Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Download 0.96 Mb. Pdf ko'rish
|
yuristning nutq madaniyati 071120101613
Аттика даври ёки Афина нотиқлиги Эрамиздан олдинги 499 – 449 йилларда қарийб 50 йил давомида Эрон ва Юнон давлатлари ўртасида уруш давом этган. Урушда юнонлар давлати ғалаба қозониб, тез орада тараққиёт поғоналарига кўтарилади, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўз мавқеини тиклай бошлайди. Илм-фан ривожланади, маданият юксалади. Манбаларда Юнонистонда бу даврда маданият ва санъат маркази, илм- фан тараққий этган шаҳар сифатида Аттика қайд этилади. Аттика ҳудуди катта вилоят ҳисобланиб, Афина шаҳри пойтахти эди. Шу боис манбаларда Аттика давлати ёки Афина давлати деб қаралади. Эрамиздан олдинги X–IX асрларда бу ҳудуд маданияти Аттика маданияти ёки Афина маданияти деб қайд этилган. Муҳими, бу даврда Афинада нотиқлик санъати тараққий этди. Фан сифатида шакллана бошлади. Бу давр юнон нотиқлигининг Аттика даври ёки Афина нотиқлик мактаби каби терминлар билан атала бошлаган. Эрамиздан олдинги V асрда Юнонистон икки мингга яқин катта-кичик давлатлардан ташкил топган йирик марказлашган мамлакат эди. Айрим давлатлар шаҳар ҳудуди миқёсида таркиб топиб полислар деб юритилар ва ҳар бир полис мустақил давлат сифатида ўз ҳудудий мақомига, иш юритиш ҳуқуқига ва конституциясига эга бўлган. Афина ёки Аттика полиси эса нисбатан ҳам ҳудудий, ҳам сиёсий мавқеи жиҳатидан йирик бўлиб, эътиборли ва ўз нуфузига эга бўлган. Афина давлати ижтимоий–сиёсий ва маданий тараққиёт босқичларида полислараро демократик жамиятнинг кўзга кўринган етук маркази ҳисобланган. Демократияга асосланган бошқа юнон полисларидаги каби Афина давлатида ҳам икки йирик орган – Халқ мажлиси ва Беш юзлар иттифоқи 62 асосий ҳал қилувчи кучга эга бўлган. Суд тизими ҳам катта ижтимоий-сиёсий мавқега эга бўлиб, давлатни бошқаришда муҳим ва стратегик юмушларни ҳал қилишда иштирок этган. Бу уч асосий орган юнон демократиясининг ядросини ташкил қилган дейиш мумкин. Булардан Беш юзлар иттифоқи давлат аҳамиятига молик полис масалалари бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдириш, қонунлар, қарорлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишдан иборат бўлган йирик сиёсий арбоблар бирлашмаси ҳисобланган. Иттифоқ йиғинларида шу лойиҳа ёки айрим масалалар муҳокамаси юзасидан ўз фикр- мулоҳазаларини билдирувчи аъзо эркин нутқ сўзлаши лозим эди. Шу боис йиғинларда ўртага ташланган масала муҳокамасида кимки ўз мулоҳазасини ёки таклифини асосли исботлай олса ва кўпчилик унинг чиқишини маъқулласа, лойиҳа матни қабул қилинган. Аксинча, муҳокамадаги фикрлар етарли исботланмаса, аъзолар томонидан маъқулланмаса, лойиҳа ва таклифлар бир овоздан қабул қилинмас эди. Беш юзлар иттифоқи йиғинларидаги шундай муҳокамалар ва бу муҳокамалардаги сўз эркинлиги машҳур нотиқларнинг дунёга келишига сабаб бўлди. Шунинг учун Иттифоқ йиғинларида ҳар бир аъзо имкони борича ўзининг нотиқлик маҳоратини намойиш қилишга ҳаракат қиларди. Фикр- мулоҳазалар таъсирчан, далиллар билан исботланган бўларди. Шундай сўз эркинлиги Юнонистонда нотиқлик санъати тараққиёти учун муҳим роль ўйнайди, моҳир нотиқлар етишиб чиқиши учун қулай замин ҳозирлайди. Иттифоқ йиғинларидаги муҳокамаларда нотиқлик санъатига хос мураккаб услуб ва йўналишлар пайдо бўлади. Бу кейинчалик кенгаш нотиқлиги номи билан фанда муайян ўрин эгаллади. Асосий қонун чиқарувчи орган – Халқ мажлиси бўлиб ҳозирги парламент мақомига эга бўлган. Халқ мажлиси Беш юзлар иттифоқи йиғинларида муҳокамадан ўтган лойиҳа матнларини кўриб чиқиб, умумхалқ муҳокамасига қўйган. Муҳокамадан ўтган лойиҳалар бўйича қонунлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган. Умумхалқ муҳокамаларида халқнинг эркин қатнашиши ва муҳокамада эркин чиқиш ҳуқуқи қонун асосида белгилаб қўйилган. Шу боис Халқ мажлислари баъзан бир неча кунлаб давом этар, йиғилишга қатнашган аъзо ва қизиқувчи шахсларнинг қизғин музокараларига сабаб бўларди. Бундай муҳокама ва мулоҳазалар демократик руҳда бўлиб фуқаролар орасидан забардаст кенгаш нотиқларининг етишиб чиқаётганлиги кўзга ташланарди. Улар, ўз навбатида, юртдошларининг манфаатларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиб ҳамда давлат манфаатлари юзасидан нутқ сўзлардилар. Бу нотиқлик санъатининг тараққиёти учун муайян шароит ва замин ҳозирланганлигидан далолат берарди. Беш юзлар иттифоқи ёки Халқ мажлисида муҳокама қилинган лойиҳа юзасидан қабул қилинган қарорлар демократик асосда эркин овоз бериш йўли билан амалга оширилар эди. Шу боис йиғинда кўп овоз тўплаш ёки муваффақият қозонишнинг асосий ва қулай йўли мажлис қатнашчиларини ишонтириш эди. Бунинг учун сўзга чиққан нотиқ мақсади ўз фикрини нафақат эркин билдира олиши, балки кўтарилган масала моҳиятини оча билиш ва ўзига хайрихоҳ этишдан иборат эди. Улар Халқ мажлиси йиғинларида ўз маҳоратини 63 намойиш этиш учун нотиқлик санъати мўъжизаларидан хабардор бўлишлари лозим эди. Шундагина уларга кишиларнинг ишончи янада ортар, нотиқлик маҳоратига тан берар эдилар. Юнон давлатлари тузилишига хос демократияга асосланган нотиқлик санъати тараққий топди. Демократия нотиқлик ривожида нафақат имконият, балки ягона омил бўлди. Демократия халқ мажлиси йиғини қатнашчилари, иттифоқ аъзолари, давлат арбоблари ва кенг фуқаролар оммаси учун барча имконият эшикларини очди. Жумладан, нотиқлик санъати сир-асрорларини мукаммал ўрганиш учун махсус устоз ўқитувчиларга эҳтиёж туғилди. Натижада махсус нотиқлик мактаблари вужудга кела бошлади. Бадавлат оила фарзандлари ёшлигидан нотиқлик санъатини ўрганишга интила бошладилар. Албатта, бунда ота-оналарнинг ўрни ва роли катта эди. Улар фарзандларини нотиқлик санъати мактабларида ўқитишни обрў деб билар эдилар. Download 0.96 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling