33-модда. Монополияга қарши органнинг кўрсатмасини ижро этиш
Монополияга қарши органнинг кўрсатмаси унда белгиланган муддатда ижро этилиши лозим. Кўрсатмани муддатида ижро этмаганлик ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.
Монополияга қарши органнинг кўрсатмасини унда белгиланган муддатда ижро этмаганлик деганда кўрсатмани ижро этишни рад қилиш ёки қисман ижро этиш ёхуд ўз вақтида ижро этмаслик тушунилади.
Монополияга қарши орган томонидан кўрсатма берилган шахслар кўрсатмани ижро этиш муддатини узайтириш тўғрисида илтимоснома бериши мумкин. Илтимосномада кўрсатилган ҳолат узрли деб топилган тақдирда, монополияга қарши орган кўрсатмани ижро этиш муддатини узайтиришга ҳақли.
Монополияга қарши орган ўз кўрсатмалари ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
34-модда. Монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси) устидан шикоят қилиш
Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ҳақидаги ишда иштирок этувчи шахслар монополияга қарши органнинг қарори (кўрсатмаси) устидан бевосита судга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилишга ҳақли.
Монополияга қарши органнинг қарорлари (кўрсатмалари) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
Монополияга қарши органнинг қарорлари (кўрсатмалари) устидан судга шикоят қилиниши уларнинг ижро этилишини суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб туради, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган қарорлар (кўрсатмалар) мустасно.
(34-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 январдаги ЎРҚ-459-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 10.01.2018 й., 03/18/459/0536-сон)
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги 24-сон «Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарори 16-банди.
Do'stlaringiz bilan baham: |