7-модда. Вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш
Вояга етмаганларга нисбатан мажбурий тарбиявий таъсир чора-тадбирларини қўллаб, шу жумладан: етказилган азият ғуборини кўтариш мажбуриятини юклаш, жарима солиш, ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш, ахлоқ-тузатиш ишларига юбориш, ҳибсга олиш, озодликдан маҳрум этиш, уларни махсус ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш фақат суднинг ҳукмига ёки тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Давлат шахснинг ҳуқуқларига риоя этилишини ва унинг қадр-қиммати ҳурмат қилинишини, ҳуқуқбузарлик содир этган вояга етмаганлар анча инсонпарвар режимда сақланишини кафолатлайди, озодликдан маҳрум қилиш жойларида уларнинг аҳволини халқ депутатлари Кенгашлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилиниши учун шарт-шароит яратади. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар учун содир этган жиноятларининг оғирлилик даражаси ва уларнинг ёшини ҳисобга олиб, озодликдан маҳрум қилиш жойларида табақалаштирилган режимда сақлаш назарда тутилади. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
8-модда. Ёшларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқлари
Ўқувчилар ва талабаларнинг ўқув-тарбия муассасалари маъмурияти билан ўзаро муносабатлардаги ҳуқуқ ва бурчлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида, шунингдек тегишли муассасалар ўзини ўзи бошқариш идораларининг қарорларида белгиланади. Ўқувчилар, талабалар ёки уларнинг қонуний вакиллари ўқув юртларининг маъмурияти билан тегишли қоидалар, шартномалар (битимлар) ишлаб чиқишда иштирок этадилар.
Ўқувчилар ва талабаларни ўқув жараёни вақтида ижтимоий ишлаб чиқаришга жалб этишга йўл қўйилмайди, бундай иш улар танлаган мутахассисликка мос бўлиб, ўқув-ишлаб чиқариш амалиётининг шакли ҳисобланган, ёхуд ўқувчилар ва талабалар ўқишдан бўш вақтларида ихтиёрий равишда жамоа бўлиб ёки якка тартибда меҳнат қилган ҳоллар бундан мустаснодир. Мазкур меҳнат фаолиятига меҳнат ёки фуқаролик қонунларига мувофиқ тегишлича расмийлаштирилган шартнома бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Ўқувчилар ва ўқув юртларининг талабаларига ўқув ашёлари, дарсликлари ва мактаб кийимларини имтиёзли нархларда сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Моллар рўйхати ва уларни реализация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
Do'stlaringiz bilan baham: |