ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 4 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2021 йил 26 июнда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик
Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
диний таълим муассасаси — муайян конфессияга мансуб бўлган, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчиларини ва улар учун зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш учун диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи томонидан ташкил этилган муассаса;
диний ташкилот — фуқароларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, биргаликда динга эътиқод қилиш, ибодат қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни бажариш мақсадида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган кўнгилли бирлашмаси (маҳаллий диний ташкилот, диний таълим муассасаси ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи);
диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи — бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот;
Do'stlaringiz bilan baham: |