Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc


Download 0.89 Mb.
bet9/25
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1142995
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   25
Bog'liq
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri

Имомийлик (арабча номи исно‘ашарийя бўлиб, ўн иккиликлар деган маънони англатади) – шиаликнинг асосий оқимларидан бири бўлиб, юқорида келтирилган, халифа Али ва унинг авлодига мансуб бўлган ўн бир имомни (ўн иккинчиси халифа Алининг ўзи) тан олувчи шиалик оқимидир. Маълумотларга кўра, имомийлик (исно‘ашарийя) IX асрда, ўн биринчи имом Ал-Ҳасан ал-Аскарийнинг ўғли, ўн иккинчи имом ҳисобланган Муҳаммаднинг йўқолиши натижасида пайдо бўлган39.
Яхши маълумки, имомийларнинг эътиқод қилишича, ўн иккинчи имом Муҳаммад ал-Маҳдий ҳали ўлмаган, балки у 873-74 санада ғойиб бўлган ва охир-замонда пайдо бўлиб, зулм ва фасодга тўлган ер юзини тинчлик ва адолатга тўлдиради. Улар имомларни хато ва гуноҳдан маъсум (пок) деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, бунга сабаб, имомларга илоҳий илҳом келади ёки Пайғамбар ўз замонида баён этишларига ҳожат бўлмаган аҳкомлар илмини уларга қолдирган. Шу боис улар имомга имон келтиришни мусулмонлик шартларидан бири деб ҳисоблайдилар. Улар имомга шундай тавсиф берадилар: “Имом хатодан, адашишдан йироқ бўлган, тўғри йўлдаги, тақволи ва Аллоҳ қўллаган маъсум кишидир. Аллоҳ ва бандаларининг ўртасида ҳужжат бўлиши учун Аллоҳ уларга шу хусусиятларни берди”40.
Ўн иккинчи имом йўқолгандан сўнг, жамоанинг йўлбошчиси сифатида вакил номи билан тўрт “ўринбосар” 60 йил давомида турди. Охирги вакил Али ибн Муҳаммад ас-Самаррий жон бера туриб (940 й.), ўзидан кейин, қиёмат яқинлашди деган ҳаёлда, ҳеч кимни ўринбосарликка тайинламаган. Имомийлик тарихидаги бу давр “кичик беркиниш” деб аталади. Бундан кейинги давр эса “катта беркиниш” даври ҳисобланиб, бу давр охират яқин қолганда Муҳаммад ал-Маҳдийнинг қайтиб келишигача давом этади41.
XIX асрда имомийларнинг ушбу ақидасидан келиб чиққан ҳолда шерозлик Сайид Али Муҳаммад (тахм. 1819-1847-50) 1844 йил, яъни ўн иккинчи имом – Муҳаммад ал-Маҳдийнинг сирли йўқолишидан роппа-роса минг йил ўтиб, ўзини “Боб” (илоҳий ҳақиқатни билишга йўл очиб берувчи “дарвоза, эшик”) деб эълон қилади ва “яширинган имом” у орқали ўз кўрсатмаларини бермоқда деб айтиб, ўз фирқасига асос солади. Уч йил ўтиб у ўзини янги пайғамбар деб кўрсатиб, Қуръонни рад этган ҳолда ўзининг “Баён” китобини янги муқаддас китоб сифатида тақдим этади. Шундан сўнг Боб ҳибсга олиниб қатл этилади, унинг тарафдорлари эса таъқиб қилинадилар. Таъқиб остида қолган бобийлар Эрон билан чегарадош бўлган мамлакатларга чиқиб кетадилар. Улардан бири Баҳа Аллоҳ (“Аллоҳ шуъласи”) номи билан машҳур бўлган Мирза Ҳусайн Али Нури (1817-1892) 1858 йил ёзган “Китаб-и икан” номли китобида ўзининг Боб таълимотига бўлган эътиқоди ва муносабатини билдиради. 1873 йилда ёзган “Китаб ул-ақдас” номли китобида баҳоийликнинг асосий ақидаларини ёритиб, ўз фирқасига асос солади. Ушбу фирқага ҳозирги пайтгача Баҳоуллоҳнинг авлодлари бошчилик қилиб келадилар42. Шундай қилиб, XIX асрда имомий шиалар орасидан икки кичик гуруҳ – бобийлик ва баҳоийлик ажралиб чиққан.
Имомийлик оқими вакилларининг дунё бўйича тарқалишига келсак, жаҳондаги шиаларининг тақрибан 80 фоизи имомий шиалар бўлиб, уларни кўп сонда Эрон, Ироқ, Ливан, Қувайт, кам сонда Афғонистон (Ҳазора минтақасида), Туркманистон (мамлакатнинг асосан жанубий қисмида) ва Ўзбекистонда (Самарқанд, Бухорода) учратиш мумкин. Тарихдан маълумки, шиалар XIX асрларнинг бошларида ҳатто Тошкентда ҳам учраб турган43.
Энди “кескин” шиа оқимлари ва фирқалари (гоҳида уларни араб. ғулот – чегарадан чиққанлар деб аташади) ҳақида гап юритилса, шубҳасиз, аввало исмоилийлик оқимини эътироф этиш лозим. Исмоилийлик – VIII аср ўрталарида шиалар орасида бўлиниш содир бўлган даврда шаклланиб, X-XI асрлар Яқин ва Ўрта Шарқда кенг тарқалган оқим ҳисобланади. Исмоилийликнинг вужудга келиши араб халифалигида синфий зиддиятларнинг кучайиши билан боғлиқ бўлган.
VIII аср ўрталарида шиаларнинг кўпчилиги олтиинчи имом Абу Абдуллоҳ Жаъфар ас-Содиқ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб (702-765) тарафида туриб, халифалик тахтини 750 йил эгаллаган Аббосийлар билан маълум даражада келишиб иш тутадилар. Аббосийларга қарши курашни давом эттириш тарафдори бўлган бир гуруҳ шиалар эса имом Жаъфар ас-Содиқнинг катта ўғли Исмоил атрофига жипслашадилар. Имом Жаъфар ичкилик ва маишатга берилган Исмоилни ворисликдан маҳрум этиб, кичик ўғли Мусо ал-Козимни ворис қилиб тайинлайди. Бундан норози бўлган Исмоил тарафдорлари 762 йил унинг вафотидан сўнг ўғли Муҳаммадни еттинчи имом деб тан олдилар44. Муҳаммад ибн Исмоил (VIII-XI асрларда яшаган) вафот этгач, унинг тарафдорлари ўртасида келишмовчилик чиқади. Баъзилар уни охирги еттинчи имом деб билиб, маҳдий сифатида қайта тирилади деб ишондилар (шундан келиб чиқиб исмоилийларнинг бошқа бир номи саб‘ийлар – еттиликлар, яъни етти имомни тан олувчилардир). X асрнинг бошларигача Муҳаммад ибн Исмоилнинг вафоти ва умуман қолган имомларнинг тақдири ҳақидаги маълумотлар кам учрайди. Бу давр исмоилийлар тарихида “яшириниш” даври деб аталади45.
Исмоилийлик тарихий эволюция жараёнининг илк даврларида махфий (VIII-IX асрлар) бидъат оқим сифатида намоён бўлади, сўнг, X-XII асрларга келиб расмий ҳокимиятга қарши чиқувчи асосий оқимлардан бирига айланади46. Ушбу оқимнинг таълимотидаги четга чиқишлик жиҳатларга эътибор берадиган бўлсак, энг аввало исмоилийларнинг ботиний (яширин, ички) деб айтиш мумкин бўлган Қуръонни шарҳлаш усулига эътибор қаратиш лозим. Ушбу усул ат-та‘вил деб аталиб, Қуръон оятларини мажозий талқин қилишдан иборат. Исмоилийларда ботиний нуқтаи назардан ташқари зоҳирий нуқтаи назар ҳам мавжуд бўлиб, ботиний нуқтаи назар исмоилийлик иерархиясида юқори даражага эга бўлганларга хос бўлса, зоҳирий нуқтаи назар жамоанинг оддий аъзоларига хосдир47.
Тарихда исмоилийларни турли шаҳарларда турли номлар билан аташган. Аммо исмоилийларга нисбатан айтилган ушбу номларнинг кўпчилиги исмоилийлардан ажралиб чиққан гуруҳ ва фирқаларнинг номларидир. Масалан, уларни IX аср иккинчи яримидан Бағдод, Мовароуннаҳр ва Ғазнада “қарматлар” деб аташган. Қарматлар гуруҳи Жанубий Ироқда вужудга келиб, Сурия ва Яманга тарқалган. Улар 873-906 йиллар оралиғида Куфа шаҳрида ва Сурияда аббосийлар халифалигига қарши қўзғалонларга бошчилик қилганлар. Қарматийлар ерга жамоа эгалигини, умумий (қуллардан ташқари) тенглик ғояларини олға сурганлар. Улар ислом маросимларини бажармаганлар, шариат қоидаларини тан олмаганлар, уларда масжид бўлмаган. Қарматийлар мусулмонларнинг зиёратгоҳларини бидъат деб ҳисоблашган. 899 йил улар Баҳрайнни босиб олиб, ал-Ақсода (Шарқий Арабистонда) ўз давлатини тузганлар, бу давлат XI аср охиригача мавжуд бўлган48. Сўнг қарматийлар исмоилийларнинг бошқа оқимларига қўшилиб, йўқолиб кетган деб ҳисобланади. Исмоилийларнинг бошқа номларига қайтадиган бўлсак, улар Мисрда исмоилийлар, Куфада муборакийлар, Басрада равандийлар ва буркаийлар, Рай (Эрон) шаҳрида халафий ва ботинийлар, Мағрибда саййидийлар номлари билан аталганлар49.
X асрга келиб исмоилийлар шаҳобчаларидан бири сифатида фотимийлар оқими вужудга келган. Фотимийлар (909-1171) исмоилий халифалар сулоласидан бўлиб50, ўзларини Жаъфар ас-Содиқнинг ўғли Исмоил орқали халифа Али ва Фотима авлоди деб ҳисоблаганлар. Аммо сунний муаррихлари фотимийлар халифа Али авлоди эканликларини рад этиб, уларни убайдийлар, яъни исмоилийлар имоми Убайдуллоҳ ал-Маҳдий (фотимийлар сулоласи асосчиси, 873-934 йиллар яшаган) авлодлари дейишади.
900 йилда исмоилийлар имоми Убайдуллоҳ халифаликка қарши қўзғалон кўтаради. Лекин у тор-мор этилиб, Миср орқали Тунисга қочади. Тунисда ўша пайт бадавийлар орасида фотимийлар таълимоти муваффақиятли тарғиб этилаётган эди. 909 йил Убайдуллоҳ бадавийлар ёрдамида Ағлабийлар (800-909) амирини ағдариб, фотимийлар давлатига асос солади. Кейинчалик улар Сицилия, Марокаш, Миср, Фаластин ва Суриянинг бир қисмини эгаллашга муваффақ бўлганлар. 971 йил улар Мисрнинг янги пойтахти – Қоҳирага асос солганлар. Макка ва Мадинани ўзларига тобе этган фотимийлар Бағдодни босиб олиб, Аббосийларни тахтдан ағдариш ва ўзлари ҳукмронлигида янги халифалик барпо этишни режалаштирганлар. Улар Қоҳирада марказ ташкил этиб, у орқали ўзларининг ташвиқот ишларини олиб борганлар. XI аср ўрталарида Яманда исмоилийларнинг Сулайҳийлар (1047-1138) сулоласи вужудга келган. Сўнг фотимийларнинг таъсири аста-секин сусая бошлаган. Маълумотларга кўра, бу фақат Салжуқийларнинг (IX-XIV) кучайиши билан боғлиқ бўлибгина қолмай, исмоилийлар мафкурасининг таназзулга учраши билан боғлиқ эди.
XI аср охирларида фотимийлар имоми ал-Мустансир бил-лоҳ (т. 1029, 1036-1094) ўзидан сўнг имомликни ўғли Низорга ўтишини таъкидлайди, лекин унинг вазири Афзал ибн Бадр ал-Жамолий имом ал-Мустансирнинг вафотидан фойдаланиб, унинг кичик ўғли ал-Мустаълийни имом деб эълон қилади. Аммо исмоилий даъватчиларининг кўп қисми мустаълиларга байъат қилишдан бош тортиб, Низор ва унинг ўғилларини имомликка ҳақли деб ҳисоблашган. Шундан сўнг исмоилий шиалар икки: Мустаълий (ғарбий исмоилийлар) ва Низорий (шарқий исмоилийлар) жамоаларига ажралган51.
Исмоилийлик оқимининг ғоялари асосига таянган ҳолда, тарихий, диний, иқтисодий ва маданий шароитлар туфайли турли фирқа ва гуруҳлар – друзлар, кайсонийлар, муғирийлар, мансурийлар, хаттобийлар, хуррамийлар, ҳуруфийлар, нусайрилар (алавийлар) ва аҳли-ҳақ (Али илоҳийлар) юзага келган. Уларнинг кўпчилиги гоҳида ислом ақидаларидан узоқ бўлган ғояларни тарғиб этган ҳолда ўз таълимотларини ривожлантирганлар ва суннийлар ва мўътадил шиаларга қарши курашганлар. Мусулмон оламида улар ғулот (чегарадан чиққан) фирқалар деб аталадилар52.
Ҳозирги кунга келиб исмоилийлик оқими ва ундан ажралиб чиққан фирқаларнинг вакилларини Шимолий Африка (Мағриб), Туркия, Ливан, Сурия, Эрон, Покистон, Афғонистон, Тожикистон ва айрим Европа мамлакатларида учратишимиз мумкин.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ўн тўрт аср олдин исломнинг катта бир йўналиши сифатида вужудга келган шиалик ўз тарафдорларининг турли хил қарашлари (ҳокимият учун кураш ва ҳ.к.) туфайли асрлар оша бир қанча оқим ва фирқаларга бўлиниб кетган. Пайдо бўлган оқимлар ўзларининг диний қарашларини ривожлантирган ҳолда Осиё ва Африканинг турли давлатларида ўз сафдошларига эга бўла бошлаганлар. Аммо, келиб чиққан оқимлар ва фирқаларнинг кўпчилигининг таълимотида ислом ақидаларидан четлашиш ва турли диний тасаввурларнинг сарқитлари бўлганлиги боис, бу оқим ва фирқалар бутун ислом оламида кенг қулоч ёя олмадилар. Аксинча уларнинг тарафдорлари сунний мусулмонлар томонидан қаршиликка учраб, таъқиб қилиндилар.



Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling