Валюта курсининг ўзгариши. Бу иқтисодиётга қандай таъсир қилади?


Download 278.43 Kb.
bet2/2
Sana03.09.2023
Hajmi278.43 Kb.
#1672366
1   2
Bog'liq
Валюта курсининг ўзгариши

Тўлов балансига таъсири
Валюта курсининг тушиши экспорт кўрсаткичларининг ошиши, импорт ҳажмларининг пасайиши ва ташқи қарз маблағларини жалб қилган хўжалик субъектларининг қарз юки ошишига олиб келади.
Хусусан, экспортга йўналтирилган ва импорт билан рақобатлашадиган тармоқларда миллий валюта девальвацияси даромадлиликни оширади.
Шу боис, ушбу тармоқларда ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишини кузатиш мумкин.
2017 йилда валюта бозорининг эркинлашиши натижасида миллий валюта курси АҚШ долларига нисбатан 48 фоизга тушиб, ушбу ҳолат тўлов балансига ижобий таъсир кўрсатди. Жумладан, экспорт 15 фоизга ўсиб, импорт 3 фоизга қисқарган бўлса, капитал ҳаракатида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилган (республикага хорижий инвестициялар оқими 17 фоизга ошиб, резидентлар маблағлари чиқиб кетиши 19 фоизга камайган).
Бюджет даромадларига таъсири
Юқорида келтириб ўтилган омиллар билвосита ва бевосита бюджетга келадиган тушумларнинг ҳажмига таъсир ўтказади. Жумладан, валюта курсининг мустаҳкамланиши импорт нархларини арзонлаштирган ҳолда унинг ҳажми ошишига ва оқибатда импорт божларидан тўловларнинг кўпайиши ҳамда инфляция ошишига таъсир ўтказиб, аҳолининг ҳақиқий тўлов қобилияти тушиши орқали бюджет даромадлари камайишини тўғридан-тўғри таъминлашда иштирок этади.
Шу билан бирга, валюта курси тушиши ташқи бозорларда экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириб, корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари кўпайиши орқали улар томондан бюджетга тўланадиган солиқлар миқдорини кўпайтиради.
Бунда валюта курслари ўзгариши, биринчи навбатда, адвалор божлардан тушумларга таъсир ўтказади. Мисол учун, валюта курсининг
1 фоизлик девальвацияси божхона божларидан тушумларни айнан шунча миқдорга ошишига олиб келади.
Шунингдек, валюта курси ўзгариши ички нархлар даражасига таъсир қилиши орқали билвосита солиқлар ҳажмини ўзгартиради. 
Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш
Миллий валюта курсининг қадрсизланиши ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг ошишига олиб келади. Ўз навбатида, ташқи қарз бўйича тўловлар миқдори ташқи қарз таркибида хорижий валютанинг улуши, қарз маблағларини сўндириш муддати ва фоиз ставкаларига боғлиқ бўлади.
Агар ташқи қарз таркибида хорижий валютада номиналланган қарзнинг улуши 100 фоиз бўлса, миллий валюта курсининг 10 фоизга тушиши ташқи қарз бўйича харажатларни 10 фоизга оширади.
Хусусан, 2022 йил якунлари бўйича давлат қарзи 29,2 млрд долларни ташкил этиб, бунда давлат ташқи қарзи 25,9 млрд долларга ва ички қарзи 3,3 млрд долларга тўғри келган. Давлат ташқи қарзи таркибида хорижий валютада жалб қилинган қарз маблағлари қолдиғи 98,4 фоизни ташкил этган. Жумладан, қарз маблағларининг 75,7 фоизи (19,6 млрд доллар) АҚШ долларига тўғри келди.
2022 йилда АҚШ доллари индекси 8,5 фоизга – 95,7 банддан 103,9 бандгача ўсган бўлиб, бунда сўм курсининг АҚШ долларига нисбатан тушиши ташқи қарзга хизмат кўрсатиш бўйича бюджетга қўшимча юклама келтириб чиқарган. Шу билан бирга, давлат ташқи қарзи таркибидаги бошқа валюта курсларининг АҚШ долларига нисбатан ошиши бюджет учун қўшимча харажатлар юзага келишига олиб келади.
Хусусан, хорижий валюталарнинг давлат ташқи қарзи таркибидаги амалдаги улушини инобатга олган ҳолда Япония иенасининг АҚШ долларига нисбатан 1 фоизга ошиши давлат ташқи қарзи тўловларини ўртача 21,1 млн долларга, махсус қарз олиш ҳуқуқини (SDR) – 18,8 млн долларга, еврони – 12,3 млн долларга, Хитой юанини – 2,1 млн долларга, Корея вонини – 1,7 млн долларга, Саудия Арабистони реалини – 1 млн долларга ва Қувайт динорини – 1,4 млн долларга тенг қўшимча харажатларини келтириб чиқариши мумкин.
Ташқи қарз бўйича тўловлар ҳажмининг ошиши, ўз навбатида, мамлакатнинг ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантириш каби ички эҳтиёжларини молиялаштириш имкониятлари чекланишига олиб келади.
Мутахассис Ўзбекистон шароитида валюта бозори барқарорлигини таъминлаш ва валюта курсининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсирини мўътадил даражада сақлаш мақсадида қуйидаги чораларни амалга ошириш тавсия этган:

  • халқаро валюта жамғармаси кўмагида капитал ҳаракатини босқичма-босқич янада эркинлаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва бу орқали молия бозорига ўрта ва узоқ муддатли хорижий капитал оқимини кенг жалб қилиш;

  • капитал бозори соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш орқали унинг жаҳон молия бозорларига интеграциясини жадаллаштириш, маҳаллий фонд бозорига хорижий инвесторларни жалб қилиш ва пировардида ички бозорда валюта таклифини ошириш. Хусусан, яқин истиқболда маҳаллий фонд бозори халқаро депозитарийлар ва кастодиан банклар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш;

  • нархлар барқарорлиги ва банк тизимида ликвидлилик мўътадил даражада бўлишини таъминлаш мақсадида пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш. Жумладан, Марказий банк облигациялари, депозит аукционлари, овернайт депозитлар каби пул-кредит операциялари инструментларини ривожлантириш;

  • тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш орқали экспорт ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш, жаҳон бозорларига маҳаллий маҳсулотларни етказиб беришда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтириш; 

  • Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциясини изчил давом эттириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни жадаллаштириш, мамлакатнинг халқаро иқтисодий ташкилотларда иштирокини фаоллаштириш, маҳаллий маҳсулотларнинг асосий бозори бўлган хорижий мамлакатлар билан эркин савдо бўйича икки томонлама ва кўп томонлама шартномаларни имзолаш.

Download 278.43 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling