Вазирлар маҳкамасининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми


-§ Ўзбекистон Республикаси Вазиралар Маҳкамаси


Download 41.47 Kb.
bet4/4
Sana07.04.2023
Hajmi41.47 Kb.
#1337693
1   2   3   4
Bog'liq
Вазирлар маҳкамасининг конституциявий-ҳуқуқий мақоми

4-§ Ўзбекистон Республикаси Вазиралар Маҳкамаси
томонидан чиқариладиган норматив-ҳуқуқий
ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маданий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, қонунлар, Олий Мажлиснинг бошқа қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлаш мақсадида амалдаги қонунларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.


Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги ёки жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари шаклида чиқарилади. Шошилинч ёки бошқа жорий масалалар бўйича ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари ёки мажлис қарорлари шаклида чиқарилади.
Вазирлар Маҳкамасининг доимий органлари сифатида унинг Раёсати ҳам қарорлар, фармойишлар ва баён қарорлари шаклида норматив - ҳуқуқий актлар чиқаради.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари унинг мажлисларида коллегиал тартибда қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида муҳокама этиш учун масалалар вазирликлар, давлат қўмиталарининг раислари, идоралар, корпорациялар, компаниялар, концернлар, уюшмаларнинг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, улар бўлмаган (хизмат сафарида, меҳнан таътилида) ҳолларда эса уларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан киритилади.
Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган ҳар бир масала бўйича, одатда, давлат тилида аниқ баён қилинган, асосланган қарор ёки фармойиш лойиҳаси, шунингдек, ҳужжатнинг моҳияти баён этилган қисқача хат тақдим этилади. Амалга оширилиши қўшимча моддий ва бошқа харажатларни талаб қиладиган қарорлар ва фармойишлар лойиҳаларини тақдим этишда молиявий - иқтисодий асослашлар илова қилинади.
Қарорлар, фармойишларнинг лойиҳалари амалдаги қонун ҳужжатларига мос бўлиши, уларда кўриб чиқилаётган масала пухта таҳлил қилинган ва холис баҳоланган, ижрочилар олдига аниқ ифодаланган мақсад ва вазифалар қўйилган бўлиши, уларда амалга оширса бўладиган муддатлар бегиланиши керак.
Қарор ёки фармойишларнинг тайёрланган лойиҳаси билан айни бир вақтда ҳукумат қарорларига ўзгартиришлар, қўшимчалар ёки уларни кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги таклифлар ҳам кўриб чиқилади. Вазирлар Маҳкамаси мажлисларига киритилаётган қарорлар ва фармойишларнинг лойиҳаларида, зарурият бўлганда, илгари қабул қилинган қарорларга ўзгартиришлар киритиш ёки уларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги таклифлар назарда тутилади.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида кўриб чиқилиши учун норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини (қарор) ишлаб чиқараётган орган, қоида тариқасида, лойиҳани тайёрлаш юзасидан комиссия тузади.
Норматив - ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган сифатида Вазирлар Маҳкамасининг ўзи ҳам ҳужжатнинг лойиҳасини тайёрлашни давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда топшириши ёки шартнома асосида буюртма бериши мумкин. Шунингдек, "Норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонунда белгиланишича, норматив - ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган бир неча давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга муқобил лойиҳалар тайёрлашни топширишга ёки улар билан шартномалар тузишга, энг яхши лойиҳа учун танловлар эълон қилишга ҳақли.
Лекин иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари, давлат бошқарувининг бошқа соҳаларига доир норматив - ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга тегишли тармоқлар ёки бошқарув соҳасининг ва ривожланиш учун масъул бўлган вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралари жалб этилиши шарт.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишини мувофиқлаштириб туриш, қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқиш учун лойиҳани ишлаб чиқувчи орган:
- лойиҳа мавзусига доир қонун ҳужжатларининг қўлланилиш тажрибасини ўрганади ва ҳисобга олади, ҳуқуқни тартибга солишга бўлган жамоатчилик эҳтиёжини, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ва шароитларни аниқлайди;
- давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларнинг тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ва улардан фойдаланади;
- бошқа давлатлардаги қонунчилик йўли билан тартибга солиш тажрибасини ўрганади ва ҳисобга олади.
Норматив - ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари қонун лойиҳаларидан фарқли равишда умумхалқ муҳокамасига қўйилиши мумкин эмас, улар фақатгина жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасига қўйилиши мумкин.
Ўзбекистонни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳамда республика бюджетини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган қарорлар, фармойишларнинг лойиҳалари ёки таклифлар тегишли равишда Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан, ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги билан келишиб олиниши зарур.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корпорациялар, компаниялар, концернлар, уюшмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган қарорлар ва фармойишлар лойиҳаларининг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотлар ва бошқа материалларниг тўғрилиги, шунингдек уларнинг манфаатдор ташкилотлар билан тегишли равишда келишиб олинганлиги учун шахсан жавоб берадилар.
Тайёрланган қарорлар, фармойишларнинг лойиҳалари имзолаш учун Бош вазир ўринбосарлари котибиятлари мудирлари томонидан Бош вазирнинг тегишли ўринбосари - комплекс раҳбарига, Бош вазир ўринбосарларининиг манфаатдор котибиятларига, департаментларга, Ахборот - таҳлил бошқармасига ва юридик бўлимга имзолаш учун тақдим этилади.
Қарор ва фармойишларнинг имзоланган лойиҳалари Вазирлар Маҳкамаси Аппарати раҳбарига топширилади.
Вазирлар Маҳкамасига келиб тушган Норматив - ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Ҳуқуқий экспертиза давомида норматив - ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги текширилади.
Ҳуқуқий экспертиза ҳужжат лойиҳасини тайёрлаган органнинг ёки ушбу ҳужжатни қабул қиладиган органнинг (Вазирлар Маҳкамасининг) юридик хизмати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилиши мумкин. Кўпчилик ҳолатларда, ҳужжат лойиҳаси бир қанча органлар аъзоларидан, мутахассислардан иборат таркибдаги махсус комиссиялар томонидан ишлаб чиқилади. Бундай тартибда ишланган лойиҳалар эса Вазирлар Маҳкамасининг юридик хизмати ёки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.
Киритилган лойиҳанинг сифатига баҳо бериш учун норматив - ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг, яъни Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан ҳужжатнинг лойиҳаси бошқа хил, масалан иқтисодий, молиявий, илмий - теҳникавий, экологик ва ҳоказо, экспертизалардан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар сифатида тегишли лойиҳани тайёрлашда илгари бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва шахслар жалб этилади. Экспертиза ўтказиш учун бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар таклиф этилиши мумкин.
Норматив - ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмунига нисбатан бир қанча талаблар қўйилади.
Ҳужжатнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилган бўлиши шарт. Ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно этадиган тарзда бир хилда қўлланилади. Ҳужжатда (қарор ёки фармойиш) уни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситалари, шу жумладан, молиялаштириш манбалари, рағбатлантириш, мукофотлаш ва назорат қилиш чора - тадбирлари кўрилиши мумкин.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқароларнинг мажбуриятларини белгиловчи қарор, фармойишларда ушбу мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари (агар бундай чоралар қонан ҳужжатларида назарда тутилган бўлмаса ёки махсус ҳужжатда белгиланиши керак бўлмаса) назарда тутилади.
Норматив - ҳуқуқий ҳужжатга уни қабул қилиш сабаблари ва мақсадларини тушунтиришдан иборат бўлган муқаддима киритилиши мумкин.
Қарор ва фармойишларнинг норматив кўрсатмалари тартиб рақамига эга бўлган бандлар тарзида баён этилади. Бандлар кичик бандларга ва хатбошиларга бўлиниши мумкин.
Қарор ёки фармойишда қонун ҳужжатларига киритилаётган юридик, техникавий ва бошқа махсус атамаларнинг таърифлари берилиши мумкин. Зарур ҳолларда қарор ёки фармойишда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив ҳуқуқий ҳужжатнинг (Конституция, қонунлар, Олий Мажлиснинг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентиниг норматив актлари) айрим қоидалари мазкур ҳужжатларга илова қилинган ҳолда айнан такрорланади.
Аммо, норматив ҳужжатларда, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган амалдаги норматив - ҳуқуқий ҳужжатнинг норматив кўрсатмалари қайта айнан такрорланмайди.
Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг Раёсати мажлисига киритиладиган барча материаллар Бош вазирнинг тегишли ўринбосари - комплекс раҳбари, Ахборот - таҳлил бошқармаси бошлиғи, аппарат раҳбари томонидан кўриб чиқилади ва улар тайёрланган масалаларнинг сифати учун жавоб берадилар.
Қарор лойиҳаси бош вазирнинг тегишли ўринбосари - комплекс раҳбари, юридик бўлим (юридик хизмат), Бош вазир ўринбосарларининг манфаатдор котибиятлари, департаментлар ва бўлимлар, тегишли вазирликлар, идоралар томонидан имзоланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот - таҳлил бошқармасида маъқулланган бўлиши керак.
Лойиҳалар билан бир вақтда қуйидагилар тақдим этилади: муҳокама қилиш тартиби, мажлисга таклиф этиладиган мансабдор шахслар рўйхати, қарор лойиҳасининг манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилганлиги тўғрисидаги маълумотнома.
Қоида тариқасида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига ким раислик қилса, ўша мансабдор шахс мажлис баёнини имзолайди.
"Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги қонунга биноан Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари фақатгина Бош вазир томонидан имзоланади (қонуннинг 20-моддаси 4-хатбошиси).
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Президентига Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига имзо қўйиш ваколати берилмаган. Лекин Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислик қилишга ҳақли. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилганда мажлис баёнлари фақатгина Президент томонидан имзоланади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳам унинг Раёсати ҳам коллегиал орган бўлганликлари сабабли мажлисларда қарорлар Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Мажлис тамом бўлгандан кейин қабул қилинган қарорнинг аниқ ифодаланган матни Бош вазир ўринбосари котибияти мудири, департамент бошлиғи, бўлим мудири томонидан имзоланган ҳолда мажлис баёнига киритиш учун Умумий бўлимга берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари улар имзоланган сана бўйича расмийлаштирилади, ҳамда Бош вазир ўринбосарларининг тегишли котибиятлари, департаментлар, бўлимлар томонидан тузиладиган тарқатиш рўйхати бўйича дарҳол ижрочиларга тарқатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари норматив - ҳуқуқий ҳужжат сифатида қуйидаги реквизитларга эга бўлади:
- ҳужжатнинг тури ва номи;
- ҳужжат қабул қилинган жой, сана ва ҳужжат рақами;
- тегишли норматив - ҳуқуқий ҳужжатни имзо қўйиб тасдиқлашга расман ваколатли бўлган шахсларнинг фамилияси, лавозими ва имзолари.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ва фармойишларида уларни кучга киритиш муддатлари кўрсатилади. Бошқа ҳолларда имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Вазирлар Маҳкамасининг норматив тусдаги қарорлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўпламида эълон қилинади. Бундан ташқари "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалар ҳисобланади.
Республикани кенг ва тезкорлик билан таништириш зарур бўлганда қарорлар ва фармойишлар Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ёки Бош вазирнинг топшириғига биноан матбуотда, телевидение ва ралио орқали эълон қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг норматив - ҳуқуқий актларини норасмий нашрларда эълон қилишга, шунингдек, уларни қонун ҳужжатларининг электрон маълумот тизимлари орқали тарқатишга бу ҳужжатлар расмий манбаларда эълон қилинганидан сўнг ҳамда барча реквизитлари, эълон қилинган расмий манбалари ва кучга кириш санасини кўрсатиш шарти билан рухсат этилади.
Download 41.47 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling