13109 Хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга берилган шартлари қайта кўриб чиқилган қисқа муддатли кредитлар
Ҳисобварақнинг таърифи: кредит шартномаси ҳамда унга қўшимча келишувга мувофиқ асосий шартлари ўзгартирилган хусусий корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, тўлиқ ва коммандит ширкатлари, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли ва акциядорлик жамиятлари, шунингдек юқоридаги тоифаларга мос келмайдиган бошқа юридик шахсларга берилган қисқа муддатли кредит (шу жумладан, моҳияти бўйича кредитлар бўлган овердрафт ва бошқа операция)ларнинг ҳисоби олиб борилади.
Ҳисобварақнинг дебетида қайта таснифланган ва 13101 — «Хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга берилган қисқа муддатли кредитлар», 13104 — «Хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга ёқилғи хом ашёсини импорт қилиш учун берилган қисқа муддатли кредитлар» ва 13105 — «Хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга берилган муддати ўтган кредитлар» ҳисобварақларидан ушбу ҳисобвараққа ўтказилган ва хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга берилган шартлари қайта кўриб чиқилган кредитлар суммаси акс эттирилади.
Ҳисобварақнинг кредитида тўланган, қайта таснифланган ва/ёки кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун захира ҳисобдан 13199 — «Кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш захираси — Хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга берилган қисқа муддатли кредитлар» ҳисобварағидан чиқарилган кредитларнинг суммаси акс эттирилади.
Таҳлилий ҳисоб ҳар бир қарздор бўйича кредит шартномаларига қараб алоҳида шахсий ҳисобварақларда олиб борилади.
13121 — Хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга махсус дастурлар бўйича берилган қисқа муддатли кредитлар
Ҳисобварақнинг таърифи: 1 йил муддатгача хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятларга махсус дастурлар бўйича берилган кредитларнинг (шу жумладан, моҳияти бўйича кредитлар бўлган бошқа операцияларнинг) ҳисоби олиб борилади.
Ҳисобварақнинг дебетида берилган кредитлар суммаси акс эттирилади.
Ҳисобварақнинг кредитида қопланган ва/ёки бошқа мақоми бўйича қайта таснифланган кредитлар суммаси акс эттирилади.
Таҳлилий ҳисоб ҳар бир қарздор бўйича кредит шартномаларига қараб алоҳида шахсий ҳисобварақларда олиб борилади.
(III-бўлим Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 8 сентябрдаги 29/3-сонли қарорига (рўйхат рақами 773-37, 15.10.2018 й.) асосан 13121-ҳисобварақ билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.10.2018 й., 10/18/773-37/2054-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |