Xхi-боб. Молия тизими ва молиявий сиёсат
Download 310.82 Kb.
|
19-боб. Молия тизими
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1-§. Молиянинг моҳияти ва вазифалари. Молия тизими.
- Давлат бюджети – бу давлат харажатлари ва уларни молиявий қоплаш манбаларининг йиллик режасидир.
XХI-БОБ. МОЛИЯ ТИЗИМИ ВА МОЛИЯВИЙ СИЁСАТ Такрор ишлаб чиқариш жараёнида вужудга келиб, ривожланадиган турли хил ўзаро боғлиқ алоқалар пул воситасида амалга оширилади. Пул воситасида такрор ишлаб чиқаришнинг бир босқичидан бошқасига ўтилади ҳамда маълум бир мақсадга қаратилган ижтимоий фондлар вужудга келтирилади. Бу фондлар ўз навбатида такрор ишлаб чиқаришнинг узлуксиз давом этишини ва унинг кенгайтирилишини таъминлайди. Ялпи миллий маҳсулотни яратиш, тақсимлаш ва ундан фойдаланиш жараёнида пул мустақил ҳаракат қилиб, турли хўжалик юритувчи бўғинлар, уй хўжаликлари ва давлатнинг пул маблағлари фондини ташкил этади. Пул фондлари ҳосил бўлиш манбалари ва амал қилиш тавсифи, мақсадлари ва фойдаланиш усулларига қараб молия ва кредит шакллари тусини олади. Биз бу бобда молия тизими, унинг асосий бўғини бўлган давлат бюджети ва бюджет маблағларининг шаклланишида солиқларнинг ролини қараб чиқамиз. 1-§. Молиянинг моҳияти ва вазифалари. Молия тизими. Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши энг аввало давлат, унинг турли минтақа ва ҳудудлари, иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари, ишлаб чиқариш бирликлари, аҳоли турли қатламлари ўртасидаги пул маблағлари оқимининг самарали ташкил этилишига боғлиқ бўлади. Бундай пул оқимлари жамият реал ҳаёти жараёнларини акс эттириб, мамлакатдаги фуқаролар ва юридик муассасалар ўртасида ўзаро муносабат ва алоқаларни ўрнатади. Давлат корхона ва ташкилотлар, турли молиявий муассасалар, аҳоли устидан ўзининг барча вазифаларини айнан молия механизми орқали амалга оширади. Молия миллий иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигининг ўсишини акс эттириб, корхоналар ишлаб чиқариш харажатларининг пасайиши ва уларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошишини рағбатлантиради, ишлаб чиқариш тузилмасини, тармоқлараро ва ҳудудий нисбатларни шакллантиради. Шунга кўра, молия – пул маблағларидан фойдаланиш ва унинг ҳаракатини тартибга солиш билан боғлиқ бўлган муносабатлар тизими бўлиб, унинг воситасида турли даражада пул маблағлари фондлари вужудга келтирилади ва улар такрор ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва бошқа ижтимоий эҳтиёжларни қондириш мақсадида тақсимланади. Молия иқтисодиёт доирасида ўзаро боғлиқ бўлган бир қатор вазифаларни бажаради. 1. Молия иқтисодий жараён ва тадбирларни молиявий таъминлаш, уларга хизмат кўрсатиш вазифасини бажаради. 2. Молиянинг тақсимловчи вазифаси моддий ишлаб чиқариш соҳаларида яратилган ялпи миллий маҳсулотни, айниқса, унинг миллий даромадни ташкил қилувчи қисмини давлат ва мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, иқтисодиёт тармоқлари, моддий ишлаб чиқариш соҳалари, мамлакат ҳудудлари ўртасида тақсимлаш ва қайта тақсимлашда намоён бўлади. Миллий даромаднинг бир қисми корхона ва аҳоли даромадларидан турли хил солиқлар олиш, рента ва божхона тўловлари, акциз йиғимлари кабилар орқали давлат қўлида тўпланади. Ўз қўлида тўпланган миллий даромаднинг катта қисмини давлат молия воситасида аҳолининг ижтимоий маданий эҳтиёжларига (уй-жой қурилиши, тиббий хизмат кўрсатиш, маориф, нафақа ва стипендияларни тўлаш ва бошқалар), даромадларнинг меъёрдаги даражасини ушлаб туриш, миллий мудофаани таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва шу кабиларга сарфлайди. 3. Молиянинг рағбатлантирувчилик вазифаси, биринчидан, яратилган маҳсулот қийматини тақсимлаш жараёни орқали, иккинчидан, пул фондларини ташкил қилиш ва сарфлаш механизми орқали амалга оширилади. Ҳар икки ҳолда ҳам молия ишлаб чиқариш самарадорлигига, унинг пировард натижасига, маҳсулот сифатига сезиларли таъсир кўрсатади. 4. Молиядан ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол устидан назорат қилиш воситаси сифатида фойдаланилади. Молиявий назорат корхона (фирма)ларнинг молия интизомига риоя қилиш учун моддий жавобгар бўлиш тизими, турли солиқлар ундириб олиш ва маблағ билан таъминлаш тизими орқали амалга оширилади. Молиявий муносабатлар ва уларга хизмат қилувчи махсус муассасалар жамиятнинг молия тизимини ташкил қилади. Молия тизими ўз ичига турли даражадаги бюджетларни, ижтимоий, мол-мулк ва шахсий суғурта фондларини, давлатнинг валюта заҳираларини, корхона ва фирмалар, тижорат ва нотижорат тузилмаларининг пул фондларини, бошқа махсус пул фондларини олади. Энг аввало, корхоналар (тармоқлар) ва умумдавлат молиясини бир-биридан фарқлаш лозим. Корхона ва тармоқлар молияси улардаги такрор ишлаб чиқариш жараёнида ҳамда алоҳида фондлар яратиш йўли билан ходимларнинг ижтимоий эҳтиёжларига хизмат қилади. Умумдавлат молияси давлат бюджетини, ижтимоий суғурта фондини ҳамда давлат мол-мулкий ва шахсий суғуртаси фондини ўз ичига олади. Давлат пул маблағларининг асосий марказлашган фонди бўлмиш давлат бюджети молия тизимининг асосий бўғини бўлиб хизмат қилади. Давлат бюджети – бу давлат харажатлари ва уларни молиявий қоплаш манбаларининг йиллик режасидир. Давлат даромадлари ва харажатларининг асосий қисми давлат бюджети орқали ўтади. Унинг асосий вазифаси молиявий воситалар ёрдамида иқтисодиётни самарали ривожлантириш ва умумдавлат миқёсидаги ижтимоий вазифаларни ҳал қилиш учун шароит яратишдир. Давлат бюджети таркибига кирувчи ташкилий тузилмалар мажмуи мамлакат бюджет тизимини намоён этади. Мазкур тизим энг аввало мамлакатнинг давлат тузилиши хусусиятига боғлиқ бўлади. Айрим мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда бюджет тизими икки даражали – давлат ва маҳаллий бюджетдан иборат бўлади. Федератив давлат тузилишига эга бўлган мамлакатларда (масалан, АҚШ, Россия Федерацияси, Германия) яна оралиқ бўғин – штатлар, Федерация субъектлари ва бошқа тегишли маъмурий тузилмалар бюджетлари мавжуд бўлади. Давлат бюджетининг икки томони бўлиб, бир томонида бюджетга келиб тушадиган даромадлар таркиби ва уларнинг манбалари, иккинчи томонида эса асосий харажатларнинг таркиби ва миқдори ўз ифодасини топади. Ўзбекистонда давлат бюджетининг тузилиши, даромадлари ва харажатларининг таркиби қуйидаги маълумотлар билан тавсифланади. Download 310.82 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling