Xviii асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари чуқур сиёсий инқирозни бошдан кечирди. Ўрта Осиё давлатларида марказий ҳокимиятнинг салоҳияти сусайиб, ҳукмрон сулолаларнинг мавқеи пасайиб кетди


Download 166.97 Kb.
Sana09.04.2023
Hajmi166.97 Kb.
#1343460
Bog'liq
QO\'QON XONLIGI


XVIII асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари чуқур сиёсий инқирозни бошдан кечирди. Ўрта Осиё давлатларида марказий ҳокимиятнинг салоҳияти сусайиб, ҳукмрон сулолаларнинг мавқеи пасайиб кетди. Ҳокимият тепасида турган сулолалар ўз ўринларини янги сулолалар вакилларига бўшатиб беришга мажбур бўлдилар. Жумладан, Бухорода Аштархонийлар Манғитларга, Хивада Шайбонийлар Қўнғиротларга сиёсий майдонни бўшатиб берди. Қўқон хонлигининг ташкил топиши ҳам Бухоро хонлигида кечган мураккаб сиёсий жараёнларнинг ҳосиласи сифатида рўй берди.
XVIII аср бошида Бухоро хонлигида юзага келган чигал сиёсий вазият Субҳонқулихон (1680-1702) вафотидан сўнг тахтга ўтирган Убайдуллахон (1702-1711) ҳукмдорлиги даврида янада кучайди. Мамлакат бир неча мустақил мулкларга ажралиб кетди. Давлатнинг чегара ҳудудларида жойлашган вилоятлардаги турли сиёсий кучлар бу вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Оқибатда, марказий ҳокимиятдан мустақил маъмурий бирликлар ташкил топди.
XVII аср охири – XVIII аср бошларида Фарғона водийсида Мингларнинг бошқа ўзбек уруғларига нисбатан мавқеи кучайиб, улар томонидан янги давлатга асос солинди. 1709 йилда Минглар уруғи етакчиси Шоҳруҳбий, гарчи янгидан давлат барпо этилаётган бўлсада, Ўрта Осиёда азалдан мавжуд анъаналарга кўра, оқ кигизга солиниб, нуфузли оқсоқоллар томонидан кўтарилади ва янги давлатнинг биринчи ҳукмдори деб эълон қилинади1 . Кейинчалик мазкур давлат Қўқон хонлиги номи билан тарихга киради.
“Мукаммал тарихи Фарғона”да ёзилишича, Олтин Бешик воқеаси: “Шоҳруҳхоннинг насаби Заҳириддин Бобурга етиб, Мирзо Умаршайх воситаси билан улуғ подшоҳ сулоласидан Амир Темур Кўрагонга етгай”. Бунга асосий сабаб Бобур Самарқанддан чиқиб, Ҳиндистонга кетаётганда бир ёш боласини олтин бешикка солиб, бир қанча олтинлар билан катта дарахт шохига илиб кетади. Уларнинг ёзишича, ушбу ерларда «Чакат» (Чангат), «Сарой», «Тўрғова» ва «Тўрт айғир» номли туркий жамоалар истиқомат қилган бўлиб, шулардан бир киши бешикни топиб олиб кетади. Тўрғова уруғи вакиллари уни Бобурнинг ўғли эканлигини билиб, болани «Олтин бешик» деб номлашади. Олтин бешикдан Султон Илик дунёга келган бўлиб, манбада таъкидланишича, Султон Худоёр, Муҳаммад Аминхон, Шоҳ Абулқосим, Асилзодахон, Сиямастбий, Рустамбек, Ҳожибек, Ашурқулибий ва Шоҳрухбийлар унинг авлодларидандир. Ривоятга кўра, Олтин бешик 1545 йили вафот этиб, унинг ўрнига ўғли Тангриёр ҳукмдор бўлади, аммо у ўзини хон эмас балки бий деб атайди. Ушбу унвонни унинг авлодлари ҳам қабул қилиб, Олимхонга қадар унга амал қилиб келганлар. Хуллас, Тўрғова, Чанкат, Тўқойтепа, Тепақўрғон каби қишлоқ вакиллари йиғилиб, «Олтин Бешик»нинг Минг уруғидан тарқалган сулола вакили Шоҳрухбийни ўзларига ҳукмдор этиб танлашни лозим топадилар. (Ҳ.Бобобеков эса болани топиб олганлар ягона жамоани ташкил этувчи қирқ, қипчоқ, минг ва қирғиз номли туркий қавмлар вакили бўлганлигини, Бобур эса болани дарахт шохида эмас, балки ишончли хизматкорида қолдириб кетганлигини қайд қилади. Қаранг: Бабабеков Х. История Коканда).
Шоҳрухбийдан уч ўғил: Абдураҳимбий, Абдукаримбий ва Шодибийлар қолади. Шоҳрухбийнинг вафотидан сўнг 1721 йилда тахтга унинг ўғли Абдураҳимбий ўтирган. Абдураҳимбий (1721-1733) мамлакатнинг сиёсий қудратини ошириб, ҳудудий чегараларини кенгайтириш мақсадида ҳарбий юришлар уюштирди ва қўлга киритилган ҳудудларни ўз ака-укаларига тақсимлаб беради. Бу ҳолат Қўқон ҳукмдорлари давлатни бошқаришда Ўрта Осиёда шаклланган давлатчилик анъаналарига риоя қилганликларини кўрсатади.
Абдукаримбий дастлаб Қўқон шаҳрини қайта тиклаб, пойтахтни Тепақўрғондан Қўқонга кўчиради. Шу тариқа Қўқон шаҳри пойтахт ҳисобланади ва кейинчалик давлат мазкур шаҳар номи билан Қўқон хонлиги деб атала бошлайди. Бундан ташқари, “Мадрасаи олий” номи билан катта мадраса барпо этади. У Қўқон хонларидан биринчи бўлиб шаҳар атрофини мудофаа девори билан ўратиб, тўртта дарвоза қурдирган. Биринчи дарвоза “Исфара”, иккинчиси “Қатағон”, учинчиси “Марғинон”, тўртинчиси “Тошканд” ёки “Ҳайдарбек” дарвозаси деб номлаган.
Эрдонабийнинг (1751-1753) дастлабки ҳукмронлиги даврида Қўқон обод ва тинчлик ҳукм сурган мамлакатга айланган. У раъиятпарвар ва халққа шафқатли бўлган. Ўз халқининг тинчлигини ўйлаб, бошқа мамлакатларга жуда кам юриш қилган. Халққа енгиллик бериш мақсадида баъзи солиқларни камайтириб, баъзиларини умуман бекор қилган. Мамлакатда бошқа даврларга нисбатан осойишталик ўрнатган. Бироқ унинг қисқа ҳукмронлигидан сўнг тахтга Абдураҳимбийнинг катта ўғли Бобобек (1753-1754) ўтиради. Қўқон аҳли бундан норози бўлиб, Бобобекни ўлдирадилар ва яна Эрдонабийни хон қилиб кўтардилар. Унинг иккинчи ҳукмронлиги даврида (1754-1769) хонлик ҳудуди анча кенгаяди. “Мукаммал тарихи Фарғона”да Эрдонабий халқни миннатдор ва рози қилиб вафот этганлиги, унинг вафоти хабарини эшитган Хўқанд халқи фарёд қилиб, уни Хўқанд мозоротига дафн қилганликлари баён қилинади. (Muhammad Fozilbek “Mukammal tarixi Farg’ona”).
Ф.Ефремовнинг саёҳати Норбўтабий ҳукмронлиги даврига тўғри келади. 1774 йилда қирғизлар уни асир олиб, Бухорога сотиб юборадилар, 1782 йилда у Россияга Ҳиндистон ва Англия орқали қайтиб келади. Унинг йўлда ёзган хотираларига кўра, Норбўтабий ҳокимияти Хитой томонидан тан олинган. Унинг даврида мамлакатда суғориш иншоатлари барпо қилиниб, савдо ва ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги бирмунча ривож топади ва нисбатан арзончилик бўлган эди. Хонликда унинг даврида пул ислоҳоти амалга оширилганлигини изоҳлашга имкон берадиган бир ҳолат юзага келиб, майда пул зарб этиш заруратини туғдирган. Бу вазиятда Норбўтабий пул ислоҳоти ўтказиб, “қора фулус” деб номланган майда чақа зарб эттирган. 1801 йилда Норбўтабий вафот этгач, ўрта аср бошқарув тизимига хос вазият – тахт даъвогарлари ўртасида кураш юзага келди. Норбўтабийнинг укаси Ҳожибек ҳамда икки хотинидан бўлган икки ўғли Олимбек ва Рустамбек тарафдорлари ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этдилар. Тахт учун кечган курашларда Олимбек тарафдорлари устун келиб, ҳокимиятни эгаллашга муваффақ бўлди. Айнан ушбу даврни Қўқон хонлиги ривожланишининг иккинчи даври (Олимхон ва Умархон даврлари) бошланиши билан изоҳлаш мумкин. Қўқон хонлиги тараққиётининг ушбу босқичини сиёсий-ҳуқуқий, диний, маданий ҳаёт, ҳарбий, ташқи дипломатия ва савдо, фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ва ишсизликни бартараф этиш масалаларида ижобий натижаларга эришилган давр сифатида эътироф этиш мумкин. Олимхон (1801-1810) давридан бошлаб мамлакат расман Қўқон хонлиги деб эълон қилинди ва Олимхон “хон” унвонини қабул қилди.
Олимхон давлатни идора этишда фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ва ишсизликни бартараф этиш масаласида самарали ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилган. Бу тўғрида Niyoz Muhammad Ho’qandiyning “Тарихи Шоҳрухия” асарида Олимхон мамлакатдаги гадой ва девоналарни ғалла ва ўтин ташиш ишларига жалб этганлиги, бу билан эса ишсизлар сони бирмунча камайганлиги алоҳида қайд этилади.
Олимхон давлатни бошқаришга киришган даврдаёқ мамлакатда ҳарбий ислоҳот ўтказиб, кучли мунтазам ҳарбий қўшин тузади. Ҳар ердан баҳодир йигитларни тўплаб, уларни ўз хизматига олади ва “гала баҳодир” номи билан лашкар тузиб, қўшинни тожикия ва сартия номли икки тоифага бўлади. Бироқ у халқ орасида «золим» лақабини ҳам олган бўлиб, унинг биринчи сабаби отасининг катта амирлари Пирмуҳаммад Ёрқул, Тошмуҳаммад Мирзо, Хонхўжа, Бузругхўжа, Ҳожибек ва Рустамбекларни қатл қилдиргани бўлса, иккинчи сабаби Тошкентни қамал қилганидаги аҳвол эди. Ўшанда қаттиқ қамал бўлгани боис шаҳарда қаҳатчилик рўй беради. “Ҳатто қассоблар сўйган қўйларни қонини қанчалаб одамлар талашиб, косаларига олиб ёш болаларига элтиб эдилар. Дарахт барги ва гиёҳларнинг томирларини кунлаб еганлари унинг “золим амир” деб шуҳрат топишига сабаб бўлган эди”, - дея хабар беради манба. Яна Олимхоннинг бундай ном олишига Исҳоқхон тўранинг “Тарихи Фарғона” асарида унинг ўз амакиси Ҳожибекни қатл эттиргани ва ўз пирини 70 дарра урдиргани сабаб қилиб кўрсатилади. (Муҳаммад Фозилбек. Мукаммал тарихи Фарғона.)
“Мукаммал тарихи Фарғона”да ёзилишича, “Олимхон Даштиқипчоққа юриш қилган пайтида ҳаво ниҳоятда совуқлигидан қўшиннинг аҳволи ёмонлашди, аммо амирдан5 қўрқиб буни айта олмадилар. Улар бир-бирларига: “Бу қандоқ золимлик ва ноинсофликки, қишда дашти биёбоннинг ўртасида, бундай совуқ ва шамолда одам ҳам от ҳам турган ерида музлаб қолади, бизларни саргардон айлаб, бу ерларда тутиб турибди”, - дер эдилар. Улар бу вазиятдан норози бўлишиб, бошқа кишини хон бўлишини хоҳлардилар». Буни сезган Олимхон қўшинни орқага қайтишини буюради. Аммо амири лашкар Арслонқулибек бошчилигида Мўъминбек ва Қайтоқи баҳодир ва бошқа саркардалар Умархон хизматига яширинча одам юбориб, уни хон қилмоқчи эканликларини айтадилар. Уларнинг бу режаси Умархонга маъқул бўлиб, ўз одамлари билан Қўқон тарафга йўл олади. Натижада 1810 йилда фитначилар Қўқонда Олимхон Тошкентда ўлди деган миш-миш тарқатиб, укаси Умарбекка тож кийгизадилар. Бундан хабар топиб Қўқонга йўл олган Олимхон ўғли Шоҳруххон билан бирга Олтиқуш мавзесида фитначилар томонидан отиб ўлдирилади. Унинг қушбеги бошчилигида ота-онаси ёнига дафн қилингани, ҳамда ўша қабристонга Дахмаи Шоҳон деб ном берилгани манбаларда қайд қилинади. Шу даврдан бошлаб ушбу қабристон Қўқон хонларининг асосий қабристонига айланган.
Умархон (1810-1822) давлат бошқаруви соҳасида ислоҳот ўтказиб, мамлакатда илк бор мингбоши ва шайхул ислом унвонларини жорий қилади. Тошкентдаги барча уламо ва фузалолар Умархоннинг адолатпарварлигини эшитишиб, уни Тошкентга таклиф қиладилар. Умархон Тошкент аҳолисига кўп меҳрибонликлар кўрсатиб, халқнинг меҳрини қозонади. Ҳокимиятни мустаҳкамлаш мақсадида Сирдарё бўйида ҳарбий истеҳком ва қалъалар барпо этади. Шу тариқа у хонлик ҳудудини бўлиниб кетишдан сақлаб қолади. Умархон суғориш иншоатларини кенгайтиришга, каналлар қазишга, масжид ва мадрасалар қуришга ҳам эътибор берган. Қўқон, Тошкент, Туркистон, Чимкент, Сайрам, Авлиёотада масжид ва мадрасалар қурилиб, мозорлар тартибга солинган. Шунингдек, фан, адабиёт, санъат нисбатан юксалган. Бунда унинг севимли хотини – машҳур ўзбек шоираси Нодирабегимнинг хизматлари катта бўлган. Умархоннинг ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан ўзбек ва тожик тилларида ғазаллар ёзган.
1818 йилда Умархон Қўқон жомеъ масжидиda so'zlagan nutqidan so'ng unga дин ҳомийси сифатида “амир-ул муслимин” унвонини berishadi.
Манба ва адабиётларда диндор, тақводор, мўмин, “жаннатмакон” дея таърифланишига қарамасдан, Умархон ҳам замон тақозоси билан жанг ва қирғинлар уюштириб турганлиги сир эмас. Чунончи, унинг 1817 йилда Ўратепага қилган юришини шоира Дилшод Барно ўзининг “Тарихи муҳожирон” асарида қуйидагича тасвирлайди: “Ҳамма асирлар Чорсу майдонига ҳайдалди... Одамлар бугунги кунда 13400 киши асирга олинганини бир-бирларига шивирлаб етказардилар...”2 . Манбаларнинг бирида унга: “Умархон нозик табиатли, фаҳму фаросатли, оқил ва фозил киши эди. У илм аҳлига, фозил кишиларга дўст эди. Барча уламо ва фузало, машойих ва саркардаларга ўз аҳволларига муносиб муносабатда бўлар, инъом ва эҳсон билан шаҳар аҳлини хурсанд қиларди. Бундан ташқари, шариат аҳкомларига диққат эътиборли эди. Бежизга машойих ва уламолар унга “Умархони жаннатмакон” деб ном қўймаганлар.
Олимхон томонидан тортиб олинган қулларни ўз эгаларига қайтиб берди. Ҳамда Муҳаммад Нурхўжа деган тожик кишини худайчи қилиб тайинлади. Қозиниёзмуҳаммад тожик, Абдулбоқи кабиларни ўз амирлари сафига қўшди. Бухорога кетган барча бек ва амирларни чақириб келиб, уларни саройда махсус вазифалар билан таъминлади”, - деб таъриф берилади. Собиқ Туркистон генерал-губернатори С.М.Духовский қайд қилганидек, “...тахтга Умархон ўтирганидан сўнг Қўқон хонлиги ўзининг қисқа муддатли олтин даврини бошидан кечирган ва биринчи марта Туркия билан дипломатик муносабатлар ўрнатган, бундан ташқари, у ерда янги мусулмон маркази вужудга келганки, у мадрасаларининг бинолари, мударрисларининг билимдонлиги ва таҳсил олувчи муллаларининг сони бўйича Бухоро маркази билан беллаша оларди”. Умархон вафотидан сўнг ўғли Муҳаммад Али (1822-1841) хон деб эълон қилинади. У 12 ёшдан бошлаб давлат бошқаруви ишларига киришади. Дастлаб Муҳаммад Алихон давлатни бошқаришда онаси Нодирабегим ва бош вазир лавозимида турган қайнотаси Юсуф мингбошиларнинг кўмагига таянади. Уч йилдан сўнг Юсуф мингбошини вазифасидан олиб Марғилон ҳокими қилиб тайинлайди. Муҳаммад Алихон Қоратегин, Кўлоб, Дарвоз вилоятлари ва бошқа бир қанча ҳудудларни ўзига бўйсундириб, хонлик ҳудудларини анча кенгайтиради.
Муҳаммад Алихон ўз ҳукмронлигининг сўнгги йилларида давлатчилик анъаналаридан чекинган. Муҳим давлат ишларини ҳал қилишда амалдорлар ва уламолар фикри билан ҳисоблашмаганлиги оқибатида хоннинг ўз фуқароларига нисбатан ишончсизлиги ортиб, ҳар бир қишлоқ ва бутун хонликда унинг айғоқчилари изғиб юрган. Чақимчилик шу даражага етадики, ота билан ўғил бегона учинчи бир шахс ҳузурида хоннинг бирон-бир фармойиши хусусида танқидий фикр билдиришга ботина олмаган. Бу ҳол аҳоли ўртасида саросималик, ишончсизлик ва таҳлика уйғотган. Мамлакатда ортиб бораётган норозилик боис 1841 йилнинг ноябр ойида Муҳаммад Алихон ўз укаси Султон Маҳмуд фойдасига тахтдан воз кечишга мажбур бўлади. 1842 йилнинг апрелида амир Насрулло Қўқонга бостириб келиб, уни талон-тарож қилади ҳамда Муҳаммад Алини, унинг укаси Султон Муҳаммадни ва онаси Нодирабегимни қатл эттиради. Амир фармони билан Қўқон хонлиги Бухоро ноиби ихтиёрига топширилади ва хонлик аҳолисига оғир солиқлар солинади.
XIX асрнинг етук арбобларидан бири Тожир ўзининг “Ғароиби сипоҳ” (“Қўшин ажойиботлари”) номли асарида Амир Насруллонинг Қўқон хонлигига бостириб киришига сабаб қилиб, Муҳаммад Алихонни ўз онаси саналган Хонпошша бинти Маҳдум тўра исмли аёлни никоҳига олганлигини ва ушбу никоҳга қози аскар Мирзо Қаландар фатво берганлиги ҳамда Бухоро амири Муҳаммад Алихонни шариат қоидасини бузганлиги учун жазолаш мақсадида Қўқонга қўшин тортганлигини ёзиб қолдиради.
1842 йил ёзида қўқонликлар қўзғолон кўтариб, амир Насруллонинг содиқ кишиларидан кўпчилигини ўлдирадилар ва Норбўтабийнинг укаси Хожибекнинг ўғли Шералини хон қилиб кўтарадилар3 . Ушбу вақтдан сўнг Қўқон хонлиги ҳаётида учинчи давр бошланади.
Download 166.97 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling