Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти


Download 0.95 Mb.
bet35/51
Sana07.01.2023
Hajmi0.95 Mb.
#1083136
1   ...   31   32   33   34   35   36   37   38   ...   51
Bog'liq
pedagogika va psixologiya

1. Психологиянинг асосий методлари

Яқин ва узоқ чет эл психологияси фанида инсон психикасини тадқиқот қилиш методларининг турлича классификацияси (таснифи) берилган. Умумий психология соҳаси бўйича хилма-хил илмий асосга қурилган назариялар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар қайсиси тўкислик ва нуқсонли томонларига эга. Қуйида биз рус психологи Б.Г.Ананьев тавсия қилган классификацияга асосланган ҳолда методлар хусусиятини ёритиб берамиз.
Б.Г. Ананьев психикани ўрганиш методларининг ташкилий, эмпирик (амалий), олинган натижаларни қайта ишлаш ёки статистик ҳамда натижаларни шарҳлаш деб номлаб, уларни тўртта катта туркумга, гуруҳга ажратган. Мазкур методлар гуруҳи ўз навбатида унинг мақсади ва вазифасига биноан яна бир нечта тоифа ҳамда турларга бўлинади. Навбатдаги фикрда ана шу методларнинг умумий, хусусий ва ўзига хос хусусиятларига ҳамда қиёсий тавсифига тўхталамиз.
Тадқиқот методларининг биринчи гуруҳи ташкилий деб номланиб, у ўз ичига қиёслаш, лонгитюд (узлуксиз), комплекс (кўпёқлама) деб аталадиган турларни қамраб олади. Қиёслаш методи умумий психология (турли гуруҳларни ўзаро солиштириш), социал психология (катта ёки кичик гуруҳлар ҳамда уларнинг ҳар хил тоифаларини ўзаро таққослаш), медицина психологияси (соғлом ва бемор кишиларнинг психик хусусиятларини қиёслаш, спорт психологияси (спортсменлар ҳолати, уларнинг уқувчанлиги ва ишчанлигини ўзаро чоғиштириш) каби фанларда унумли фойдаланилади.
Умумий психологияси фанида қиёслаш методи турли ёшдаги одамларнинг билиш жараёнлари, шахс хусусиятлари, билимларини ўзлаштириш хоссалари, ақлий қобилияти, салоҳияти, тараққиёти динамикаси, шахс жинсий тафовутлари ва ўзига хослиги, индивидуал-типологик ҳолатларини ўрганишда татбиқ этилади. Рус психологлари Л.С.Виготский, П.П.Блонский, А.А.Смирнов, Б.Г.Ананьев, Д.Б.Эльконин, П.Я.Гальперин сингари олимлар ва уларнинг шогирдлари тадқиқотларида қиёслаш методидан фойдаланилган. Кейинги йилларда халқ таълими ва олий таълим тизимида ҳамда ишлаб чиқаришда XX асрнинг 70- йилларидан эътиборан то ҳозирги давргача «инсон омили» муаммосининг муҳокамага қўйилиши, вақт тақчиллиги, ишчанлик имконияти, қобилияти, психологик мослик масалаларининг алоҳида аҳамият касб этиши мазкур методни кенг қўламда қўллашни тақозо этмоқда. Бундан ташқари, тажрибада олинган миқдорий маълумотлар ишончлилик даражасини ошириш учун ҳам қиёслаш методи ишлатилади. Айниқса, синалувчилардаги ўзгаришларни кўндаланг кесим ҳолатда олиб қараш, тадқиқот босқичини кесиб, яъни вақтинча тўхтатиб, алоҳида таҳлил қилиш ушбу методга борган сари диққат-эътибор тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради. Масалан, тажрибанинг биринчи босқичининг турли ёшдаги ва жинсдаги одамларга таъсирини аниқлаш ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Умумий психологияда қиёслаш методи билан бир қаторда лонгитюд (узлуксиз) методи ҳам кенг қўламда қўлланилади. Ушбу методнинг бошқа методлардан фарқли томони шундан иборатки, унинг ёрдамида бир ёки бир неча синалувчилар узоқ муддат, ҳатто ўн йиллар давомида (А.Терменнинг 50 йиллик узлуксиз тажрибаси ҳозирча рекорд ҳисобланади) текширилади. Лонгитюд методидан АҚШлик А.Термен, немис психологи В.Штерн, француз Р.Заззо ва Ш.Бюлер, рус психологлари Н.А.Менчинская, А.Н.Гвоздев, Н.С.Лейтис, В.С.Мухина ва бошқалар кўп даврлардан бери унумли фойдаланиб келадилар.
Мазкур метод орқали ҳар хил жинсли эгизаклар (Ҳасан-Ҳусан, Фотима-Зуҳра) ёки аралаш жинсли (Ҳасан-Зуҳра, Фотима-Ҳусан) қўшалоқлар кузатилган. Шунинг учун бир талай тадқиқотларнинг «она кундалиги» (Н.А.Менчинская, В.С.Мухина) деб номланиши бежиз эмас.Узоқ муддат давомида муайян бир шахсни (кичик гуруҳни) кузатиш синалувчида янгитдан пайдо бўлаётган фазилатларининг тараққиёт динамикаси, унинг хулқ-атворидаги иллатлар (меъёрдаги хатти-ҳаракатдан четга оғиш) ва уларнинг олдини олиш муаммолари юзасидан материал йиғиш, шунингдек, мураккаб психологик муносабатлар, ички боғланишлар, қонуниятлар, механизмлар тўғрисида мукаммал, ишончли, барқарор маълумотлар тўплаш имконини яратади.
Лонгитюд методи ёрдамида субъектив омилларнинг ўзига хослигидан ташқари, синалувчига объектив (табиий) шарт-шароитларнинг, ижтимоий психологик муҳитнинг таъсири ҳам ўрганилади. Чунончи, эгизакларнинг ўзаро ўхшашлиги ва уларнинг тафовутланиши, таъсирланиши, ҳис-туйғуларининг ўзгариши, шахслар ўртасидаги индивидуал фарқлар (ишчанлиги, темпераменти, олий нерв фаолияти системаси ва ҳоказолар) юзасидан олинган маълумотлар лонгитюд методининг шарофати билан рўёбга чиқади.
XX асрнинг иккинчи ярмида XXI асрнинг бошларида фан ва техниканинг тараққиёти психологик текширишларнинг илмийлик даражасини янада ошириш учун (субъектив омиллар таъсирини камайтириш мақсадида) комплекс программа асосида бошқа фанлар (медицина, физика, физиология, биология, социология, кибернетика, статистика, философия, логика) билан биргаликда тадқиқот ишларини олиб боришни тақозо қилмоқда. Бу воқелик фан оламида интеграция (қўшилиш, уюшиш) жараёни юз бераётганлиги кўрсаткичи ифодасидир. Амалий хусусиятга молик илмий-текшириш ана шу кўпқиррали (комплекс) ёндашишни талаб этмоқда. Психология соҳалари (психофизиология, космос, тиббиёт психологияси, муҳандислик ёки авиацион психология) ўртасида эса тадқиқот объектига тизимли ёндашиш принципи амалга оширилмоқда. Ушбу ижтимоий психологик воқелик соҳалар диффенциясидан (ажралишидан) далолат бермоқда. Комплекс метод ёрдамида ўрганилаётган объектдаги ўзгаришлар турли соҳавий нуқтаи назаридан таҳлил қилинади ёки уларга ҳар хил ёндашилади. Масалан, шахснинг муайян билимларни эгаллаш хусусияти психологик жиҳатдан текширилаётган бўлинса, комплекс (кўпёқлама) ёндашиш таъсирида ана шу ўзгартиришнинг фалсафий, мантиқий, физиологик, ижтимоий, биологик хусусиятлари очиб берилади. Айтайлик, кексайишнинг биологик омилларини ўрганиш қари кишидаги психологик, физиологик,мантиқий жиҳатларининг очилишига хизмат қилади.
Комплекс (кўпқиррали) программа (дастур) ёрдамида амалга оширилган тадқиқотнинг натижаси илмшунослик учун муҳим аҳамиятга молик бўлиб, инсоншунослик муаммоларини ҳал қилишда ҳам алоҳида ижобий роль ўйнашига шак -шубҳа йўқ.
Илмий-тадқиқот методларининг иккинчи гуруҳи амалий (эмпирик) методлар мажмуасидан иборат бўлиб, унинг таркибига кузатиш (ўзини ўзи кузатиш), эксперимент (табиий, лаборатория), тест (синаш), анкета (варақа), сўров, социометрия, суҳбат, интервью, фаолият жараёни ва маҳсулини таҳлил қилиш, таржимаи ҳол (биография),-шахсий гувоҳнома, ҳужжат, турмуш фаолияти воқеаларини таҳлиллаш кабилар киради. Амалий методлар синаш, текшириш, диагнос (ташхис) ва прогноз (башорат) қилиш вазифаларини бажаради. Инсоннинг туғилишидан тортиб то умрининг охиригача давр оралиғида содир бўладиган психологик ўзгаришларни чуқурроқ, объектив равишда тадқиқ этиш учун навбати билан амалий (эмпирик) методлар гуруҳидан фойдаланиш самарали натижа беради. Чунки бир метод иккинчисини тўлдиришга хизмат қилади.
Илмий-тадқиқот методларининг учинчи гуруҳи олинган натижаларни қайта ишлашга мўлжалланган бўлиб, статистик (миқдор) ва психологик сифат таҳлили турларга ажратилади. Психологик-педагогик тадқиқотларда кўпинча қуйидаги статистик методлардан фойдаланилади.
Статистик методлар тажрибалардан олинган қийматларнинг ишончлилик даражасини аниқлашга хизмат қилади. Лекин бунга ўхшаш методларнинг миқдори ҳаддан ташқари кўпдир. Биз уларнинг энг соддаларигагина тўхталдик, холос.

Download 0.95 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   31   32   33   34   35   36   37   38   ...   51




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling