-турғунлик ва ўзгарувчанлик (динамик) тамойили: бунда-ўқув фанларнинг (асосий) бир қисми турғунлик ва бир қисми динамик (ўзгарувчан) хусусиятга эга бўлишини кўзда тутилади. Умумий тайёргарлик - умумтаълим, умумтехникавий, политехник билим, малака ва кўникмалари ҳамда фан тарихига оид маълумотлардан иборат бўлиши лозим. Махсус ва касбий тайёргарлик эса ўз навбатида саноат, қишлоқ ҳўжалиги ва мутахассислик таснифлагичи (классификатори)га киритилган бошқа соҳа касбларига тааллуқли масалалардан ташкил топади;
-ягоналилик ва табақалаштириш тамойили: бунда, бир томондан, муайян касб ва бир нечта турдош касбларга йўналтирилган ягона намунавий ўқув режа ва дастурларнинг ишлаб чиқилишини, иккинчи томондан замонавий илмий-техника тараққиёти, ишлаб чиқариш шароити ва талабларидан келиб чиққан ҳолда умумтехникавий ва махсус фанлар мазмунининг табақалаштирилишини назарда тутилади. Шундай экан, махсус фанлар (назарий ва амалий) мазмуни мутахассисликларга қараб турлича бўлади;
-умумий ўрта таълимда политехник таълим тамойили: политехник таълим ўқувчиларнинг замонавий ишлаб чиқариш асосларини ўзлаштириши, типик объектлар билан танишиши, баркамол шахс сифатида шаклланиши шароитида амалга оширилади. Бунда «политехник мазмунга эга объектларни ёритувчи, уларнинг ўзлаштирилишини таъминлаб берувчи ва ўқувчиларда қизиқишни оширувчи таълимий (дидактик) воситалар мажмуи» муҳим ҳисбланади.
Яхлит тизим сифатида политехник билимлар табиий, техникавий, ижтимоий ва аниқ (математика) фанлар элементларининг йиғиндисини ташкил қилади. Политехник билимлар моҳияти замонавий ишлаб чиқаришнинг техникавий ҳамда ташкилий-иқтисодий жабҳаларини акс эттиради. Политехник характерга эга бўлган билимларни танлаб олиш ва аниқ тизимга келтиришда асосий мезон сифатида уларнинг умумийлиги, ўзлаштириш осонлиги, бошқа турдаги фаолиятларга кўчириш имконияти ҳисобга олинади. Политехник малакалар деб, политехник билимларнинг амалий қўлланилиш усуллари, уларнинг мослашувчанлиги (эгилувчанлиги), ақлий-амалий масалаларни ечишда кенг кўламда ишлатилишига айтилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |