35-боб. Солиқ ставкалари. Солиқ даври
258-модда. Солиқ ставкалари
Агар ушбу Кодекснинг 36-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида белгиланади.
Ушбу Кодекснинг 36-бобида назарда тутилган ҳолларда солиқ ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланади.
259-модда. Солиқ даври
Ушбу Кодекснинг 39-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бир ой солиқ давридир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаси ойига бир миллиард сўмдан ошмайдиган солиқ тўловчилар учун солиқ даври чорак ҳисобланади.
(259-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-659-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2020 й., 03/20/659/1681-сон — 2021 йил 1 январдан кучга киради)
36-боб. Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган айланма
260-модда. Экспорт операцияларига ва уларга тенглаштирилган операцияларга солиқ солиш
Ноль даражали ставка бўйича солиқ солиш қуйидагилар реализация қилинганда амалга оширилади:
1) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан экспорт божхона тартиб-таомилига олиб чиқилган товарлар;
2) илгари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилган товарлар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш натижасида олинган (ҳосил бўлган) товарлар (қайта ишлаш маҳсулотлари, чиқиндилар ва (ёки) қолдиқлар);
3) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилган ғамлаб қўйилган нарсалар. Ушбу модда мақсадида ҳаво кемаларидан рисоладагидек фойдаланилишини таъминлаш учун зарур бўлган ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари ғамлаб қўйилган нарсалар деб эътироф этилади;
4) чет элдан келтирилган товарларни ташиш чоғида божхона транзити божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни бевосита Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етиб келиш жойидаги божхона органидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш жойидаги божхона органигача ташиш ёхуд транспортда ташиш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар;
5) халқаро ташишлар билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар.
Ноль даражали ставкани айрим ҳолларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу Кодекснинг 264-моддасида белгиланган.
Ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар солиқ ҳисоботи билан бирга тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |