўлиши тарихи унча узоқ эмас. 1930 йилнинг кузида ўша даврдаги республика раҳбарларидан бири (Йўлдош Охунбобоев) Янгиқўрғон (Ғаллаорол туманининг аввалги номи) туманида бўлиб, туманнинг лалмикор ерларини ҳақиқий ғалла оролига айлантириш мақсадида, ғалла етиштиришга бағишланган йиғилишда қатнашиб нутқ сўзлаган. «Мен, туманингизнинг лалми ерлари билан танишдим, бу ерлар ризқ-рўзимиз ҳисобланган ғаллага кон бўладиган жой экан. Шундай экан, туманингиз номи ҳам Ғаллаорол бўлсин» деган фикрини баён қилган. Шу воқеадан сўнг кўп ўтмасдан 1931 йили туман номи Ғаллаорол деб ўзгартирилган. Eр ости сувларнинг табиий ҳолда ер юзасига чиқиши ҳам деҳқончилик ва чорвачиликни ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Бинобарин, булоқ, қудуқ сўзли топонимларнинг пайдо бўлишида деҳқон ва чорвадорларнинг ҳам ҳиссаси бор. Жой номининг туридан дарак берувчи индикатор сўзларга қараб минтақада ихтисослашган қишлоқ хўжалик тармоқларини аниқлаш мумкин. Масалан, чўл ҳудудларида оқар сувларнинг йўқлиги, аммо яйловлар ва ер ости сувларининг мавжудлиги чорвачиликни ривожлантириш имконини берган. Қишлоқ хўжалик маданияти билан боғлиқ бўлган жой номлари таркибида дала, майдон, боғ, дашт, қўриқ, бўз, марза, ариқ, қудуқ каби сўзлар топонимик терминлар сифатида фаол қатнашган. Чунончи, Боғзор, Боғбон, Боғистон, Боғобод, Боғот каби топонимлар халқнинг боғдорчилик маданияти билан боғлиқ тарзда юзага келган. Агроонимларнинг муҳим хусусиятларидан бири уларнинг ўзгарувчан характерга эгалигидир. Бинобарин, улар бошқа топонимларга нисбатан осон ўзгаради ёки ўзгартирилиши мумкин. Топонимларнинг бошқа турлари каби уларга ҳам ҳудудийлик хос ва чегараланган кишилар нутқида қўлланилади. Агроонимларнинг «яшаш» даври нисбатан қисқа бўлганлиги боис, уларнинг маъно-мазмунини аниқлаш қийин эмас. Умуман олганда, ҳудуд табиати ва унинг таркибий қисмларини акс эттирувчи жой номларини ўрганиш, илмий тадқиқ қилиш муайян ҳудуд табиати ўтмишда қандай бўлганлиги, ландшафт компонентларининг ўзгариши, трансформацияси ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш имкониятини беради. Тадқиқотлардан кўринадики, ҳар бир ҳудудда жойнинг ўтмиш табиий шароити билан боғлиқ бўлган номлар мажмуаси ва географик терминлар маълум бир қонуниятлар асосида шаклланган. Ушбу ҳудудий қонуниятларни илмий жиҳатдан тадқиқ қилиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан биридир. Хулоса. Ҳудуд табиатининг жой номларида акс этишини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларни баён қилиш мумкин: 1) географик номлар аниқ бир тарихий шароитда пайдо бўлган ва табиат билан жамиятда бўлаётган ўзгаришларни ўзида акс этади; 2) жой номларининг катта қисмининг шаклланишида табиий географик омиллар асос вазифасини бажарган; 3) жой номи бу - табиат ва жамият алоқадорлигининг тил орқали ифодасидир; 4) жой номларини ҳудуд табиатининг ўзига хос тили, унинг мантиқий ифодаси дейиш мумкин; 5) ҳудуд табиати ва унинг таркибий қисмлари негизида шаклланган жой номлари ёрдамида географик ландшафт ўзи, тарихи, динамикаси ва хусусиятлари ҳақида «гапиради»; 6) жой номлари ёрдамида табиатнинг ҳудудий жиҳатларини тадқиқ этиш, уларнинг ўтмишдаги географик ҳолатини аниқлаш имконияти мавжуд; 7) географик номлар ёрдамида ҳудуднинг рельеф шакли, тупроқ, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тарқалиш ареали ва ривожланиш босқичларини аниқлаш мумкин. Download 98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling