Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc


Тадқиқот натижаларининг апробацияси


Download 0.89 Mb.
bet7/25
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1142995
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   25
Bog'liq
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri

Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Тадқиқот натижалари жами 13 та, жумладан 11 та республика ва 2 та халқаро илмий-амалий анжуманларда муҳокамадан ўтказилган ҳамда 1 та тўплам ва 1 та қомусий луғатда нашр этилган.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Тадқиқот мавзуси бўйича 25 та илмий иш, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини чоп этишга тавсия этилган илмий нашрларда 9 та мақола, ундан 5 та республика ва 4 та хорижий журналларда чоп этилган.
Диссертациясининг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, учта боб, хулоса ва фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхати ҳамда иловалардан иборат.


1-боб. ИСЛОМ тарихининг илк даврида ШИАЛИК ЙЎНАЛИШИ ва шиаларнинг мусулмон оламидаги ўрни


1.1. Ислом тарихида шиалик йўналишининг диний-сиёсий ҳаракат сифатида вужудга келиши

Ислом дини жаҳон динлари (буддавийлик, христианлик) ичида энг ёш дин ҳисобланади ва эътиқод қилувчилар сони жиҳатидан христианликдан кейинги ўринда туради.


Ислом дини VII асрда Арабистон яриморолида пайдо бўлиб, ўзининг шаклланиши ва ривожланиш жараёнининг биринчи асридаёқ тарафдорлари орасидаги бирликнинг йўқолиши рўй берди. Бу жараён асосида турли рақиб сиёсий гуруҳларнинг ҳокимият учун олиб борган курашлари ётиб, Муҳаммад (с.а.в.)нинг куёви, тўрт буюк халифалардан тўртинчиси Али ибн Абу Толиб давридаёқ (656-661 йиллар), халифанинг ҳокимиятини тан олмаган Умавийлар (661-750)4 билан Муҳаммад (с.а.в.) авлодларига мансуб бўлганларгина ҳокимият тепасига келиш ҳуқуқига эгадирлар деб ҳисоблаган Али ибн Абу Толиб тарафдорлари ўртасида кураш авж олиб кетади.
Халифалар5 ҳокимияти тарафдорлари (яъни халифаларнинг Муҳаммад (с.а.в.) авлодига мансублиги шарт эмас, деб ҳисобловчилар) бўлган Умавийлар (661-750) исломдаги ортодоксал (анъанавий диний таълимотга амал қилувчи) йўлни даъво қилиб суннийларни, Халифа Али ва унинг авлодлари ҳокимиятининг тарафдорлари эса шиаларни ташкил қилдилар.
Суннийлик йўналиши мазҳаблари вужудга келгач, уларнинг тарафдорлари ўзларини “аҳл ас-сунна ва-л-жамоа” деб атадилар ва улар Муҳаммад (с.а.в.)нинг шиалар томонидан бузилаётган анъаналарига фақат бизгина амал қиламиз, деб ҳисобладилар. Маълумки, ислом динининг Муҳаммад (с.а.в.) даврида шаклланган таълимотининг тўғрилиги, Суннатни Қуръондан кейинги ислом илоҳиёти ва шариатнинг иккинчи манбаи деб тан олган, исломнинг анъанавий диний маросимларига, маиший, ижтимоий қоидаларига амал қиладиган ҳар бир мусулмон сунний ҳисобланади. Бугунги кунда суннийлар бутун жаҳон мусулмонларининг асосий қисмини ташкил этади.
Шиалик ҳозирги кунда халифа Али ва унинг авлодини Муҳаммад (с.а.в.)нинг бирдан-бир қонуний ворислари деб тан оладиган турли йўналиш ва оқимларнинг умумий номи.
Муҳаммад (с.а.в.) (570-632) вафотларидан сўнг уларнинг сафдошларидан бир қисми (ал-Микдод ибн Асвад, Салмон ал-Форсий (ваф. 657), Аммор ибн Ёсир (ваф. 657), Абу Зарр Джундуб ибн Джунада ал-Ғаффорий6) Абу Бакр қасамёдларини ноқонуний деб7, “Пайғамбар оиласи”да олий ҳукуматни сақлаб қолиш учун Али ибн Абу Толибни ўринбосарликка кўтариб чиқдилар. Йиллар ўтиб, VII асрнинг иккинчи ярмида ҳокимият учун кураш бораётганда Пайғамбарнинг яқин қариндоши ва диний ўринбосари сифатида Али ибн АбуТолибга олий ҳокимиятнинг топширилиши тарафдорларининг диний-сиёсий гуруҳи/партияси (шиа – араб. гуруҳ, партия, тарафдор) пайдо бўлди ва унинг номи шу даврдан “шиалик” деган атамада машҳур8. Шиа сўзи ўша пайтларда Умавийлар тарафдорларига ҳам, Аббосийлар тарафдорларига ҳам, халифа Али тарафдорларига ҳам нисбатан ўзаро қўлланилган сўз бўлган. Халифа Али тарафдорлари озчиликни ташкил қилгани ва ислом оламида уларни ажрата билиш туфайли ушбу сўз атама сифатида халифа Али ва унинг авлодлари тарафдорларига нисбатан қўлланилган ва қўлланилиб келмоқда9. Аммо диний тус олган бу сиёсий тафриқа (ажралиш, бўлиниш) тугамади ва илк шиалар орасида янги бўлиниш, ўзаро келишмовчиликлар юзага келди.
656 йил халифа Усмон ўлдирилгандан сўнг Али ибн Абу Толиб Мадинада халифалик ҳокимиятини эгаллади. Аммо халифа Али ҳокимиятини тан олмаган, Дамашқда ўз ҳокимиятини ўрнатиб, сулоласини мусулмонлар жамоасини бошқариш учун олиб чиққан Муовия ибн Абу Суфён (605-680), халифа Али, унинг тарафдорлари ва авлодларига қарши чиқди.
Халифа Али тахт учун курашда Муовияни енга олмай, у билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Аммо халифа Али тарафдорларидан бир қисми бундай ҳаракатлардан норозилик билдидирганлар. Натижада хорижийлар (арабча “ажралиб чиққанлар”) ҳаракати вужудга келди. Маълумотларга кўра, халифа Али 661 йил 19 январда Абдурраҳмон ибн Мулжам ас-Соримий (хорижийлик оқими вакили) деган шахс томонидан Куфа масжидидан чиқиш пайтида жароҳатланади10 ва икки кундан сўнг вафот этади11.
Халифа Али ўлдирилгандан сўнг шиалар олий ҳокимият (имомат)ни “Пайғамбар оиласи”га, яъни халифа Али авлодларига қайтариш учун кураш олиб бордилар. Шиалар халифа Али авлодларининг имоматга ҳуқуқи халифа Алининг ўрнига Фотимадан туғилган унинг тўнғич ўғли имом Ҳасанни халифа этиб тайинладилар. Лекин Ҳасан Муовия билан музокара олиб бориб, у билан келишган ва ҳокимиятга бўлган даъвосидан воз кечган. Шундан сўнг у Мадинага кўчиб кетади ва у ерда хотини томонидан (669 й.) заҳарлаб ўлдирилади. Кейин шиалар Имом Ҳусайнни ўзларига раҳбар этиб тайинладилар. Улар Ҳусайнни Умавийларга қарши қўзғалон кўтариш учун Куфага чақира бошлайдилар. Охир-оқибат Ҳусайн Куфада қўзғолон кўтаради. 680-йилда Умавийлар қўшини Куфа яқинидаги Карбало шаҳрида қирғин уюштириб, Ҳусайн ва унинг сафдошларини азоблаб ўлдирадилар12.
Бу можаро, яъни Пайғамбар авлодини қатл этиш, бутун ислом оламини анча саросимага солиб қўйган. Бу воқеа кўплаб тарихий ва, айниқса, адабий асарларни вужудга келишига сабаб бўлган. “Карбало балоси” рамзий маънога эга бўлиб қолди ва мусулмон муаллифлари (мазҳабларидан қатъий назар) бу воқеани ҳанузгача рамзий маънода қўллаб, унга янги-янги талқинлар бермоқдалар13. Ўлкамиз тарихида эса, бу можаро тасаввуф асарларида, ёки конкрет тарихий воқеаларда ҳам ўз аксини топган14.
Халифа Али вафотидан сўнг шиалар Умавийларга қарши курашда мағлубиятга учрашларига қарамай, ҳокимиятга халифа Али авлодлари ҳақли деб имомат ҳақидаги ғояларини тарғиб қилишда давом этдилар. Аммо улар орасидаги бирдамлик ўз кучини йўқотган эди. Машҳур британиялик исломшунос Вилферт Маделунгнинг сўзлари билан айтганда, бу ўзаро туқнашувлар ислом оламидаги диний-сиёсий қарашларда фарқланиш одатига асос солди ва умматни бирдамлигини тарихий афсонага айлантириб юборди15.
Шиаларнинг фундаментал ақидаларида Пайғамбар (с.а.в.) Али ибн Абу Толибни шахсан ўзларининг ўринбосарлари этиб тайинлаганларки, бу тайинлаш “илоҳий хоҳишга” кўра бўлгани ва бу нарса Пайғамбар (с.а.в.) вафотларидан олдин аён бўлгани ҳақидаги эътиқод мавжуд16. Халифа Алининг ўзи эса, йўлбошчиликка бўлган ҳуқуқи қонунийлигига ишонган эди. Шунга биноан, бўлажак тўртинчи халифа тарафдорлари уни халифа этиб тайинланишини рад этувчи мусулмонларнинг аксариятига қаршилик кўрсатишга мажбур бўлдилар. Шиаликдаги қарашларга кўра, айнан шу қаршилик халифа Али тарафдорларининг қолган мусулмон жамоасидан ажралишига сабаб бўлди17.
Шиалик йўналишининг асосий ақидаларидан бири имомат ҳақидаги таълимотдир. Имомат атамаси араб тилидаги “а‘мма” феълидан келиб чиққан бўлиб, “олдинда турмоқ”, “бирор-бир нарсани бошқармоқ” деган маънони англатади. Ислом дини вужудга келганидан сўнг имом сўзи “намозда олдинда турувчи”, “диний раҳнамога” нисбатан қўлланила бошлаган. Исломнинг илк даврларида имом вазифасини пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўзлари бажарганлар ва уларнинг вафотларидан сўнг халифалар имомлик қилганлар. Имом нафақат намоз вақтида раҳнамолик қилган, балки у шу билан бирга давлат бошлиғи ҳам бўлиб, у ягона қонун чиқарувчи ва олий диний арбоб ҳам ҳисобланган. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, имом мусулмон жамиятида олий раҳбарлик вазифасини бажарган. Бироқ, мусулмон жамиятида халифа Усмонни ўлдирилиши билан юзага келган дастлабки ихтилоф ва ундан кейинги ҳукумат учун курашни авж олишида имомат атамаси олий ҳукумат вазифасини билдирувчи сўз сифатида ишлатилмаган. Муҳаммад ибн Абд ал-Карим аш-Шаҳристонийнинг айтишича, имомат атамаси исломда биринчи фуқаролар уруши даврида, яъни хорижийларни янги сиёсий куч сифатида ҳукумат учун кураши давридан бошлаб ишлатила бошланди18.
Имомат ҳақидаги таълимотни жадал суратда шаклланиши халифа Али авлодларини олий ҳокимиятга бўлган ҳуқуқини асословчи асарларни вужудга келиши билан боғлиқир. Умавийлар ҳукмронлигининг (661-750 йиллар) охирги ўн йиллигида ҳокимият учун курашда шиалик тарафдорлари томонидан Қуръон оятлари шарҳлари асос қилиб олинди. Ушбу шарҳларда халифа Али ва унинг авлодлари фойдасига изоҳлаш сиёсий тус олиб, Қуръонни шарҳловчи ва шиалик тарафдорлари бўлган арбоблар ҳокимият учун ғоявий курашни халифа Али фойдасига ҳал қилиш учун ҳаракат қила бошладилар. С.М.Прозоров маълумотларига кўра, даставвал бундай ғояни Куфалик тарихчи ва муфассир Жобир ибн Язд ал-Жуъфий (ваф. 745 й.) амалга ошириб, Қуръондаги баъзи оятларни халифа Алига ишора сифатида шарҳлаган19.
Суннийлик йўналишида эътироф этилган диний ақида20лардан фарқли ўлароқ, шиаликда тавҳид (Аллоҳнинг ягоналигига ишониш), адл (Аллоҳнинг адолати), нубувват (пайғамбарлик), имомат, қиёматдан иборат бешта ақидага эътиқод қилинади. Булардан тўртта ақида суннийлик таълимоти билан мос тушади. Бешинчи ақида имомат (имомлар ҳокимиятини эътироф этиш) эса, суннийликка ва сунний халифалар ҳокимиятига зидлиги билан фарқ қилади. Шу муносабат билан шиалар барча халифаларни, хусусан дастлабки халифалар Абу Бакр, Умар ва Усмонларнинг ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олган шахслар сифатида қоралайдилар. Сунний олимлар эса, бунга қарши ўз танқидий асарларини ёзганлар21.
Шундай қилиб, шиалик йўналиши VII асрда вужудга келиб, ҳар қандай ихтилоф ва ақидавий фарқлардан холи ҳолда фақат сиёсий ҳаракат сифатида намоён бўлди. Кейинроқ шиалар Пайғамбардан сўнг Али ибн Абу Толиб ҳокимиятга энг ҳақли инсон деган ишораларни ҳадис ва ҳатто, Қуръон оятларини турли шарҳлари орқали келтирдилар. Шиалик диний-ақидавий таълимотида, одатларида суннийликдан маълум даражада фарқ қилади. Шиалик диний-сиёсий ҳаракат сифатида эса, халифалар ҳокимиятига қарши кураш олиб борган заминдор гуруҳларнинг, ҳатто халқ қўзғалонларининг мафкураси сифатида ҳам майдонга чиқди. Шиалик аслида зодагонлар ўртасидаги ҳокимият учун кураш оқибатида вужудга келган бўлса-да, бу курашлар кўпинча диний таълимотдаги тафовут шаклида намоён бўлди.



Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling