Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc


Эрон худудидан ўтган сунний ҳожилар: конфессионал ва сиёсий келишмовчиликлар оқибатлари гувоҳи


Download 0.89 Mb.
bet13/25
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1142995
TuriДиссертация
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   25
Bog'liq
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri

2.2.1. Эрон худудидан ўтган сунний ҳожилар: конфессионал ва сиёсий келишмовчиликлар оқибатлари гувоҳи

XVI-XIX асрларда Туркистон суннийларининг Эрон ва унга чегарадош бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи шиалар ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кескинлашиши Туркистон сунний аҳолисига Макка ва Мадина шаҳарларини зиёрат қилиш йўлини қийинлаштиргани аниқ. Аммо бир вақтларда, XVI асрнинг охири – XVII асрнинг бошларида, Усмоний турклар (1281-1924 ҳукмронлик даври) Кавказни қўлга олганда Мовароуннаҳр суннийлари шиалар Эрони орқали эмас, балки Туркистондан Маккага бевосита турклар ўлкасидан ҳаж сафарларини амалга оширганлар. Айни вақтда Каспий ортидаги Ширвон шаҳри турклар қўлида, Мовароуннаҳрнинг ўзбек сулолалари қўлида эса, Манғишлоқ ярим ороли бўлган. Манғишлоқ ярим ороли ўша пайтларда транзит минтақа сифатида юзага келиб, бу ерга кемалар келиб тўхтарди ва шу ердан Хива ва Бухорога олиб борадиган савдо йўли бошланар эди. Аммо суннийлар учун конфессионал нуқтаи назардан бундай мақбул шароит узоқ давом этмаган. Вақт ўтиб, эронликлар ўзларининг шоҳи Аббос I “Буюк” (1587-1629) бошчилигида аввал бой бериб қўйган Каспий олди ҳудудларини қайтариб олганлар194.


Шундан сўнг, Эрон орқали зиёратчилар транзити кескин равишда қисқаради. Зеро, сунний ва шиалар ўртасидаги адоватнинг кучайгани, бу ҳудудларни кечиб ўтиш катта хавф билан боғлиқ эди. Лекин шунга қарамай, баъзан Эрон орқали ҳаж қилган ҳожилар бўлган. Шундай ҳожилардан бири Ҳакимхон тўра195 (тах. 1793-1848) эди. У асли келиб чиқиши Қўқонлик бўлиб, Пайғамбар авлодидан (сайид) эди. Унинг шажараси Махдуми Аъзам номи билан машҳур бўлган Косонлик эшонга, у орқали эса тўртинчи халифа Али ибн Абу Толибга бориб тақалади196.
Тақдир тақазоси билан Муҳаммад Ҳакимхон ҳажни адо этиб, Мовароуннаҳрга Эрон орқали қайтишга қарор қилади.
XIX асрнинг биринчи ярмида, аниқроғи, 1826 йилнинг баҳорида Муҳаммад Ҳакимхон Қўқон хонлигидан бадарға қилингандан сўнг, Россия томонга йўл олади. Россияда узоқ ҳибсда сақлангандан кейин ҳажни адо этишни мақсад қилиб, йўлга тушади ва Туркия, Сурия, Фаластин ва Миср орқали Макка ва Мадинага бориб, у ердаги қадамжоларни зиёрат қилади. Қайтишда барча ҳожилар орзу қилганидек, ислом дунёсининг машҳур шаҳарларини томоша қилиш мақсадида Қуддус, Дамашқ ва Бағдодга боради197.
Бағдодда Муҳаммад Ҳакимхон Туркистонга қайтиш учун шиалар Эрони орқали ўтган йўлни танлайди. У ўзининг асарида198 бундай йўлни танлаганининг сабабини айтиб ўтмайди. Аммо Муҳаммад Ҳакимхон учун ҳаж зиёратига Россия орқали йўл олганда кўплаб ёмон кечинмалар ва хавфга дучор бўлганлигини назарга олган ҳолда, Эрон орқали йўл яқин ва қулай бўлган деб шу йўлни танлагандир. Бундан ташқари, у Эронда ўзининг, айниқса, диний жиҳатдан бегона эканлигини хавотирли тарзда баён этмайди. У ўзининг хавфсизлигига бўлган ишонч, яъни унинг Пайғамбар (с.а.в.) авлодидан бўлганлиги ва Пайғамбар (с.а.в.) авлодига бўлган анъанавий ҳурматга бўлган ишончи шу йўлни танлашига сабаб бўлгандир. Аммо Муҳаммад Ҳакимхон сунний ва шиалар ўртасидаги бегоналик даражасини жуда яхши билгани учун Эронда ўзининг ташқи кўринишини ўзгартирганини қуйидагича тушунтиради: “Аввалига Эроннинг Сенендеж шаҳрига йўл олдим. У ерни Курдистон ҳокими Хисравхон бошқарар эди. Сенендеж аҳолиси шофеълик мазҳабида бўлишига қарамай, ўзини ташқи тутишидан шиа эди. У ерда мени яхши кутиб олдилар. Аммо Сабзавор томон йўл олганда... У ердаги одамлар “ярамас рофизийлар”дан бўлганлиги учун қулоғим орқасига шиа зулфларини тушуриб, қизилбошлилар киймини кийдим ва “рофизийлар каби” форс тилида гапиришни ўргандим... Шунга қарамай, Сабзавор карвон саройи хўжайини гумонсирайди...”199. Ҳакимхон шаҳардан-шаҳарга, қишлоқдан- қишлоққа ўтиб йўлида давом этиш жараёнида ўзи билан ҳамроҳликда кетаётган эронликларни “фойдасиз рофизийлар” деб, ўзининг кимлигини яшириб келганлигини асарида келтиради. Демак, Эрон ва Мовароуннҳар мусулмонлари орасидаги конфессионал бегоналик уларнинг ўз эътиқодларини бир-бирларидан яшириш мақсадида ташқи қиёфасини ўзгартиришга мажбур қилган. Бундан ташқари, Муҳаммад Ҳакимхоннинг ўзи “жонкуяр сунний” бўлиб, қайси шаҳарда мутаассиб шиаларни учратганда “ит рофизий” каби хақоратли гаплар билан атайди.
Муҳаммад Ҳакимхоннинг ҳикояларига кўра, ўша пайтларда сунний ва шиа муносабатлари кескинлигича қолган. Мазҳаблараро совуқчилик сунний ва шиа йўлбошчилари учун уруш ва босқинчиликлар, ҳатто чегара атрофидан одамларни овлаш ва уларни қул қилишнинг сабаби бўлиб хизмат қилган ҳамда, оқсуяк ва амалдорлар умуман диний бегоналикни енгиб ўта олган ҳолатда, ўзаро нафрат кўпинча “оддий” диндорлар муҳитида ҳукм сурган. Аммо, Муҳаммад Ҳакимхоннинг хулқини замонавий этика нормалари нуқтаи назаридан баҳолаш ўринсиздир. Зоҳиран хавфли ҳолатларнинг такрорланиши унинг диний совуққонлигини душманликка айлантириб юборган. Гарчи ўз жонидан хавфсираш уни иккиюзламачиликка ва ҳатто хиёнат қилишга мажбур қилган. Асарда Муҳаммад Ҳакимхоннинг шиалар орасидаги “психологик ноқулайлиги”нинг ўзига хослиги ва сунний ва шианинг ўзаро душманлиги нақадар чуқур илдиз отганлигини кўриш мумкин.
Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, нафақат ҳожилар, балки оддий савдогарлар ҳам Муҳаммад Ҳакимхон учраган қийинчиликларга дуч келишган. Бундай ҳолатда ҳар бир инсон ўз жонини сақлаш йўлида ёлғон гапириш, ҳийлагача борган ва диний эътиқодни яшириш мақсадида “тақийа”га таянган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, албатта шиалар Маворуннаҳрда қандай муаммолар ва муносабатларга дуч келган бўлса, айнан шу муаммолар ва кескин “конфессионал нафрат” Эрондаги шиаларнинг “маворуннаҳрлик суннийларга” нисбатан қандай бўлганлигини кўришимиз мумкин. Яъни асосий масала шундан иборатки, мана шу мусулмонларнинг икки катта “йўналиши” (илмий қилиб айтганда “икки конфессионал кўриниши”) – суннийлик ва шиалик вакиллари орасидаги муносабатлар тарихдаги сиёсий келишмовчилик туфайли юзага келиб, ҳанузгача айнан шу “конфессионал бўлиниш” ва бир динда бўлган халқлар орасидаги тарқоқлик, сиёсий келишмовчиликлар, ҳатто душманлик ва ҳарбий тўқнашувларнинг сабаби бўлиб келган. Муҳаммад Ҳакимхоннинг қисматига ўхшаш бошқа ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, ҳажни адо этиш мақсадида Мовароуннаҳрдан Эрон орқали йўл олган Сайид Аҳмадхўжа нақиб ибн Муҳаммад Юсуфхўжа нақиб Бухорийнинг ҳаж саёҳатномасини200 ҳам келтириб ўтса бўлади, аммо унинг бошдан кечирганлари бошқача воқеалар билан боғлиқ.

Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling