Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc


XX асрнинг бошларида Туркистон ҳудудига эронликларнинг эмиграцияси: сабаб ва оқибатлар


Download 0.89 Mb.
bet14/25
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1142995
TuriДиссертация
1   ...   10   11   12   13   14   15   16   17   ...   25
Bog'liq
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri

2.3. XX асрнинг бошларида Туркистон ҳудудига эронликларнинг эмиграцияси: сабаб ва оқибатлар

XX аср бошларида Эронда ҳукм сурган очлик, икки буюк давлат (Россия ва Англия)нинг бу ҳудудда ўз манфаати йўлидаги ҳаракатлари, шоҳ ҳукумати, ҳукумрон доира ва юқори табақа вакилларининг ўзбошимчалиги ва таъмагирлиги натижасида халқ орасида норозиликларга олиб келди ва бу норозиликлар қўзғолонларга айланди. Натижада 1905 йилда Эрон халқи кўтарилди. Улар шоҳнинг қариндоши, бош вазир Айн уд-Доулани ҳукумат ишларидан бўшатиб, ислоҳотлар ўтказишни талаб қилдилар. Қўзғолон бошида диндорлар тургани сабаб, Эрон қўшинининг айрим қисмлари уларга қарши юриш талаб қилинса ҳам буйруқни бажаришдан бўйин тортишларини очиқдан-очиқ эълон қилдилар. Бундан хавфсираган шоҳ ислоҳотлар ўтказишга сўз беради. Аммо у ўз ваъдасини устидан чиқишга шошмайди. Мана шундай шароитда Эрон аҳолисининг айрим қисми ўз ватанларини ташлаб қўшни мамлакатларга чиқиб кета бошлайдилар.


1905-1911 йиллар Эронда ҳукм сурган қийин сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий шароит туфайли айрим аҳоли вакиллари Эронга қўшни бўлган мамлакатлар, хусусан Эроннинг шимоли-шарқий вилоятларидан Марказий Осиёга иш қидириб пул топиш мақсадида келганлар.
Натижада, XX аср бошларида Эрондан келган аҳоли (қочоқлар) Туркистонда сезиларли ва тез ўсиб борувчи гуруҳни ташкил этган. Айниқса уларнинг сони Эрон билан чегарадош ҳудудларда ошиб борган. 1905 йилда Каспий орти вилоятида 300 000дан ортиқ туркмандан ташқари, 18 511 эронлик ва 34 430 нафар руслар истиқомат қилганлар. Бунга қўшимча Туркистон ўлкасининг бошқа вилоят ва шаҳарларида аҳолининг сезиларли фоизини Эрондан келганлар ташкил этган. Масалан, маълумотларга кўра, 1911 йил Красноводск (ҳозирги Туркманистон Республикаси)да умумий аҳоли 7061 киши бўлиб, шулардан 1500 нафари эронлик, Марвда 18 207 киши бўлиб, 2 599 нафари эронлик бўлган. Самарқандда 1910 йил 300га яқин эронлик ҳисобга олинган бўлиб, улардан ташқари бу ерда форсларга тили ва дини билан яқин, Рус империясининг фуқароси ҳисобланган 16 000дан ортиқ “эроний” истиқомат қилган. 1908 йил маълумотларига кўра, Тошкентда 741 нафар, бутун Сирдарё вилояти бўйича эса 2 110 нафар эронлик ҳаёт кечирган. 1914 йил Фарғона вилоятида 2 368 эронлик ҳисобга олинган201.
Маълумки, XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда Эрондан келганларнинг барчасини “форс”, “форслик” ёки “форс фуқароси” деб аташган. Лекин, албатта, кўпмиллатли Эрондан фақатгина форслар ишлаш учун келмаганлар. Эронлик мусофирлар орасида озарбайжон, курд, гилонлик ва бошқа миллат ва элат вакиллари ҳам бўлган. Уларнинг кўпчилиги эса диний мансубликка кўра, мусулмон шиалар бўлган. Айни вақтда Марказий Осиёда ўтроқлашиб кетган эронлик ва бошқа мамлакатлардан келган шиалар орасида “бобийлар”202 (“баҳоийлар”)203 ҳам кам эмас эди. Ана шундайлардан бири Саид афанди эди. У 1896 йили Ҳиндистоннинг Панжоб вилоятига қарашли Бета шаҳарчасида дунёга келган. Саид ҳинд мусулмонларидан бўлгани учун ёшлигиданоқ Туркистонга айрича муҳаббат қўйган ва шундай самимий туйғулар таъсирида у 1914 йили Самарқандга келиб, шу ерда истиқомат қилаётган ватандоши Маҳкумиддин қози Шамсиддинов исмли савдогар қўлида хизмат қилган. 1917 йилнинг охирларида, Октябрь тўнтариши туфайли Туркистоннинг тинч-осуда ҳаёти издан чиқа бошлагач, у Ҳиндистонга қайтиб кетган. Саид афанди Туркистонга иккинчи марта 1919 йили келиб, Тошкентнинг Қатортерак маҳалласида яшай бошлаган. Шу ерда имомлик қилган Абдувоҳид қори билан ошно бўлади. Саид афанди рус анъанасига кўра фамилиясини Фазлиддинов деб қўяди. Туркистонга келгунига қадар у Афғонистонда дорифурушлик билан шуғулланган. У баҳоий динига мойиллик билдириб, Туркистонда бу диний оқимнинг тарқалишига сабабчи бўлган. Чунончи, Чўлпоннинг яқин дўстларидан бири Вадуд Маҳмуднинг баҳоий динига ихлос қўйиши Саид афандининг таъсирида юз берган. Туркистоннинг бошқа машҳур кишилари қатори, Фитрат ҳам Саид афанди билан яқин алоқада бўлган204. Аммо қанчалик унинг дунёқараши ва диний мафкураси мазкур номдор шаҳсларга таъсир қилгани ҳали ўрганилмаган.
Баҳоийларнинг кўпчилиги Ашхободда истиқомат қилганлар. Улар ватанларини турли диний ва сиёсий таъқиблар оқибатида ташлаб кетганлар205.
XX асрда Ўрта Осиёга Эроннинг шимоли – шарқий вилоятларидан хонавайрон бўлган деҳқонлар, ҳунармандлар ва ишчилардан ташкил топган қочоқлар, пул ишлаш мақсадида ўз ватанларини ташлаб келганлар. Улар Ўрта Осиёда юк ташувчи, қоравул, уй хизматчиси, завод, темир йўл, нефт корхоналарида қора ишчи ва қишлоқ хўжалигида батрак бўлиб ишлаганлар. 1910 йил бошида, масалан, маълумотларга кўра, Ўрта Осиё (Каспий орти) темир йўлида 552 нафар, яъни 9% эронлик ишлаган206. XX аср бошида Красноводск порти юк ташувчиларининг сони бир неча юз кишидан бир-икки минг кишигача бориб, уларнинг кўпчилигини эронликлар ташкил этган.
Темир йўл, Каспий ва Амударё флотилияси ўтиш йўлларида, нефт корхоналари ва бошқа корхоналарнинг тажрибали ишчилари асосан руслар бўлган. Қора ишларни қозоқ, арман, грузин, туркман, озарбайжон, ўзбеклар ва айниқса, эронликлар бажарганлар.
Табиийки, Каспий орти вилоятининг ижтимоий – иқтисодий ҳолати ва ишчи табақанинг ривожи пул ишлаш учун келган эронлик хонавайрон деҳқон ва ҳунармандларга бевосита таъсир кўрсатган. Ишчи синфининг шаклланиши ва ривожланиши Туркистон ўлкасининг бошқа вилоятларида ҳам намоён бўлиб, у ерларга ҳам эронликлар борганлар.
XIX аср охири ва XX аср бошларида Эрондан Ўрта Осиёга келган деҳқон, ҳунарманд ва ишчилардан ташқари Эрон жамиятининг бошқа ижтимоий қатламларидан чиққан Эрон буржуазияси вакиллари ҳам келганлар. Бошқа томондан, Ўрта Осиёга келиб, ишлари юришиб, омади кулиб боққан эронликлар ҳам буржуазия қаторини тўлдирганлар207.
Каспий орти вилоятида саноат ва тижорат буржуазиси кўпмиллатли бўлиб, руслар билан бир қаторни арман ва озарбайжон капиталистлари, ҳамда Эроннинг турли вилоятларидан келган савдогарлар ташкил этган.
Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида рус корхона эгалари ва савдогарлардан ташқари иқтисодий ҳаётда шаклланаётган ўзбек буржуазияси катта рол ўйнаган, бошқа вазиятларда савдогар – эронийлар кўзга кўринарли мавқеъга эга бўлган. Масалан, Самарқандда ака-ука Тагиев, Ризаев ва бошқаларга катта-катта чой қадоқлаш корхоналари тегишли бўлган.
Красноводск, Марв, Чорджў, Самарқанд ва Ўрта Осиёнинг бошқа шаҳарларида Эрон буржуазиясининг бой вакиллари: савдогарлар, уй, магазин, карвон – сарой, хаммом, чой қадоқловчи корхоналар эгалари истиқомат қилишган. Ашхободда бой эроний савдогарлар ҳатто шаҳар думасига сайланган208.
Шундай қилиб, XX асрнинг бошларида Туркистонда Эрон жамиятининг деярли барча табақа вакиллари бўлиб, Туркистонда улар ўзларига ўхшаш маҳаллий халқнинг синфий ва ижтимоий табақаларига қўшилганлар. Маълумки, Туркистонда оддий эронликлар рус буржуазияси, маҳаллий бойлар, ўзларининг бойиб кетган ватандошлари томонидан шафқатсиз таланган. Лекин бу эронликлар ўз ватанларида шоҳ маъмуриятининг назоратсиз ва ўзбошимча ҳокимияти остида эди. Шунинг учун Туркистонга пул ишлаш мақсадида келган эронликлар учун бегона юртда яшаш қулайроқ бўлган. Кўпчилик эронликлар Ўрта Осиёда кўп йилларга қолиб, шароитга кўникиб, ҳунар эгаллаб, Эрондан ўз қариндошларини чақирганлар, оила қурганлар, рус тилини ўзлаштирганлар209.
Эронликларнинг бошқа қисми эса пул йиғиб ватанларига қайтиб кетган. Масалан, 1912-1913 йилларда Эроннинг Хуросон вилоятидан Туркистонга, аввало Каспий ортига 4253 эронлик келган бўлса, шундан 3390тасигина қайтиб кетган. 863 нафари ёки келганларнинг 20.2 % Туркистонда қолган210.
1905-1911 йиллардаги Эрон инқилоби даврида Туркистон ва Шарқий Эрон ўртасида узлуксиз ва қизғин алоқалар сақланиб қолган бўлиб, бунга қўшимча чегарани кесиб ўтиш нисбатан осон бўлган. 1906 йилданоқ эронликлар Каспий орти вилоятига паспортсиз ўта олишган. Эронликларнинг таркиби тўхтовсиз янгиланиб турган. Архив маълумотларига кўра, 20 000дан 30 000 нафари Туркистонда муттасил ҳаёт кечирган. Минглаб ночор деҳқонлар, ҳунармандлар ва ишчилар ҳар йили Туркистонга пул ишлаш мақсадида келганлар211.
Бундан ташқари, Ашхобод ва бошқа шаҳарларда доимий равишда Эронда кураш олиб борувчи ҳар томонларнинг вакиллари ҳам келган. Туркистонга, айниқса, Эрондаги конституциявий ўзгаришларнинг тарафдорлари келганлар. Шунинг учун муттасил яшаш ёки қисқа муддатда даромад топиш учун келган эронликлар ватанларида рўй бераётган инқилобнинг ғалабалари, конституция учун кураш олиб бораётган инқилобчиларнинг қийинчиликлари ва эҳтиёжларидан хабардор бўлганлар ва уларнинг кўпчилигига Эронда бўлаётган инқилоб хуш келганлигидан уни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлганлар. Айнан шундай хоҳишлар туфайли Туркистонда Эрондаги инқилобнинг барча тарафдорлари бирлашган ўзига хос ташкилотлар вужудга келган212.
Айтиб ўтганимиздек, эронликларнинг энг кўп қисми Каспий орти вилоятида бўлган ва шубҳасиз, Эрондаги конституцион ўзгаришлар тарафдорларининг илк ташкилоти ушбу вилоятнинг маъмурий маркази бўлган Ашхободда ташкил этилган. 1907 йилнинг бошларида ашхободлик бир гуруҳ бой савдогарлар – Иброҳим Сайёдов, Ҳожи Оғо Ҳасанов, Ҳожи Сайид Гули Насруллаев ва бошқалар ҳукуматга шаҳарда эронлик болаларни ўқитиш учун рус-форс мактабини очиш илтимосномаси билан чиқганлар213. Тегишли рухсат олингандан сўнг, ушбу мактаб “Музаффария” номи билан очилган ва маҳаллий эронликларнинг назри ҳисобига фаолият олиб борган.
Шу йилнинг баҳор ва ёз ойининг бошларида Эрондан келган конституция тарафдори вакили иштирокида Ашхабодда Эрон инқилобини қўллаб-қувватлаш учун анжуман214 ташкил этиш бўйича ташкилий-ташвиқот ишлари олиб борилган. Натижада июнь ойининг охирларида яширин буржуа ташкилот – Ашхобод анжумани шакллана бошлаган.
Кейинчалик, 1907 йилнинг иккинчи ярми ва 1908 йил давомида Туркистоннинг эронлик аҳолиси орасида Ашхобод анжумани таъсири остида Эрондаги инқилобчиларга ёрдам беришни мақсад қилган турли гуруҳ ва ташкилотлар, чунончи Красноводск, Марв анжумани пайдо бўлган. 1907 йилнинг охири – 1908 йилнинг бошида Эрондаги конституцион янгиланишлар тарафдорларининг ташкилоти Самарқандда ва Тошкентда юзага келади. Самарқанд анжумани аъзолари бой эронлик Ҳожи Маҳмудбек Юсуфбеков ҳамда чой қадоқлаш корхоналарининг бой соҳиблари ака-ука Тагиевлар эди. Тошкентда Эрон инқилобини қўллаб-қувватлаш учун бел боғлаганлар орасида Россия фуқаролари бўлмиш, яъни маҳаллий эрони ва озарбайжонлар ҳам бўлган. Масалан, Эрондаги конститутцион ўзгаришларнинг астойдил тарафдорлари сифатида озарбайжон миллатига мансуб Каримбек Аҳмадбеков ва Мухторбек Носирбековларни келтириш мумкин.
1908 йилнинг бошларида Бухоро хонлигида ҳам Эрон буржуа ташкилотлари вужудга келган. Бухоро анжумани бошида Мамид Нусрат Ғозиев, Эрон фуқароси шайх Рамазон ва Бухоро фуқароси Абдул Қосим турган215.
1907-1911 йиллар оралиғида Туркситонда Эрондаги конституциявий ўзгаришларни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар орасида Ашхобод анжумани марказий ўринни эгаллаган эди. Туркистонга келиб ҳаёт кечиришни бошлаган эронликлар Ашхобод анжумани бошчилигида 1911 йил қиш ойида аксилинқилоб тўнтарилишигача мавжуд бўлган ва 1909 йилнинг ёзида Эронда конституциявий ҳукуматнинг ҳокимият тепасига келиши учун қилган курашларга ўз ҳиссаларини қўшганлар216.
Шундай қилиб, 1905-1911 йиллардаги Эрон инқилоби жараёнларидан четда қолган, шоҳ ҳукумати, ҳукумрон доира ва юқори табақа вакилларининг ўзбошимчалиги ва таъмагирлиги натижасида ночор аҳволга тушган айрим эронликлар ўз ватанларини ташлаб Эрон билан чегарадош мамлакатлар ҳудудларига, хусусан Туркистонга озгина бўлса ҳам енгилроқ ҳаёт кечириш учун келиб, ўзларига бегона, аммо тили, ҳамда дини билан яқин маҳаллий аҳоли билан қўшилиб кетганлар. Қочоқлар борган мамлакатлари шароитига кўникиб, жамиятдаги ўз ўринларини топишган ва айримлари шу мамлакатларда ўтроқлашиб, қолганлари эса пул тўплаб ўз ватанларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида рўй бераётган воқеаларни яхшиланиши учун ҳаракат қилиб, ўз уйларига қайтиб кетганлар.
XVI аср Эронда шиалик йўналишининг имомийлик оқими давлат дини сифатида эълон қилингани ва ҳозир ҳам имомийлик Эрон Ислом Республикасининг давлат дини сифатида эътироф этилишини инобатга олиб, XX асрнинг бошларида, яъни 1905-1911 йилларда Туркистон ҳудудига кириб келган кўпчилик эронликлар имомийлик оқимида бўлган деб айтишимиз мумкин. Аммо XX асрнинг бошларида, аниқроғи 1902 йилда Панж дарёсининг ўнг қирғоғида руслар ҳукмронлигининг ўрнатилиши Помирдаги турмуш тарзининг бузилишига қаттиқ зарба берганда, шунингдек, диний таъқиқлар тизими ва исмоилий пирларга мажбурий тортиқлар беришнинг амалиётга тадбиқ этилиши ишсизликнинг ўсишига олиб келди. Помирдаги камбағаллар кун кечириш учун етарли маблағ бўлмаганлиги сабабли иш топиш ва пул ишлаш мақсадида ўз турар жойларини ташлаб, мавсумий ишчиларга эҳтиёж юқори бўлган Туркистоннинг саноат ривожланаётган шаҳарларига ва Фарғона водийсининг деҳқончиликка асосланган туманларига келганлар ва бундайлар минглаб одамларни ташкил этган. Улар ҳар мавсум Туркистоннинг, айниқса Фарғона водийсининг турли кон, завод ва фабрикаларида ишлаганлар. Айримлари, хусусан, Бадахшон ва Дарвоздан келганлар, Туркистон ва Ғарбий Бухоронинг корхона ва транспортида ишловчи доимий ишчилар гуруҳини ташкил қилган217.
Умуман олганда, Помирда маҳаллий пирлар орасида келишмовчиликлар ҳам бўлиб турган. Улар орасида кўзга кўринган зотлардан бири, ўз шажарасини Бадахшондаги сабзаворлик исмоилийлик тарғиботчиси Шо Малангга, у орқали эса имом Жаъфар ас-Содиқнинг кенжа ўғли Мусо ал-Козимга боғлаган, сайид Юсуф Али Шо бўлган. Унинг қароргоҳи Шугнан туманининг Поршнев қишлоғида жойлашган бўлиб, Афғонистон Дарвози, Ёркент, Ўш шаҳарларида ўз тарафдорларига эга бўлган. Аммо Бадахшоннинг бошқа пирлари Бухоро ҳукумати билан бирга унинг Помирдан чиқиб кетиши тарафдорлари бўлганлар. Пирлар маҳаллий аҳоли манфаати билан ҳисоблашмагани учун Юсуф Али Шонинг обрўйи ошиб борган. Маълумотларга кўра, ҳатто, у ўзининг келиб чиқиши нуқтаи назаридан Помир исмоилийлари орасида Оғо Хоний имомларга нисбатан юқори ўринларга даъво қилса бўлар эди218. Чунки Оға Хонийларнинг шажарасида ноаниқликлар кўп бўлган. Масалан, XI аср охирларида фотимий исмоилийлар имоми ал-Мустансир бил-лоҳ (т. 1029, 1036-1094) ўзидан сўнг имомликни ўғли Низорга ўтишини таъкидлайди, лекин унинг вазири Афзал ибн Бадр ал-Жамолий имом ал-Мустансирнинг вафотидан фойдаланиб, унинг кичик ўғли ал-Мустаълийни имом деб эълон қилади. Аммо исмоилий даъватчиларининг кўп қисми мустаълиларга байъат қилишдан бош тортиб, Низор ва унинг ўғилларини имомликка ҳақли деб ҳисоблашган. Шундан сўнг исмоилий шиалар икки: Мустаълий (ғарбий исмоилийлар) ва Низорий (шарқий исмоилийлар) жамоаларига ажралган219.
Ушбу воқеалардан сўнг Низор ўғли Мавлоно Никоди билан бирга мустаълийлар ҳокимиятни ўз қўлига олган Мисрдан чиқиб кетишга мажбур бўлганлар. У ўғлини Аламут қасрига эгалик қилиб турган Ҳасан Саббоҳ қарамоғига юборади, ўзи эса укасининг ғараз ниятли таклифи туфайли унинг олдига боради ва вафот этади. Шундан сўнг низорийлар имоми ҳамда Аламутнинг дунёвий ва диний раҳнамоси сифатида Мавлоно Никодий намоён бўлади. Мавжуд ривоятларга кўра, Мавлоно Никодийнинг тахминий авлоди, Аламутнинг охирги раҳнамоси Рукниддин Хуршоҳ Ҳасан мўғуллар Эронни босиб олгандан сўнг, гўёки тахтдан воз кечган ва Табризга кўчиб ўтиб тинч ҳаёт кечира бошлаган. Унинг ўғли, шоир Шошен Табризи эса, Европа давлатлари бўйича қилган саёҳатларидан сўнг, XIX асрнинг бошларида Ҳасан Али Шо сиймосида гавдаланиб, ёлланма аскарлар ёрдамида Кермон шаҳрини эгаллайди ва унинг ҳокимига айланади220. Маълумотларга кўра, Ҳасан Али Шо Қожарлар (1781-1925) шоҳи Фатҳ Али томонидан Оғо Хон лақабини олган. Ушбу лақаб кейинчалик низорий исмоилий имомларининг меросий унвони бўлиб қолган221.
Эронда имомий шиалар кўпчиликни ташкил қилган, лекин исмоилийлардан фойда бўлганлиги учун Эрон шоҳлари уларни таъқиб этмаганлар, аксинча, Сафавий шоҳлар Исмоил ва Тахмасп I қўшни мамлакатларда ўз жамоаларига эга бўлган низорий исмоиийларини қўллаб-қувватлаганлар222. Аммо 1840 йилга келиб Ҳасан Али Шоҳ, яъни Оға Хон I Қожарлар билан келиша олмай ўз оиласи билан Ҳиндистонга кўчиб ўтган223 ва вақт ўтиши билан у ердаги низорий исмоилийларини ўзига бўйсундира олган. Албатта бунда Фидо‘и каби даъватчиларнинг асарлари муҳим аҳамият касб этган.
Шунинг учун Юсуф Али Шо бутун умр Ҳиндистондаги низорийлар имоматига шубҳа билан қараган ва бошқа пирларга қараганда ундан ўзини мустақил равишда тутган.
Шундай қилиб, XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида шиалик йўналишининг айрим имомийлик, исмоилийлик оқимлари ва баҳоийлик ёки бобийлик фирқалари вакиллари, Эрон ёки Бадахшон вилоятида бўлишидан қатъий назар, қийин сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний вазиятлар туфайли ўз ватанларини ташлаб, кун кечириш мақсадида қўшни мамлакатларнинг иқтисодий марказлари бўлган шаҳарлар ва ҳосилдор ерларига кўчиб ўтишга ҳаракат қилганлар. Улар борган ерларида маҳаллий халқ билан бир қаторда ишлаб ўз йўлларини топишга ҳаракат қилганлар. Туркистонда диний мансубликка кўра, улар бегона дин вакиллари бўлсалар ҳам гоҳида ўз эътиқодларини яширганлар (кўпроқ исмоилийларга хос). Айримлари, ватанларидаги диний ҳаётдан ажралган бўлишларига қарамай, ўз эътиқодларини сақлаб қолганлар.
2-боб хулосаси
XV аср охири – XVI аср бошларида Темурийлар ўртасидаги ўзаро урушлар, улар ҳукмронлик қилган ҳудудларда янги сулола вакилларининг давлат тепасига келиши ушбу Мовароуннаҳр ва Хуросонда сиёсий, иқтисодий ва диний жиҳатдан ўзига хос давлатларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Эронда ҳукумат тепасига келган Сафавийлар сулоласи томонидан шиалик йўналишидаги имомийлик оқимининг давлат дини деб эълон қилиниши, бунга қўшимча суннийлар учун хақоратли ҳисобланган ислом тарихидаги илк уч халифани лаънатланиши, суннийларни қатл этилиши ва таъқиб остига олиниши Эроннинг ўша пайтларда сунний бўлган қўшни давлатлар билан муносабатларнинг кескинлашувига олиб келди. Бунинг оқибатида бир дин вакиллари бўлган кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилди.
XVI аср бошларидан Мовароуннаҳрдаги суннийликни ёқлаб чиққан давлатлар ва Эрон шиа давлатлари ўртасидаги урушлар кескин тус олиб, мусулмонлар ҳатто бир-бирларини кофир дейишгача бордилар ва қул сифатида мурожаат қилдилар.
Усмонли турклар давлати ва Мовароуннаҳр хонликларининг Эрондаги шиаларга бўлган бундай муносабати ўртадаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий алоқаларга таъсир қилди, хусусан Туркистон ҳудудида истиқомат қилган мусулмонларнинг ҳаж йўлларини тўсди ва қийинлаштирди.
ХХ аср бошларига келиб, Эрондаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзгариши ноилож аҳволга тушиб қолган шиаларнинг иш илинжида Туркистон ҳудудига келиб қолиш ҳолати юзага келди. Аммо ўз ватанларини ташлаб чиқиб кетган эронилар “бегона” диний муҳитда яшашига қарамай, ўз эътиқод ва урф-одатларини яширишга, сақлашга, ҳимоя қилишга интилдилар ва қайсидир маънода, бунга эриша олдилар.

Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   10   11   12   13   14   15   16   17   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling