Ўзбекистон республикаси хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлашнинг конституциявий асослари


Download 56.19 Kb.
bet1/4
Sana07.04.2023
Hajmi56.19 Kb.
#1337214
  1   2   3   4
Bog'liq
Хавфсизлигимиз ва мудофаамизни таъминлашнинг конституциявий асослари


Ўзбекистон республикаси хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлашнинг конституциявий асослари

1-§. Миллий хавфсизликни таъминлашнинг


конституциявий принциплари ва нормалари
2-§. Миллий хавфсизликнинг субъекти, объекти
ҳамда уни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати
3-§. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
Миллий хавфсизлик концепциясининг асоси сифатида
4-§. Мамлакат мудофаасини таъминлашнинг
конституциявий ҳуқуқий асослари
1-§. Миллий хавфсизликни таъминлашнинг
конституциявий принциплари ва нормалари

Миллий хавфсизликни асосан давлат ва жамият қурилиши соҳасида таъминлашнинг таянч принциплари ва нормаларини, шунингдек, мафкуравий қоидаларини белгилаб берадиган конституциявий ҳуқуқ асослари бу тизимда алоҳида ўрин тутади.


Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий норматив-ҳуқуқий манба сифатида миллий хавфсизликни таъминлашнинг асосий масалалари бўйича муқим миллий манфаатлар ҳамда устувор принциплар ва нормаларни, шунингдек, мафкуравий қоидаларни белгилаб беради. Моҳият эътибори билан, ундаги ижтимоий муносабатларнинг у ёки бу масалаларига доир ҳар бир модда мазкур муносабатларнинг асосий субъекти - инсон, жамият, давлат ҳимоясига қаратилгандир.
Жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида миллий хавфсизликни муҳофаза этишнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини шакллантирувчи қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар Конституция асосида ишлаб чиқилади.
Авваламбор, Конституция мамлакатни демократик йўлдан ривожлантиришнинг асосий ва мустаҳкам негизи - халқ ҳокимияти принципи ва тизимини кафолатлайди ҳамда ҳимоя қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир, дейилган ва яна қуйидагилар таъкидланган:
Шунингдек, Конституцияда мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга даъват этилган органлар тизими ҳам белгилаб берилади.
Мамлакат ва фуқаролар хавфсизлигини у ёки бу жиҳатдан таъминлашга даъват этилган органлар тизимини, хавфсизлик мезонларини ва бошқа масалаларни белгилар экан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси миллий хавфсизлик тушунчасини аниқ белгилаш учун зарур бўлган асосларни ҳам яратади.
"Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.
Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади".
Шунга мос тарзда жамиятимизнинг сиёсий тизими фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳам ушбу конституциявий принципдан келиб чиққан ҳолда яратилади. Жамоат бирлашмаларига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш тартиб-тамойилини мажбурий қилиб қўювчи норма ҳам шундан келиб чиқади.
Давлат фаолиятида сиёсий фикрлар хилма-хиллигини, демократик ҳуқуқлар ва эркинликларни, инсон ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишга, ижтимоий адолат ва қонунийликни, ижтимоий-сиёсий барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва ҳоказоларни таъминлашга қаратилган конституциявий принциплар ҳамда нормаларнинг барчаси сиёсий хавфсизликни таъминлаш институтини ташкил этади.
Масалан, Асосий Қонуннинг 12-моддасида сиёсий фикрлар хилма-хиллиги кафолатланади ва унда: "Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.
Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас", деб таъкидланган.
Ижтимоий-сиёсий барқарорликни ва сиёсий тизимнинг изчил ривожланишини таъминлаш Конституциянинг энг асосий вазифаларидан биридир. Йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодисаларнинг моҳиятини ифодалар экан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар амал қилишлари лозим бўлган хавфсизлик мезонларини белгилаб беради. Масалан, Конституциянинг 57-моддасида: "Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.
Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш тақиқланади", деб кўрсатиб ўтилган.
Экологик хавфсизлик ҳам миллий хавфсизликни ташкил этувчи энг муҳим омиллардан биридир. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканликлари (50-модда), ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги (55-модда) белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлиги концепциясида экологик таназзул ҳозирги даврнинг ўзига хос хусусияти сифатида белгиланган. Орол денгизининг муаммолари ҳам қўшилиб чуқурлашиб бораётган нохуш экологик вазият, шунингдек сув ресурслари ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун яроқли бўлган ерларнинг чекланганлиги Ўзбекистоннинг жуғрофий сиёсий аҳволига таъсир кўрсатувчи омиллар қаторида кўрсатиб ўтилган.
Экология шахс, жамият ва давлатнинг энг муҳим ҳаётий манфаатларини белгилаш мезонидир, инсон ҳаёти ва фаолияти учун оқилона экологик шароитларни таъминлаш, кишилар саломатлигини сақлаш ҳамда барқарор экологик вазиятни, шу жумладан минтақамизда барқарор экологик вазиятни яратиш ушбу манфаатларнинг мазмунини ташкил этади.
Миллий хавфсизлик концепцияси экология соҳасида миллий хавфсизликка таҳдидлар мавжудлигини алоҳида кўрсатиб ўтади. Авваламбор, бу:
1) Орол экологик таназзули ҳамда унинг атроф муҳит ва миллат генофонди, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси учун келтириб чиқарадиган оқибатлари;
2) ишлаб чиқаришни ривожлантиришга доир қарорлар қабул қилаётганда экологик омилларни етарли даражада ҳисобга олмаслик;
3) аҳоли саломатлиги ва атроф муҳит учун зарарли бўлган ишлаб чиқаришларнинг фаолият кўрсатиши ва кенгайтирилишини қўллаб-қувватлаш;
4) ишлаб чиқариш чиқиндилари, заҳарли ва радиоактив материалларни зарур даражада сақламаслик ва утилизация қилмаслик ҳамда уларнинг минтақамиз ҳаво ва сув ҳавзаларига чиқарилишини назорат қилмаслик;
5) сув ресурсларининг камайиб кетиши ва ер ресурсларининг завол топиши, тупроқ эрозияси;
6) экологик жиҳатдан зарарли бўлган технологиялар, моддалар, материалларнинг ҳамда аҳоли саломатлиги учун хавфли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва фармакология препаратларининг олиб кирилишини назорат қилмаслик;
7) табиатдаги ва техноген тусдаги кескин ўзгаришлар (ер силкинишлари, сув тошқинлари, ёнғинлар, сел ва бошқалар)дир.
Конституция ташқи сиёсатнинг асосий мезонларини белгилаб беради, бу мезонлар орасида хавфсизлик манфаатлари алоҳида ўрин тутади. Ташқи сиёсий фаолият, чунончи, давлатлараро тузилмаларда иштирок этиш аввало хавфсизлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда олиб борилмоғи зарур. Моҳиятан олганда, Конституциянинг ҳар қандай принципиал қоидаси, миллий манфаатларнинг олий сиёсий-ҳуқуқий ифодаси бўлиб, бундан "давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, унинг фаровонлиги ва хавфсизлиги" - бу, аввало, Конституциянинг ўзи, унинг қоидаларини ҳимоя қилиш, унинг устуворлиги ва мустаҳкамлиги эканлиги келиб чиқади.
Ташқи сиёсат Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат фаолиятининг соҳаси сифатида белгиланган бўлиб, унга халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига содиқлик, шунингдек давлатлараро тузилмаларда иштирок этиш нуқтаи назаридан қаралади ҳамда у олий миллий манфаатлардан келиб чиқиб амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси кўп томонлама ҳамкорлигининг асосий йўналишлари асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-моддаси иккинчи қисмида белгилаб қўйилган бўлиб, унда: "Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин" дейилади.
Халқаро ташкилотларга (иттифоқлар, ҳамдўстликлар ва бошқа давлатлараро тузилмаларга) аъзоликка нисбатан белгиланган бу норма-принцип мамлакатимизнинг интеграция жараёнида янада фаолроқ иштирок этишини таъминлашга, бошқа давлатларнинг ҳуқуқий тизимлари билан тегишли шартнома муносабатларини йўлга қўйиш ва ўзаро уйғун ҳамкорлик қилиш учун кенг истиқболлар яратишга даъват этилгандир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 17-моддасининг иккинчи қисмидаги тушунчадан шу нарса келиб чиқадики, республика, агар миллий манфаатларга зид бўлса, халқ фаровонлиги ва хавфсизлигига зарар етказадиган бўлса, давлатлараро тузилмаларда иштирок этмайди.
Шунингдек, Конституция икки томонлама муносабатларнинг ҳам асосий принципларини белгилаб беради. Гарчи икки томонлама давлатлараро муносабатлар масалалари халқаро ҳуқуқ доирасида ва асосан тегишли шартномалар негизида ҳал этилсада, шунга қарамай, халқаро шартномаларни тузиш ва уларнинг бажарилишини таъминлашнинг давлатимиз ичкарисидаги тартибини Конституция белгилаб беради. Айнан Конституция халқаро шартномаларнинг миллий қонун ҳужжатлари тизимидаги мақоми ва ўрнини белгилайди ҳамда ваколатлар бермаган ҳолда халқаро шартномаларни тузиш ва уларни ратификация қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини белгилайди. Бундан ташқари, Конституцияда икки томонлама давлатлараро муносабатларнинг мазмуни ва йўналишини белгилашга даъват этилган фундаментал йўл-йўриқлар ҳамда норматив қоидалар акс этади.
Бундан ташқари, Конституция муҳофаза қилувчи вазифасини бажаради, масалан, давлатнинг ташқи сиёсатини йўлга қўйишга аралашувга йўл қўймаган ҳолда фуқаролар ва давлат манфаатларига зид бўлмаган хусусий ёки гуруҳ манфаатларини ҳам ҳимоя қилади; ташқи сиёсий фаолиятнинг "сиёсат - сиёсат учун" деган бирдан-бир мақсадга айланиб кетишига йўл қўймайди. Бунда Конституция нисбатан кучли давлат билан ўта қулай иқтисодий алоқаларни ҳам, агар бундай давлат салмоқли молиявий иқтисодий ёрдам (ҳатто беғараз бўлсада) эвазига Ўзбекистоннинг суверенитетига хилоф бўлган турли хил ён беришларга эришишга ҳаракат қиладиган бўлса, ривожлантиришга йўл қўймайди ва ҳоказо.
Конституцияга биноан давлатнинг ташқи сиёсий ҳаракатлари Асосий Қонунимизнинг муқаддимасида белгилаб қўйилган Ўзбекистон эришишга интилаётган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат мақоми талаб этадиган даражада оқилона ва ҳуқуқий бўлмоғи даркор. Халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига конституциявий мақом бериб, Асосий Қонун шу маънода халқаро муносабатларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш самарали механизмининг йўқлиги ўрнини тўлдиради, чунки у ўз давлатининг ташқи сиёсий ҳаракатларига нисбатан олий ҳокимият йўл-йўриқларини бериш хусусиятига эгадир. Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлатнинг қарор топиши ва ривожланиши шароитларида Конституциянинг давлат ташқи сиёсатининг, шу жумладан икки томонлама муносабатларнинг асосий йўналишларини белгилашдаги роли ўта муҳимдир.
Конституциявий принциплар ва халқаро ҳамкорлик устуворликлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалда минтақавий хавфсизлик тизимини яратишда акс этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Марказий Осиё минтақасидаги вазиятни таҳлил қилар экан, Афғонистонда вазиятни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш борасида давом этаётган ижобий жараёнлар билан бир қаторда минтақада стратегик мавҳумлик ҳамон сақланиб қолаётганлигини ҳам тан олишга тўғри келишини таъкидлади. “Бу ерда жаҳондаги йирик давлатлар ва бизга қўшни мамлакатларнинг геостратегик манфаатлари мавжуд бўлиб, баъзида улар бир-бири билан келишмаслигини ҳам кузатиш мумкин. Халқаро терроризм, экстремизм, наркоагрессия ва минтақавий хавфсизликка нисбатан бошқа трансмиллий таҳдидлар ҳамон сақланиб қолмоқда…. Бундай таҳдидларга қарши самарали чоралар кўриш, минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ бошқа вазифаларни фақат шу заминда жойлашган давлатларнинг фаол иштироки билан ҳал этиш мумкин.
Айнан шу боис бу ерда яшаётган халқларнинг муҳим ҳаётий манфаатларига дахлдор бўлган иқтисодий, сув-энергетика, транспорт-коммуникация, экологик характердаги умумминтақавий масалаларни ечиш учун ўзаро ҳамжиҳатлик ва амалий ҳаракатлар механизмини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади”.
Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришнинг изчил тарафдори бўлиб чиқмоқда ва Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилотига минтақадаги давлатлар кўп томонлама ҳамкорлигининг энг муҳим механизми сифатида қарамоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов парламент палаталарининг 2005 йил 28 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида таъкидлаб ўтганидек, “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Марказий Осиё Ҳамкорлиги Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз минтақада хавфсизлик, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади”. Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 2001 йилда қабул қилган 1373-сонли ва 2004 йилда қабул қилган 1566-сонли Резолюциялари ҳамда барча 12 та аксилтеррористик конвенцияларни ратификация қилди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши қошидаги Терроризмга қарши кураш қўмитаси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Аксилтеррор маркази ишида қатнашмоқда, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида тегишлича иш олиб бормоқда, Аксилтеррор кучларнинг Халқаро коалицияси саъй-ҳаракатларида фаол кўмаклашмоқда.
Чунончи, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2003 йил май ойида Москвада бўлиб ўтган саммитида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг органлари тўғрисидаги қатор низомлар, шунингдек Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (МАТТ) Регламенти тасдиқланди. Давлатларнинг бошлиқлари томонидан МАТТ Ижроия қўмитасининг жойини Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридан Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрига кўчириш, шунингдек, Ташкилотнинг доимий ишловчи органларини - Пекин шаҳрида ШҲТ Котибиятини ва Тошкент шаҳрида МАТТ Ижроия қўмитасини 2004 йил 1 январдан бошлаб ишга тушириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Марказий Осиё Ҳамкорлик Ташкилотининг режаларига умумий хавфсизлик маконини мустаҳкамлаш, шу жумладан терроризмга қарши курашиш ҳам киради. Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил декабрь ойида қабул қилинган “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонуни миллий хавфсизликни таъминлашда катта аҳамиятга эгадир.
Мазкур Қонунда тегишли қилмишларни криминаллаштириш тўғрисидаги нормалар, террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш ҳамда террорчилар ва уларнинг шерикларини жиноий таъқиб этиш бўйича процессуал чоралар назарда тутилган.
Террорчилик фаолияти учун жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида кўзда тутилган:
155-модда. Терроризм ;
245-модда. Шахсни гаров сифатида тутқинликка олиш ;
264-модда. Темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш ;
152-модда Халқаро ҳимояга олинган шахсга ёки муассасага ҳужум қилиш.
2004 йил август ойида Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди (у 2006 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади). Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган махсус ваколатли давлат органи пул маблағлари ёки ўзга мол-мулк билан операцияларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилади. Қонунда асосий нормалар қаторида тегишли ахборотдан эркин фойдаланишни мажбурий тарзда назорат қилиш ва чеклаш чоралари белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ ташкилотлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ўз фаолиятларида юридик ва жисмоний шахсларни уларга нисбатан олиб борилаётган мажбурий назоратдан хабардор қилишга ҳақли эмаслар. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотларни бериш тартиби ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, Қонунда махсус ваколатли органнинг ваколатлари очиб берилади, пул маблағлари ёки ўзга мол-мулк билан операцияларни амалга оширувчи ташкилотларнинг мажбуриятлари белгиланади, шунингдек, ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик масалаларига доир бир қатор бланкет нормалар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги низолар ҳамда тегишли қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Терроризмга қарши курашиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари конституциявий принциплар ва нормаларга, шу жумладан фуқароларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган конституциявий принциплар ва нормаларга қатъий тарзда мувофиқдир.
Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида фақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг миллий хавфсизликни таъминлаш борасидаги фаолиятигина эмас, балки фуқароларнинг ўз мамлакатини ҳимоя қилиш мажбуриятлари ҳам белгиланган. Чунончи, 52-моддага мувофиқ “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташлари шарт”.
Миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида халқаро тузилмаларда иштирок этиш принципини конституциявий мустаҳкамлаш қуйидаги қатъий (назарий) нуқтаи назарларга асосланади.
Биринчидан, бу - хавфсизлик яхлитлиги, узлуксиз ҳолатлиги ва ҳадсиз-ҳудудсиз эканлигини тушунишдан иборатдир.
Иккинчидан, ҳар бир мустақил мамлакатнинг ўз миллий манфаатларига мувофиқ, ўз мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсади бўлиши лозим. У ёки бу халқаро тузилмаларда ва коллектив хавфсизлик шартномаларида қай даражада қатнашишини уларнинг ўзи белгилаш ҳуқуқи назарда тутилиши зарур.
Учинчидан, “Ҳозирги шароитда хавфсизлик фақат коллектив бўлиши мумкин. У ҳамфикр давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан, уларнинг имкониятларини бирлаштириш билан таъминланади”.
Миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида халқаро тузилмаларда иштирок этиш конституциявий принципи Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 22 майда қабул қилинган “Мудофаа тўғрисида”ги, 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисида”ги, 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги қонунларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепциясида янада ривожлантирилди.
Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”ги Қонунида мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принципларидан бири халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ коллектив хавфсизлик тизимларида иштирок этиш, шунингдек мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун ташқи сиёсий характердаги чораларни кўришдан иборат эканлиги кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, Қонунда “Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг якка тартибда ва коллектив тарзда мудофааланишдан иборат бўлган ҳуқуқни мустаҳкамловчи умум эътироф этилган нормалари ва принципларига асосланиб, ҳарбий қурилиш, тинчлик ва хавфсизликни сақлаб туриш соҳасида бошқа давлатлар билан ҳамкорликни амалга оширади” деб айтилган .
Шу билан бирга бу фаоллик мафкуравий жиҳатдан фикрини ўзгартиришларга асосланмаслиги лозим. Бундай йўл бугунги кунда ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов парламент палаталарининг 2005 йил 28 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисида қилган маърузасида таъкидлаб ўтганидек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати халқаро муносабатларда мафкуралаштирилган асосларни истисно этади.
Бугунги кунда ҳам ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ва НАТО каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. “Европа қитъасидаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва НАТО каби муҳим тузилмалар билан юртимизда демократик ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, мамлакатимизда ва умуман минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз”.
Шу билан бирга, "миллий хавфсизлик”нинг қамров доирасидаги асосий вазифаси унинг объекти ва субъекти тушунчасини белгилашдан иборатдир. Бинобарин, ҳар бир давлат ўзи дуч келаётган хавф-хатарни енгиб ўтишга минтақавий ва дунё миқёсидаги омиллар таъсири доирасида ва ўз имконияти даражасидаги мавжуд барча ресурсларни йўналтиради. Дарҳақиқат, "Ҳар бир минтақада хавфсизликни таъминлаш муаммолари муайян моҳиятга эга. Шунингдек, ҳар бир минтақанинг ўз хусусиятлари, ўз таҳдид манбалари ва хавфсизликни сақлаш омиллари бор”. Бундан ташқари, “миллий хавфсизлик” тушунчаси ўз ичига ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, техноген ва экологик хавфсизликни таъминлаш, мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий-маданий ва иқтисодий ҳаётида шахс камолоти ва жамиятнинг барқарор ривожи сингари бир қатор соҳаларни ҳам қамраб олади. Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан ғоят лўнда таърифланган: “Ўтган йилларнинг мантиғи бизни ҳозирги кунда учта асосий саволга мурожаат қилишга ундамоқда. Ўзбекистоннинг келажаги ана шу саволларга қандай жавоб беришимизга боғлиқ. Булар қуйидагилардир: хавфсизликни қандай сақлаб қолиш лозим? Барқарорликни қандай таъминлаш даркор? Тараққиёт йўлидан собитқадам ривожланишга нималар ҳисобига эришиш мумкин?
Хавфсизлик, барқарорлик ва танлаган йўлдан оғишмаслик деган ана шу оддий сўзлар замирида чуқур маъно-мазмун бор. Биз буни билиб олмоғимиз ва англаб етмоғимиз зарур.
Хавфдан қандай холи бўлиш мумкин? Ривожланиш учун куч-мададни қаердан излаш лозим? Булар стратегик муаммолар бўлиб, ҳар қандай мустақил давлат, энг аввало, ана шу муаммоларга эътибор бериб келган ва бундан буён ҳам эътибор беражак”.

Download 56.19 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling